35–BOB
Xudo Edomni jazolaydi
1 Egamiz menga Oʻz soʻzini ayon qildi: 2 “Ey inson, Seir togʻlariga yuzlan, ularga qarshi bashorat qilib ayt: 3 «Egamiz Rabbiy shunday demoqda: ey Seir togʻlari, Men sizlarga qarshiman. Men sizlarga qarshi qoʻlimni koʻtarib, sizlarni tashlandiq xarobazor qilaman. 4 Shaharlaringizni vayron qilib, yurtingizni tashlandiq joyga aylantiraman. Oʻshanda Egangiz Men ekanligimni bilib olasizlar. 5 Xalqimga boʻlgan qadimgi adovatingiz tufayli sizlar Isroil xalqining taqdirini qilich bilan hal qilgan edingizlar. Ular shusiz ham oxirgi jazosini tortib, boshlaridan ogʻir damlarni kechirayotgan edilar–ku! 6 Shu qilganlaringiz uchun, Men, Egangiz Rabbiy, barhayot Xudo boʻlganim haqi ont ichib aytamanki, sizlarni qonga belayman, qon ketingizdan quvadi. Sizlar qotillikdan hazar qilmaganingiz uchun qotillik sizlarni doim taʼqib qiladi. 7 Ey Seir togʻlari, Men sizlarni xarob qilib, tashlandiq joyga aylantiraman. Hududingizdan hech kim yurmaydigan boʻladi. 8 Men sizlarni jasadlarga toʻldiraman. Qilichdan halok boʻlgan odamlarning jasadlari qirlaringizda, vodiylaringizda, soyliklaringizda yotadi. 9 Sizlarni to abad tashlandiq qilaman. Shaharlaringizda hech qachon odam yashamaydi. Oʻshanda Egangiz Men ekanligimni bilib olasizlar.
10 Men, Egangiz, Yahudo va Isroil yurtida boʻlganimga qaramay, sizlar shunday deb aytgan edingiz: ‘Bu ikki xalq bizniki boʻladi, ularning yurtini biz qoʻlga kiritamiz.’ 11 Shunday ekan, Men, Egangiz Rabbiy, barhayot Xudo boʻlganim haqi ont ichib aytamanki, sizlarni qilgan qilmishlaringizga yarasha jazolayman. Sizlar xalqimdan nafratlanib, ularga hasad qilganingiz hamda ustilariga gʻazabingizni sochganingiz uchun adabingizni beraman. Men sizlarni jazolaganimda Oʻzimni xalqimga tanitaman. 12 Sizlar Isroil togʻlariga qarata aytgan haqoratli soʻzlaringizni Men, Egangiz, eshitganimni bilib olasizlar. Sizlar shunday degan edingiz: ‘Isroil xarob boʻldi, endi bu xalq bizga yem boʻladi.’ 13 Ha, sizlar Mening oldimda oʻzingizni katta tutdingizlar. Ogʻzingizni koʻpirtirib, Menga qarshi gapirdingizlar. Men hammasini eshitdim.
14 Egamiz Rabbiy shunday demoqda: Men sizlarni xarob qilganimda, butun jahon sevinadi. 15 Axir, sizlar Isroil yurti xarob boʻlganidan sevingan edingizlar. Shuning uchun Men bu koʻrgilikni boshlaringizga solaman. Ey Seir togʻlari, ey butun Edom yurti, sizlar xarob boʻlasiz. Shunda Egangiz Men ekanligimni butun jahon bilib oladi.»”
35–БОБ
Худо Эдомни жазолайди
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 2 “Эй инсон, Сеир тоғларига юзлан, уларга қарши башорат қилиб айт: 3 «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Сеир тоғлари, Мен сизларга қаршиман. Мен сизларга қарши қўлимни кўтариб, сизларни ташландиқ харобазор қиламан. 4 Шаҳарларингизни вайрон қилиб, юртингизни ташландиқ жойга айлантираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. 5 Халқимга бўлган қадимги адоватингиз туфайли сизлар Исроил халқининг тақдирини қилич билан ҳал қилган эдингизлар. Улар шусиз ҳам охирги жазосини тортиб, бошларидан оғир дамларни кечираётган эдилар–ку! 6 Шу қилганларингиз учун, Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларни қонга белайман, қон кетингиздан қувади. Сизлар қотилликдан ҳазар қилмаганингиз учун қотиллик сизларни доим таъқиб қилади. 7 Эй Сеир тоғлари, Мен сизларни хароб қилиб, ташландиқ жойга айлантираман. Ҳудудингиздан ҳеч ким юрмайдиган бўлади. 8 Мен сизларни жасадларга тўлдираман. Қиличдан ҳалок бўлган одамларнинг жасадлари қирларингизда, водийларингизда, сойликларингизда ётади. 9 Сизларни то абад ташландиқ қиламан. Шаҳарларингизда ҳеч қачон одам яшамайди. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
10 Мен, Эгангиз, Яҳудо ва Исроил юртида бўлганимга қарамай, сизлар шундай деб айтган эдингиз: ‘Бу икки халқ бизники бўлади, уларнинг юртини биз қўлга киритамиз.’ 11 Шундай экан, Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларни қилган қилмишларингизга яраша жазолайман. Сизлар халқимдан нафратланиб, уларга ҳасад қилганингиз ҳамда устиларига ғазабингизни сочганингиз учун адабингизни бераман. Мен сизларни жазолаганимда Ўзимни халқимга танитаман. 12 Сизлар Исроил тоғларига қарата айтган ҳақоратли сўзларингизни Мен, Эгангиз, эшитганимни билиб оласизлар. Сизлар шундай деган эдингиз: ‘Исроил хароб бўлди, энди бу халқ бизга ем бўлади.’ 13 Ҳа, сизлар Менинг олдимда ўзингизни катта тутдингизлар. Оғзингизни кўпиртириб, Менга қарши гапирдингизлар. Мен ҳаммасини эшитдим.
14 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сизларни хароб қилганимда, бутун жаҳон севинади. 15 Ахир, сизлар Исроил юрти хароб бўлганидан севинган эдингизлар. Шунинг учун Мен бу кўргиликни бошларингизга соламан. Эй Сеир тоғлари, эй бутун Эдом юрти, сизлар хароб бўласиз. Шунда Эгангиз Мен эканлигимни бутун жаҳон билиб олади.»”