6–BOB
Xayr–sadaqa haqida
1 Ehtiyot boʻlinglar, savob ishingizni odamlarga koʻz–koʻz qilmanglar. Aks holda, osmondagi Otangizdan mukofot ololmaysizlar. 2 Birovga xayr–sadaqa berganingiz haqida hammaga jar solib yurmanglar. Ikkiyuzlamachilargina odamlardan tahsin olish uchun sinagogalarda va koʻcha–koʻyda shunday qiladilar. Sizlarga chinini aytayin: ular oʻz mukofotini olib boʻlganlar. 3 Siz esa xayr–sadaqa berayotganingizda, oʻng qoʻlingiz nima qilayotganini chap qoʻlingiz bilmasin. 4 Xayr–sadaqangizni hech kimga bildirmay bering. Yashirincha qilgan bu ishingizni koʻrgan Otangiz sizni taqdirlaydi .
Ibodat haqida
5 Ibodat qilganingizda, ikkiyuzlamachilarga oʻxshamanglar. Ular oʻzlarini hammaga koʻrsatish uchun sinagogalarda va koʻchalarning burchaklarida turib ibodat qilishni yaxshi koʻradilar. Sizlarga chinini aytay: ular oʻzlarining mukofotlarini olib boʻlganlar. 6 Siz esa ibodat qilayotganingizda ichkari xonaga kirib, eshikni berkitib oling va yashirin boʻlgan Otangizga ibodat qiling. Yashirin qilgan ishlaringizni koʻrgan Otangiz sizni taqdirlaydi. 7 Ibodat qilayotganingizda, butparastlar kabi, behuda soʻzlarni hadeb takrorlayvermang. Ular, koʻp soʻzlasam, ibodatim ijobat boʻladi, deb oʻylaydilar. 8 Ularga oʻxshamanglar, chunki osmondagi Otangiz soʻramasingizdan oldin nimaga muhtojligingizni biladi.
9 Sizlar esa shunday ibodat qilinglar:
«Bizning osmondagi Otamiz!
Sening muqaddas noming ulugʻlansin.
10 Sening Shohliging kelsin.
Osmonda boʻlgani kabi,
Yerda ham Sening irodang bajo boʻlsin.
11 Bugungi rizqimizni bergin.
12 Bizga qarshi gunoh qilganlarni biz kechirgandek,
Sen ham bizning gunohlarimizni kechirgin.
13 Bizni vasvasaga duchor qilmagin,
Yovuz shaytondan xalos qilgin .»
14 Agar sizlarga yomonlik qilganlarni kechirsangizlar, osmondagi Otangiz ham sizni kechiradi. 15 Bordi–yu, sizlar boshqalarning gunohlarini kechirmasangizlar, Otangiz ham sizni kechirmaydi.
Roʻza haqida
16 Roʻza tutayotganingizda, ikkiyuzlamachilar kabi, qovoq solib yurmanglar. Ular roʻza tutayotganlarini boshqalarga koʻrsatish uchun yuvinib–taranmaydilar. Sizlarga chinini aytayin: ular oʻz mukofotlarini olib boʻlganlar. 17 Sizlar roʻza tutganlaringizda yuzlaringizni yuvib, sochlaringizni tarab yuring, 18 toki roʻza tutganingizni yashirin boʻlgan Otangizdan boshqa hech kim bilmasin. Shunda yashirin qilgan ishingizni koʻrgan Otangiz sizni taqdirlaydi.
Samoviy xazina haqida
19 Bu dunyoda oʻzlaringiz uchun boylik gʻamlamanglar. Axir, bunday boylikni kuya yeydi , zang bosadi, oʻgʻri tushib oʻgʻirlaydi. 20 Aksincha, oʻzlaringiz uchun samoda xazina yigʻinglar. Bunday boylikni kuya yemaydi, zang bosmaydi, oʻgʻri ham oʻgʻirlay olmaydi. 21 Xazinangiz qayerda boʻlsa, yuragingiz ham oʻsha yerda boʻladi.
22 Tananing chirogʻi — koʻz. Agar koʻzingiz yaxshi boʻlsa, butun tanangiz yop–yorugʻ boʻladi. 23 Ammo koʻzingiz yomon boʻlsa, butun tanangiz zulmatga toʻladi. Agarda ichingizdagi nur zulmat boʻlsa, zimziyo zulmatda qolgan ekansiz.
24 Hech kim ikki xoʻjayinga xizmat qilolmaydi. U yo birini yomon koʻrib, boshqasini yaxshi koʻradi, yoki biriga bagʻishlanib, boshqasini mensimaydi. Sizlar ham Xudoga, ham boylikka birdek xizmat qila olmaysizlar.
Tirikchilik tashvishlari haqida
25 Shuning uchun sizlarga aytaman: tirikchiligingizdan xavotir olib, nima yeymiz, nima ichamiz, ustimizga nima kiyamiz, demanglar. Axir, hayot ovqatdan, tana esa kiyimdan muhimroq emasmi?! 26 Qushlarga qaranglar: ular na ekadi, na oʻradi, na omborga don yigʻadi. Shunga qaramay, osmondagi Otangiz ularning rizqini beradi. Sizlar esa ulardan ancha qadrlisizlar–ku! 27 Birontangiz tashvishlanib, umringizni bir lahzaga boʻlsa ham uzaytira olarmidingiz?! 28 Nega kiyim uchun tashvishlanasizlar? Nilufar gullarning qanday oʻsishiga eʼtibor qiling: ular mehnat qilmaydi, ip yigirmaydi. 29 Ammo sizlarga aytamanki, hatto shoh Sulaymon oʻzining shuhrat choʻqqisida ham oʻsha gullarning birontasiday kiyinmagan. 30 Bugun bor, ertaga esa oʻchoqqa tashlanadigan dala oʻtini Xudo shunday bezagan boʻlsa, nahotki sizlarni kiyintirmasa, ey imoni sustlar?!
31 Shunday ekan, nima yeymiz, nima ichamiz, nima kiyamiz, deb tashvishlanib yurmanglar. 32 Butparastlar hadeb bu narsalarning tashvishida yuradilar. Lekin osmondagi Otangiz bularning hammasiga muhtoj ekaningizni biladi–ku! 33 Sizlar avvalo Xudoning Shohligi va Uning irodasini bajarish payida boʻlinglar , shunda qolgan hamma narsa sizga beriladi. 34 Xullas, ertangi kun uchun tashvish tortmanglar. Ertaning tashvishi ertaning oʻziga tegishlidir. Har bir kunning gʻam–tashvishi oʻziga yetadi.
6–БОБ
Хайр–садақа ҳақида
1 Эҳтиёт бўлинглар, савоб ишингизни одамларга кўз–кўз қилманглар. Акс ҳолда, осмондаги Отангиздан мукофот ололмайсизлар. 2 Бировга хайр–садақа берганингиз ҳақида ҳаммага жар солиб юрманглар. Иккиюзламачиларгина одамлардан таҳсин олиш учун синагогаларда ва кўча–кўйда шундай қиладилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотини олиб бўлганлар. 3 Сиз эса хайр–садақа бераётганингизда, ўнг қўлингиз нима қилаётганини чап қўлингиз билмасин. 4 Хайр–садақангизни ҳеч кимга билдирмай беринг. Яширинча қилган бу ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди .
Ибодат ҳақида
5 Ибодат қилганингизда, иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Улар ўзларини ҳаммага кўрсатиш учун синагогаларда ва кўчаларнинг бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадилар. Сизларга чинини айтай: улар ўзларининг мукофотларини олиб бўлганлар. 6 Сиз эса ибодат қилаётганингизда ичкари хонага кириб, эшикни беркитиб олинг ва яширин бўлган Отангизга ибодат қилинг. Яширин қилган ишларингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди. 7 Ибодат қилаётганингизда, бутпарастлар каби, беҳуда сўзларни ҳадеб такрорлайверманг. Улар, кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар. 8 Уларга ўхшаманглар, чунки осмондаги Отангиз сўрамасингиздан олдин нимага муҳтожлигингизни билади.
9 Сизлар эса шундай ибодат қилинглар:
«Бизнинг осмондаги Отамиз!
Сенинг муқаддас номинг улуғлансин.
10 Сенинг Шоҳлигинг келсин.
Осмонда бўлгани каби,
Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин.
11 Бугунги ризқимизни бергин.
12 Бизга қарши гуноҳ қилганларни биз кечиргандек,
Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин.
13 Бизни васвасага дучор қилмагин,
Ёвуз шайтондан халос қилгин .»
14 Агар сизларга ёмонлик қилганларни кечирсангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизни кечиради. 15 Борди–ю, сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди.
Рўза ҳақида
16 Рўза тутаётганингизда, иккиюзламачилар каби, қовоқ солиб юрманглар. Улар рўза тутаётганларини бошқаларга кўрсатиш учун ювиниб–таранмайдилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотларини олиб бўлганлар. 17 Сизлар рўза тутганларингизда юзларингизни ювиб, сочларингизни тараб юринг, 18 токи рўза тутганингизни яширин бўлган Отангиздан бошқа ҳеч ким билмасин. Шунда яширин қилган ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.
Самовий хазина ҳақида
19 Бу дунёда ўзларингиз учун бойлик ғамламанглар. Ахир, бундай бойликни куя ейди , занг босади, ўғри тушиб ўғирлайди. 20 Аксинча, ўзларингиз учун самода хазина йиғинглар. Бундай бойликни куя емайди, занг босмайди, ўғри ҳам ўғирлай олмайди. 21 Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.
22 Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади. 23 Аммо кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зулматга тўлади. Агарда ичингиздаги нур зулмат бўлса, зимзиё зулматда қолган экансиз.
24 Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.
Тирикчилик ташвишлари ҳақида
25 Шунинг учун сизларга айтаман: тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, нима ичамиз, устимизга нима киямиз, деманглар. Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми?! 26 Қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, осмондаги Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча қадрлисизлар–ку! 27 Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?! 28 Нега кийим учун ташвишланасизлар? Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. 29 Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биронтасидай кийинмаган. 30 Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар?!
31 Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. 32 Бутпарастлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларнинг ҳаммасига муҳтож эканингизни билади–ку! 33 Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар , шунда қолган ҳамма нарса сизга берилади. 34 Хуллас, эртанги кун учун ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг ғам–ташвиши ўзига етади.