20–BOB
Iso tiriladi
1 Yakshanba kuni erta saharda, kun yorishmasdan, Magdalalik Maryam qabrning oldiga kelib, qabr ogʻzidagi toshning agʻdarilganini koʻrdi. 2 Soʻng u yugurib, Butrus va Isoning sevikli shogirdi oldiga borib dedi:
— Hazratimizning jasadini qabrdan olib ketishibdi. Uni qayerga qoʻyishganini bilmaymiz.
3 Butrus va boshqa shogird qabr tomon joʻnashdi. 4 Ikkovi birga yugurib ketishdi. Ammo u shogird Butrusdan tezroq yugurib, qabrga birinchi boʻlib yetib keldi. 5 U engashib ichkariga qaradi–da, u yerda yotgan kafanni koʻrdi. Lekin qabrga kirmadi. 6 Uning orqasidan Butrus yetib kelib, qabrga kirdi. U yerda yotgan kafanni 7 va Isoning boshiga oʻralgan roʻmolni koʻrdi. Ammo roʻmol kafan bilan birga emas, alohida joyga yigʻishtirib qoʻyilgan edi. 8 Shunda avval kelgan shogird ham qabrga kirdi. Koʻrgandan keyingina ishonch hosil qildi. 9 Chunki ular Muqaddas bitiklardagi, Iso oʻlikdan tirilishi kerak degan soʻzlarni shu paytgacha tushunmagan edilar.
Iso Maryamga zohir boʻladi
10 Shundan soʻng shogirdlar yana oʻz uylariga qaytib ketdilar. 11 Maryam esa qabrning tashqarisida turganicha, yigʻlar edi. Yigʻlayotib, bir egilib qabr ichiga qaradi. 12 Shunda oq kiyim kiygan ikki farishtani koʻrib qoldi. Biri Isoning jasadi yotgan joyning bosh tomonida, ikkinchisi esa oyoq tomonida oʻtirgan edi. 13 Ular Maryamga:
— Ey ayol, nega yigʻlayapsan? — deyishdi.
— Hazratimning jasadini olib ketishibdi, Uni qayerga qoʻyishganini bilmayman, — dedi u. 14 Shunday dedi–yu, orqasiga burilib, u yerda turgan Isoni koʻrdi. Lekin Uning Iso ekanligini bilmadi.
15 — Ey ayol, nega yigʻlayapsan? Kimni qidiryapsan? — deb soʻradi undan Iso. Maryam Uni bogʻbon deb oʻyladi. Unga shunday dedi:
— Taqsir, agar Uni siz olib ketgan boʻlsangiz, qayerga qoʻyganingizni menga ayting, men borib Uni olay.
16 Iso unga:
— Maryam! — dedi.
Maryam Isoga qayrilib qaradi–da, oramiychalab :
— Ravvuniy! — dedi. (Ravvuniy “ustozim” demakdir.)
17 — Meni ushlab turma! — dedi Iso Maryamga. — Men samoviy Otaning oldiga chiqib ketyapman. Sen borib birodarlarimga gaplarimni yetkaz: “Men Otamning oldiga chiqib ketyapman. U sizlarning ham Otangizdir. U Mening Xudoyim va sizlarning Xudoyingizdir.”
18 Shunda Magdalalik Maryam shogirdlarning oldiga borib:
— Men Rabbimiz Isoni koʻrdim! — dedi. Soʻng Isoning unga aytgan gaplarini ularga yetkazdi.
Iso shogirdlariga zohir boʻladi
19 Oʻsha yakshanba kuni oqshomda shogirdlar toʻplangan edilar. Ular yahudiylardan qoʻrqib, uyning eshiklarini qulflab olgan edilar. Shu payt Iso keldi, oʻrtalarida turib shogirdlariga:
— Sizlarga tinchlik boʻlsin! — dedi. 20 Soʻng ularga qoʻllarini va biqinini koʻrsatdi. Shogirdlar Rabbimiz Isoni koʻrib, xursand boʻlib ketdilar.
21 Iso yana ularga dedi:
— Sizlarga tinchlik boʻlsin! Osmondagi Otam Meni dunyoga yuborgani singari, Men ham sizlarni dunyoga yuboryapman.
22 Shunday deb, ularning ustiga pufladi–da:
— Muqaddas Ruhni qabul qilinglar, — dedi. 23 — Sizlar kimning gunohlarini kechirsangizlar, u kechiriladi. Kimning gunohlarini kechirmasangizlar, u kechirimsiz qolaveradi.
Iso bilan Toʻma
24 Iso kelganda oʻn ikki shogirddan biri Toʻma, yaʼni Didimus shogirdlar orasida yoʻq edi. 25 Boshqa shogirdlar unga:
— Biz Rabbimiz Isoni koʻrdik, — deyishdi. Toʻma ularga shunday dedi:
— Uning qoʻllaridagi mix chandiqlarini oʻzim koʻrmagunimcha, mix chandiqlariga barmogʻimni tekkizmagunimcha, biqiniga qoʻlim bilan tegib koʻrmagunimcha ishonmayman.
26 Keyingi yakshanba kuni Isoning shogirdlari yana uyda toʻplangan edilar. Bu safar Toʻma ham ular bilan birga edi. Uyning eshiklari qulf edi. Shunga qaramay Iso kirdi, oʻrtalarida turib:
— Sizlarga tinchlik boʻlsin! — dedi. 27 Keyin Toʻmaga qarab:
— Barmogʻingni bu yoqqa tekkiz! Qoʻllarimni koʻr. Qoʻlingni uzatib, biqinimga tegib koʻr. Ikkilanishni bas qil, ishon! — dedi. 28 Toʻma Isoga:
— Yo Rabbim, Xudoyim! — dedi. 29 Iso unga shunday dedi:
— Sen Meni koʻrganing uchun ishonding. Meni koʻrmay ishonganlar naqadar baxtlidir!
Kitobning mohiyati
30 Isoning bu kitob tarkibiga kiritilmagan yana koʻp moʻjizali alomatlariga shogirdlar guvoh boʻlganlar. 31 Kitobga kiritilgan moʻjizalar esa sizlar uchun yozilgan. Toki sizlar Isoning Masih, Xudoning Oʻgʻli ekanligiga ishonib, bu imoningiz tufayli hayotga ega boʻlinglar.
20–БОБ
Исо тирилади
1 Якшанба куни эрта саҳарда, кун ёришмасдан, Магдалалик Марям қабрнинг олдига келиб, қабр оғзидаги тошнинг ағдарилганини кўрди. 2 Сўнг у югуриб, Бутрус ва Исонинг севикли шогирди олдига бориб деди:
— Ҳазратимизнинг жасадини қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз.
3 Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди. 4 Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди. 5 У энгашиб ичкарига қаради–да, у ерда ётган кафанни кўрди. Лекин қабрга кирмади. 6 Унинг орқасидан Бутрус етиб келиб, қабрга кирди. У ерда ётган кафанни 7 ва Исонинг бошига ўралган рўмолни кўрди. Аммо рўмол кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди. 8 Шунда аввал келган шогирд ҳам қабрга кирди. Кўргандан кейингина ишонч ҳосил қилди. 9 Чунки улар Муқаддас битиклардаги, Исо ўликдан тирилиши керак деган сўзларни шу пайтгача тушунмаган эдилар.
Исо Марямга зоҳир бўлади
10 Шундан сўнг шогирдлар яна ўз уйларига қайтиб кетдилар. 11 Марям эса қабрнинг ташқарисида турганича, йиғлар эди. Йиғлаётиб, бир эгилиб қабр ичига қаради. 12 Шунда оқ кийим кийган икки фариштани кўриб қолди. Бири Исонинг жасади ётган жойнинг бош томонида, иккинчиси эса оёқ томонида ўтирган эди. 13 Улар Марямга:
— Эй аёл, нега йиғлаяпсан? — дейишди.
— Ҳазратимнинг жасадини олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмайман, — деди у. 14 Шундай деди–ю, орқасига бурилиб, у ерда турган Исони кўрди. Лекин Унинг Исо эканлигини билмади.
15 — Эй аёл, нега йиғлаяпсан? Кимни қидиряпсан? — деб сўради ундан Исо. Марям Уни боғбон деб ўйлади. Унга шундай деди:
— Тақсир, агар Уни сиз олиб кетган бўлсангиз, қаерга қўйганингизни менга айтинг, мен бориб Уни олай.
16 Исо унга:
— Марям! — деди.
Марям Исога қайрилиб қаради–да, орамийчалаб :
— Раввуний! — деди. (Раввуний “устозим” демакдир.)
17 — Мени ушлаб турма! — деди Исо Марямга. — Мен самовий Отанинг олдига чиқиб кетяпман. Сен бориб биродарларимга гапларимни етказ: “Мен Отамнинг олдига чиқиб кетяпман. У сизларнинг ҳам Отангиздир. У Менинг Худойим ва сизларнинг Худойингиздир.”
18 Шунда Магдалалик Марям шогирдларнинг олдига бориб:
— Мен Раббимиз Исони кўрдим! — деди. Сўнг Исонинг унга айтган гапларини уларга етказди.
Исо шогирдларига зоҳир бўлади
19 Ўша якшанба куни оқшомда шогирдлар тўпланган эдилар. Улар яҳудийлардан қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб олган эдилар. Шу пайт Исо келди, ўрталарида туриб шогирдларига:
— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди. 20 Сўнг уларга қўлларини ва биқинини кўрсатди. Шогирдлар Раббимиз Исони кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар.
21 Исо яна уларга деди:
— Сизларга тинчлик бўлсин! Осмондаги Отам Мени дунёга юборгани сингари, Мен ҳам сизларни дунёга юборяпман.
22 Шундай деб, уларнинг устига пуфлади–да:
— Муқаддас Руҳни қабул қилинглар, — деди. 23 — Сизлар кимнинг гуноҳларини кечирсангизлар, у кечирилади. Кимнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, у кечиримсиз қолаверади.
Исо билан Тўма
24 Исо келганда ўн икки шогирддан бири Тўма, яъни Дидимус шогирдлар орасида йўқ эди. 25 Бошқа шогирдлар унга:
— Биз Раббимиз Исони кўрдик, — дейишди. Тўма уларга шундай деди:
— Унинг қўлларидаги мих чандиқларини ўзим кўрмагунимча, мих чандиқларига бармоғимни теккизмагунимча, биқинига қўлим билан тегиб кўрмагунимча ишонмайман.
26 Кейинги якшанба куни Исонинг шогирдлари яна уйда тўпланган эдилар. Бу сафар Тўма ҳам улар билан бирга эди. Уйнинг эшиклари қулф эди. Шунга қарамай Исо кирди, ўрталарида туриб:
— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди. 27 Кейин Тўмага қараб:
— Бармоғингни бу ёққа теккиз! Қўлларимни кўр. Қўлингни узатиб, биқинимга тегиб кўр. Иккиланишни бас қил, ишон! — деди. 28 Тўма Исога:
— Ё Раббим, Худойим! — деди. 29 Исо унга шундай деди:
— Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Мени кўрмай ишонганлар нақадар бахтлидир!
Китобнинг моҳияти
30 Исонинг бу китоб таркибига киритилмаган яна кўп мўъжизали аломатларига шогирдлар гувоҳ бўлганлар. 31 Китобга киритилган мўъжизалар эса сизлар учун ёзилган. Токи сизлар Исонинг Масиҳ, Худонинг Ўғли эканлигига ишониб, бу имонингиз туфайли ҳаётга эга бўлинглар.