6–BOB
Sakkizinchi vahiy: toʻrtta arava
1 Men yana tepaga qarab, ikkita bronza togʻ orasidan chiqib kelayotgan toʻrtta aravani koʻrdim. 2 Birinchi aravani qizgʻish, ikkinchi aravani esa qora otlar, 3 uchinchi aravani oq, toʻrtinchi aravani esa ola–bula otlar tortib kelayotgan edi. Bu otlarning hammasi kuchli edi. 4 Men bilan gaplashayotgan farishtadan:
— Ey toʻram, bular nima? — deb soʻradim. 5 Farishta shunday javob berdi:
— Bular butun olam Rabbiysining huzuridan chiqib kelayotgan toʻrtta samoviy ruhdir. 6 Qora otli arava shimolga boradi. Oq otlisi esa uning orqasidan ketadi . Ola–bula otli arava janubga boradi.
7 Ana shu kuchli otlar chiqib kelib, yerni aylanishga shoshildilar. Farishta ularga:
— Boringlar, yerni koʻrib chiqinglar, — dedi. Shunda ular yerni aylanib kelishdi. 8 Keyin farishta meni chaqirib, shunday dedi:
— Mana, qara! Otlar shimoldagi yurtga borishdi. U yerda Egamizning irodasini ado etishdi, Egamiz jahlidan tushdi .
Yoshuaga toj kiydirish haqida amr
9 Egamiz menga quyidagi soʻzlarni ayon qildi:
10 — Bobildagi surgundan qaytib kelgan Xalday, Toʻviyo va Yodayodan tilla va kumush ol. Oʻsha kuniyoq Zafaniyo oʻgʻli Yoʻshiyoning uyiga bor. 11 Berilgan kumush va oltindan toj yasagin. Uni Yohuzadax oʻgʻli — oliy ruhoniy Yoshuaning boshiga kiygizgin–da, 12 unga shunday degin: “Sarvari Olam shunday demoqda: Novda degan odam oʻz turgan joyidan shoxlaydi–da, Mening Maʼbadimni quradi. 13 Ha, Mening Maʼbadimni quradigan oʻshadir. U shohona ulugʻvorlikka ega boʻlib, hukmronlik qiladi. Taxtining oldida ruhoniy turadi . Ikkalasi orasida tinchlik, osoyishtalik boʻladi. 14 Bu toj Xalday , Toʻviyo, Yodayo va Zafaniyo oʻgʻli Yoʻshiyoning qaramogʻida boʻladi. U Mening Maʼbadimda yodgorlik boʻlib qoladi. 15 Uzoq joylardan odamlar kelib, Mening Maʼbadimni qurishga yordam berishadi.”
Ey surgundan qaytib kelganlar! Shunda Sarvari Olam meni yuborganini sizlar anglab yetasizlar. Agar sizlar Egangiz Xudoning soʻzlariga yaxshilab quloq solsangizlar, mana shularning hammasi sodir boʻladi.
6–БОБ
Саккизинчи ваҳий: тўртта арава
1 Мен яна тепага қараб, иккита бронза тоғ орасидан чиқиб келаётган тўртта аравани кўрдим. 2 Биринчи аравани қизғиш, иккинчи аравани эса қора отлар, 3 учинчи аравани оқ, тўртинчи аравани эса ола–була отлар тортиб келаётган эди. Бу отларнинг ҳаммаси кучли эди. 4 Мен билан гаплашаётган фариштадан:
— Эй тўрам, булар нима? — деб сўрадим. 5 Фаришта шундай жавоб берди:
— Булар бутун олам Раббийсининг ҳузуридан чиқиб келаётган тўртта самовий руҳдир. 6 Қора отли арава шимолга боради. Оқ отлиси эса унинг орқасидан кетади . Ола–була отли арава жанубга боради.
7 Ана шу кучли отлар чиқиб келиб, ерни айланишга шошилдилар. Фаришта уларга:
— Боринглар, ерни кўриб чиқинглар, — деди. Шунда улар ерни айланиб келишди. 8 Кейин фаришта мени чақириб, шундай деди:
— Мана, қара! Отлар шимолдаги юртга боришди. У ерда Эгамизнинг иродасини адо этишди, Эгамиз жаҳлидан тушди .
Ёшуага тож кийдириш ҳақида амр
9 Эгамиз менга қуйидаги сўзларни аён қилди:
10 — Бобилдаги сургундан қайтиб келган Халдай, Тўвиё ва Ёдаёдан тилла ва кумуш ол. Ўша куниёқ Зафаниё ўғли Йўшиёнинг уйига бор. 11 Берилган кумуш ва олтиндан тож ясагин. Уни Ёҳузадах ўғли — олий руҳоний Ёшуанинг бошига кийгизгин–да, 12 унга шундай дегин: “Сарвари Олам шундай демоқда: Новда деган одам ўз турган жойидан шохлайди–да, Менинг Маъбадимни қуради. 13 Ҳа, Менинг Маъбадимни қурадиган ўшадир. У шоҳона улуғворликка эга бўлиб, ҳукмронлик қилади. Тахтининг олдида руҳоний туради . Иккаласи орасида тинчлик, осойишталик бўлади. 14 Бу тож Халдай , Тўвиё, Ёдаё ва Зафаниё ўғли Йўшиёнинг қарамоғида бўлади. У Менинг Маъбадимда ёдгорлик бўлиб қолади. 15 Узоқ жойлардан одамлар келиб, Менинг Маъбадимни қуришга ёрдам беришади.”
Эй сургундан қайтиб келганлар! Шунда Сарвари Олам мени юборганини сизлар англаб етасизлар. Агар сизлар Эгангиз Худонинг сўзларига яхшилаб қулоқ солсангизлар, мана шуларнинг ҳаммаси содир бўлади.