6–BOB
Egamiz butparastlikni hukm qiladi
1 Egamiz menga Oʻz soʻzini ayon qildi: 2 “Ey inson, Isroil togʻlariga yuzlan. Ularga qarshi shunday bashorat qil: 3 «Ey Isroil togʻlari, Egamiz Rabbiyning soʻzlarini eshitinglar! Egamiz Rabbiy togʻlaru qirlarga, jarliklaru vodiylarga shunday deb aytmoqda: Men Oʻzim sizlarga qarshi qilich yuboraman, butlarga atalgan barcha sajdagohlaringizni vayron qilaman. 4 Qurbongohlaringiz buzib tashlanadi, tutatqi qurbongohlaringiz parcha–parcha qilinadi. Men odamlaringizni butlaringiz oldida qirib yuboraman. 5 Isroil xalqining jasadlarini butlaringiz oldiga tashlayman, suyaklarini qurbongohlaringiz atrofiga sochaman. 6 Hamma shaharlaringizni yakson qilaman, sajdagohlaringizni vayron etaman. Shunda qurbongohlaringiz buziladi, butlaringiz parcha–parcha qilinadi, tutatqi qurbongohlaringiz qoʻporib tashlanadi, qoʻllaringiz yaratgan hamma narsa supurib tashlanadi. 7 Butun yurt jasadlarga toʻladi. Oʻshanda Egangiz Men ekanligimni bilib olasizlar.
8 Men baʼzi bir odamlarning jonini qirgʻindan saqlab qolaman. Biroq ularni boshqa yurtlarga, begona xalqlar orasiga quvib yuboraman. 9 Ular begona xalqlar orasiga surgun qilinganda Meni eslaydilar. Meni rad etgan vafosiz qalblariyu butlar ketidan qaragan hirsli koʻzlari dilimga qanchalik ozor yetkazganini tushunib oladilar. Ular qilgan qabihliklari va jirkanch ishlari uchun oʻzlaridan oʻzlari hazar qilib, nafratlanadilar. 10 Oʻshanda Egasi Men ekanligimni bilib oladilar. Boshlariga keladigan falokat haqida Men ularni jiddiy ogohlantirganimni bilib oladilar.»”
11 Egamiz Rabbiy menga dedi: “Qani boʻl, koʻksingga ur, yerni tep. Shunday deb xitob qil: «Qabihlikka qoʻl urgan Isroil xalqining holiga voy!» Axir, ular qilichdan, ocharchiligu oʻlatdan nobud boʻladilar! 12 Uzoqlarda boʻlganlar oʻlatdan qirilib ketadi. Yaqinda boʻlganlar qilichdan oʻtkaziladi. Omon qolganlar ocharchilikdan nobud boʻladi. Shu yoʻl bilan Men ularning ustilariga qahrimni sochaman. 13 Ularning jasadlari butlari orasida, qurbongohlari atrofida, har bir baland tepalikda, barcha togʻ choʻqqilarida, har bir yashil daraxtu sersoya eman ostida — xalqim butlarga atab xushboʻy tutatqilar tutatgan har bir joyda yotadi. Oʻshanda omon qolganlari Egasi Men ekanligimni bilib oladilar. 14 Men ularga qarshi qoʻlimni koʻtaraman. Ularning butun yurtini, sahrodan tortib, to Rivlo shahrigacha vayron qilib, tashlandiq yerga aylantiraman. Oʻshanda ular Egasi Men ekanligimni bilib oladilar.”
6–БОБ
Эгамиз бутпарастликни ҳукм қилади
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 2 “Эй инсон, Исроил тоғларига юзлан. Уларга қарши шундай башорат қил: 3 «Эй Исроил тоғлари, Эгамиз Раббийнинг сўзларини эшитинглар! Эгамиз Раббий тоғлару қирларга, жарликлару водийларга шундай деб айтмоқда: Мен Ўзим сизларга қарши қилич юбораман, бутларга аталган барча саждагоҳларингизни вайрон қиламан. 4 Қурбонгоҳларингиз бузиб ташланади, тутатқи қурбонгоҳларингиз парча–парча қилинади. Мен одамларингизни бутларингиз олдида қириб юбораман. 5 Исроил халқининг жасадларини бутларингиз олдига ташлайман, суякларини қурбонгоҳларингиз атрофига сочаман. 6 Ҳамма шаҳарларингизни яксон қиламан, саждагоҳларингизни вайрон этаман. Шунда қурбонгоҳларингиз бузилади, бутларингиз парча–парча қилинади, тутатқи қурбонгоҳларингиз қўпориб ташланади, қўлларингиз яратган ҳамма нарса супуриб ташланади. 7 Бутун юрт жасадларга тўлади. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
8 Мен баъзи бир одамларнинг жонини қирғиндан сақлаб қоламан. Бироқ уларни бошқа юртларга, бегона халқлар орасига қувиб юбораман. 9 Улар бегона халқлар орасига сургун қилинганда Мени эслайдилар. Мени рад этган вафосиз қалбларию бутлар кетидан қараган ҳирсли кўзлари дилимга қанчалик озор етказганини тушуниб оладилар. Улар қилган қабиҳликлари ва жирканч ишлари учун ўзларидан ўзлари ҳазар қилиб, нафратланадилар. 10 Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар. Бошларига келадиган фалокат ҳақида Мен уларни жиддий огоҳлантирганимни билиб оладилар.»”
11 Эгамиз Раббий менга деди: “Қани бўл, кўксингга ур, ерни теп. Шундай деб хитоб қил: «Қабиҳликка қўл урган Исроил халқининг ҳолига вой!» Ахир, улар қиличдан, очарчилигу ўлатдан нобуд бўладилар! 12 Узоқларда бўлганлар ўлатдан қирилиб кетади. Яқинда бўлганлар қиличдан ўтказилади. Омон қолганлар очарчиликдан нобуд бўлади. Шу йўл билан Мен уларнинг устиларига қаҳримни сочаман. 13 Уларнинг жасадлари бутлари орасида, қурбонгоҳлари атрофида, ҳар бир баланд тепаликда, барча тоғ чўққиларида, ҳар бир яшил дарахту серсоя эман остида — халқим бутларга атаб хушбўй тутатқилар тутатган ҳар бир жойда ётади. Ўшанда омон қолганлари Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар. 14 Мен уларга қарши қўлимни кўтараман. Уларнинг бутун юртини, саҳродан тортиб, то Ривло шаҳригача вайрон қилиб, ташландиқ ерга айлантираман. Ўшанда улар Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”