7–BOB
Nikoh masalasi
1 Endi sizlar menga yozganlaringizga kelaylik. Orangizda baʼzilar: “Er xotini bilan qovushmasin”, deb aytayotgan ekan. 2 Lekin jinsiy axloqsizlikka yoʻl qoʻymaslik uchun har bir kishi oʻz xotini bilan, har bir ayol esa oʻz eri bilan qovushishi kerak. 3 Er oʻz xotiniga nisbatan va xotin oʻz eriga nisbatan er–xotinlik vazifasini bajarsin. 4 Xotinning badani ustidan xotin emas, balki eri hokimlik qiladi. Xuddi shu singari, erning badani ustidan er emas, balki xotini hokimlik qiladi. 5 Bir–biringizdan bosh tortmanglar. Faqatgina oʻzaro kelishgan holda, oʻzingizni ibodatga bagʻishlash uchungina jinsiy aloqadan oʻzingizni tutib turing. Bundan soʻng yana qovushinglar, toki oʻzingizni tiya olmasligingizdan foydalanib, shayton sizlarni vasvasaga solmasin. 6 Men buni buyruq tariqasida emas, nasihat tariqasida aytyapman. 7 Qaniydi, hamma menga oʻxshab soʻqqabosh boʻlsa! Ammo har bir odamda Xudodan berilgan inʼom bor, biriniki bu boʻlsa, boshqasiniki udir.
8 Beva ayollar va xotini oʻlgan erkaklarga shunday deyman: men kabi boʻlsalar, oʻzlari uchun yaxshidir. 9 Ammo ular oʻzlarini tiya olmasalar, uylansinlar, erga tegsinlar. Chunki shahvoniy ishq bilan yonishdan koʻra, uylanish, erga tegish yaxshiroqdir.
10 Quyidagi amr esa uylangan va erga tekkanlarga berilgan. U mendan emas, Rabbimiz Isodandir: xotin eri bilan ajrashmasin . 11 Ajrashgan boʻlsa, boshqa erga tegmasin yoki oʻz eri bilan yarashsin. Er ham oʻz xotini bilan ajrashmasin.
12 Eri yoki xotini imonli boʻlmaganlarga esa shunday deb aytaman. Bular Rabbimizning emas, mening soʻzlarimdir: birorta imonli erkakning xotini imonsiz boʻlsa–yu, ammo eri bilan yashashga rozi boʻlsa, er xotini bilan ajrashmasin. 13 Shuningdek, imonli ayolning eri imonsiz boʻlsa va u xotini bilan yashashga rozi boʻlsa, oʻsha ayol eridan ajrashmasin. 14 Axir, imonsiz er imonli xotini tufayli poklanadi . Shuningdek, imonsiz ayol imonli eri tufayli poklanadi. Natijada ularning farzandlari harom emas, pok boʻladi. 15-16 Xudo bizni tinchlikka chorlagan. Qayerdan bilasan ey xotin, balki sen orqali ering najot topar?! Ey er, qayerdan bilasan, balki sen orqali xotining najot topar?! Ammo imonsiz inson oʻzining imonli turmush oʻrtogʻidan ajrashmoqchi boʻlsa, ajrashaversin. Shundan keyin oʻsha ajrashgan imonli odamning boshi bogʻliq emas.
Xudoning daʼvatiga qarab yashanglar
17 Har bir insonni Xudo qanday daʼvat qilgan boʻlsa, Rabbimiz Iso uni qanday sharoitga solgan boʻlsa, u shunday yashashda davom etaversin. Barcha jamoatlarda mana shunday taʼlim berib kelyapman. 18 Birov sunnatli boʻlganda daʼvat etildimi, jarrohlik yordamida qayta sunnat qilinmaganday sunnatini oʻzgartirmasin. Boshqa birov sunnatsiz boʻlganda daʼvat etildimi, sunnat qilinmasin. 19 Axir, sunnat qilingan yoki qilinmaganlikning hech ahamiyati yoʻq. Eng muhimi, Xudoning amrlariga amal qilishdir. 20 Har kim qanday holatda daʼvat etilgan boʻlsa, oʻsha holatini oʻzgartirishga urinmasin. 21 Agar qul boʻlganingda daʼvat etilgan boʻlsang, tashvishlanma. Ammo ozod boʻlishga imkon bor boʻlsa, fursatni gʻanimat bil.
22 Sizlar Rabbimiz Isoga tegishli boʻlishga daʼvat etilgansiz. Kim qul boʻlgan paytida daʼvat etilgan boʻlsa, endi Rabbimizning nazarida u ozod insondir. Shuningdek, kim ozod boʻlgan paytida daʼvat etilgan boʻlsa, endi u Masihning qulidir. 23 Sizlar qimmat bahoga sotib olindingiz, shuning uchun oʻzingizni insoniy gʻoyalarga qul qilmanglar. 24 Birodarlar, Xudo kimni qanday vaziyatda daʼvat qilgan boʻlsa, oʻsha vaziyatda qolib yashayversin.
25 Hali oila qurmagan erkagu ayollar masalasiga kelsak, Rabbimiz Iso bu haqda amr bermagan. Ammo men Egamizning mehr–shafqati bilan ishonchli boʻlgan kishi sifatida maslahat bera olaman. 26 Hozirgi tang vaziyat sababli kishi qay holda boʻlsa, shunday qolgani yaxshidir. 27 Uylanganmisan? Xotining bilan ajrashma. Boʻydoqmisan? Xotin olmagin. 28 Bordi–yu, uylansang, bu gunoh emas. Shuningdek, qiz erga tegsa ham, gunoh boʻlmaydi. Ammo uylanganlarning tashvish va iztiroblari koʻp boʻladi, men sizlarni shulardan asramoqchiman.
29 Ey birodarlar, sizlarga yana shuni aytmoqchimanki, vaqt endi qisqa. Vaqti kelib, uylanganlaru uylanmaganlarning farqi boʻlmaydi. 30 Yigʻlayotganlaru sevinayotganlar, buyum xarid qilganlar oʻzlarining qaygʻu–alamlari, xursandchiligi va mol–dunyosi bilan ovora boʻlib qolmasin. 31 Bu dunyoning ishlari bilan ovora boʻlganlar endi buni bas qilsinlar. Axir, bu dunyo oʻtkinchi–ku!
32 Men sizlarning tashvishsiz boʻlishingizni istayman. Boʻydoqning asosiy tashvishi Rabbimiz Isoni mamnun qilish, Uning ishlari bilan mashgʻul boʻlishdir. 33 Uylangan kishi esa xotinini mamnun qilish niyatida dunyoviy ishlar haqida qaygʻuradi. 34 Uning fikri ikkiga boʻlingan. Hozir ersiz boʻlgan ayollar va erga tegmagan qizlarning ham tashvishi Rabbimizning ishlari bilan mashgʻul boʻlishdir, ularning maqsadi ham jismonan, ham ruhan Rabbimizga bagʻishlanishdir. Erga tekkan ayol esa erini mamnun qilish niyatida dunyoviy ishlar haqida qaygʻuradi.
35 Men sizlarni chegaralash niyatida emas, balki sizlarning manfaatingizni koʻzlab bularni aytyapman. Toki sizlar fikringizni chalgʻitmasdan, sidqidildan Rabbimiz Isoga berilib, odobli hayot kechiringlar. 36 Agar unashtirilgan kishi oʻz qayligʻiga uylanmay, unga nisbatan notoʻgʻri muomala qilyapman, deb oʻylasa hamda unga uylanishni qattiq xohlasa, oʻzining bergan soʻzida turib, uylansin. Bu gunoh emas . 37 Ammo u uylanishni ehtiyoj deb bilmay, oʻz qayligʻiga uylanmaslikka qattiq qaror qilib, bu borada irodasini koʻrsata olsa, bu ham yaxshi. 38 Shunday qilib, oʻz qayligʻiga uylangan kishi yaxshi ish qilgan boʻladi, uylanmagan esa undan ham yaxshiroq ish qilgan boʻladi.
39 Xotin kishining eri tirik ekan, uning boshi bogʻliqdir. Agar eri oʻlsa, u istagan kishiga turmushga chiqishi mumkin, faqat u erkak Rabbimiz Isoga tegishli boʻlishi kerak. 40 Ammo menimcha, oʻsha ayol tulligicha qolsa, u yana ham baxtli boʻladi. Ishonamanki, menda ham Xudoning Ruhi bor.
7–БОБ
Никоҳ масаласи
1 Энди сизлар менга ёзганларингизга келайлик. Орангизда баъзилар: “Эр хотини билан қовушмасин”, деб айтаётган экан. 2 Лекин жинсий ахлоқсизликка йўл қўймаслик учун ҳар бир киши ўз хотини билан, ҳар бир аёл эса ўз эри билан қовушиши керак. 3 Эр ўз хотинига нисбатан ва хотин ўз эрига нисбатан эр–хотинлик вазифасини бажарсин. 4 Хотиннинг бадани устидан хотин эмас, балки эри ҳокимлик қилади. Худди шу сингари, эрнинг бадани устидан эр эмас, балки хотини ҳокимлик қилади. 5 Бир–бирингиздан бош тортманглар. Фақатгина ўзаро келишган ҳолда, ўзингизни ибодатга бағишлаш учунгина жинсий алоқадан ўзингизни тутиб туринг. Бундан сўнг яна қовушинглар, токи ўзингизни тия олмаслигингиздан фойдаланиб, шайтон сизларни васвасага солмасин. 6 Мен буни буйруқ тариқасида эмас, насиҳат тариқасида айтяпман. 7 Қанийди, ҳамма менга ўхшаб сўққабош бўлса! Аммо ҳар бир одамда Худодан берилган инъом бор, бириники бу бўлса, бошқасиники удир.
8 Бева аёллар ва хотини ўлган эркакларга шундай дейман: мен каби бўлсалар, ўзлари учун яхшидир. 9 Аммо улар ўзларини тия олмасалар, уйлансинлар, эрга тегсинлар. Чунки шаҳвоний ишқ билан ёнишдан кўра, уйланиш, эрга тегиш яхшироқдир.
10 Қуйидаги амр эса уйланган ва эрга текканларга берилган. У мендан эмас, Раббимиз Исодандир: хотин эри билан ажрашмасин . 11 Ажрашган бўлса, бошқа эрга тегмасин ёки ўз эри билан ярашсин. Эр ҳам ўз хотини билан ажрашмасин.
12 Эри ёки хотини имонли бўлмаганларга эса шундай деб айтаман. Булар Раббимизнинг эмас, менинг сўзларимдир: бирорта имонли эркакнинг хотини имонсиз бўлса–ю, аммо эри билан яшашга рози бўлса, эр хотини билан ажрашмасин. 13 Шунингдек, имонли аёлнинг эри имонсиз бўлса ва у хотини билан яшашга рози бўлса, ўша аёл эридан ажрашмасин. 14 Ахир, имонсиз эр имонли хотини туфайли покланади . Шунингдек, имонсиз аёл имонли эри туфайли покланади. Натижада уларнинг фарзандлари ҳаром эмас, пок бўлади. 15-16 Худо бизни тинчликка чорлаган. Қаердан биласан эй хотин, балки сен орқали эринг нажот топар?! Эй эр, қаердан биласан, балки сен орқали хотининг нажот топар?! Аммо имонсиз инсон ўзининг имонли турмуш ўртоғидан ажрашмоқчи бўлса, ажрашаверсин. Шундан кейин ўша ажрашган имонли одамнинг боши боғлиқ эмас.
Худонинг даъватига қараб яшанглар
17 Ҳар бир инсонни Худо қандай даъват қилган бўлса, Раббимиз Исо уни қандай шароитга солган бўлса, у шундай яшашда давом этаверсин. Барча жамоатларда мана шундай таълим бериб келяпман. 18 Биров суннатли бўлганда даъват этилдими, жарроҳлик ёрдамида қайта суннат қилинмагандай суннатини ўзгартирмасин. Бошқа биров суннатсиз бўлганда даъват этилдими, суннат қилинмасин. 19 Ахир, суннат қилинган ёки қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Энг муҳими, Худонинг амрларига амал қилишдир. 20 Ҳар ким қандай ҳолатда даъват этилган бўлса, ўша ҳолатини ўзгартиришга уринмасин. 21 Агар қул бўлганингда даъват этилган бўлсанг, ташвишланма. Аммо озод бўлишга имкон бор бўлса, фурсатни ғанимат бил.
22 Сизлар Раббимиз Исога тегишли бўлишга даъват этилгансиз. Ким қул бўлган пайтида даъват этилган бўлса, энди Раббимизнинг назарида у озод инсондир. Шунингдек, ким озод бўлган пайтида даъват этилган бўлса, энди у Масиҳнинг қулидир. 23 Сизлар қиммат баҳога сотиб олиндингиз, шунинг учун ўзингизни инсоний ғояларга қул қилманглар. 24 Биродарлар, Худо кимни қандай вазиятда даъват қилган бўлса, ўша вазиятда қолиб яшайверсин.
25 Ҳали оила қурмаган эркагу аёллар масаласига келсак, Раббимиз Исо бу ҳақда амр бермаган. Аммо мен Эгамизнинг меҳр–шафқати билан ишончли бўлган киши сифатида маслаҳат бера оламан. 26 Ҳозирги танг вазият сабабли киши қай ҳолда бўлса, шундай қолгани яхшидир. 27 Уйланганмисан? Хотининг билан ажрашма. Бўйдоқмисан? Хотин олмагин. 28 Борди–ю, уйлансанг, бу гуноҳ эмас. Шунингдек, қиз эрга тегса ҳам, гуноҳ бўлмайди. Аммо уйланганларнинг ташвиш ва изтироблари кўп бўлади, мен сизларни шулардан асрамоқчиман.
29 Эй биродарлар, сизларга яна шуни айтмоқчиманки, вақт энди қисқа. Вақти келиб, уйланганлару уйланмаганларнинг фарқи бўлмайди. 30 Йиғлаётганлару севинаётганлар, буюм харид қилганлар ўзларининг қайғу–аламлари, хурсандчилиги ва мол–дунёси билан овора бўлиб қолмасин. 31 Бу дунёнинг ишлари билан овора бўлганлар энди буни бас қилсинлар. Ахир, бу дунё ўткинчи–ку!
32 Мен сизларнинг ташвишсиз бўлишингизни истайман. Бўйдоқнинг асосий ташвиши Раббимиз Исони мамнун қилиш, Унинг ишлари билан машғул бўлишдир. 33 Уйланган киши эса хотинини мамнун қилиш ниятида дунёвий ишлар ҳақида қайғуради. 34 Унинг фикри иккига бўлинган. Ҳозир эрсиз бўлган аёллар ва эрга тегмаган қизларнинг ҳам ташвиши Раббимизнинг ишлари билан машғул бўлишдир, уларнинг мақсади ҳам жисмонан, ҳам руҳан Раббимизга бағишланишдир. Эрга теккан аёл эса эрини мамнун қилиш ниятида дунёвий ишлар ҳақида қайғуради.
35 Мен сизларни чегаралаш ниятида эмас, балки сизларнинг манфаатингизни кўзлаб буларни айтяпман. Токи сизлар фикрингизни чалғитмасдан, сидқидилдан Раббимиз Исога берилиб, одобли ҳаёт кечиринглар. 36 Агар унаштирилган киши ўз қайлиғига уйланмай, унга нисбатан нотўғри муомала қиляпман, деб ўйласа ҳамда унга уйланишни қаттиқ хоҳласа, ўзининг берган сўзида туриб, уйлансин. Бу гуноҳ эмас . 37 Аммо у уйланишни эҳтиёж деб билмай, ўз қайлиғига уйланмасликка қаттиқ қарор қилиб, бу борада иродасини кўрсата олса, бу ҳам яхши. 38 Шундай қилиб, ўз қайлиғига уйланган киши яхши иш қилган бўлади, уйланмаган эса ундан ҳам яхшироқ иш қилган бўлади.
39 Хотин кишининг эри тирик экан, унинг боши боғлиқдир. Агар эри ўлса, у истаган кишига турмушга чиқиши мумкин, фақат у эркак Раббимиз Исога тегишли бўлиши керак. 40 Аммо менимча, ўша аёл туллигича қолса, у яна ҳам бахтли бўлади. Ишонаманки, менда ҳам Худонинг Руҳи бор.