12–BOB
Muqaddas Ruh beradigan inʼomlar haqida
1 Ey birodarlarim, endi Muqaddas Ruh beradigan inʼomlar masalasiga kelsak, bu haqda toʻliq tushunchaga ega boʻlishingizni xohlayman. 2 Esingizdami, sizlar Xudosiz boʻlgan paytlaringizda yoʻldan ozib, soqov butlarga sajda qilar edingiz. 3 Shuning uchun quyidagilarni bilishingizni xohlayman. Xudoning Ruhidan ilhom olayotgan hech kim Isoni laʼnatlamaydi, shuningdek, hech kim Muqaddas Ruhning ilhomisiz Isoni Rabbim deb ayta olmaydi.
4 Ruh beradigan inʼomlar har xildir, ammo Ruh birdir. 5 Xizmat qilish yoʻllari har xildir, Rabbimiz Iso esa birdir. 6 Toʻgʻri, xizmatlar har xildir, lekin har bir insonga bu xizmatlarni bajarish qobiliyatini berayotgan Xudo birdir.
7 Umumiy manfaat uchun Muqaddas Ruh har kimda oʻziga xos ravishda namoyon boʻladi. 8 Bir odamga Ruh orqali donolik bilan gapirish qobiliyati beriladi, boshqa birovga esa xuddi shu Ruh orqali ilm–maʼrifatga toʻla soʻzlarni gapirish qobiliyati beriladi. 9 Oʻsha Ruh orqali kimgadir kuchli bir imon beriladi, boshqa birovga esa shifo berish inʼomi beriladi. 10 Baʼzilarga moʻjizalar koʻrsatish qobiliyati, boshqalarga Xudoning soʻzini yetkazish inʼomi berilgan. Yana boshqalarga esa ruhlarning farqiga borish inʼomi berilgan. Kimgadir nomaʼlum tillarda gapirish inʼomi berilgan boʻlsa, boshqalarga bu tillarni taʼbir qilish inʼomi berilgan. 11 Bularning hammasini Muqaddas Ruh bajo qiladi. Har bir insonga Ruhning Oʻzi loyiq koʻrgan inʼomni ato qiladi.
Tana bir, tana aʼzolari esa koʻp
12 Tana bir boʻlsa–da, uning aʼzolari koʻp. Xuddi shuningdek, tana aʼzolari koʻp boʻlsa–da, ularning hammasi bir tanani tashkil qiladi. Masihning tanasi, yaʼni jamoat ham shundaydir. 13 Axir, biz hammamiz — yahudiylaru yunonlar , qullaru ozod boʻlganlar, bir tana boʻlishimiz uchun bir Muqaddas Ruhga choʻmdirildik. Hammamiz oʻsha bir Ruhga toʻlib–toshganmiz. 14 Zotan, badan bir aʼzodan emas, balki koʻp aʼzolardan iborat. 15 Oyoq: “Men qoʻl emasman, shuning uchun tanaga tegishli emasman” degani bilan tanaga tegishli boʻlmay qolmaydi–ku! 16 Quloq ham: “Men koʻz emasman, shuning uchun tanaga tegishli emasman” degani bilan tanaga tegishli boʻlmay qolmaydi–ku! 17 Axir, butun tana koʻz boʻlsa, qanday qilib eshitadi? Agar butun tana quloq boʻlsa, qanday qilib hidlay oladi? 18 Axir, Xudo tana aʼzolarining har birini Oʻzi xohlagan joyiga qoʻygan. 19 Agar ularning hammasi birgina aʼzo boʻlganda, tana boʻlarmidi?!
20 Shunday qilib, tana aʼzolari koʻp, lekin tana birdir. 21 Koʻz qoʻlga: “Sen menga kerak emassan”, deb ayta olmaydi, bosh ham oyoqlarga: “Sizlar menga kerak emassizlar”, deya olmaydi–ku! 22 Aksincha, ojiz tuyulgan tana aʼzolari eng kerakli aʼzolardir. 23 Biz tanamizning uyatli hisoblangan aʼzolariga eʼtibor berib, ularni yopib yuramiz. Koʻrimsiz tuyulgan tana aʼzolarimizga diqqat–eʼtibor qilamiz. 24 Uyatli boʻlmagan tana aʼzolarimizga bunday eʼtibor berishimizning hojati yoʻq. Xudo tanamizni shunday yaratganki, hurmat–eʼtiborsiz aʼzolarga koʻproq izzat–eʼtibor beriladi. 25 Shunday qilib, tana aʼzolari orasida kelishmovchilik boʻlmaydi, balki barcha aʼzolar bir–biriga gʻamxoʻrlik qiladi. 26 Agar bir aʼzo azob cheksa, qolgan barcha tana aʼzolari u bilan birga azob chekadi. Agar bir aʼzo yuksalsa, qolgan barcha aʼzolar u bilan birga sevinadi.
27 Endi sizlar Masihning tanasisizlar, har biringiz tananing alohida bir aʼzosisiz. 28 Shu tariqa, Xudo imonlilar jamoatiga, birinchidan, havoriylarni, ikkinchidan, paygʻambarlarni, uchinchidan, muallimlarni tayinlab berdi. Keyin baʼzilarga moʻjiza koʻrsatish qobiliyatini, boshqalarga esa shifo berish inʼomini, yana boshqalarga yordam berish, boshqarish, nomaʼlum tillarda gapirish qobiliyatlarini ato qildi. 29 Hamma havoriymi?! Hamma ham Xudoning soʻzlarini yetkaza oladimi?! Hamma ham muallimmi?! Hamma moʻjiza koʻrsatadimi?! 30 Hammada shifo berish inʼomi bormi?! Hamma ham nomaʼlum tillarda gapirish qobiliyatiga egami?! Hamma ham nomaʼlum tillarda aytilganlarni talqin qila oladimi?!
31 Sizlar ulugʻroq inʼomlarga ega boʻlishga intilinglar. Endi sizlarga eng oliy yoʻlni koʻrsataman.
12–БОБ
Муқаддас Руҳ берадиган инъомлар ҳақида
1 Эй биродарларим, энди Муқаддас Руҳ берадиган инъомлар масаласига келсак, бу ҳақда тўлиқ тушунчага эга бўлишингизни хоҳлайман. 2 Эсингиздами, сизлар Худосиз бўлган пайтларингизда йўлдан озиб, соқов бутларга сажда қилар эдингиз. 3 Шунинг учун қуйидагиларни билишингизни хоҳлайман. Худонинг Руҳидан илҳом олаётган ҳеч ким Исони лаънатламайди, шунингдек, ҳеч ким Муқаддас Руҳнинг илҳомисиз Исони Раббим деб айта олмайди.
4 Руҳ берадиган инъомлар ҳар хилдир, аммо Руҳ бирдир. 5 Хизмат қилиш йўллари ҳар хилдир, Раббимиз Исо эса бирдир. 6 Тўғри, хизматлар ҳар хилдир, лекин ҳар бир инсонга бу хизматларни бажариш қобилиятини бераётган Худо бирдир.
7 Умумий манфаат учун Муқаддас Руҳ ҳар кимда ўзига хос равишда намоён бўлади. 8 Бир одамга Руҳ орқали донолик билан гапириш қобилияти берилади, бошқа бировга эса худди шу Руҳ орқали илм–маърифатга тўла сўзларни гапириш қобилияти берилади. 9 Ўша Руҳ орқали кимгадир кучли бир имон берилади, бошқа бировга эса шифо бериш инъоми берилади. 10 Баъзиларга мўъжизалар кўрсатиш қобилияти, бошқаларга Худонинг сўзини етказиш инъоми берилган. Яна бошқаларга эса руҳларнинг фарқига бориш инъоми берилган. Кимгадир номаълум тилларда гапириш инъоми берилган бўлса, бошқаларга бу тилларни таъбир қилиш инъоми берилган. 11 Буларнинг ҳаммасини Муқаддас Руҳ бажо қилади. Ҳар бир инсонга Руҳнинг Ўзи лойиқ кўрган инъомни ато қилади.
Тана бир, тана аъзолари эса кўп
12 Тана бир бўлса–да, унинг аъзолари кўп. Худди шунингдек, тана аъзолари кўп бўлса–да, уларнинг ҳаммаси бир танани ташкил қилади. Масиҳнинг танаси, яъни жамоат ҳам шундайдир. 13 Ахир, биз ҳаммамиз — яҳудийлару юнонлар , қуллару озод бўлганлар, бир тана бўлишимиз учун бир Муқаддас Руҳга чўмдирилдик. Ҳаммамиз ўша бир Руҳга тўлиб–тошганмиз. 14 Зотан, бадан бир аъзодан эмас, балки кўп аъзолардан иборат. 15 Оёқ: “Мен қўл эмасман, шунинг учун танага тегишли эмасман” дегани билан танага тегишли бўлмай қолмайди–ку! 16 Қулоқ ҳам: “Мен кўз эмасман, шунинг учун танага тегишли эмасман” дегани билан танага тегишли бўлмай қолмайди–ку! 17 Ахир, бутун тана кўз бўлса, қандай қилиб эшитади? Агар бутун тана қулоқ бўлса, қандай қилиб ҳидлай олади? 18 Ахир, Худо тана аъзоларининг ҳар бирини Ўзи хоҳлаган жойига қўйган. 19 Агар уларнинг ҳаммаси биргина аъзо бўлганда, тана бўлармиди?!
20 Шундай қилиб, тана аъзолари кўп, лекин тана бирдир. 21 Кўз қўлга: “Сен менга керак эмассан”, деб айта олмайди, бош ҳам оёқларга: “Сизлар менга керак эмассизлар”, дея олмайди–ку! 22 Аксинча, ожиз туюлган тана аъзолари энг керакли аъзолардир. 23 Биз танамизнинг уятли ҳисобланган аъзоларига эътибор бериб, уларни ёпиб юрамиз. Кўримсиз туюлган тана аъзоларимизга диққат–эътибор қиламиз. 24 Уятли бўлмаган тана аъзоларимизга бундай эътибор беришимизнинг ҳожати йўқ. Худо танамизни шундай яратганки, ҳурмат–эътиборсиз аъзоларга кўпроқ иззат–эътибор берилади. 25 Шундай қилиб, тана аъзолари орасида келишмовчилик бўлмайди, балки барча аъзолар бир–бирига ғамхўрлик қилади. 26 Агар бир аъзо азоб чекса, қолган барча тана аъзолари у билан бирга азоб чекади. Агар бир аъзо юксалса, қолган барча аъзолар у билан бирга севинади.
27 Энди сизлар Масиҳнинг танасисизлар, ҳар бирингиз тананинг алоҳида бир аъзосисиз. 28 Шу тариқа, Худо имонлилар жамоатига, биринчидан, ҳаворийларни, иккинчидан, пайғамбарларни, учинчидан, муаллимларни тайинлаб берди. Кейин баъзиларга мўъжиза кўрсатиш қобилиятини, бошқаларга эса шифо бериш инъомини, яна бошқаларга ёрдам бериш, бошқариш, номаълум тилларда гапириш қобилиятларини ато қилди. 29 Ҳамма ҳаворийми?! Ҳамма ҳам Худонинг сўзларини етказа оладими?! Ҳамма ҳам муаллимми?! Ҳамма мўъжиза кўрсатадими?! 30 Ҳаммада шифо бериш инъоми борми?! Ҳамма ҳам номаълум тилларда гапириш қобилиятига эгами?! Ҳамма ҳам номаълум тилларда айтилганларни талқин қила оладими?!
31 Сизлар улуғроқ инъомларга эга бўлишга интилинглар. Энди сизларга энг олий йўлни кўрсатаман.