8–BOB
Oliy ruhoniyimiz Iso — yangi ahdning Vositachisi
1 Aytgan gaplarimizning magʻzi quyidagicha: bizning shunday Oliy ruhoniyimiz borki, U samoda, Ulugʻvor Xudo taxtining oʻng tomonida oʻtiribdi . 2 U samodagi haqiqiy Chodirning Eng muqaddas xonasida xizmat qilyapti. Bu Chodirni inson emas, balki Egamizning Oʻzi qurgan.
3 Har bir oliy ruhoniy Xudoga nazrlar va qurbonliklar keltirish uchun tayin etiladi. Shunday ekan, bizning Oliy ruhoniyimizning ham keltiradigan biror nazri boʻlishi lozim edi. 4 Agar U yer yuzida boʻlganda edi, umuman ruhoniy boʻlolmas edi. Chunki Musoning qonunida buyurilgan nazrlarni keltiruvchi ruhoniylar bor. 5 Ular yer yuzidagi Muqaddas chodirda xizmat qiladilar. Bu Chodir bor–yoʻgʻi samodagi haqiqiy Chodirning nusxasi va soyasidir. Negaki, Xudo Musoga Chodir qurishni buyurganda, unga shunday degandi: “Ehtiyot boʻl, hamma narsani Men senga togʻda koʻrsatgan namunaga muvofiq yasat.” 6 Ammo Isoga berilgan ruhoniylik xizmati boshqa ruhoniylarnikiga qaraganda buyukdir. Chunki Uning vositasida tuzilgan yangi ahd avvalgi ahddan ulugʻroq va aʼloroq vaʼdalarga asoslangan.
7 Darvoqe, agar avvalgi ahd kamchiliksiz boʻlganda edi, yangi ahd kerak boʻlmasdi. 8 Odamlar avvalgi ahd talablarini bajara olmasliklariga Xudoning koʻzi yetib, U Oʻz xalqiga shunday degan edi:

“Shunday kunlar keladiki, Men Isroil va Yahudo xalqlari bilan yangi ahd tuzaman. 9 Bu yangi ahd Men ularning ota–bobolari bilan tuzgan ahdga oʻxshamaydigan boʻladi. Men ota–bobolarini qoʻlidan yetaklab, Misrdan olib chiqqanimda, ular bilan ahd tuzgan edim. Ammo ular oʻsha ahdimga rioya qilishmadi, shuning uchun Men ulardan yuz oʻgirdim.
10 Men kelajakda Isroil xalqi bilan tuzadigan ahd shunday boʻladi: Men qonunlarimni odamlarning ongiga solib qoʻyaman, qonunlarimni ularning yuraklariga yozaman. Men ularning Xudosi, ular esa Mening xalqim boʻladilar. 11 Shundan keyin odamlar bir–biriga: «Egamizni tanib–biling», demaydigan boʻlishadi. Chunki ularning hammasi — kattasidan tortib, kichigigacha Meni biladigan boʻladi. 12 Men ularning ayblarini kechiraman, gunohlarini hech qachon esga olmayman.”

13 Xudo yangi ahdni tilga olganda, avvalgi ahdning eskirib ketganligini koʻrsatdi. Eskirgan narsa esa tez orada yoʻq boʻlib ketadi.
8–БОБ
Олий руҳонийимиз Исо — янги аҳднинг Воситачиси
1 Айтган гапларимизнинг мағзи қуйидагича: бизнинг шундай Олий руҳонийимиз борки, У самода, Улуғвор Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди . 2 У самодаги ҳақиқий Чодирнинг Энг муқаддас хонасида хизмат қиляпти. Бу Чодирни инсон эмас, балки Эгамизнинг Ўзи қурган.
3 Ҳар бир олий руҳоний Худога назрлар ва қурбонликлар келтириш учун тайин этилади. Шундай экан, бизнинг Олий руҳонийимизнинг ҳам келтирадиган бирор назри бўлиши лозим эди. 4 Агар У ер юзида бўлганда эди, умуман руҳоний бўлолмас эди. Чунки Мусонинг қонунида буюрилган назрларни келтирувчи руҳонийлар бор. 5 Улар ер юзидаги Муқаддас чодирда хизмат қиладилар. Бу Чодир бор–йўғи самодаги ҳақиқий Чодирнинг нусхаси ва соясидир. Негаки, Худо Мусога Чодир қуришни буюрганда, унга шундай деганди: “Эҳтиёт бўл, ҳамма нарсани Мен сенга тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.” 6 Аммо Исога берилган руҳонийлик хизмати бошқа руҳонийларникига қараганда буюкдир. Чунки Унинг воситасида тузилган янги аҳд аввалги аҳддан улуғроқ ва аълороқ ваъдаларга асосланган.
7 Дарвоқе, агар аввалги аҳд камчиликсиз бўлганда эди, янги аҳд керак бўлмасди. 8 Одамлар аввалги аҳд талабларини бажара олмасликларига Худонинг кўзи етиб, У Ўз халқига шундай деган эди:

“Шундай кунлар келадики, Мен Исроил ва Яҳудо халқлари билан янги аҳд тузаман. 9 Бу янги аҳд Мен уларнинг ота–боболари билан тузган аҳдга ўхшамайдиган бўлади. Мен ота–боболарини қўлидан етаклаб, Мисрдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд тузган эдим. Аммо улар ўша аҳдимга риоя қилишмади, шунинг учун Мен улардан юз ўгирдим.
10 Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунларимни одамларнинг онгига солиб қўяман, қонунларимни уларнинг юракларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар. 11 Шундан кейин одамлар бир–бирига: «Эгамизни таниб–билинг», демайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб, кичигигача Мени биладиган бўлади. 12 Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.”

13 Худо янги аҳдни тилга олганда, аввалги аҳднинг эскириб кетганлигини кўрсатди. Эскирган нарса эса тез орада йўқ бўлиб кетади.