16–BOB
Iso tiriladi
1 Shabbat kuni tugagach , Magdalalik Maryam, Yoqubning onasi Maryam va Salomiya Isoning jasadiga surtish uchun xushboʻy moylar sotib oldilar . 2 Yakshanba kuni juda barvaqt turib, tong yorishganda qabrga bordilar. 3 Ular bir–biriga:
— Qabr ogʻzidagi toshni biz uchun kim agʻdarib berar ekan–a? — deb aytishardi.
4 Qabrga yetib kelganlarida qarashsa, tosh allaqachon agʻdarilgan ekan. Tosh juda katta edi. 5 Ular qabr ichiga kirib, oʻng tomonda oʻtirgan oq libosli bir yigitni koʻrdilar–u, choʻchib ketdilar.
6 Yigit ularga:
— Qoʻrqmanglar! — dedi. — Sizlar xochga mixlangan Nosiralik Isoni izlayapsizlar. Iso tirildi! U bu yerda yoʻq. Mana Uning qoʻyilgan joyi! 7 Endi borib, Uning shogirdlari va Butrusga: “Iso sizlarni Jalilada kutyapti. Oʻzi sizlarga aytganidek , Uni oʻsha yerda koʻrasizlar”, deb aytinglar.
8 Dahshatga tushib, qaltiragan ayollar qabrdan chiqib, qochdilar. Ular qoʻrqqanlaridan hech kimga biron narsa aytmadilar .
Iso Magdalalik Maryamga zohir boʻladi
9 Yakshanba kuni erta saharda tirilgan Iso birinchi boʻlib Magdalalik Maryamga zohir boʻldi. Bu ayoldan U yettita jinni quvib chiqargan edi. 10 Maryam borib, Isoning aza tutib yigʻlayotgan shogirdlariga xabar yetkazdi. 11 Biroq ular Isoning tirik ekanligini va Maryam Uni koʻrganligini eshitsalar ham, ishonmadilar.
Iso shogirdlariga zohir boʻladi
12 Shundan keyin Iso yoʻlda bir qishloq tomon ketayotgan ikkita shogirdiga boshqacharoq qiyofada koʻrindi. 13 Ular esa qaytib kelib, boshqalarga xabar yetkazishdi, lekin ularga ham ishonmadilar.
14 Nihoyat, Iso Oʻzining yeb–ichib oʻtirgan oʻn bir shogirdiga zohir boʻldi. Iso shogirdlarini imonlari zaifligi va qaysarligi uchun koyidi, chunki ular Isoni tirilgan holda koʻrgan odamlarga ishonmagan edilar.
15 Iso shogirdlariga dedi:
— Butun jahon boʻylab yuringlar va hamma tirik jonga Xushxabarni eʼlon qilinglar. 16 Kimki Xushxabarga ishonib, suvga choʻmdirilsa, najot topadi. Ishonmagan esa mahkum boʻladi. 17 Quyidagi alomatlar imonlilarga hamroh boʻladi: Mening nomim bilan jinlarni quvib chiqaradilar. Yangi tillarda soʻzlaydilar. 18 Qoʻllariga ilon olsalar ham, zahar ichsalar ham, ularga zarar yetmaydi. Xastalarga qoʻllarini qoʻyganda, ular sogʻayib ketadi.
Iso osmonga koʻtariladi
19 Rabbimiz Iso shogirdlariga bularni aytib boʻlgach, osmonga koʻtarildi. U Xudoning oʻng tomoniga oʻtirdi . 20 Shogirdlar esa ketib, hamma yoqda Xushxabarni vaʼz qilib yurdilar. Rabbimiz shogirdlariga kuch ato qilib, alomatlar orqali ularning soʻzlarini tasdiqlar edi .
16–БОБ
Исо тирилади
1 Шаббат куни тугагач , Магдалалик Марям, Ёқубнинг онаси Марям ва Саломия Исонинг жасадига суртиш учун хушбўй мойлар сотиб олдилар . 2 Якшанба куни жуда барвақт туриб, тонг ёришганда қабрга бордилар. 3 Улар бир–бирига:
— Қабр оғзидаги тошни биз учун ким ағдариб берар экан–а? — деб айтишарди.
4 Қабрга етиб келганларида қарашса, тош аллақачон ағдарилган экан. Тош жуда катта эди. 5 Улар қабр ичига кириб, ўнг томонда ўтирган оқ либосли бир йигитни кўрдилар–у, чўчиб кетдилар.
6 Йигит уларга:
— Қўрқманглар! — деди. — Сизлар хочга михланган Носиралик Исони излаяпсизлар. Исо тирилди! У бу ерда йўқ. Мана Унинг қўйилган жойи! 7 Энди бориб, Унинг шогирдлари ва Бутрусга: “Исо сизларни Жалилада кутяпти. Ўзи сизларга айтганидек , Уни ўша ерда кўрасизлар”, деб айтинглар.
8 Даҳшатга тушиб, қалтираган аёллар қабрдан чиқиб, қочдилар. Улар қўрққанларидан ҳеч кимга бирон нарса айтмадилар .
Исо Магдалалик Марямга зоҳир бўлади
9 Якшанба куни эрта саҳарда тирилган Исо биринчи бўлиб Магдалалик Марямга зоҳир бўлди. Бу аёлдан У еттита жинни қувиб чиқарган эди. 10 Марям бориб, Исонинг аза тутиб йиғлаётган шогирдларига хабар етказди. 11 Бироқ улар Исонинг тирик эканлигини ва Марям Уни кўрганлигини эшитсалар ҳам, ишонмадилар.
Исо шогирдларига зоҳир бўлади
12 Шундан кейин Исо йўлда бир қишлоқ томон кетаётган иккита шогирдига бошқачароқ қиёфада кўринди. 13 Улар эса қайтиб келиб, бошқаларга хабар етказишди, лекин уларга ҳам ишонмадилар.
14 Ниҳоят, Исо Ўзининг еб–ичиб ўтирган ўн бир шогирдига зоҳир бўлди. Исо шогирдларини имонлари заифлиги ва қайсарлиги учун койиди, чунки улар Исони тирилган ҳолда кўрган одамларга ишонмаган эдилар.
15 Исо шогирдларига деди:
— Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Хушхабарни эълон қилинглар. 16 Кимки Хушхабарга ишониб, сувга чўмдирилса, нажот топади. Ишонмаган эса маҳкум бўлади. 17 Қуйидаги аломатлар имонлиларга ҳамроҳ бўлади: Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар. Янги тилларда сўзлайдилар. 18 Қўлларига илон олсалар ҳам, заҳар ичсалар ҳам, уларга зарар етмайди. Хасталарга қўлларини қўйганда, улар соғайиб кетади.
Исо осмонга кўтарилади
19 Раббимиз Исо шогирдларига буларни айтиб бўлгач, осмонга кўтарилди. У Худонинг ўнг томонига ўтирди . 20 Шогирдлар эса кетиб, ҳамма ёқда Хушхабарни ваъз қилиб юрдилар. Раббимиз шогирдларига куч ато қилиб, аломатлар орқали уларнинг сўзларини тасдиқлар эди .