20–BOB
Edomga qarshi urush
1 Oradan bir oz vaqt oʻtgach, Moʻabliklar bilan Ommonliklar hamda Mavun xalqining bir qismi Yohushafatga qarshi urishgani otlandilar. 2 Xabarchilar kelib, Yohushafatga: “Son–sanoqsiz lashkar Edomdan — Oʻlik dengizning narigi qirgʻogʻidan sizga qarshi kelmoqda. Ular Xazazon–Tamarni qoʻlga kiritib boʻlishgan”, deb aytdilar. (Xazazon–Tamarning boshqa nomi En–Gedi edi.) 3 Yohushafat qoʻrqib ketdi. U Egamizning xohish–irodasini bilmoqchi boʻlib, butun Yahudo boʻylab roʻza eʼlon qildi. 4 Yahudoning hamma shaharlaridan xalq Quddusga yigʻilib, Egamizdan madad tiladi.
Shoh Yohushafatning ibodati va gʻalabasi
5 Yohushafat Yahudo va Quddus jamoasi qarshisida — Egamizning uyi oldidagi yangi hovlida turib, 6 iltijo qildi:

“Ey ota–bobolarimizning Xudosi — Egamiz! Samodagi yagona Xudo Sensan. Sen yer yuzidagi barcha xalqlarga hukmronlik qilasan. Kuch–qudrat egasi Oʻzingsan. Kim Senga bas kela oladi?! 7 Ey Xudoyimiz! Xalqing Isroil bu yurtga kelganda, Sen ularning oldidan mahalliy xalqni haydab yubording, bu yurtni doʻsting Ibrohimning nasliga to abad berding. 8 Ota–bobolarimiz bu yerda yashab, Senga atab bir Maʼbad barpo qildilar. Ular shunday degan edilar: 9 «Boshimizga urush, oʻlat va ocharchilik kabi kulfatlar tushganda, biz shu uying oldiga — Sening huzuringga kelamiz. Zero, Sen shu yerdasan. Kulfat ichra Senga yolvoramiz, shunda Sen iltijolarimizni eshitib, bizga najot berasan.»
10 Mana qara, Ommon, Moʻab va Edom yurtining xalqlari bizga hujum qilyaptilar. Bizning ota–bobolarimiz Misrdan chiqqanlarida, Sen ularga bu yurtlarga kirishga ijozat bermagan eding. Ular oʻsha yurtlarni aylanib oʻtib ketgan va u xalqlarni qirib yubormagan edilar. 11 Endi esa bu xalqlarning bizga qaytargan mukofotini koʻrib qoʻy! Sen bizga mulk qilib bergan yurtdan ular bizni haydab yubormoqchilar. 12 Ey Xudoyimiz! Sen Oʻzing ularni jazola, chunki bizga hujum qilgan bu ulkan lashkarga biz qarshilik qilishga ojizmiz. Nima qilishni biz bilmaymiz, Sendan keladigan yordamga koʻz tutib turibmiz.”

13 Shu paytda jamiki Yahudo erkaklari xotin, bola–chaqalari bilan Egamizning oldida — Maʼbadda turgan edilar. 14 Shu on Egamizning Ruhi jamoa orasida turgan levi Zakariyo oʻgʻli Yaxaziyolni qamrab oldi. Yaxaziyol Osif urugʻidan boʻlib, Binayoning nevarasi, Yaviyolning evarasi va Mattaniyoning chevarasi edi. 15 Yaxaziyol dedi:
— Eshitinglar, ey Yohushafat hazratlari, butun Yahudo va Quddus ahli! Egamiz sizlarga shunday demoqda: bu son–sanoqsiz lashkardan qoʻrqmanglar, vahimaga tushmanglar! Bu jang sizniki emas, Xudonikidir. 16 Ertaga ularga hujum qilinglar. Ular Ziz dovonidan oshib keladilar. Sizlar ularni Yarubol adirlarining etagidagi soylik boshida topasizlar. 17 Bu urushda sizlar jang qilmaysizlar. Sizlar joyingizni egallab, kutinglar. Egamiz sizlarni gʻalabaga erishtirganini koʻrasizlar. Ey Yahudo va Quddus ahli! Qoʻrqmanglar, vahimaga tushmanglar. Ertaga ularga hujum qilinglar, Egamiz sizlar bilan birga boʻladi.
18 Shundan keyin Yohushafat yer oʻpib taʼzim qildi. Butun Yahudo va Quddus ahli ham taʼzim qilib, Egamizga sajda qildi. 19 Qohot va Koʻrax nasllaridan boʻlgan levilar tik turib, Isroil xalqining Xudosi — Egamizga baland ovoz bilan hamdu sano oʻqidilar.
20 Yahudo lashkari tong saharda turib, Taxuva adirlariga yoʻl oldi. Ular yoʻlga chiqqanlarida, Yohushafat turib dedi:
— Eshiting, ey Yahudo va Quddus ahli! Egangiz Xudoga ishoning, shunda bexatar boʻlasiz! Egamizning paygʻambarlari aytgan gaplariga ishoning, shunda muvaffaqiyatga erishasiz!
21 Yohushafat xalq bilan maslahatlashib boʻlgandan keyin, Egamizni tarannum etadigan, muqaddasligining goʻzalligiga hamdu sano oʻqiydigan qoʻshiqchilarni tayinladi. Ular lashkar oldida: “Egamizga shukronalar ayting, Uning sodiq sevgisi abadiydir”, deb qoʻshiq aytishlari kerak edi.
22 Ular qoʻshiq va hamdu sano aytishni boshlashlari bilanoq, Yahudoga qarshi kelgan Ommon, Moʻab va Edom xalqlariga Egamiz gʻoyibdan hujum qildi, ularni tor–mor etdi. 23 Ommon va Moʻab xalqlari Edom xalqiga hujum qilib, ularni bitta qoldirmay qirib tashlashdi. Ularni yoʻq qilganlaridan keyin esa bir–birlarini qirishdi.
24 Yahudo xalqi adirlarning butun manzarasini koʻrsa boʻladigan balandlikka yetib kelganlarida, gʻanimlar tomonga qarab, faqat yerda choʻzilib yotgan murdalarni koʻrdilar. Birontasi ham qochib qutulmagan edi. 25 Yohushafat oʻlja olish uchun lashkarini boshlab borganda, ular koʻp miqdorda yuk hayvonlarini, mol–holni , kiyim–kechaklarni va qimmatbaho buyumlarni topdilar. Koʻtara olgunlaricha narsa olib ketdilar. Oʻljaning koʻpligidan, ular uch kun narsa tashidilar. 26 Toʻrtinchi kuni ular Baraka vodiysida yigʻilishib, Egamizga hamdu sano aytdilar. Shu sababdan bu vodiyning nomi bugungi kunda ham Baraka vodiysi deb yuritiladi. 27 Keyin butun Yahudo va Quddus xalqi Yohushafat boshchiligida xursandchilik bilan Quddusga qaytdilar, chunki Egamiz ularga dushmanlari ustidan tantana qilishga imkon bergan edi. 28 Ular arfa, lira va karnay chalib, Quddusga — Egamizning uyiga keldilar. 29 Egamiz xalqi Isroilning dushmanlarini magʻlub qilganini eshitgan barcha xalqlar Xudodan qoʻrqib qolishdi. 30 Yohushafatning shohligi tinchlikdan bahra topdi, Xudo ularga har tarafdan osoyishtalik ato qildi.
Yohushafat hukmronligining soʻnggi davri
31 Shunday qilib, Yohushafat Yahudoda hukmronlik qildi. U taxtga oʻtirgan paytda oʻttiz besh yoshda boʻlib, Quddusda yigirma besh yil shohlik qildi. Onasi Oziba Shilxining qizi edi. 32 Yohushafat otasi Osoning yoʻlidan yurdi, yoʻldan ozmay, Egamiz oldida toʻgʻri ishlar qildi. 33 Ammo sajdagohlarni yoʻq qilib tashlamadi. Xalq hanuz ota–bobolarining Xudosiga chin yurakdan bogʻlanmagan edi.
34 Yohushafatning boshqa ishlari boshdan oxirigacha Xonin oʻgʻli Yohuning qoʻlyozmalarida bayon etilgan boʻlib, “Isroil shohlari kitobi” tarkibiga kiritilgan.
35 Keyinchalik Yahudo shohi Yohushafat Isroil shohi Oxoziyo bilan ittifoq tuzdi. Oxoziyo koʻp qabih ishlar qilgan edi. 36 Ular birgalikda Ezyoʻn–Geberda dengiz savdo kemalarini yasadilar. 37 Shunda Morisholik Doʻdavahu oʻgʻli Eliazar Yohushafatga qarshi bashorat qilib: “Sen Oxoziyo bilan ittifoq tuzganing uchun, Egamiz bu kemalaringni buzib tashlaydi”, deb ogohlantirdi. Kemalar parchalanib, ular dengizga chiqishga muvaffaq boʻla olmadilar.
20–БОБ
Эдомга қарши уруш
1 Орадан бир оз вақт ўтгач, Мўабликлар билан Оммонликлар ҳамда Мавун халқининг бир қисми Ёҳушафатга қарши уришгани отландилар. 2 Хабарчилар келиб, Ёҳушафатга: “Сон–саноқсиз лашкар Эдомдан — Ўлик денгизнинг нариги қирғоғидан сизга қарши келмоқда. Улар Хазазон–Тамарни қўлга киритиб бўлишган”, деб айтдилар. (Хазазон–Тамарнинг бошқа номи Эн–Геди эди.) 3 Ёҳушафат қўрқиб кетди. У Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлиб, бутун Яҳудо бўйлаб рўза эълон қилди. 4 Яҳудонинг ҳамма шаҳарларидан халқ Қуддусга йиғилиб, Эгамиздан мадад тилади.
Шоҳ Ёҳушафатнинг ибодати ва ғалабаси
5 Ёҳушафат Яҳудо ва Қуддус жамоаси қаршисида — Эгамизнинг уйи олдидаги янги ҳовлида туриб, 6 илтижо қилди:

“Эй ота–боболаримизнинг Худоси — Эгамиз! Самодаги ягона Худо Сенсан. Сен ер юзидаги барча халқларга ҳукмронлик қиласан. Куч–қудрат эгаси Ўзингсан. Ким Сенга бас кела олади?! 7 Эй Худойимиз! Халқинг Исроил бу юртга келганда, Сен уларнинг олдидан маҳаллий халқни ҳайдаб юбординг, бу юртни дўстинг Иброҳимнинг наслига то абад бердинг. 8 Ота–боболаримиз бу ерда яшаб, Сенга атаб бир Маъбад барпо қилдилар. Улар шундай деган эдилар: 9 «Бошимизга уруш, ўлат ва очарчилик каби кулфатлар тушганда, биз шу уйинг олдига — Сенинг ҳузурингга келамиз. Зеро, Сен шу ердасан. Кулфат ичра Сенга ёлворамиз, шунда Сен илтижоларимизни эшитиб, бизга нажот берасан.»
10 Мана қара, Оммон, Мўаб ва Эдом юртининг халқлари бизга ҳужум қиляптилар. Бизнинг ота–боболаримиз Мисрдан чиққанларида, Сен уларга бу юртларга киришга ижозат бермаган эдинг. Улар ўша юртларни айланиб ўтиб кетган ва у халқларни қириб юбормаган эдилар. 11 Энди эса бу халқларнинг бизга қайтарган мукофотини кўриб қўй! Сен бизга мулк қилиб берган юртдан улар бизни ҳайдаб юбормоқчилар. 12 Эй Худойимиз! Сен Ўзинг уларни жазола, чунки бизга ҳужум қилган бу улкан лашкарга биз қаршилик қилишга ожизмиз. Нима қилишни биз билмаймиз, Сендан келадиган ёрдамга кўз тутиб турибмиз.”

13 Шу пайтда жамики Яҳудо эркаклари хотин, бола–чақалари билан Эгамизнинг олдида — Маъбадда турган эдилар. 14 Шу он Эгамизнинг Руҳи жамоа орасида турган леви Закариё ўғли Яхазиёлни қамраб олди. Яхазиёл Осиф уруғидан бўлиб, Бинаёнинг невараси, Явиёлнинг эвараси ва Маттаниёнинг чевараси эди. 15 Яхазиёл деди:
— Эшитинглар, эй Ёҳушафат ҳазратлари, бутун Яҳудо ва Қуддус аҳли! Эгамиз сизларга шундай демоқда: бу сон–саноқсиз лашкардан қўрқманглар, ваҳимага тушманглар! Бу жанг сизники эмас, Худоникидир. 16 Эртага уларга ҳужум қилинглар. Улар Зиз довонидан ошиб келадилар. Сизлар уларни Ярубол адирларининг этагидаги сойлик бошида топасизлар. 17 Бу урушда сизлар жанг қилмайсизлар. Сизлар жойингизни эгаллаб, кутинглар. Эгамиз сизларни ғалабага эриштирганини кўрасизлар. Эй Яҳудо ва Қуддус аҳли! Қўрқманглар, ваҳимага тушманглар. Эртага уларга ҳужум қилинглар, Эгамиз сизлар билан бирга бўлади.
18 Шундан кейин Ёҳушафат ер ўпиб таъзим қилди. Бутун Яҳудо ва Қуддус аҳли ҳам таъзим қилиб, Эгамизга сажда қилди. 19 Қоҳот ва Кўрах наслларидан бўлган левилар тик туриб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизга баланд овоз билан ҳамду сано ўқидилар.
20 Яҳудо лашкари тонг саҳарда туриб, Тахува адирларига йўл олди. Улар йўлга чиққанларида, Ёҳушафат туриб деди:
— Эшитинг, эй Яҳудо ва Қуддус аҳли! Эгангиз Худога ишонинг, шунда бехатар бўласиз! Эгамизнинг пайғамбарлари айтган гапларига ишонинг, шунда муваффақиятга эришасиз!
21 Ёҳушафат халқ билан маслаҳатлашиб бўлгандан кейин, Эгамизни тараннум этадиган, муқаддаслигининг гўзаллигига ҳамду сано ўқийдиган қўшиқчиларни тайинлади. Улар лашкар олдида: “Эгамизга шукроналар айтинг, Унинг содиқ севгиси абадийдир”, деб қўшиқ айтишлари керак эди.
22 Улар қўшиқ ва ҳамду сано айтишни бошлашлари биланоқ, Яҳудога қарши келган Оммон, Мўаб ва Эдом халқларига Эгамиз ғойибдан ҳужум қилди, уларни тор–мор этди. 23 Оммон ва Мўаб халқлари Эдом халқига ҳужум қилиб, уларни битта қолдирмай қириб ташлашди. Уларни йўқ қилганларидан кейин эса бир–бирларини қиришди.
24 Яҳудо халқи адирларнинг бутун манзарасини кўрса бўладиган баландликка етиб келганларида, ғанимлар томонга қараб, фақат ерда чўзилиб ётган мурдаларни кўрдилар. Биронтаси ҳам қочиб қутулмаган эди. 25 Ёҳушафат ўлжа олиш учун лашкарини бошлаб борганда, улар кўп миқдорда юк ҳайвонларини, мол–ҳолни , кийим–кечакларни ва қимматбаҳо буюмларни топдилар. Кўтара олгунларича нарса олиб кетдилар. Ўлжанинг кўплигидан, улар уч кун нарса ташидилар. 26 Тўртинчи куни улар Барака водийсида йиғилишиб, Эгамизга ҳамду сано айтдилар. Шу сабабдан бу водийнинг номи бугунги кунда ҳам Барака водийси деб юритилади. 27 Кейин бутун Яҳудо ва Қуддус халқи Ёҳушафат бошчилигида хурсандчилик билан Қуддусга қайтдилар, чунки Эгамиз уларга душманлари устидан тантана қилишга имкон берган эди. 28 Улар арфа, лира ва карнай чалиб, Қуддусга — Эгамизнинг уйига келдилар. 29 Эгамиз халқи Исроилнинг душманларини мағлуб қилганини эшитган барча халқлар Худодан қўрқиб қолишди. 30 Ёҳушафатнинг шоҳлиги тинчликдан баҳра топди, Худо уларга ҳар тарафдан осойишталик ато қилди.
Ёҳушафат ҳукмронлигининг сўнгги даври
31 Шундай қилиб, Ёҳушафат Яҳудода ҳукмронлик қилди. У тахтга ўтирган пайтда ўттиз беш ёшда бўлиб, Қуддусда йигирма беш йил шоҳлик қилди. Онаси Озиба Шилхининг қизи эди. 32 Ёҳушафат отаси Осонинг йўлидан юрди, йўлдан озмай, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. 33 Аммо саждагоҳларни йўқ қилиб ташламади. Халқ ҳануз ота–боболарининг Худосига чин юракдан боғланмаган эди.
34 Ёҳушафатнинг бошқа ишлари бошдан охиригача Хонин ўғли Ёҳунинг қўлёзмаларида баён этилган бўлиб, “Исроил шоҳлари китоби” таркибига киритилган.
35 Кейинчалик Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Исроил шоҳи Охозиё билан иттифоқ тузди. Охозиё кўп қабиҳ ишлар қилган эди. 36 Улар биргаликда Эзйўн–Геберда денгиз савдо кемаларини ясадилар. 37 Шунда Моришолик Дўдаваҳу ўғли Элиазар Ёҳушафатга қарши башорат қилиб: “Сен Охозиё билан иттифоқ тузганинг учун, Эгамиз бу кемаларингни бузиб ташлайди”, деб огоҳлантирди. Кемалар парчаланиб, улар денгизга чиқишга муваффақ бўла олмадилар.