12–BOB
Misr Yahudo yurtiga hujum qiladi
1 Raxabom oʻz hukmronligini mustahkamlab, kuchayib ketgach, u bilan birga butun xalq Egamizning qonunlaridan yuz oʻgirdi. 2 Ular Egamizga qilgan bevafoligi uchun Raxabom hukmronligining beshinchi yilida Misr shohi Shishax Quddusga bostirib keldi. 3 Shishax oʻzi bilan 1200 ta jang aravasini, 60.000 nafar otliq lashkarni, shuningdek, Misrdan Liviyalik, Suxotlik va Habashistonlik son–sanoqsiz qoʻshinni tortib keldi. 4 Shishax Yahudoning mustahkam shaharlarini qoʻlga kiritib, Quddusgacha yetib bordi.
5 Shunda Shamayo paygʻambar shoh Raxabomning va Yahudo lashkarboshilarining oldiga keldi. Ular oʻsha paytda Shishaxdan qochib, Quddusga toʻplanishgan edi. Shamayo paygʻambar ularga dedi:
— Egamiz shunday demoqda: “Sizlar Meni tark etdingiz, shuning uchun Men ham sizlarni tark etib, Shishaxning qoʻliga beraman.”
6 Shunda lashkarboshilar bilan shoh oʻz ayblarini tan olib: “Egamiz adolatlidir”, dedilar. 7 Ular ayblarini tan olganlarini Egamiz koʻrgach, Shamayoga shu soʻzlarini ayon qildi: “Ular gunohlariga iqror boʻldilar, shuning uchun ularni qirib tashlamayman. Shishax hujum qilganda, ularni qisman xalos etaman. Shishaxning qoʻli orqali Quddusga gʻazabimni sochmayman. 8 Biroq ularni Shishaxga qaram qilib qoʻyaman, shunda ular Menga xizmat qilish bilan boshqa yurtlarning shohlariga xizmat qilish orasidagi farqni bilib oladilar.”
9 Misr shohi Shishax Quddusga bostirib kelganda, Egamizning uyidagi va saroydagi xazinalarni tortib oldi, qoʻliga nima ilinsa, hammasini oldi. Sulaymon yasattirgan oltin qalqonlarni ham oldi. 10 Shoh Raxabom oltin qalqonlar oʻrniga bronza qalqonlar yasattirdi va ularni shoh saroyi darvozasini qoʻriqlaydigan soqchilar boshliqlari qoʻliga berdi. 11 Shoh Egamizning uyiga kirganda, soqchilar qalqonlarni koʻtarib borishar, keyin esa qalqonlarni joyiga eltib qoʻyishardi. 12 Raxabom oʻz ayblarini tan olgani uchun Egamiz gʻazabidan tushib, Yahudo xalqini tamomila qirib yubormadi. Yahudodagi ahvol yaxshilandi.
Raxabomning hukmronligi
13 Shoh Raxabom Quddusda hukmronlik qilib, kuchayib boraverdi. U taxtga oʻtirgan paytda qirq bir yoshda edi. Uning onasi Ommonlik boʻlib, ismi Namax edi. Raxabom Quddusda oʻn yetti yil shohlik qildi. Egamiz hamma Isroil qabilalarining shaharlari orasidan Quddus shahrini Oʻziga sajda qilishlari uchun tanlab olgan edi. 14 Raxabom chin yurakdan Egamizga intilmagani uchun qabihlik qilaverdi.
15 Raxabom bilan Yeribom butun umri davomida urishib keldilar. Raxabomning butun faoliyati boshdan oxirgacha Shamayo paygʻambar va valiy Yiddo yozgan nasabnomada bayon etilgan. 16 Nihoyat, Raxabom olamdan oʻtib, Dovud qalʼasida, ota–bobolari yoniga dafn qilindi. Uning oʻrniga oʻgʻli Abiyo shoh boʻldi.
12–БОБ
Миср Яҳудо юртига ҳужум қилади
1 Рахабом ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, кучайиб кетгач, у билан бирга бутун халқ Эгамизнинг қонунларидан юз ўгирди. 2 Улар Эгамизга қилган бевафолиги учун Рахабом ҳукмронлигининг бешинчи йилида Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келди. 3 Шишах ўзи билан 1200 та жанг аравасини, 60.000 нафар отлиқ лашкарни, шунингдек, Мисрдан Ливиялик, Сухотлик ва Ҳабашистонлик сон–саноқсиз қўшинни тортиб келди. 4 Шишах Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарларини қўлга киритиб, Қуддусгача етиб борди.
5 Шунда Шамаё пайғамбар шоҳ Рахабомнинг ва Яҳудо лашкарбошиларининг олдига келди. Улар ўша пайтда Шишахдан қочиб, Қуддусга тўпланишган эди. Шамаё пайғамбар уларга деди:
— Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар Мени тарк этдингиз, шунинг учун Мен ҳам сизларни тарк этиб, Шишахнинг қўлига бераман.”
6 Шунда лашкарбошилар билан шоҳ ўз айбларини тан олиб: “Эгамиз адолатлидир”, дедилар. 7 Улар айбларини тан олганларини Эгамиз кўргач, Шамаёга шу сўзларини аён қилди: “Улар гуноҳларига иқрор бўлдилар, шунинг учун уларни қириб ташламайман. Шишах ҳужум қилганда, уларни қисман халос этаман. Шишахнинг қўли орқали Қуддусга ғазабимни сочмайман. 8 Бироқ уларни Шишахга қарам қилиб қўяман, шунда улар Менга хизмат қилиш билан бошқа юртларнинг шоҳларига хизмат қилиш орасидаги фарқни билиб оладилар.”
9 Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келганда, Эгамизнинг уйидаги ва саройдаги хазиналарни тортиб олди, қўлига нима илинса, ҳаммасини олди. Сулаймон ясаттирган олтин қалқонларни ҳам олди. 10 Шоҳ Рахабом олтин қалқонлар ўрнига бронза қалқонлар ясаттирди ва уларни шоҳ саройи дарвозасини қўриқлайдиган соқчилар бошлиқлари қўлига берди. 11 Шоҳ Эгамизнинг уйига кирганда, соқчилар қалқонларни кўтариб боришар, кейин эса қалқонларни жойига элтиб қўйишарди. 12 Рахабом ўз айбларини тан олгани учун Эгамиз ғазабидан тушиб, Яҳудо халқини тамомила қириб юбормади. Яҳудодаги аҳвол яхшиланди.
Рахабомнинг ҳукмронлиги
13 Шоҳ Рахабом Қуддусда ҳукмронлик қилиб, кучайиб бораверди. У тахтга ўтирган пайтда қирқ бир ёшда эди. Унинг онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабом Қуддусда ўн етти йил шоҳлик қилди. Эгамиз ҳамма Исроил қабилаларининг шаҳарлари орасидан Қуддус шаҳрини Ўзига сажда қилишлари учун танлаб олган эди. 14 Рахабом чин юракдан Эгамизга интилмагани учун қабиҳлик қилаверди.
15 Рахабом билан Ерибом бутун умри давомида уришиб келдилар. Рахабомнинг бутун фаолияти бошдан охиргача Шамаё пайғамбар ва валий Йиддо ёзган насабномада баён этилган. 16 Ниҳоят, Рахабом оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Абиё шоҳ бўлди.