12–BOB
Dovudning Benyamin qabilasidan ilk izdoshlari
1 Birmuncha vaqt oldin Dovud shoh Shouldan qochib, Zixlax shahrida yashab yurgan paytda baʼzi bahodir jangchilar unga qoʻshilgan edilar. Urushlarda Dovud tomonida jang qilgan bu jangchilar 2 Benyamin qabilasidan, Shoulning qarindosh–urugʻlaridan edilar. Ular mohir kamonkashlar boʻlib, ham oʻng, ham chap qoʻli bilan oʻq va toshlarni otar edilar. 3 Ularning bosh sardori Givolik Shamoning oʻgʻli Oxazar edi. Oxazarning oʻng qoʻl yordamchisi ukasi Yoʻsh edi. Quyidagilar esa jangchilar edi:
Ozmobitning oʻgʻillari — Yiziyol va Palat,
Baraka va Onotoʻtlik Yohu,
4 “Oʻttiz qahramonning” sardori va mohir jangchisi — Givonlik Yishmayo,
Yeremiyo, Yaxaziyol, Yoʻxanon, Gaderalik Yoʻzabad,
5 Eluzay, Yarimoʻt, Boliyo, Shamariyo va Xaruflik Shafatiyo,
6 Koʻrax naslidan — Elqana, Ishshiyo, Ozariyol, Yoʻazar va Yoshuvam,
7 Gadoʻrlik Yeroxamning oʻgʻillari — Yoʻlax va Zabadiyo.
Dovudning Gad qabilasidan izdoshlari
8 Gad qabilasidan baʼzilari Dovudga qoʻshilmoqchi boʻlib, adirlardagi pana joylarga bordilar. Ular tajribali bahodir jangchilar boʻlib, qalqon va nayzani ustalik bilan ishlatardilar. Sherday jasur, togʻ kiyiklariday chaqqon edilar.
9 Eyzar ularning bosh sardori boʻlib, ikkinchisi — Obodiyo, uchinchisi — Eliyob, 10 toʻrtinchisi — Mishmanax, beshinchisi — Yeremiyo, 11 oltinchisi — Attay, yettinchisi — Eliyol, 12 sakkizinchisi — Yoʻxanon, toʻqqizinchisi — Elzabad, 13 oʻninchisi — Yeremiyo, oʻn birinchisi Maxbanay edi.
14 Gad qabilasidan boʻlgan bu jangchilar sardorlar boʻlib, orasidagi eng zaifi yuz kishiga, eng kuchlisi esa ming kishiga bas kela olar edi. 15 Ular Iordan daryosining toshqin mavsumida — yilning birinchi oyida daryodan kechib oʻtib, sharqiy va gʻarbiy qirgʻoqlardagi vodiylarda yashaydigan xalqni quvib chiqargan edilar.
Dovudning Benyamin va Yahudo qabilasidan izdoshlari
16 Bir kuni Benyamin va Yahudo qabilasidan baʼzilar adirlardagi pana joylarga, Dovudning yoniga keldilar. 17 Dovud ularni kutib olgani chiqib, ularga dedi: “Agar bu yerga tinchlik bilan, menga yordam bergani kelgan boʻlsangizlar, qatorimizga marhamat qilinglar. Bordi–yu, meni dushmanlarim qoʻliga topshirmoqchi boʻlib kelgan boʻlsangizlar, ota–bobolarimizning Xudosi buni koʻrib jazoingizni bersin. Men sizlarga hech qanday yomonlik qilganim yoʻq.”
18 Shunda “Oʻttiz qahramon”ning sardori Emosayni Xudoning Ruhi qamrab oldi va Emosay gapira boshladi:
“Biz siznikimiz, ey Dovud!
Siz tomondamiz, ey Essay oʻgʻli!
Omon boʻling, iloyim omon boʻling!
Sizga yordam berganlar ham omon boʻlsin!
Sizni qoʻllagan Xudoyingizning Oʻzidir.”
Dovud ularni jangchilari qatoriga qoʻshib, lashkarining sardorlari qilib tayinladi.
Dovudning Manashe qabilasidan izdoshlari
19 Dovud Filistlarga qoʻshilib, Shoulga qarshi urushga otlanganda , Manashe qabilasidan baʼzilari Dovud tomonga oʻtib olgan edilar. Biroq natijada Dovud Filistlar tomonida jang qila olmagan edi, chunki Filist beklari maslahatlashib: “Agar Dovud oʻz xoʻjayini Shoul tomonga oʻtib olsa, boshimiz ketadi”, deb uni orqaga qaytarib yuborgan edilar. 20 Dovud Zixlaxga qaytib ketayotganda, uning tomoniga Manashe qabilasidan quyidagilar oʻtib olgan edilar: Adnax, Yoʻzabad, Yodiyol, Mikoyil, Yoʻzabad, Elixu, Zillatay. Ular Manashe qabilasining mingboshilari hamda 21 bahodir jangchilari boʻlganlari uchun Dovud ularni oʻz lashkari ustidan lashkarboshilar qilib tayinladi. Ular bosqinchi toʻdalarni yoʻq qilishda Dovudga yordam bergan edilar. 22 Kundan–kunga Dovudga qoʻshilgan odamlarning soni koʻpayib borar edi. Natijada Xudoning lashkari singari buyuk bir lashkar hosil boʻldi.
Dovud lashkarining roʻyxati
23 Dovud Xevronda turgan paytda koʻp mohir jangchilar kelib, uning lashkari qatoriga qoʻshilgan edilar. Egamizning soʻziga binoan, Shoulning oʻrniga Dovudni taxtga oʻtqizmoqchi boʻlgan oʻsha jangchilarning soni quyidagicha edi:
24 Yahudo qabilasidan qalqon va nayza bilan qurollangan 6800 kishi.
25 Shimoʻn qabilasidan — 7100 nafar bahodir jangchi.
26 Levi qabilasidan — 4600 kishi. 27 Bularning qatoriga Horun xonadonining yoʻlboshchisi Yohayido va uning 3700 odami, 28 yosh jangchi Zodoʻx va uning urugʻidan 22 nafar sardor ham kirgan edi.
29 Benyamin qabilasidan — Shoulga qarindosh boʻlgan 3000 kishi. Benyamin qabilasining koʻpchiligi shu paytgacha Shoul xonadoniga sadoqatini saqlab kelgan edi.
30 Efrayim qabilasidan — oʻz urugʻida dong taratgan 20.800 bahodir jangchi.
31 Iordan daryosining gʻarb tomonidagi Manashe qabilasining yarmidan — 18.000 kishi. Ular maxsus tanlab olingan boʻlib, Dovudni shoh qilish maqsadi bilan Xevronga kelgan edilar.
32 Issaxor qabilasidan — 200 nafar lashkarboshi va ularning qoʻl ostidagi odamlari. Bu lashkarboshilar Isroil xalqining nima qilishini va qachon qilishini yaxshi bilishar edi.
33 Zabulun qabilasidan — 50.000 mohir jangchi. Ular Dovudga cheksiz sadoqati bilan xizmat qilish uchun tish–tirnogʻigacha qurollanib, jangga tayyor boʻlib kelgan edilar.
34 Naftali qabilasidan — 1000 nafar sardor hamda qalqon va nayza bilan qurollangan 37.000 kishi.
35 Dan qabilasidan — jangga tayyor 28.600 kishi.
36 Osher qabilasidan — jangga tayyor 40.000 mohir jangchi.
37 Iordan daryosining sharq tomonidagi Ruben, Gad qabilalaridan va Manashe qabilasining yarmidan — 120.000 kishi. Ular barcha jang aslahalari bilan qurollangan edilar.
38 Bu jangchilarning hammasi jangovar holatda boʻlib, Dovudni butun Isroil ustidan shoh qilish maqsadida Xevronga kelgan edilar. Isroilning qolgan xalqi ham Dovudni shoh qilish maqsadiga qoʻshilgan edi. 39 Jangchilar Dovudning huzurida uch kun qolib, qarindoshlari tayyorlagan taomlardan yeb, ichimliklardan ichib, ziyofat qilishdi. 40 Shimoldagi Issaxor, Zabulun va Naftali qabilalarining olis hududlaridan ham odamlar kelishgan edi. Ular eshak, tuya, xachir, hoʻkizlarga bir talay un, anjir qoqi, mayiz , sharob, zaytun moyi kabi yeguliklar ortib, olib kelishgan edi. Bulardan tashqari, koʻplab mol va qoʻylarni yetaklab kelishgandi. Ha, butun Isroilda xursandchilik hukmron edi.
12–БОБ
Довуднинг Бенямин қабиласидан илк издошлари
1 Бирмунча вақт олдин Довуд шоҳ Шоулдан қочиб, Зихлах шаҳрида яшаб юрган пайтда баъзи баҳодир жангчилар унга қўшилган эдилар. Урушларда Довуд томонида жанг қилган бу жангчилар 2 Бенямин қабиласидан, Шоулнинг қариндош–уруғларидан эдилар. Улар моҳир камонкашлар бўлиб, ҳам ўнг, ҳам чап қўли билан ўқ ва тошларни отар эдилар. 3 Уларнинг бош сардори Гиволик Шамонинг ўғли Охазар эди. Охазарнинг ўнг қўл ёрдамчиси укаси Йўш эди. Қуйидагилар эса жангчилар эди:
Озмобитнинг ўғиллари — Йизиёл ва Палат,
Барака ва Онотўтлик Ёҳу,
4 “Ўттиз қаҳрамоннинг” сардори ва моҳир жангчиси — Гивонлик Йишмаё,
Еремиё, Яхазиёл, Йўханон, Гадералик Йўзабад,
5 Элузай, Яримўт, Болиё, Шамариё ва Харуфлик Шафатиё,
6 Кўрах наслидан — Элқана, Ишшиё, Озариёл, Йўазар ва Ёшувам,
7 Гадўрлик Ерохамнинг ўғиллари — Йўлах ва Забадиё.
Довуднинг Гад қабиласидан издошлари
8 Гад қабиласидан баъзилари Довудга қўшилмоқчи бўлиб, адирлардаги пана жойларга бордилар. Улар тажрибали баҳодир жангчилар бўлиб, қалқон ва найзани усталик билан ишлатардилар. Шердай жасур, тоғ кийикларидай чаққон эдилар.
9 Эйзар уларнинг бош сардори бўлиб, иккинчиси — Ободиё, учинчиси — Элиёб, 10 тўртинчиси — Мишманах, бешинчиси — Еремиё, 11 олтинчиси — Аттай, еттинчиси — Элиёл, 12 саккизинчиси — Йўханон, тўққизинчиси — Элзабад, 13 ўнинчиси — Еремиё, ўн биринчиси Махбанай эди.
14 Гад қабиласидан бўлган бу жангчилар сардорлар бўлиб, орасидаги энг заифи юз кишига, энг кучлиси эса минг кишига бас кела олар эди. 15 Улар Иордан дарёсининг тошқин мавсумида — йилнинг биринчи ойида дарёдан кечиб ўтиб, шарқий ва ғарбий қирғоқлардаги водийларда яшайдиган халқни қувиб чиқарган эдилар.
Довуднинг Бенямин ва Яҳудо қабиласидан издошлари
16 Бир куни Бенямин ва Яҳудо қабиласидан баъзилар адирлардаги пана жойларга, Довуднинг ёнига келдилар. 17 Довуд уларни кутиб олгани чиқиб, уларга деди: “Агар бу ерга тинчлик билан, менга ёрдам бергани келган бўлсангизлар, қаторимизга марҳамат қилинглар. Борди–ю, мени душманларим қўлига топширмоқчи бўлиб келган бўлсангизлар, ота–боболаримизнинг Худоси буни кўриб жазоингизни берсин. Мен сизларга ҳеч қандай ёмонлик қилганим йўқ.”
18 Шунда “Ўттиз қаҳрамон”нинг сардори Эмосайни Худонинг Руҳи қамраб олди ва Эмосай гапира бошлади:
“Биз сизникимиз, эй Довуд!
Сиз томондамиз, эй Эссай ўғли!
Омон бўлинг, илойим омон бўлинг!
Сизга ёрдам берганлар ҳам омон бўлсин!
Сизни қўллаган Худойингизнинг Ўзидир.”
Довуд уларни жангчилари қаторига қўшиб, лашкарининг сардорлари қилиб тайинлади.
Довуднинг Манаше қабиласидан издошлари
19 Довуд Филистларга қўшилиб, Шоулга қарши урушга отланганда , Манаше қабиласидан баъзилари Довуд томонга ўтиб олган эдилар. Бироқ натижада Довуд Филистлар томонида жанг қила олмаган эди, чунки Филист беклари маслаҳатлашиб: “Агар Довуд ўз хўжайини Шоул томонга ўтиб олса, бошимиз кетади”, деб уни орқага қайтариб юборган эдилар. 20 Довуд Зихлахга қайтиб кетаётганда, унинг томонига Манаше қабиласидан қуйидагилар ўтиб олган эдилар: Аднах, Йўзабад, Ёдиёл, Микойил, Йўзабад, Элиху, Зиллатай. Улар Манаше қабиласининг мингбошилари ҳамда 21 баҳодир жангчилари бўлганлари учун Довуд уларни ўз лашкари устидан лашкарбошилар қилиб тайинлади. Улар босқинчи тўдаларни йўқ қилишда Довудга ёрдам берган эдилар. 22 Кундан–кунга Довудга қўшилган одамларнинг сони кўпайиб борар эди. Натижада Худонинг лашкари сингари буюк бир лашкар ҳосил бўлди.
Довуд лашкарининг рўйхати
23 Довуд Хевронда турган пайтда кўп моҳир жангчилар келиб, унинг лашкари қаторига қўшилган эдилар. Эгамизнинг сўзига биноан, Шоулнинг ўрнига Довудни тахтга ўтқизмоқчи бўлган ўша жангчиларнинг сони қуйидагича эди:
24 Яҳудо қабиласидан қалқон ва найза билан қуролланган 6800 киши.
25 Шимўн қабиласидан — 7100 нафар баҳодир жангчи.
26 Леви қабиласидан — 4600 киши. 27 Буларнинг қаторига Ҳорун хонадонининг йўлбошчиси Ёҳайидо ва унинг 3700 одами, 28 ёш жангчи Зодўх ва унинг уруғидан 22 нафар сардор ҳам кирган эди.
29 Бенямин қабиласидан — Шоулга қариндош бўлган 3000 киши. Бенямин қабиласининг кўпчилиги шу пайтгача Шоул хонадонига садоқатини сақлаб келган эди.
30 Эфрайим қабиласидан — ўз уруғида донг таратган 20.800 баҳодир жангчи.
31 Иордан дарёсининг ғарб томонидаги Манаше қабиласининг ярмидан — 18.000 киши. Улар махсус танлаб олинган бўлиб, Довудни шоҳ қилиш мақсади билан Хевронга келган эдилар.
32 Иссахор қабиласидан — 200 нафар лашкарбоши ва уларнинг қўл остидаги одамлари. Бу лашкарбошилар Исроил халқининг нима қилишини ва қачон қилишини яхши билишар эди.
33 Забулун қабиласидан — 50.000 моҳир жангчи. Улар Довудга чексиз садоқати билан хизмат қилиш учун тиш–тирноғигача қуролланиб, жангга тайёр бўлиб келган эдилар.
34 Нафтали қабиласидан — 1000 нафар сардор ҳамда қалқон ва найза билан қуролланган 37.000 киши.
35 Дан қабиласидан — жангга тайёр 28.600 киши.
36 Ошер қабиласидан — жангга тайёр 40.000 моҳир жангчи.
37 Иордан дарёсининг шарқ томонидаги Рубен, Гад қабилаларидан ва Манаше қабиласининг ярмидан — 120.000 киши. Улар барча жанг аслаҳалари билан қуролланган эдилар.
38 Бу жангчиларнинг ҳаммаси жанговар ҳолатда бўлиб, Довудни бутун Исроил устидан шоҳ қилиш мақсадида Хевронга келган эдилар. Исроилнинг қолган халқи ҳам Довудни шоҳ қилиш мақсадига қўшилган эди. 39 Жангчилар Довуднинг ҳузурида уч кун қолиб, қариндошлари тайёрлаган таомлардан еб, ичимликлардан ичиб, зиёфат қилишди. 40 Шимолдаги Иссахор, Забулун ва Нафтали қабилаларининг олис ҳудудларидан ҳам одамлар келишган эди. Улар эшак, туя, хачир, ҳўкизларга бир талай ун, анжир қоқи, майиз , шароб, зайтун мойи каби егуликлар ортиб, олиб келишган эди. Булардан ташқари, кўплаб мол ва қўйларни етаклаб келишганди. Ҳа, бутун Исроилда хурсандчилик ҳукмрон эди.