2–BOB
Iso Masihning tugʻilishi
1 Oʻsha kunlarda Qaysar Avgust : “Butun Rim imperiyasidagi aholi roʻyxatga olinsin ”, degan farmon chiqardi. 2 Bu ilk aholi roʻyxati boʻlib, Suriyada Kviriniyus hokim boʻlgan paytda oʻtkazildi . 3 Roʻyxatdan oʻtish uchun hamma oʻz shahriga bordi.
4 Yusuf ham Jaliladagi Nosira shahridan Yahudiyaning Baytlahm shahriga yoʻl oldi. Bu shahar Dovud shahri edi. Yusuf Dovud xonadonidan, uning naslidan edi. 5 Yusuf roʻyxatdan oʻtgani Maryamni ham oʻzi bilan olib ketdi. Maryam Yusufga unashtirilgan boʻlib, farzand kutayotgan edi. 6 Ular oʻsha yerda boʻlganlarida Maryamning oy–kuni toʻldi. 7 U oʻzining toʻngʻich oʻgʻlini tugʻdi. Uni yoʻrgaklab, oxurga yotqizib qoʻydi, chunki mehmonxonada ularga joy yoʻq edi.
Choʻponlar va farishtalar
8 Baytlahm yaqinida choʻponlar bor edi. Ular tunda yaylovdagi suruvini qoʻriqlash uchun dalada yotib qolgan edilar. 9 Ularning qarshisida Egamizning bir farishtasi paydo boʻldi, Egamizning ulugʻvorligi ularning atrofini yoritib yubordi. Choʻponlar qattiq vahimaga tushdilar.
10 Ammo farishta ularga shunday dedi:
— Qoʻrqmanglar! Men sizlarga Xushxabar olib keldim. Bu xabar hammaga buyuk quvonch keltiradi. 11 Bugun Dovud shahrida sizlar uchun Najotkor tugʻildi. U Masihdir , bizning Rabbimizdir. 12 Mana, sizlarga Uning belgisi: oxurda yotgan, yoʻrgaklangan Chaqaloqni topasizlar.
13 Birdan farishtaning yonida samo lashkari boʻlmish son–sanoqsiz farishtalar paydo boʻldi. Ular Xudoga hamdu sano aytishardi:

14 “Falak toqidagi Xudoga sharaflar boʻlsin,
Xudodan marhamat topgan yerdagi bandalarga tinchlik kelsin!

15 Farishtalar osmonga koʻtarilib ketgandan keyin, choʻponlar bir–biriga dedilar:
— Qani, Baytlahmga boraylik! Egamiz bizga aytgan voqea yuz berganini koʻraylik!
16 Ular shosha–pisha bordilar, Maryam, Yusuf va oxurda yotgan Chaqaloqni koʻrdilar. 17 Ular Chaqaloqni koʻrib, farishta bu Chaqaloq toʻgʻrisida nimalar aytganini gapirib berdilar. 18 Choʻponlarning gapini eshitganlarning hammasi hayratga tushdi. 19 Maryam esa bu soʻzlarning barini diliga tugib olib, chuqur oʻylab yurdi.
20 Choʻponlar qaytib ketayotib, Xudoni ulugʻlab, Unga hamdu sanolar aytdilar. Chunki eshitgan va koʻrganlarining hammasi xuddi farishta aytganday sodir boʻlgandi.
Isoga ism qoʻyiladi
21 Oradan sakkiz kun oʻtdi. Chaqaloqni sunnat qiladigan payt keldi. Unga Iso deb ism qoʻydilar. Iso ona qornida paydo boʻlmasdan oldin, farishta Unga shu ismni bergan edi.
Shimoʻnning hamdu sanosi
22-24 Musoning qonuniga koʻra , Maryam poklanish kunlariga rioya qildi. Bu muddat tugagach, Maryam bilan Yusuf Quddusga bordilar. U yerda poklanish qurbonligini keltirib, Egamizning qonunidagi: “Ikkita kaptar yoki ikkita musicha keltirilsin” degan amrni bajardilar . Ular Bolani ham Egamizga taqdim qilmoqchi boʻlib, Uni oʻzlari bilan Quddusga olib borgan edilar. Chunki Egamizning qonunida: “Har bir toʻngʻich oʻgʻil Egamizga bagʻishlanishi kerak”, deb yozilgan .
25 Oʻsha paytda Quddusda Shimoʻn degan bir odam bor edi. U solih, taqvodor odam boʻlib, Isroilning najot topishini intizor boʻlib kutar edi. Muqaddas Ruh unga yor edi. 26 Muqaddas Ruh unga: “Egamiz vaʼda qilgan Masihni sen koʻrmaguningcha, oʻlmaysan”, deb ayon qilgan edi.
27 Shunday qilib, Shimoʻn Muqaddas Ruh boshchiligida Maʼbadga bordi. Isoning ota–onasi qonunda buyurilgan marosimni bajarish uchun Chaqaloqni Maʼbad hovlisiga olib kirdilar. 28 Shunda Shimoʻn Chaqaloqni qoʻliga olib, Xudoga hamdu sano aytdi:

29 “Ey Egam, vaʼdangni Sen bajo aylading,
Endi tinchgina oʻlishga rozi bu quling.
30 Zero, oʻz koʻzim ila koʻrdim Qutqaruvchini,
31 Barcha ellar oldida hozirlagan najotingni.
32 Gʻayriyahudiylarga ayon boʻladigan nurdir U,
Xalqing Isroilning shuhratidir U.”

33 Yusuf ham, Maryam ham Iso haqida aytilgan bu soʻzlardan hayratga tushdilar. 34 Shimoʻn ularni duo qilib, Isoning onasi Maryamga dedi:
— Mana shu goʻdak Isroil xalqi orasida koʻp odamlarning qulashiga va yuksalishiga sababchi boʻladi. U Xudodan alomat boʻladi, Uni koʻplar rad etadi. 35 Natijada koʻplarning sirli fikrlari oshkor boʻladi. Sening qalbingga ham qilich sanchiladi.
36 U yerda Xanna ismli keksa bir paygʻambar ayol ham bor edi. U Osher qabilasidan Paniyol degan odamning qizi edi. U turmushga chiqib, eri bilan yetti yil yashadi. 37 Soʻng beva qolgan edi. U sakson toʻrt yil davomida beva boʻlib , hech qachon Maʼbadni tark etmasdi. Roʻza tutib, ibodat qilib, kechayu kunduz Xudoga sajda qilardi. 38 Shimoʻn Maryam va Yusufga gapirib turgan paytda Xanna ularga yaqinlashib, Xudoga shukronalar aytdi. U Quddusning ozod qilinishini intizorlik bilan kutganlarning hammasiga bu Bola haqida soʻzlay boshladi.
39 Yusuf bilan Maryam Egamizning qonunidagi hamma talablarni bajarganlaridan keyin, Jalilaga, oʻz shahri Nosiraga qaytib bordilar. 40 Bola ulgʻayib, kuchga va donolikka toʻlib borardi. U Xudoning inoyati ostida edi.
Oʻsmir Iso Maʼbadda
41 Isoning ota–onasi har yili Fisih bayramida Quddusga borar edilar. 42 Iso oʻn ikki yoshda boʻlganda, ular yana odatdagiday bayram qilish uchun Quddusga bordilar.
43 Bayramdan keyin ular uyga qaytar ekanlar, oʻsmir Iso Quddusda qoldi. Ota–onasi esa bundan bexabar edi. 44 Ular, Iso yoʻlovchilar orasida kelyapti, deb oʻylashdi. Bir kun yoʻl bosganlaridan keyin, Isoni qarindosh–urugʻlari va tanish–bilishlari orasidan qidira boshladilar. 45 Uni topa olmaganlaridan keyin, Quddusga qaytib, Isoni oʻsha yerdan qidirdilar.
46 Uch kundan soʻng Uni Maʼbaddan topdilar. U muallimlar orasida oʻtirardi, ularning gaplariga quloq solib, savollar berardi. 47 Isoning gaplarini eshitganlarning hammasi Uning fahm–idrokiga va berayotgan javoblariga hayron qolardilar. 48 Ota–onasi Uni koʻrib, ajablandilar. Onasi Unga dedi:
— Oʻgʻlim, bu nima qilganing? Otang ikkovimiz Seni qidiraverib adoyi tamom boʻldik–ku!
49 — Nega Meni qidirdingizlar? — dedi Iso. — Men samoviy Otamning uyida boʻlishim kerakligini nahotki bilmagan boʻlsangizlar?!
50 Ammo ular Isoning aytgan gapini tushunmadilar. 51 Iso ular bilan Nosiraga qaytib ketdi. Doim ota–onasiga itoat qildi. Onasi esa bu gaplarning hammasini diliga tugib qoʻydi.
52 Iso ulgʻayib, yillar oʻtgan sari dono boʻlib borardi. U Xudoning ham, odamlarning ham mehrini qozonardi.
2–БОБ
Исо Масиҳнинг туғилиши
1 Ўша кунларда Қайсар Август : “Бутун Рим империясидаги аҳоли рўйхатга олинсин ”, деган фармон чиқарди. 2 Бу илк аҳоли рўйхати бўлиб, Сурияда Квириниюс ҳоким бўлган пайтда ўтказилди . 3 Рўйхатдан ўтиш учун ҳамма ўз шаҳрига борди.
4 Юсуф ҳам Жалиладаги Носира шаҳридан Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳрига йўл олди. Бу шаҳар Довуд шаҳри эди. Юсуф Довуд хонадонидан, унинг наслидан эди. 5 Юсуф рўйхатдан ўтгани Марямни ҳам ўзи билан олиб кетди. Марям Юсуфга унаштирилган бўлиб, фарзанд кутаётган эди. 6 Улар ўша ерда бўлганларида Марямнинг ой–куни тўлди. 7 У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга ётқизиб қўйди, чунки меҳмонхонада уларга жой йўқ эди.
Чўпонлар ва фаришталар
8 Байтлаҳм яқинида чўпонлар бор эди. Улар тунда яйловдаги сурувини қўриқлаш учун далада ётиб қолган эдилар. 9 Уларнинг қаршисида Эгамизнинг бир фариштаси пайдо бўлди, Эгамизнинг улуғворлиги уларнинг атрофини ёритиб юборди. Чўпонлар қаттиқ ваҳимага тушдилар.
10 Аммо фаришта уларга шундай деди:
— Қўрқманглар! Мен сизларга Хушхабар олиб келдим. Бу хабар ҳаммага буюк қувонч келтиради. 11 Бугун Довуд шаҳрида сизлар учун Нажоткор туғилди. У Масиҳдир , бизнинг Раббимиздир. 12 Мана, сизларга Унинг белгиси: охурда ётган, йўргакланган Чақалоқни топасизлар.
13 Бирдан фариштанинг ёнида само лашкари бўлмиш сон–саноқсиз фаришталар пайдо бўлди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди:

14 “Фалак тоқидаги Худога шарафлар бўлсин,
Худодан марҳамат топган ердаги бандаларга тинчлик келсин!

15 Фаришталар осмонга кўтарилиб кетгандан кейин, чўпонлар бир–бирига дедилар:
— Қани, Байтлаҳмга борайлик! Эгамиз бизга айтган воқеа юз берганини кўрайлик!
16 Улар шоша–пиша бордилар, Марям, Юсуф ва охурда ётган Чақалоқни кўрдилар. 17 Улар Чақалоқни кўриб, фаришта бу Чақалоқ тўғрисида нималар айтганини гапириб бердилар. 18 Чўпонларнинг гапини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайратга тушди. 19 Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди.
20 Чўпонлар қайтиб кетаётиб, Худони улуғлаб, Унга ҳамду санолар айтдилар. Чунки эшитган ва кўрганларининг ҳаммаси худди фаришта айтгандай содир бўлганди.
Исога исм қўйилади
21 Орадан саккиз кун ўтди. Чақалоқни суннат қиладиган пайт келди. Унга Исо деб исм қўйдилар. Исо она қорнида пайдо бўлмасдан олдин, фаришта Унга шу исмни берган эди.
Шимўннинг ҳамду саноси
22-24 Мусонинг қонунига кўра , Марям покланиш кунларига риоя қилди. Бу муддат тугагач, Марям билан Юсуф Қуддусга бордилар. У ерда покланиш қурбонлигини келтириб, Эгамизнинг қонунидаги: “Иккита каптар ёки иккита мусича келтирилсин” деган амрни бажардилар . Улар Болани ҳам Эгамизга тақдим қилмоқчи бўлиб, Уни ўзлари билан Қуддусга олиб борган эдилар. Чунки Эгамизнинг қонунида: “Ҳар бир тўнғич ўғил Эгамизга бағишланиши керак”, деб ёзилган .
25 Ўша пайтда Қуддусда Шимўн деган бир одам бор эди. У солиҳ, тақводор одам бўлиб, Исроилнинг нажот топишини интизор бўлиб кутар эди. Муқаддас Руҳ унга ёр эди. 26 Муқаддас Руҳ унга: “Эгамиз ваъда қилган Масиҳни сен кўрмагунингча, ўлмайсан”, деб аён қилган эди.
27 Шундай қилиб, Шимўн Муқаддас Руҳ бошчилигида Маъбадга борди. Исонинг ота–онаси қонунда буюрилган маросимни бажариш учун Чақалоқни Маъбад ҳовлисига олиб кирдилар. 28 Шунда Шимўн Чақалоқни қўлига олиб, Худога ҳамду сано айтди:

29 “Эй Эгам, ваъдангни Сен бажо айладинг,
Энди тинчгина ўлишга рози бу қулинг.
30 Зеро, ўз кўзим ила кўрдим Қутқарувчини,
31 Барча эллар олдида ҳозирлаган нажотингни.
32 Ғайрияҳудийларга аён бўладиган нурдир У,
Халқинг Исроилнинг шуҳратидир У.”

33 Юсуф ҳам, Марям ҳам Исо ҳақида айтилган бу сўзлардан ҳайратга тушдилар. 34 Шимўн уларни дуо қилиб, Исонинг онаси Марямга деди:
— Мана шу гўдак Исроил халқи орасида кўп одамларнинг қулашига ва юксалишига сабабчи бўлади. У Худодан аломат бўлади, Уни кўплар рад этади. 35 Натижада кўпларнинг сирли фикрлари ошкор бўлади. Сенинг қалбингга ҳам қилич санчилади.
36 У ерда Ханна исмли кекса бир пайғамбар аёл ҳам бор эди. У Ошер қабиласидан Паниёл деган одамнинг қизи эди. У турмушга чиқиб, эри билан етти йил яшади. 37 Сўнг бева қолган эди. У саксон тўрт йил давомида бева бўлиб , ҳеч қачон Маъбадни тарк этмасди. Рўза тутиб, ибодат қилиб, кечаю кундуз Худога сажда қиларди. 38 Шимўн Марям ва Юсуфга гапириб турган пайтда Ханна уларга яқинлашиб, Худога шукроналар айтди. У Қуддуснинг озод қилинишини интизорлик билан кутганларнинг ҳаммасига бу Бола ҳақида сўзлай бошлади.
39 Юсуф билан Марям Эгамизнинг қонунидаги ҳамма талабларни бажарганларидан кейин, Жалилага, ўз шаҳри Носирага қайтиб бордилар. 40 Бола улғайиб, кучга ва доноликка тўлиб борарди. У Худонинг инояти остида эди.
Ўсмир Исо Маъбадда
41 Исонинг ота–онаси ҳар йили Фисиҳ байрамида Қуддусга борар эдилар. 42 Исо ўн икки ёшда бўлганда, улар яна одатдагидай байрам қилиш учун Қуддусга бордилар.
43 Байрамдан кейин улар уйга қайтар эканлар, ўсмир Исо Қуддусда қолди. Ота–онаси эса бундан бехабар эди. 44 Улар, Исо йўловчилар орасида келяпти, деб ўйлашди. Бир кун йўл босганларидан кейин, Исони қариндош–уруғлари ва таниш–билишлари орасидан қидира бошладилар. 45 Уни топа олмаганларидан кейин, Қуддусга қайтиб, Исони ўша ердан қидирдилар.
46 Уч кундан сўнг Уни Маъбаддан топдилар. У муаллимлар орасида ўтирарди, уларнинг гапларига қулоқ солиб, саволлар берарди. 47 Исонинг гапларини эшитганларнинг ҳаммаси Унинг фаҳм–идрокига ва бераётган жавобларига ҳайрон қолардилар. 48 Ота–онаси Уни кўриб, ажабландилар. Онаси Унга деди:
— Ўғлим, бу нима қилганинг? Отанг икковимиз Сени қидиравериб адойи тамом бўлдик–ку!
49 — Нега Мени қидирдингизлар? — деди Исо. — Мен самовий Отамнинг уйида бўлишим кераклигини наҳотки билмаган бўлсангизлар?!
50 Аммо улар Исонинг айтган гапини тушунмадилар. 51 Исо улар билан Носирага қайтиб кетди. Доим ота–онасига итоат қилди. Онаси эса бу гапларнинг ҳаммасини дилига тугиб қўйди.
52 Исо улғайиб, йиллар ўтган сари доно бўлиб борарди. У Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонарди.