17–BOB
Yahudo shohi Yohushafat
1 Yohushafat otasi Oso oʻrniga shoh boʻldi, u Isroildan oʻzini himoya qilish uchun mudofaani kuchaytirdi. 2 U Yahudodagi hamma mustahkam shaharlarga harbiy qismlarni joylashtirdi. Yahudo yerlarida hamda otasi Oso qoʻlga kiritgan Efrayim shaharlarida koʻplab qoʻnolgʻalar oʻrnashtirdi. 3 Yohushafat otasi Osodan oʻrnak olib, uning ilk hukmronligi yillariga taqlid qilgani uchun Egamiz u bilan birga boʻldi. Yohushafat Baalga sigʻinmay, 4 otasining Xudosiga intildi, Isroil shohlari yoʻllaridan yurmasdan, Xudoning amrlariga itoat etdi. 5 Shuning uchun Egamiz uning hokimiyatini mustahkam qildi. Butun Yahudo xalqi Yohushafatga oʻlpon toʻlardi, u katta boylik va shuhrat topdi. 6 Egamizga itoat qilishdan u zavq olar edi. Shu bois, u Yahudodagi sajdagohlarni yoʻqotdi, Asheraga atalgan ustunlarni chopib tashladi.
7 Hukmronligining uchinchi yilida xalqqa taʼlim berish uchun oʻz aʼyonlari Banxayilni, Obodiyoni, Zakariyoni, Natanilni va Mixiyoni Yahudo shaharlariga joʻnatdi. 8 Levilardan Shamayo, Nataniyo, Zabadiyo, Osoyil, Shamiromoʻt, Yoʻnatan, Odoniyo, Toʻviyoxu va Toʻdoniyo hamda ruhoniylar Elishama va Yohuram ularga hamroh boʻldilar. 9 Ular Egamizning Tavrot kitobini olib, Yahudoning hamma shaharlariga borishdi va xalqqa taʼlim berishdi.
10 Yahudo atroflaridagi xalqlarga Egamiz qoʻrquv soldi, shuning uchun oʻsha xalqlar Yohushafatga qarshi urush qilmadilar. 11 Baʼzi Filistlar Yohushafatga katta miqdorda kumushni oʻlpon qilib olib keldilar. Arablar ham 7700 ta qoʻchqor va 7700 ta taka olib keldilar. 12 Yohushafat tobora kuchayib boraverdi. U Yahudoda qalʼalar va ombor shaharlar qurdirdi. 13 U yerga koʻp miqdorda oziq–ovqat toʻpladi. Quddusga tajribali bahodir jangchilarni joylashtirdi. 14 Bu jangchilar xonadonlari boʻyicha safarbar qilingan edilar:
Yahudo qabilasining sipohlariga lashkarboshi Adnah edi. Uning qoʻli ostida 300.000 nafar bahodir jangchi boʻlib, ular 1000 nafar jangchidan tashkil topgan boʻlinmalarga boʻlingan edilar.
15 Ikkinchi lashkarboshi Yohuxanon edi, uning qoʻli ostida 280.000 nafar sipohi bor edi.
16 Uchinchi lashkarboshi Zixri oʻgʻli Amasiyo edi, uning qoʻli ostida 200.000 nafar sipohi bor edi. Amasiyo oʻz xohishi bilan Egamizga xizmat qilayotgan edi.
17 Benyamin qabilasining sipohlariga lashkarboshi Elyodax edi. U bahodir jangchi boʻlib, qoʻli ostida yoy va qalqon bilan qurollangan 200.000 nafar sipohi bor edi.
18 Elyodaxning oʻng qoʻl yordamchisi Yohuzabad edi, uning qoʻli ostida qurollangan 180.000 nafar sipohi bor edi.
19 Bu jangchilar shohga Quddusda xizmat qilar edilar. Bulardan tashqari, shoh mustahkam shaharlarga boshqa harbiy qismlarni joylashtirgan edi.
17–БОБ
Яҳудо шоҳи Ёҳушафат
1 Ёҳушафат отаси Осо ўрнига шоҳ бўлди, у Исроилдан ўзини ҳимоя қилиш учун мудофаани кучайтирди. 2 У Яҳудодаги ҳамма мустаҳкам шаҳарларга ҳарбий қисмларни жойлаштирди. Яҳудо ерларида ҳамда отаси Осо қўлга киритган Эфрайим шаҳарларида кўплаб қўнолғалар ўрнаштирди. 3 Ёҳушафат отаси Осодан ўрнак олиб, унинг илк ҳукмронлиги йилларига тақлид қилгани учун Эгамиз у билан бирга бўлди. Ёҳушафат Баалга сиғинмай, 4 отасининг Худосига интилди, Исроил шоҳлари йўлларидан юрмасдан, Худонинг амрларига итоат этди. 5 Шунинг учун Эгамиз унинг ҳокимиятини мустаҳкам қилди. Бутун Яҳудо халқи Ёҳушафатга ўлпон тўларди, у катта бойлик ва шуҳрат топди. 6 Эгамизга итоат қилишдан у завқ олар эди. Шу боис, у Яҳудодаги саждагоҳларни йўқотди, Ашерага аталган устунларни чопиб ташлади.
7 Ҳукмронлигининг учинчи йилида халққа таълим бериш учун ўз аъёнлари Банхайилни, Ободиёни, Закариёни, Натанилни ва Михиёни Яҳудо шаҳарларига жўнатди. 8 Левилардан Шамаё, Натаниё, Забадиё, Осойил, Шамиромўт, Йўнатан, Одониё, Тўвиёху ва Тўдониё ҳамда руҳонийлар Элишама ва Ёҳурам уларга ҳамроҳ бўлдилар. 9 Улар Эгамизнинг Таврот китобини олиб, Яҳудонинг ҳамма шаҳарларига боришди ва халққа таълим беришди.
10 Яҳудо атрофларидаги халқларга Эгамиз қўрқув солди, шунинг учун ўша халқлар Ёҳушафатга қарши уруш қилмадилар. 11 Баъзи Филистлар Ёҳушафатга катта миқдорда кумушни ўлпон қилиб олиб келдилар. Араблар ҳам 7700 та қўчқор ва 7700 та така олиб келдилар. 12 Ёҳушафат тобора кучайиб бораверди. У Яҳудода қалъалар ва омбор шаҳарлар қурдирди. 13 У ерга кўп миқдорда озиқ–овқат тўплади. Қуддусга тажрибали баҳодир жангчиларни жойлаштирди. 14 Бу жангчилар хонадонлари бўйича сафарбар қилинган эдилар:
Яҳудо қабиласининг сипоҳларига лашкарбоши Аднаҳ эди. Унинг қўли остида 300.000 нафар баҳодир жангчи бўлиб, улар 1000 нафар жангчидан ташкил топган бўлинмаларга бўлинган эдилар.
15 Иккинчи лашкарбоши Ёҳуханон эди, унинг қўли остида 280.000 нафар сипоҳи бор эди.
16 Учинчи лашкарбоши Зихри ўғли Амасиё эди, унинг қўли остида 200.000 нафар сипоҳи бор эди. Амасиё ўз хоҳиши билан Эгамизга хизмат қилаётган эди.
17 Бенямин қабиласининг сипоҳларига лашкарбоши Элёдах эди. У баҳодир жангчи бўлиб, қўли остида ёй ва қалқон билан қуролланган 200.000 нафар сипоҳи бор эди.
18 Элёдахнинг ўнг қўл ёрдамчиси Ёҳузабад эди, унинг қўли остида қуролланган 180.000 нафар сипоҳи бор эди.
19 Бу жангчилар шоҳга Қуддусда хизмат қилар эдилар. Булардан ташқари, шоҳ мустаҳкам шаҳарларга бошқа ҳарбий қисмларни жойлаштирган эди.