5–BOB
1 Shunday qilib, Sulaymon Egamizning uyiga oid hamma ishlarni bitirdi. Soʻngra u otasi Dovud nazr qilgan narsalarni olib kelib, kumush, oltin va hamma buyumlarni Xudoning uyi xazinasiga qoʻydi.
Ahd sandigʻi Maʼbadga keltiriladi
2 Shundan soʻng Sulaymon Egamizning Ahd sandigʻini Dovud qalʼasidan — Siondan Egamizning uyiga olib kelmoqchi boʻldi. Shu maqsadda u Isroil oqsoqollarini, hamma qabila yoʻlboshchilarini, Isroil xalqi urugʻboshilarini Quddus shahriga chaqirtirdi. 3 Ularning hammasi yettinchi oyda , Chayla bayrami paytida shohning huzuriga yigʻilishdi.
4 Isroil oqsoqollarining hammasi kelgach, levilar Sandiqni yerdan koʻtarishdi. 5 Ruhoniylar va levilar, Sandiq bilan birga Uchrashuv chodirini , Chodirdagi barcha muqaddas buyumlarni Egamizning uyiga olib kelishdi. 6 Shoh Sulaymon va toʻplangan butun Isroil jamoasi Sandiqning oldida qoʻylar, buqalar soʻyib qurbonlik qilishdi. Qurbonlik qilingan qoʻy va buqalar shu qadar koʻp ediki, hisobiga yetib boʻlmasdi.
7 Ruhoniylar Egamizning Ahd sandigʻini alohida atalgan joyga — Eng muqaddas xonaga, karublarning qanotlari ostiga qoʻyishdi. 8 Karublarning qanotlari Sandiq usti boʻylab choʻzilgan va Sandiq hamda uning xodalarini berkitib turardi. 9 Xodalar shunchalik uzun ediki, ularning uchi Eng muqaddas xonaning shundaygina oldidan koʻrinib turardi, boshqa joydan esa koʻrinmasdi. Xodalar bugungacha ham oʻsha yerda turibdi. 10 Sandiqning ichida ikkita tosh lavhadan boshqa hech narsa yoʻq edi. Isroil xalqi Misrdan chiqqandan keyin, Egamiz Sinay togʻida ular bilan ahd tuzgan edi. Oʻshanda Muso bu tosh lavhalarni Sandiq ichiga solib qoʻygan edi.
11-14 Bu yerda hozir boʻlgan ruhoniylarning hammasi, qaysi guruhga qarashli boʻlishidan qatʼi nazar, oʻzlarini poklagan edilar. Jamiki levi sozandalari — Osif, Xaman, Yodutun, ularning oʻgʻillari va qarindoshlari mayin zigʻir matosidan tikilgan liboslarni kiyib olgan edilar. Levilar zil, arfa va liralarni koʻtarib qurbongohning sharq tomonida turdilar. Ularning yonidan karnay chaladigan 120 nafar ruhoniy joy oldi. Sozandalaru karnaychilar joʻr boʻlib, Egamizga hamdu sano va shukrona aytar edilar. Karnay, zil va boshqa sozlar joʻrligida qoʻshiqchilar Egamizga shunday hamdu sano kuylar edilar:

“Egamiz yaxshidir,
Uning sodiq sevgisi abadiydir.”

Ruhoniylar Muqaddas xonadan chiqib ketayotganlarida, birdaniga Xudoning uyini bulut qoplab, Egamizning ulugʻvorligi uyni toʻldirdi. Shuning uchun ruhoniylar oʻz xizmatini davom ettira olmadilar.
5–БОБ
1 Шундай қилиб, Сулаймон Эгамизнинг уйига оид ҳамма ишларни битирди. Сўнгра у отаси Довуд назр қилган нарсаларни олиб келиб, кумуш, олтин ва ҳамма буюмларни Худонинг уйи хазинасига қўйди.
Аҳд сандиғи Маъбадга келтирилади
2 Шундан сўнг Сулаймон Эгамизнинг Аҳд сандиғини Довуд қалъасидан — Сиондан Эгамизнинг уйига олиб келмоқчи бўлди. Шу мақсадда у Исроил оқсоқолларини, ҳамма қабила йўлбошчиларини, Исроил халқи уруғбошиларини Қуддус шаҳрига чақиртирди. 3 Уларнинг ҳаммаси еттинчи ойда , Чайла байрами пайтида шоҳнинг ҳузурига йиғилишди.
4 Исроил оқсоқолларининг ҳаммаси келгач, левилар Сандиқни ердан кўтаришди. 5 Руҳонийлар ва левилар, Сандиқ билан бирга Учрашув чодирини , Чодирдаги барча муқаддас буюмларни Эгамизнинг уйига олиб келишди. 6 Шоҳ Сулаймон ва тўпланган бутун Исроил жамоаси Сандиқнинг олдида қўйлар, буқалар сўйиб қурбонлик қилишди. Қурбонлик қилинган қўй ва буқалар шу қадар кўп эдики, ҳисобига етиб бўлмасди.
7 Руҳонийлар Эгамизнинг Аҳд сандиғини алоҳида аталган жойга — Энг муқаддас хонага, карубларнинг қанотлари остига қўйишди. 8 Карубларнинг қанотлари Сандиқ усти бўйлаб чўзилган ва Сандиқ ҳамда унинг ходаларини беркитиб турарди. 9 Ходалар шунчалик узун эдики, уларнинг учи Энг муқаддас хонанинг шундайгина олдидан кўриниб турарди, бошқа жойдан эса кўринмасди. Ходалар бугунгача ҳам ўша ерда турибди. 10 Сандиқнинг ичида иккита тош лавҳадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, Эгамиз Синай тоғида улар билан аҳд тузган эди. Ўшанда Мусо бу тош лавҳаларни Сандиқ ичига солиб қўйган эди.
11-14 Бу ерда ҳозир бўлган руҳонийларнинг ҳаммаси, қайси гуруҳга қарашли бўлишидан қатъи назар, ўзларини поклаган эдилар. Жамики леви созандалари — Осиф, Хаман, Ёдутун, уларнинг ўғиллари ва қариндошлари майин зиғир матосидан тикилган либосларни кийиб олган эдилар. Левилар зил, арфа ва лираларни кўтариб қурбонгоҳнинг шарқ томонида турдилар. Уларнинг ёнидан карнай чаладиган 120 нафар руҳоний жой олди. Созандалару карнайчилар жўр бўлиб, Эгамизга ҳамду сано ва шукрона айтар эдилар. Карнай, зил ва бошқа созлар жўрлигида қўшиқчилар Эгамизга шундай ҳамду сано куйлар эдилар:

“Эгамиз яхшидир,
Унинг содиқ севгиси абадийдир.”

Руҳонийлар Муқаддас хонадан чиқиб кетаётганларида, бирданига Худонинг уйини булут қоплаб, Эгамизнинг улуғворлиги уйни тўлдирди. Шунинг учун руҳонийлар ўз хизматини давом эттира олмадилар.