11–BOB
Isroil xalqi shimoldagi shohlarni magʻlub qiladi
1 Xazor shahrining shohi Yobin Yoshuaning gʻalabalari haqida eshitdi. U quyidagi shohlarga shoshilinch xabar yubordi: Madon shohi Yoʻvovga, Shimron shohiga, Axshof shohiga, 2 shimoldagi qirlarning shohlariga, Jalila koʻlining janubidagi Iordan vodiysining shohlariga, gʻarbdagi qir etaklari va Nafoʻt–Doʻr shohlariga, 3 sharq va gʻarbdagi Kanʼon xalqlarining shohlariga, Amor, Xet, Pariz xalqlarining shohlariga, qirlardagi Yobus shohlariga, Mispax yeridagi Xermon togʻining etagida yashaydigan Xiv xalqiga. 4 Ular butun lashkarlari, juda koʻp otlariyu jang aravalarini toʻplab, Isroil xalqiga qarshi jang qilish uchun yigʻilishdi. Ularning jangchilari dengiz qirgʻogʻidagi qumday son–sanoqsiz edi. 5 Isroil xalqi bilan jang qilishga mana shu shohlarning hammasi lashkarlarini birlashtirishdi. Ular Mirom suvlari oldida qarorgoh qurdilar.
6 Egamiz Yoshuaga shunday dedi: “Ulardan qoʻrqmagin! Men Oʻzim ularni Isroil xalqining qoʻliga beraman, ertaga shu paytda ularning hammasi oʻlgan boʻladi. Ularning otlarini mayib qilinglar, jang aravalarini yondiringlar.” 7 Yoshua oʻzining butun lashkari bilan Miromga borib, dushman qoʻshinlari ustiga toʻsatdan hujum qildi. 8 Egamiz Isroil lashkariga dushmanlari ustidan gʻalaba berdi. Isroil lashkari dushmanlarini shimol tomonda Buyuk Sidon va Misrafoʻt–Mayimgacha, sharq tomonda esa Mispax vodiysigacha quvib borib, ularning hammasini halok qildi. Dushmanlarning birortasi ham tirik qolmadi. 9 Yoshua Egamiz buyurganday ularning otlarini mayib qildi, jang aravalarini yondirib tashladi.
10 Oʻshandan keyin Yoshua oʻz lashkari bilan orqaga qaytib, Xazor shahriga bordi. Uni qoʻlga kiritib, shohini halok qildi. U paytda Xazor oʻsha shohliklar orasida eng qudratlisi edi. 11 Isroil lashkari shahar aholisining hammasini butunlay yoʻq qildi. U yerda birorta ham tirik jon qolmadi. Shaharni esa yondirib tashlashdi. 12 Yoshua bilan Isroil lashkari oʻsha shaharlarning hammasini bosib olib, ularning shohlariyu barcha aholisini qilichdan oʻtkazdi. Egamizning quli Muso buyurganday, ularni butunlay vayron qildi. 13 Isroil lashkari tepaliklarda qurilgan shaharlardan faqatgina Xazor shahrini yondirib tashladi. 14 Isroil lashkari shaharlardagi mol–mulklarni va barcha chorvani oʻzlariga oʻlja qilib oldilar. Ammo shaharlarning barcha aholisini qilichdan oʻtkazdilar. U yerda birorta ham tirik jon qolmadi. 15 Egamiz Oʻz quli Musoga bergan amrlarni Muso Yoshuaga yetkazgan edi. Yoshua Muso aytganday qilib, barcha amrlarni bitta qoldirmay bajardi.
Yoshua qoʻlga kiritgan yerlar
16 Shunday qilib, Yoshua butun yurtni — janubiy qirlaru oʻsha qirlarning etaklarini, butun Nagav choʻlini , butun Goʻshen yerlarini , Iordan vodiysini, shimoliy qirlar va oʻsha qirlarning etaklarini bosib oldi. 17 Isroil xalqi bosib olgan yerning janubiy chegarasi Seir yonidagi Xalak togʻi edi, shimoldagi chegarasi esa Xermon togʻining etagida joylashgan Lubnon vodiysidagi Baal–Gad shahri edi. Yoshua oʻsha yerlarning shohlarini magʻlub qilib, hammasini halok qildi. 18 Bu shohlarni magʻlub qilguncha, Yoshua uzoq vaqt ular bilan urush qilgan edi. 19 Givondagi Xiv xalqidan tashqari hech bir shahar aholisi Isroil xalqi bilan sulh tuzmagan edi. Ularning hammasi jangda magʻlub boʻlishdi. 20 Egamiz oʻsha xalqlarni oʻjaru takabbur qilib qoʻygani uchun, ular Isroil xalqiga qarshi jang qilaverdilar. Egamiz Musoga buyurganday, Isroil lashkari ularni butunlay yoʻq qilib, shafqatsizlarcha oʻldirishlari uchun shunday qilgan edi.
21 Oʻsha paytda Yoshua qirlarda yashagan Onoq avlodini yoʻq qilib tashladi. Ular Xevron, Davir, Onov shaharlarida, butun janubiy va shimoliy qirlarda yashardilar. Yoshua ularni oʻldirib, shaharlarini vayron qildi. 22 Isroil xalqining yurtida Onoq avlodidan hech kim qolmadi, faqatgina Gʻazo, Gat va Ashdod shaharlarida bir nechtasi qoldi. 23 Shunday qilib, Musoga Egamiz aytganday, Yoshua butun yurtni qoʻlga kiritdi. Yoshua bu yerlarni Isroil xalqining qabilalariga mulk qilib berdi. Endi yurtda tinchlik barqaror boʻldi.
11–БОБ
Исроил халқи шимолдаги шоҳларни мағлуб қилади
1 Хазор шаҳрининг шоҳи Ёбин Ёшуанинг ғалабалари ҳақида эшитди. У қуйидаги шоҳларга шошилинч хабар юборди: Мадон шоҳи Йўвовга, Шимрон шоҳига, Ахшоф шоҳига, 2 шимолдаги қирларнинг шоҳларига, Жалила кўлининг жанубидаги Иордан водийсининг шоҳларига, ғарбдаги қир этаклари ва Нафўт–Дўр шоҳларига, 3 шарқ ва ғарбдаги Канъон халқларининг шоҳларига, Амор, Хет, Париз халқларининг шоҳларига, қирлардаги Ёбус шоҳларига, Миспах еридаги Хермон тоғининг этагида яшайдиган Хив халқига. 4 Улар бутун лашкарлари, жуда кўп отларию жанг араваларини тўплаб, Исроил халқига қарши жанг қилиш учун йиғилишди. Уларнинг жангчилари денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз эди. 5 Исроил халқи билан жанг қилишга мана шу шоҳларнинг ҳаммаси лашкарларини бирлаштиришди. Улар Миром сувлари олдида қароргоҳ қурдилар.
6 Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Улардан қўрқмагин! Мен Ўзим уларни Исроил халқининг қўлига бераман, эртага шу пайтда уларнинг ҳаммаси ўлган бўлади. Уларнинг отларини майиб қилинглар, жанг араваларини ёндиринглар.” 7 Ёшуа ўзининг бутун лашкари билан Миромга бориб, душман қўшинлари устига тўсатдан ҳужум қилди. 8 Эгамиз Исроил лашкарига душманлари устидан ғалаба берди. Исроил лашкари душманларини шимол томонда Буюк Сидон ва Мисрафўт–Майимгача, шарқ томонда эса Миспах водийсигача қувиб бориб, уларнинг ҳаммасини ҳалок қилди. Душманларнинг бирортаси ҳам тирик қолмади. 9 Ёшуа Эгамиз буюргандай уларнинг отларини майиб қилди, жанг араваларини ёндириб ташлади.
10 Ўшандан кейин Ёшуа ўз лашкари билан орқага қайтиб, Хазор шаҳрига борди. Уни қўлга киритиб, шоҳини ҳалок қилди. У пайтда Хазор ўша шоҳликлар орасида энг қудратлиси эди. 11 Исроил лашкари шаҳар аҳолисининг ҳаммасини бутунлай йўқ қилди. У ерда бирорта ҳам тирик жон қолмади. Шаҳарни эса ёндириб ташлашди. 12 Ёшуа билан Исроил лашкари ўша шаҳарларнинг ҳаммасини босиб олиб, уларнинг шоҳларию барча аҳолисини қиличдан ўтказди. Эгамизнинг қули Мусо буюргандай, уларни бутунлай вайрон қилди. 13 Исроил лашкари тепаликларда қурилган шаҳарлардан фақатгина Хазор шаҳрини ёндириб ташлади. 14 Исроил лашкари шаҳарлардаги мол–мулкларни ва барча чорвани ўзларига ўлжа қилиб олдилар. Аммо шаҳарларнинг барча аҳолисини қиличдан ўтказдилар. У ерда бирорта ҳам тирик жон қолмади. 15 Эгамиз Ўз қули Мусога берган амрларни Мусо Ёшуага етказган эди. Ёшуа Мусо айтгандай қилиб, барча амрларни битта қолдирмай бажарди.
Ёшуа қўлга киритган ерлар
16 Шундай қилиб, Ёшуа бутун юртни — жанубий қирлару ўша қирларнинг этакларини, бутун Нагав чўлини , бутун Гўшен ерларини , Иордан водийсини, шимолий қирлар ва ўша қирларнинг этакларини босиб олди. 17 Исроил халқи босиб олган ернинг жанубий чегараси Сеир ёнидаги Халак тоғи эди, шимолдаги чегараси эса Хермон тоғининг этагида жойлашган Лубнон водийсидаги Баал–Гад шаҳри эди. Ёшуа ўша ерларнинг шоҳларини мағлуб қилиб, ҳаммасини ҳалок қилди. 18 Бу шоҳларни мағлуб қилгунча, Ёшуа узоқ вақт улар билан уруш қилган эди. 19 Гивондаги Хив халқидан ташқари ҳеч бир шаҳар аҳолиси Исроил халқи билан сулҳ тузмаган эди. Уларнинг ҳаммаси жангда мағлуб бўлишди. 20 Эгамиз ўша халқларни ўжару такаббур қилиб қўйгани учун, улар Исроил халқига қарши жанг қилавердилар. Эгамиз Мусога буюргандай, Исроил лашкари уларни бутунлай йўқ қилиб, шафқатсизларча ўлдиришлари учун шундай қилган эди.
21 Ўша пайтда Ёшуа қирларда яшаган Оноқ авлодини йўқ қилиб ташлади. Улар Хеврон, Давир, Онов шаҳарларида, бутун жанубий ва шимолий қирларда яшардилар. Ёшуа уларни ўлдириб, шаҳарларини вайрон қилди. 22 Исроил халқининг юртида Оноқ авлодидан ҳеч ким қолмади, фақатгина Ғазо, Гат ва Ашдод шаҳарларида бир нечтаси қолди. 23 Шундай қилиб, Мусога Эгамиз айтгандай, Ёшуа бутун юртни қўлга киритди. Ёшуа бу ерларни Исроил халқининг қабилаларига мулк қилиб берди. Энди юртда тинчлик барқарор бўлди.