40–BOB
Muqaddas chodir oʻrnatilib, bagʻishlanadi
1 Egamiz Musoga aytdi: 2 “Birinchi oyning birinchi kuni Uchrashuv chodirini — Muqaddas chodirni oʻrnattir. 3 Soʻng Ahd sandigʻi chodirga olib kirilsin, Sandiqni ichki parda bilan toʻsdir. 4 Keyin xontaxta olib kirilsin. Xontaxtaga tegishli ashyolarni uning ustiga joylashtir. Chiroqpoya ham olib kirilsin , chiroqpoyaga moychiroqlarni oʻrnashtir. 5 Oltin tutatqi qurbongohini Ahd sandigʻi oldiga qoʻydir . Muqaddas chodirga kiraverishda pardani osdir. 6 Qurbonlik kuydiriladigan qurbongohni Uchrashuv chodiriga — Muqaddas chodirga kiraverishda oʻrnashtir. 7 Qoʻlyuvgichni Uchrashuv chodiri bilan qurbongoh oʻrtasiga oʻrnashtirib, ichiga suv quydir. 8 Chodir va qurbongohning atrofiga pardadan qilingan toʻsiqni oʻrnashtirib, hovliga kiraverishdagi pardani osdir.
9 Keyin muqaddas qiladigan moyni olib, Chodirga va uning hamma ashyolariga surtib chiqib, Menga bagʻishla. Shunda Chodir muqaddas boʻladi. 10 Qurbonlik kuydiriladigan qurbongohga va uning hamma buyumlariga ham moy surtib, Menga bagʻishla. Shunda qurbongoh gʻoyat muqaddas boʻladi. 11 Qoʻlyuvgichga va uning tagligiga ham moy surtib, Menga bagʻishla.
12 Horun bilan oʻgʻillarini Uchrashuv chodirining kiraverishiga olib kelib, hammalarini yuvintir. 13 Soʻng Horun ruhoniy boʻlib xizmat qilishi uchun uni Menga bagʻishla: unga muqaddas ruhoniylik liboslarini kiydirib, moy surt. 14 Shundan keyin Horunning oʻgʻillarini ham olib kelib, ularga koʻylak kiygiz. 15 Otasiga moy surtganingday, ularga ham moy surt, toki ular ruhoniy boʻlib Menga xizmat qilishsin. Horun va uning oʻgʻillariga moy surtish bilan ularning oʻzlari ham, nasllari ham avlodlar osha Menga ruhoniy boʻlib xizmat qilishlari uchun sen ularga ijozat bergan boʻlasan.”
16 Muso Egamiz amr etgan hamma ishlarni bajarib boʻldi. 17-18 Ikkinchi yilning birinchi oyida , oyning birinchi kuni Muso Muqaddas chodirni oʻrnattirdi: u hamma tagliklarni joyiga qoʻydirdi, romlarni oʻrnashtirib, tambalarni joylashtirdi, ustunlarni oʻrnashtirdi. 19 Soʻngra Chodirni tutib turadigan romlar ustiga choyshablar va qoplamalarni tashlatdi. Egamiz amr etganlarning hammasini Muso bajardi.
20 Keyin ahdning amr va qonunlari yozilgan ikkita tosh lavhani olib, Sandiqqa solib qoʻydi. Xodalarni Sandiq halqasidan oʻtkazgach, Sandiqning qopqogʻini Sandiq ustiga oʻrnashtirdi. 21 Sandiqni Muqaddas chodirga olib kirdi. Ichki pardani osib, Ahd sandigʻini toʻsdirib qoʻydi. Egamiz amr etganlarning hammasini Muso bajardi.
22 Uchrashuv chodiriga — chodirning shimol tomoniga, ichki pardaning tashqarisiga xontaxtani qoʻydirdi. 23 Xontaxta ustiga — Egamizning huzuriga muqaddas nonlarni qoʻydi. Egamiz amr etganlarning hammasini Muso bajardi.
24 Uchrashuv chodiriga — xontaxtaning roʻparasiga, Chodirning janub tomoniga chiroqpoyani qoʻydirdi. 25 Egamizning huzuriga — chiroqpoyaga moychiroqlarni oʻrnashtirdi. Egamiz amr etganlarning hammasini Muso bajardi.
26 Uchrashuv chodiridagi ichki pardaning tashqarisiga oltin tutatqi qurbongohini qoʻydirdi. 27 Qurbongohda xushboʻy tutatqi tutattirdi. Egamiz amr etganlarning hammasini Muso bajardi.
28 Muqaddas chodirga kiraverishda pardani osdirdi. 29 Uchrashuv chodiriga — Muqaddas chodirga kiraverishda qurbonlik kuydiriladigan qurbongohni oʻrnashtirdi. Soʻng qurbonlik bilan don nazri keltirib, qurbongohda kuydirdi. Egamiz amr etganlarning hammasini Muso bajardi.
30 Uchrashuv chodiri bilan qurbongoh oʻrtasiga qoʻlyuvgichni oʻrnashtirib, yuvinish uchun ichiga suv quydirdi. 31-32 Muso, Horun va Horunning oʻgʻillari Uchrashuv chodiriga kirganlarida yoki qurbongohda nazrlarni kuydirganlarida, qoʻlyuvgichdagi suv bilan oyoq–qoʻllarini yuvishar edi. Egamiz amr etganlarning hammasini Muso bajardi.
33 Soʻngra Muso Chodir bilan qurbongohning atrofiga pardadan qilingan toʻsiqni oʻrnashtirib, hovliga kiraverishda pardani osdirdi. Shunday qilib, Muso ishini tugatdi.
Bulut va Egamizning ulugʻvorligi
34-35 Keyin Uchrashuv chodirini — Muqaddas chodirni bulut qopladi, Egamiz ulugʻvorligi bilan zohir boʻlib Chodirni toʻldirdi. Shuning uchun Muso Chodirga kira olmadi. 36 Chodirdan bulut koʻtarilganda, Isroil xalqi har bir toʻxtagan joyidan yoʻlga chiqib sayohatini davom ettirardi. 37 Bulut koʻtarilmasdan, to bulut koʻtariladigan kun kelmaguncha, ular yoʻlga chiqishmasdi. 38 Shunday qilib, Isroil xalqi butun sayohatlari davomida kunduzi Muqaddas chodir ustida Egamiz zohir boʻladigan bulutni, kechasi Chodir tepasidagi bulut ichida yonayotgan alangani koʻrar edilar.
40–БОБ
Муқаддас чодир ўрнатилиб, бағишланади
1 Эгамиз Мусога айтди: 2 “Биринчи ойнинг биринчи куни Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни ўрнаттир. 3 Сўнг Аҳд сандиғи чодирга олиб кирилсин, Сандиқни ички парда билан тўсдир. 4 Кейин хонтахта олиб кирилсин. Хонтахтага тегишли ашёларни унинг устига жойлаштир. Чироқпоя ҳам олиб кирилсин , чироқпояга мойчироқларни ўрнаштир. 5 Олтин тутатқи қурбонгоҳини Аҳд сандиғи олдига қўйдир . Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдир. 6 Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда ўрнаштир. 7 Қўлювгични Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига ўрнаштириб, ичига сув қуйдир. 8 Чодир ва қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишдаги пардани осдир.
9 Кейин муқаддас қиладиган мойни олиб, Чодирга ва унинг ҳамма ашёларига суртиб чиқиб, Менга бағишла. Шунда Чодир муқаддас бўлади. 10 Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга ва унинг ҳамма буюмларига ҳам мой суртиб, Менга бағишла. Шунда қурбонгоҳ ғоят муқаддас бўлади. 11 Қўлювгичга ва унинг таглигига ҳам мой суртиб, Менга бағишла.
12 Ҳорун билан ўғилларини Учрашув чодирининг кираверишига олиб келиб, ҳаммаларини ювинтир. 13 Сўнг Ҳорун руҳоний бўлиб хизмат қилиши учун уни Менга бағишла: унга муқаддас руҳонийлик либосларини кийдириб, мой сурт. 14 Шундан кейин Ҳоруннинг ўғилларини ҳам олиб келиб, уларга кўйлак кийгиз. 15 Отасига мой суртганингдай, уларга ҳам мой сурт, токи улар руҳоний бўлиб Менга хизмат қилишсин. Ҳорун ва унинг ўғилларига мой суртиш билан уларнинг ўзлари ҳам, насллари ҳам авлодлар оша Менга руҳоний бўлиб хизмат қилишлари учун сен уларга ижозат берган бўласан.”
16 Мусо Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажариб бўлди. 17-18 Иккинчи йилнинг биринчи ойида , ойнинг биринчи куни Мусо Муқаддас чодирни ўрнаттирди: у ҳамма тагликларни жойига қўйдирди, ромларни ўрнаштириб, тамбаларни жойлаштирди, устунларни ўрнаштирди. 19 Сўнгра Чодирни тутиб турадиган ромлар устига чойшаблар ва қопламаларни ташлатди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
20 Кейин аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани олиб, Сандиққа солиб қўйди. Ходаларни Сандиқ ҳалқасидан ўтказгач, Сандиқнинг қопқоғини Сандиқ устига ўрнаштирди. 21 Сандиқни Муқаддас чодирга олиб кирди. Ички пардани осиб, Аҳд сандиғини тўсдириб қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
22 Учрашув чодирига — чодирнинг шимол томонига, ички парданинг ташқарисига хонтахтани қўйдирди. 23 Хонтахта устига — Эгамизнинг ҳузурига муқаддас нонларни қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
24 Учрашув чодирига — хонтахтанинг рўпарасига, Чодирнинг жануб томонига чироқпояни қўйдирди. 25 Эгамизнинг ҳузурига — чироқпояга мойчироқларни ўрнаштирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
26 Учрашув чодиридаги ички парданинг ташқарисига олтин тутатқи қурбонгоҳини қўйдирди. 27 Қурбонгоҳда хушбўй тутатқи тутаттирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
28 Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдирди. 29 Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни ўрнаштирди. Сўнг қурбонлик билан дон назри келтириб, қурбонгоҳда куйдирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
30 Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига қўлювгични ўрнаштириб, ювиниш учун ичига сув қуйдирди. 31-32 Мусо, Ҳорун ва Ҳоруннинг ўғиллари Учрашув чодирига кирганларида ёки қурбонгоҳда назрларни куйдирганларида, қўлювгичдаги сув билан оёқ–қўлларини ювишар эди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
33 Сўнгра Мусо Чодир билан қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишда пардани осдирди. Шундай қилиб, Мусо ишини тугатди.
Булут ва Эгамизнинг улуғворлиги
34-35 Кейин Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни булут қоплади, Эгамиз улуғворлиги билан зоҳир бўлиб Чодирни тўлдирди. Шунинг учун Мусо Чодирга кира олмади. 36 Чодирдан булут кўтарилганда, Исроил халқи ҳар бир тўхтаган жойидан йўлга чиқиб саёҳатини давом эттирарди. 37 Булут кўтарилмасдан, то булут кўтариладиган кун келмагунча, улар йўлга чиқишмасди. 38 Шундай қилиб, Исроил халқи бутун саёҳатлари давомида кундузи Муқаддас чодир устида Эгамиз зоҳир бўладиган булутни, кечаси Чодир тепасидаги булут ичида ёнаётган алангани кўрар эдилар.