2–BOB
Quddusdagi havoriylar Pavlusning ishlarini maʼqullaydi
1 Oʻn toʻrt yil oʻtgandan keyin, men Barnabo bilan birga yana Quddusga bordim . Titusni ham yonimga olgan edim. 2 Xudo menga bergan vahiyga binoan u yerga borgandim. Oʻsha yerdagi jamoatning eʼtiborli yetakchilari bilan alohida uchrashdim. Ularga gʻayriyahudiylar orasida oʻzim targʻib qilayotgan Xushxabarning mohiyatini bayon etdim. Buni oldin qilgan va hozir qilayotgan ishlarim behuda ketmasligi uchun qilgan edim. 3 Hatto hamrohim Titus, yunon boʻlishiga qaramay, sunnat qilinishga majbur etilmadi. 4 Ammo baʼzi soxta birodarlar bildirmaygina oramizga kirib olib, Iso Masih bizga ato etgan ozodlik haqida surishtirib koʻrdilar. Ularning maqsadi bizni yana qullarga aylantirish edi. 5 Biz esa, Xushxabarning haqiqati doimo sizlar bilan boʻlsin deb, ularga zarracha ham yon bermadik.
6 Eʼtiborli hisoblangan yetakchilar bilan uchrashganim haqida aytib oʻtdim. Ularning qanday martabaga egaligi menga baribir, zotan, Xudo insonlar orasida tarafkashlik qilmaydi. Endi ularga kelganda shuni aytay, ular mendan boshqa hech nima talab qilmadilar. 7 Aksincha, yahudiylarga Xushxabar yetkazish Butrusga buyurilganday, gʻayriyahudiylarga Xushxabar yetkazish menga buyurilganini ular tushunib yetdilar. 8 Axir, Butrusni yahudiylar orasida havoriylik faoliyatini koʻrsatishga tayinlagan Xudo meni ham gʻayriyahudiylar orasida xizmat qilishga tayinladi. 9 Shunday qilib, Xudo menga bu ish uchun alohida inoyat berganiga Yoqub , Butrus va Yuhanno ishonch hosil qildilar. Imonlilar jamoatining ustuni hisoblanmish bu havoriylar biz bilan qoʻl tashlashdi: men va Barnabo gʻayriyahudiylar orasida, ular esa yahudiylar orasida xizmat qilishga rozi boʻlishdi. 10 Ular bizdan, faqat kambagʻallarga gʻamxoʻrlik qilishni davom ettiringlar , deb iltimos qildilar. Shaxsan men anchadan beri bu haqda jon kuydirardim.
Pavlus Antioxiyada Butrusga tanbeh beradi
11 Butrus Antioxiya shahriga kelganda , uning notoʻgʻri ish tutayotganligini ochiqchasiga yuziga aytdim. 12 Chunki Quddusdan — Yoqubning oldidan baʼzi odamlar kelmasdan avval Butrus gʻayriyahudiylar bilan birga yeb–ichib yurgan edi. Ammo ular kelgandan keyin Butrus sunnat tarafdori boʻlganlardan xavotirlanib, oʻzini chetga oldi va gʻayriyahudiylar bilan birga bir dasturxonda oʻtirmaydigan boʻldi. 13 Shunda boshqa yahudiy masihiylar ham Butrusga oʻxshab ikkiyuzlamachilik qilishdi. Hatto Barnabo ham ularning ikkiyuzlamachiligi tufayli yoʻldan ozdi. 14 Men ularning Xushxabar haqiqati boʻyicha ish tutmayotganini koʻrib, hammaning oldida Butrusga shunday dedim: “Mana siz yahudiy boʻla turib, yahudiylar kabi emas, gʻayriyahudiylarday yashayapsiz. Shunday ekan, qanday qilib gʻayriyahudiylarni yahudiylar kabi yashashga majbur qila olasiz?”
Inson faqatgina Masihga boʻlgan imoni tufayli oqlanadi
15 Toʻgʻri, bizlar yahudiy naslidanmiz, gunohkor hisoblangan gʻayriyahudiylardan emasmiz. 16 Lekin shuni bilamizki, inson qonunga amal qilish bilan emas, balki Iso Masihga boʻlgan imoni orqali oqlanadi. Shuning uchun ham biz qonunga amal qilish bilan emas, Masihga boʻlgan imonimiz tufayli oqlanamiz deb, Iso Masihga ishondik. Axir, hech kim qonunga amal qilish bilan oqlanmaydi. 17 Mana, biz Masih orqali oqlanishga intilyapmiz, bu esa biz ham gʻayriyahudiylar qatori gunohkor ekanligimizni koʻrsatib turibdi. Bundan kelib chiqadiki, gunohkorligimizning sababchisi Masih ekan–da? Yoʻq, aslo! 18 Ammo men oʻzim qulatgan qonun–qoidalar binosini qaytadan qurishga kirishadigan boʻlsam, unda men yana qonunbuzar boʻlib qolaman . 19 Axir, qonunning oʻzi meni oʻlimga mahkum qildi. Endi men Xudo uchun yashay deb, qonun uchun oʻlganman . Men Masih bilan birga xochga mixlab qoʻyilganman. 20 Endi yashayotgan men emas, balki Masihdir. U mening hayotimni boshqaryapti. Hali tirik ekanman, Xudoning Oʻgʻliga boʻlgan imon bilan yashayman. Axir, U meni sevib, Oʻzini men uchun fido qilgan. 21 Men Xudoning inoyatini inkor qilmayman. Agar qonunga amal qilish bilan oqlanish mumkin boʻlganda edi, Masih behuda oʻlgan boʻlardi.
2–БОБ
Қуддусдаги ҳаворийлар Павлуснинг ишларини маъқуллайди
1 Ўн тўрт йил ўтгандан кейин, мен Барнабо билан бирга яна Қуддусга бордим . Титусни ҳам ёнимга олган эдим. 2 Худо менга берган ваҳийга биноан у ерга боргандим. Ўша ердаги жамоатнинг эътиборли етакчилари билан алоҳида учрашдим. Уларга ғайрияҳудийлар орасида ўзим тарғиб қилаётган Хушхабарнинг моҳиятини баён этдим. Буни олдин қилган ва ҳозир қилаётган ишларим беҳуда кетмаслиги учун қилган эдим. 3 Ҳатто ҳамроҳим Титус, юнон бўлишига қарамай, суннат қилинишга мажбур этилмади. 4 Аммо баъзи сохта биродарлар билдирмайгина орамизга кириб олиб, Исо Масиҳ бизга ато этган озодлик ҳақида суриштириб кўрдилар. Уларнинг мақсади бизни яна қулларга айлантириш эди. 5 Биз эса, Хушхабарнинг ҳақиқати доимо сизлар билан бўлсин деб, уларга заррача ҳам ён бермадик.
6 Эътиборли ҳисобланган етакчилар билан учрашганим ҳақида айтиб ўтдим. Уларнинг қандай мартабага эгалиги менга барибир, зотан, Худо инсонлар орасида тарафкашлик қилмайди. Энди уларга келганда шуни айтай, улар мендан бошқа ҳеч нима талаб қилмадилар. 7 Аксинча, яҳудийларга Хушхабар етказиш Бутрусга буюрилгандай, ғайрияҳудийларга Хушхабар етказиш менга буюрилганини улар тушуниб етдилар. 8 Ахир, Бутрусни яҳудийлар орасида ҳаворийлик фаолиятини кўрсатишга тайинлаган Худо мени ҳам ғайрияҳудийлар орасида хизмат қилишга тайинлади. 9 Шундай қилиб, Худо менга бу иш учун алоҳида иноят берганига Ёқуб , Бутрус ва Юҳанно ишонч ҳосил қилдилар. Имонлилар жамоатининг устуни ҳисобланмиш бу ҳаворийлар биз билан қўл ташлашди: мен ва Барнабо ғайрияҳудийлар орасида, улар эса яҳудийлар орасида хизмат қилишга рози бўлишди. 10 Улар биздан, фақат камбағалларга ғамхўрлик қилишни давом эттиринглар , деб илтимос қилдилар. Шахсан мен анчадан бери бу ҳақда жон куйдирардим.
Павлус Антиохияда Бутрусга танбеҳ беради
11 Бутрус Антиохия шаҳрига келганда , унинг нотўғри иш тутаётганлигини очиқчасига юзига айтдим. 12 Чунки Қуддусдан — Ёқубнинг олдидан баъзи одамлар келмасдан аввал Бутрус ғайрияҳудийлар билан бирга еб–ичиб юрган эди. Аммо улар келгандан кейин Бутрус суннат тарафдори бўлганлардан хавотирланиб, ўзини четга олди ва ғайрияҳудийлар билан бирга бир дастурхонда ўтирмайдиган бўлди. 13 Шунда бошқа яҳудий масиҳийлар ҳам Бутрусга ўхшаб иккиюзламачилик қилишди. Ҳатто Барнабо ҳам уларнинг иккиюзламачилиги туфайли йўлдан озди. 14 Мен уларнинг Хушхабар ҳақиқати бўйича иш тутмаётганини кўриб, ҳамманинг олдида Бутрусга шундай дедим: “Мана сиз яҳудий бўла туриб, яҳудийлар каби эмас, ғайрияҳудийлардай яшаяпсиз. Шундай экан, қандай қилиб ғайрияҳудийларни яҳудийлар каби яшашга мажбур қила оласиз?”
Инсон фақатгина Масиҳга бўлган имони туфайли оқланади
15 Тўғри, бизлар яҳудий наслиданмиз, гуноҳкор ҳисобланган ғайрияҳудийлардан эмасмиз. 16 Лекин шуни биламизки, инсон қонунга амал қилиш билан эмас, балки Исо Масиҳга бўлган имони орқали оқланади. Шунинг учун ҳам биз қонунга амал қилиш билан эмас, Масиҳга бўлган имонимиз туфайли оқланамиз деб, Исо Масиҳга ишондик. Ахир, ҳеч ким қонунга амал қилиш билан оқланмайди. 17 Мана, биз Масиҳ орқали оқланишга интиляпмиз, бу эса биз ҳам ғайрияҳудийлар қатори гуноҳкор эканлигимизни кўрсатиб турибди. Бундан келиб чиқадики, гуноҳкорлигимизнинг сабабчиси Масиҳ экан–да? Йўқ, асло! 18 Аммо мен ўзим қулатган қонун–қоидалар биносини қайтадан қуришга киришадиган бўлсам, унда мен яна қонунбузар бўлиб қоламан . 19 Ахир, қонуннинг ўзи мени ўлимга маҳкум қилди. Энди мен Худо учун яшай деб, қонун учун ўлганман . Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман. 20 Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени севиб, Ўзини мен учун фидо қилган. 21 Мен Худонинг иноятини инкор қилмайман. Агар қонунга амал қилиш билан оқланиш мумкин бўлганда эди, Масиҳ беҳуда ўлган бўларди.