42–BOB
Ayub Egamizga javob beradi
1 Shunda Ayub Egamizga javob berdi:
2 “Ha, bilaman, Sen hamma narsani qila olasan.
Sening rejalaringni hech kim buza olmaydi.
3 «Bilmay turib, donoligimga gumon qilayotgan kim?» — deb soʻrading.
Oʻsha menman.
Oʻzim tushunmaydigan narsalar haqida ogʻiz ochdim.
Aqlim yetmaydigan ajoyibotlar haqida gapirdim.
4 Sen: «Qani quloq sol, Men gapiraman.
Seni soʻroq qilaman, javob ber», — deding.
5 Sen haqingda birovlardan eshitgandim,
Ammo endi koʻzlarim bilan Seni koʻrib turibman.
6 Shuning uchun endi aytganlarimni qaytib olaman,
Boshimga tuprogʻu kul sochib , tavba qildim.”
Xulosa
7 Ayubga gapirib boʻlgandan keyin, Egamiz Temonlik Elifazga shunday dedi: “Sen va ikki doʻstingdan juda qattiq gʻazabdaman, chunki sen Men haqimda toʻgʻri soʻzlarni aytmading. Ayub esa toʻgʻri gapirdi. 8 Endi yettita buqa va yettita qoʻchqor olib, Ayubning yoniga boringlar. Oʻsha yerda oʻz gunohlaringiz uchun Menga kuydiriladigan qurbonlik keltiringlar. Ayub sizlar uchun ibodat qiladi. Men uning ibodatlarini qabul qilaman, sizlarga ahmoqligingizga loyiq jazo bermayman. Sizlar Men haqimda toʻgʻri soʻzlarni gapirmadingiz. Ayub esa toʻgʻri gapirdi.” 9 Shunday qilib, Temonlik Elifaz, Shuvaxlik Bildad va Namaxlik Zoʻfar borib, Egamizning aytganlarini qildilar. Egamiz Ayubning ibodatlarini qabul qildi.
10 Ayub oʻz doʻstlari uchun ibodat qilgandan keyin, Egamiz uning boyligini qayta tikladi. Unga oldingidan ikki baravar koʻp baraka berdi. 11 Shunda Ayubning hamma aka–ukalari, opa–singillari, eski tanishlarining barchasi kelishdi. Uning uyida ziyofat qilishdi. Egamiz tomonidan yuborilgan kulfatlar uchun Ayubga hamdardlik bildirib, unga tasalli berishdi. Ularning har biri Ayubga bir boʻlak kumush va tilla uzuk hadya qildi.
12 Ayubning qolgan umri davomida Egamiz unga oldingidan ham koʻproq baraka berdi: bu davrda Ayubning oʻn toʻrt mingta qoʻylari, olti mingta tuyasi, ming juft hoʻkizi va mingta eshagi bor edi. 13 Egamiz Ayubga yetti oʻgʻil va uch qiz ham berdi. 14 Ayub birinchi qiziga Yamima, ikkinchisiga Kaziyo, uchinchisiga esa Xaranxappux deb ot qoʻydi. 15 Butun yurtda Ayubning qizlariday goʻzal qizlar yoʻq edi. Ayub qizlariga ham aka–ukalari qatori meros berdi.
16 Shundan keyin Ayub yana bir yuz qirq yil yashadi. Farzandlar koʻrdi, nabiralaru ularning farzandlarini ham koʻrdi, hammasi boʻlib toʻrt nasl koʻrdi. 17 Shunday qilib, Ayub yoshini yashab, oshini oshab, uzoq umr koʻrib, olamdan oʻtdi.
42–БОБ
Аюб Эгамизга жавоб беради
1 Шунда Аюб Эгамизга жавоб берди:
2 “Ҳа, биламан, Сен ҳамма нарсани қила оласан.
Сенинг режаларингни ҳеч ким буза олмайди.
3 «Билмай туриб, донолигимга гумон қилаётган ким?» — деб сўрадинг.
Ўша менман.
Ўзим тушунмайдиган нарсалар ҳақида оғиз очдим.
Ақлим етмайдиган ажойиботлар ҳақида гапирдим.
4 Сен: «Қани қулоқ сол, Мен гапираман.
Сени сўроқ қиламан, жавоб бер», — дединг.
5 Сен ҳақингда бировлардан эшитгандим,
Аммо энди кўзларим билан Сени кўриб турибман.
6 Шунинг учун энди айтганларимни қайтиб оламан,
Бошимга тупроғу кул сочиб , тавба қилдим.”
Хулоса
7 Аюбга гапириб бўлгандан кейин, Эгамиз Темонлик Элифазга шундай деди: “Сен ва икки дўстингдан жуда қаттиқ ғазабдаман, чунки сен Мен ҳақимда тўғри сўзларни айтмадинг. Аюб эса тўғри гапирди. 8 Энди еттита буқа ва еттита қўчқор олиб, Аюбнинг ёнига боринглар. Ўша ерда ўз гуноҳларингиз учун Менга куйдириладиган қурбонлик келтиринглар. Аюб сизлар учун ибодат қилади. Мен унинг ибодатларини қабул қиламан, сизларга аҳмоқлигингизга лойиқ жазо бермайман. Сизлар Мен ҳақимда тўғри сўзларни гапирмадингиз. Аюб эса тўғри гапирди.” 9 Шундай қилиб, Темонлик Элифаз, Шувахлик Билдад ва Намахлик Зўфар бориб, Эгамизнинг айтганларини қилдилар. Эгамиз Аюбнинг ибодатларини қабул қилди.
10 Аюб ўз дўстлари учун ибодат қилгандан кейин, Эгамиз унинг бойлигини қайта тиклади. Унга олдингидан икки баравар кўп барака берди. 11 Шунда Аюбнинг ҳамма ака–укалари, опа–сингиллари, эски танишларининг барчаси келишди. Унинг уйида зиёфат қилишди. Эгамиз томонидан юборилган кулфатлар учун Аюбга ҳамдардлик билдириб, унга тасалли беришди. Уларнинг ҳар бири Аюбга бир бўлак кумуш ва тилла узук ҳадя қилди.
12 Аюбнинг қолган умри давомида Эгамиз унга олдингидан ҳам кўпроқ барака берди: бу даврда Аюбнинг ўн тўрт мингта қўйлари, олти мингта туяси, минг жуфт ҳўкизи ва мингта эшаги бор эди. 13 Эгамиз Аюбга етти ўғил ва уч қиз ҳам берди. 14 Аюб биринчи қизига Ямима, иккинчисига Казиё, учинчисига эса Харанхаппух деб от қўйди. 15 Бутун юртда Аюбнинг қизларидай гўзал қизлар йўқ эди. Аюб қизларига ҳам ака–укалари қатори мерос берди.
16 Шундан кейин Аюб яна бир юз қирқ йил яшади. Фарзандлар кўрди, набиралару уларнинг фарзандларини ҳам кўрди, ҳаммаси бўлиб тўрт насл кўрди. 17 Шундай қилиб, Аюб ёшини яшаб, ошини ошаб, узоқ умр кўриб, оламдан ўтди.