13–BOB
1 Yeribom qurbongohning yonida qurbonlik kuydirmoqchi boʻlib turgan paytda, bir paygʻambar, Egamizning amriga koʻra, Yahudodan Baytilga keldi. 2 Paygʻambar Egamizning amri bilan qurbongohga nido qildi:
— Qurbongoh, ey qurbongoh! Egamiz shunday aytar: “Dovud xonadonida bir oʻgʻil farzand dunyoga kelar, Uning ismi Yoʻshiyo boʻlar. Sajdagohlarda qurbonlik kuydiradigan ruhoniylarni sening ustingda qurbon qilar. Sening ustingda inson suyaklarini yoqar.”
3 Paygʻambar oʻsha kuniyoq buning alomati toʻgʻrisida aytdi:
— Egamiz aytgan alomat quyidagicha boʻladi: qurbongoh yorilib ketar, ustidagi kul toʻkilar.
4 Paygʻambarning Baytildagi qurbongohga aytgan bu soʻzlarini Yeribom eshitgach, qurbongohdan unga tomon qoʻlini uzatib: “Ushlanglar uni!” — dedi. Yeribomning paygʻambarga qarshi choʻzilgan qoʻli esa qurib, yogʻochday qotib qoldi. Uning qoʻli bukilmaydigan boʻlib qoldi. 5 Egamizning paygʻambar orqali aytgan alomati bajo boʻldi: qurbongoh yorilib, ustidagi kul toʻkilib ketdi. 6 Shunda shoh paygʻambarga dedi:
— Iltijo qilaman, Egangiz Xudoga men uchun yolvorib, ibodat qiling, toki qoʻlim avvalgi holiga kelsin.
Paygʻambar Egamizga ibodat qilgan edi, shohning qoʻli avvalgi holiga kelib, bukiladigan boʻldi. 7 Shoh paygʻambarga yana aytdi:
— Men bilan yur uyimga, tamaddi qilib ol, senga hadyalar beray.
8 Paygʻambar shohga dedi:
— Boyligingning yarmini bersang ham, sen bilan bormayman, bu yerda non ham yemayman, suv ham ichmayman. 9 Egamiz menga: “Non yemaysan, suv ichmaysan, borgan yoʻlingdan qaytmaysan”, deb amr bergan.
10 Shundan keyin paygʻambar Baytilga kelgan yoʻlidan qaytmay, boshqa yoʻldan ketdi.
Baytillik keksa paygʻambar
11 Baytilda keksa bir paygʻambar yashardi. Uning oʻgʻillari kelib, Yahudolik paygʻambarning shu kuni Baytilda qilgan ishlari haqida otalariga aytib berdilar. Paygʻambarning shohga aytgan soʻzlarini ham otalariga bayon qildilar. 12 Otasi oʻgʻillaridan: “Oʻsha odam qaysi yoʻldan ketdi?” — deb soʻradi.
Yahudodan kelgan paygʻambarning qaysi yoʻldan ketganini unga oʻgʻillari koʻrsatdilar. 13 Shunda keksa paygʻambar oʻgʻillariga: “Eshagimni egarlanglar!” — dedi. Oʻgʻillari paygʻambarning eshagini egarlab berdilar, u eshagiga minib joʻnadi.
14 Keksa paygʻambar Yahudolik paygʻambarning izidan ketdi va nihoyat uni topdi. Yahudolik paygʻambar eman daraxti ostida oʻtirgan ekan. Keksa paygʻambar undan:
— Yahudodan kelgan paygʻambar senmisan? — deb soʻradi.
— Ha, menman, — javob berdi u. 15 Keksa paygʻambar unga:
— Men bilan yur uyimga, tamaddi qilib ol, — dedi. 16 U esa keksa paygʻambarga:
— Sen bilan birga qaytib borolmayman, — dedi. — Bu yerda sen bilan birga non ham yemayman, suv ham ichmayman. 17 Egamiz menga: “U yerda non ham yemaysan, suv ham ichmaysan, borgan yoʻlingdan qaytmaysan”, deb amr bergan.
18 Paygʻambar esa unga shunday dedi:
— Men ham senga oʻxshagan bir paygʻambarman, farishta menga Egamizning shu soʻzlarini aytdi: “Uni yoʻldan qaytarib, oʻzing bilan birga uyingga olib kel, non yeb, suv ichib olsin.”
Lekin keksa paygʻambar yolgʻon gapirayotgan edi.
19 Shunday qilib, Yahudolik paygʻambar keksa paygʻambar bilan birga qaytib keldi, uning uyida tamaddi qildi. 20 Ular dasturxon atrofida oʻtirganlarida, keksa paygʻambarga Egamiz shu soʻzlarni ayon qildi. 21 Keksa paygʻambar esa Yahudolik paygʻambarga dedi:
— Egamiz shunday aytmoqda: “Sen Mening soʻzimga itoat qilmading! Men, Egangiz Xudoning amriga qarshi chiqib 22 orqangga qaytding. Men senga non yema, suv ichma, deb aytgan yerda yeb–ichding. Endi sening jasading ota–bobolaring xilxonasiga dafn qilinmaydi.”
23 Yahudolik paygʻambar tamaddi qilib boʻlishi bilanoq, keksa paygʻambar uning eshagini egarlab berdi. 24 Yahudolik paygʻambar yoʻlda ketayotgan edi, oldidan bir sher chiqib qoldi. Sher uni tilka–pora qilib, jasadni yoʻlning ustiga tashladi. Eshak ham, sher ham jasadning oldida turardi. 25 Shu yerdan oʻtib ketayotgan odamlar yoʻl oʻrtasidagi jasadni va jasad yonida turgan sherni koʻrdilar. Odamlar keksa paygʻambar yashaydigan shaharga borib, koʻrganlarini aytdilar. 26 Yahudolik paygʻambarni yoʻldan qaytarib kelgan keksa paygʻambar shu voqeani eshitib dedi:
— Egamizning amriga itoat etmagan paygʻambar oʻshadir. Shuning uchun Egamiz sherni yubordi va sher uni tilka–pora qilib tashladi. Egamiz, aytganiga binoan, uni oʻldirdi.
27 Keksa paygʻambar oʻgʻillariga: “Eshagimni egarlanglar!” — dedi. Oʻgʻillari eshakni egarlab berdilar. 28 U borib, yoʻl oʻrtasida yotgan jasadni topdi. Eshak ham, sher ham jasadning yonida turar, sher jasadni yemagan, eshakka hech qanday zarar yetkazmagan edi. 29 Keksa paygʻambar Yahudolik paygʻambarning jasadini yerdan koʻtarib olib, eshakka ortdi va orqasiga qaytarib olib ketdi. Uni dafn qilib, unga aza ochay deb, shaharga keldi. 30 Jasadni oʻzining qabriga qoʻygach: “Voy jigarim, voy jigarim!” deb qabr ustida faryod chekdi. 31 Yahudolik paygʻambarni dafn qilgach, keksa paygʻambar oʻgʻillariga:
— Vafot etganimdan soʻng meni ham Yahudolik paygʻambar dafn qilingan xilxonaga qoʻyinglar, — dedi. — Suyaklarim uning suyaklari yonida tursin. 32 Egamizning amriga koʻra, Baytildagi qurbongoh va Samariya shaharlaridagi hamma sajdagohlar haqida uning aytgan soʻzlari albatta bajo boʻladi.
Yeribomning gunoh ishlari
33 Bu hodisadan keyin ham Yeribom qabih yoʻldan qaytmadi. Yana sajdagohlarga oddiy xalqdan ruhoniylar tayin etdi. Kimni xohlasa, oʻshani ruhoniy qilib tayinlayverdi. 34 Bu gunoh ishlar Yeribom naslining yer yuzidan qirilib, yoʻqolib ketishiga sabab boʻldi.
13–БОБ
1 Ерибом қурбонгоҳнинг ёнида қурбонлик куйдирмоқчи бўлиб турган пайтда, бир пайғамбар, Эгамизнинг амрига кўра, Яҳудодан Байтилга келди. 2 Пайғамбар Эгамизнинг амри билан қурбонгоҳга нидо қилди:
— Қурбонгоҳ, эй қурбонгоҳ! Эгамиз шундай айтар: “Довуд хонадонида бир ўғил фарзанд дунёга келар, Унинг исми Йўшиё бўлар. Саждагоҳларда қурбонлик куйдирадиган руҳонийларни сенинг устингда қурбон қилар. Сенинг устингда инсон суякларини ёқар.”
3 Пайғамбар ўша куниёқ бунинг аломати тўғрисида айтди:
— Эгамиз айтган аломат қуйидагича бўлади: қурбонгоҳ ёрилиб кетар, устидаги кул тўкилар.
4 Пайғамбарнинг Байтилдаги қурбонгоҳга айтган бу сўзларини Ерибом эшитгач, қурбонгоҳдан унга томон қўлини узатиб: “Ушланглар уни!” — деди. Ерибомнинг пайғамбарга қарши чўзилган қўли эса қуриб, ёғочдай қотиб қолди. Унинг қўли букилмайдиган бўлиб қолди. 5 Эгамизнинг пайғамбар орқали айтган аломати бажо бўлди: қурбонгоҳ ёрилиб, устидаги кул тўкилиб кетди. 6 Шунда шоҳ пайғамбарга деди:
— Илтижо қиламан, Эгангиз Худога мен учун ёлвориб, ибодат қилинг, токи қўлим аввалги ҳолига келсин.
Пайғамбар Эгамизга ибодат қилган эди, шоҳнинг қўли аввалги ҳолига келиб, букиладиган бўлди. 7 Шоҳ пайғамбарга яна айтди:
— Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, сенга ҳадялар берай.
8 Пайғамбар шоҳга деди:
— Бойлигингнинг ярмини берсанг ҳам, сен билан бормайман, бу ерда нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. 9 Эгамиз менга: “Нон емайсан, сув ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.
10 Шундан кейин пайғамбар Байтилга келган йўлидан қайтмай, бошқа йўлдан кетди.
Байтиллик кекса пайғамбар
11 Байтилда кекса бир пайғамбар яшарди. Унинг ўғиллари келиб, Яҳудолик пайғамбарнинг шу куни Байтилда қилган ишлари ҳақида оталарига айтиб бердилар. Пайғамбарнинг шоҳга айтган сўзларини ҳам оталарига баён қилдилар. 12 Отаси ўғилларидан: “Ўша одам қайси йўлдан кетди?” — деб сўради.
Яҳудодан келган пайғамбарнинг қайси йўлдан кетганини унга ўғиллари кўрсатдилар. 13 Шунда кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари пайғамбарнинг эшагини эгарлаб бердилар, у эшагига миниб жўнади.
14 Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг изидан кетди ва ниҳоят уни топди. Яҳудолик пайғамбар эман дарахти остида ўтирган экан. Кекса пайғамбар ундан:
— Яҳудодан келган пайғамбар сенмисан? — деб сўради.
— Ҳа, менман, — жавоб берди у. 15 Кекса пайғамбар унга:
— Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, — деди. 16 У эса кекса пайғамбарга:
— Сен билан бирга қайтиб боролмайман, — деди. — Бу ерда сен билан бирга нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. 17 Эгамиз менга: “У ерда нон ҳам емайсан, сув ҳам ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.
18 Пайғамбар эса унга шундай деди:
— Мен ҳам сенга ўхшаган бир пайғамбарман, фаришта менга Эгамизнинг шу сўзларини айтди: “Уни йўлдан қайтариб, ўзинг билан бирга уйингга олиб кел, нон еб, сув ичиб олсин.”
Лекин кекса пайғамбар ёлғон гапираётган эди.
19 Шундай қилиб, Яҳудолик пайғамбар кекса пайғамбар билан бирга қайтиб келди, унинг уйида тамадди қилди. 20 Улар дастурхон атрофида ўтирганларида, кекса пайғамбарга Эгамиз шу сўзларни аён қилди. 21 Кекса пайғамбар эса Яҳудолик пайғамбарга деди:
— Эгамиз шундай айтмоқда: “Сен Менинг сўзимга итоат қилмадинг! Мен, Эгангиз Худонинг амрига қарши чиқиб 22 орқангга қайтдинг. Мен сенга нон ема, сув ичма, деб айтган ерда еб–ичдинг. Энди сенинг жасадинг ота–боболаринг хилхонасига дафн қилинмайди.”
23 Яҳудолик пайғамбар тамадди қилиб бўлиши биланоқ, кекса пайғамбар унинг эшагини эгарлаб берди. 24 Яҳудолик пайғамбар йўлда кетаётган эди, олдидан бир шер чиқиб қолди. Шер уни тилка–пора қилиб, жасадни йўлнинг устига ташлади. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг олдида турарди. 25 Шу ердан ўтиб кетаётган одамлар йўл ўртасидаги жасадни ва жасад ёнида турган шерни кўрдилар. Одамлар кекса пайғамбар яшайдиган шаҳарга бориб, кўрганларини айтдилар. 26 Яҳудолик пайғамбарни йўлдан қайтариб келган кекса пайғамбар шу воқеани эшитиб деди:
— Эгамизнинг амрига итоат этмаган пайғамбар ўшадир. Шунинг учун Эгамиз шерни юборди ва шер уни тилка–пора қилиб ташлади. Эгамиз, айтганига биноан, уни ўлдирди.
27 Кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари эшакни эгарлаб бердилар. 28 У бориб, йўл ўртасида ётган жасадни топди. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг ёнида турар, шер жасадни емаган, эшакка ҳеч қандай зарар етказмаган эди. 29 Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг жасадини ердан кўтариб олиб, эшакка ортди ва орқасига қайтариб олиб кетди. Уни дафн қилиб, унга аза очай деб, шаҳарга келди. 30 Жасадни ўзининг қабрига қўйгач: “Вой жигарим, вой жигарим!” деб қабр устида фарёд чекди. 31 Яҳудолик пайғамбарни дафн қилгач, кекса пайғамбар ўғилларига:
— Вафот этганимдан сўнг мени ҳам Яҳудолик пайғамбар дафн қилинган хилхонага қўйинглар, — деди. — Суякларим унинг суяклари ёнида турсин. 32 Эгамизнинг амрига кўра, Байтилдаги қурбонгоҳ ва Самария шаҳарларидаги ҳамма саждагоҳлар ҳақида унинг айтган сўзлари албатта бажо бўлади.
Ерибомнинг гуноҳ ишлари
33 Бу ҳодисадан кейин ҳам Ерибом қабиҳ йўлдан қайтмади. Яна саждагоҳларга оддий халқдан руҳонийлар тайин этди. Кимни хоҳласа, ўшани руҳоний қилиб тайинлайверди. 34 Бу гуноҳ ишлар Ерибом наслининг ер юзидан қирилиб, йўқолиб кетишига сабаб бўлди.