44–BOB
Yoʻqolgan qadah
1 Aka–ukalar ketishga tayyorlanishdi. Yusuf qulboshisiga shunday koʻrsatma berdi: “Bu odamlarning qoplarini koʻtara oladigan qilib donga toʻldir. Har birining qopiga kumushlarini qaytarib solib qoʻy. 2 Kenjasining qopi ichiga esa kumushlari bilan birga mening kumush qadahimni ham solib qoʻy.” Qulboshi hammasini Yusuf aytganday qildi. 3 Ertasiga tong yorishishi bilanoq, aka–ukalarni yuk ortilgan eshaklari bilan joʻnatib yuborishdi. 4 Ular hali shahardan uncha uzoqlashmagan ham edilarki, Yusuf qulboshisiga buyurdi:
— Bor, anavi odamlarning izidan tush. Ularga yetib olganingdan keyin shunday deb ayt: “Nimaga yaxshilikka yomonlik qildingiz? 5 Xoʻjayinimning kumush qadahini oʻgʻirlaganingiz nimasi? Xoʻjayinim undan ichimlik ichish uchun, fol ochish uchun foydalanardi , axir! Qanday yomon ish qilib qoʻyibsizlar–a!”
6 Qulboshi aka–ukalarga yetib olib, oʻrgatilgan gaplarni aytdi.
7 — Nimaga bunday gaplarni gapiryapsiz?! — deb javob qaytarishdi ular. — Xudo saqlasin! Bu qullaringiz unaqa ish qilmaydi! 8 Oʻzingiz oʻylang, qoplarimizdan topib olgan kumushlarni Kanʼondan sizga qaytarib olib keldik–ku. Shunday ekan, biz xoʻjayiningizning uyidan kumush yoki oltin oʻgʻirlarmidik?! 9 Agar oʻsha narsa biz, qullaringizdan topilsa, mayli, oʻsha odam oʻldirilsin. Qolganlarimiz hazrati oliylariga qul boʻlaylik.
10 — Mayli, men roziman, sizlar aytgancha boʻla qolsin, — dedi qulboshi. — Kumush qadah kimdan topilsa, u menga qul boʻladi. Qolganlaringiz esa ozod boʻlasizlar.
11 Soʻngra har biri tezda eshaklari ustidan qoplarini olib, ochdilar. 12 Yusufning qulboshisi toʻngʻichining qopidan boshlab kenjasining qopigacha titib chiqdi. Qadah Benyaminning qopidan chiqib qolsa boʻladimi! 13 Ular umidsizlikka tushib, qaygʻudan kiyimlarini yirtdilar. Eshaklariga yana yuklarini ortib, orqaga — shaharga qaytib keldilar.
14 Yahudo va aka–ukalar Yusufning uyiga kelishdi. Yusuf hali uyida ekan. Aka–ukalar Yusufning oldida oʻzlarini yerga otdilar.
15 — Bu qilganingiz nimasi? — deb soʻroqqa tutdi Yusuf ularni. — Menday bir odam fol ochib bilib olishimni bilmasmidingiz?!
16 — Janobi oliylariga nima ham derdik? Xudo bu qullaringizning qilgan jinoyatlarini fosh qildi. Endi oʻzimizni qanday himoya qila olardik?! Qanday qilib oʻzimizni oqlardik?! Janobi oliylari! Sizning qadahingiz ukamizning qopidan topilgan ekan, endi ukamiz bilan birga biz, hammamiz, sizga qul boʻlishga tayyormiz.
17 — Yoʻq, Xudo saqlasin! Hecham bunday qilmayman! — dedi Yusuf. — Faqat qadahni oʻgʻirlagan odamgina menga qul boʻladi. Qolganlaringiz esa eson–omon otangizning oldiga qaytinglar.
Yahudo Benyamin uchun yolvoradi
18 Shunda Yahudo Yusufga yaqinroq kelib dedi:
— Janobi oliylari! Oʻzingiz firʼavn kabisiz. Siz, janoblariga men bir ogʻiz soʻz aytsam, gʻazablanmang. 19 Siz bizdan: “Otangiz yoki ukangiz bormi?” deb soʻragan edingiz. 20 Biz shunday deb javob berdik: “Ha, qari otamiz va kenja ukamiz ham bor, otamiz uni keksayganda koʻrgan. Uning akasi esa oʻlgan, onasidan bir oʻzi yolgʻiz qolgan. Otamiz uni juda yaxshi koʻradi.” 21 Keyin siz biz, qullaringizga: “Oʻsha ukangizni mening oldimga olib kelinglar, uni oʻzim koʻrayin–chi”, dedingiz. 22 Biz esa sizga: “Bola otasini tashlab kela olmaydi, agar tashlab kelsa, otasi oʻlib qolishi mumkin”, deb aytdik. 23 Keyin siz bizga: “Ukangizni olib kelmagunlaringizcha, koʻzimga koʻrinmanglar”, dedingiz. 24 Qulingiz — otamizning huzuriga qaytib borganimizda, sizning gaplaringizni unga aytdik. 25 Vaqti kelib, otamiz bizga: “Yana borib, oʻzimizga bir oz don sotib olib kelinglar”, dedi. 26 Lekin biz otamizga aytdikki: “Oʻzimiz bora olmaymiz, agar kenja ukamiz biz bilan birga ketsagina, bora olamiz, ukamiz bormaguncha, biz oʻsha odamning koʻziga koʻrina olmaymiz.” 27 Shunda otamiz bizga dedi: “Bilasizlarki, xotinim Rohiladan ikki oʻgʻil qolgan edi. 28 Biridan ayrildim, uni shubhasiz, yirtqich hayvon tilka–pora qilib tashlagan. Uni oʻshandan keyin koʻrmadim. 29 Agar bunisini ham mendan olib ketsangiz, u biror falokatga yoʻliqib qolsa, qariganimda meni qaygʻudan oʻliklar diyoriga kiritasizlar.” 30 Endi, janobi oliylari, men otamning oldiga bu bolani tashlab bora olmayman. Otamizning umri bu bolaning hayotiga bogʻliq. 31 Bola biz bilan yoʻqligini otamiz koʻrgandan keyin, u oʻlib qoladi. Biz esa keksa otamizni qaygʻudan oʻliklar diyoriga tiqamiz. 32 Men, qulingiz, mana shu bola uchun otamga kafil boʻlganman. Otamga: “Agar uni qoʻlingizga qaytarib olib kelib topshirmasam, umr boʻyi sizning oldingizda aybdor boʻlib qolay”, deb aytganman. 33 Iltimos qilaman, janobi oliylari, shu bolaning oʻrniga men sizga qul boʻlib qolay, rad etmang. Bola akalari bilan birga qaytib ketaversin. 34 Agar bola men bilan birga ketmasa, otamning oldiga qaysi yuz bilan qaytib boraman?! Otamning boshiga tushadigan kulfatlarga qarab turishga bardosh berolmayman.
44–БОБ
Йўқолган қадаҳ
1 Ака–укалар кетишга тайёрланишди. Юсуф қулбошисига шундай кўрсатма берди: “Бу одамларнинг қопларини кўтара оладиган қилиб донга тўлдир. Ҳар бирининг қопига кумушларини қайтариб солиб қўй. 2 Кенжасининг қопи ичига эса кумушлари билан бирга менинг кумуш қадаҳимни ҳам солиб қўй.” Қулбоши ҳаммасини Юсуф айтгандай қилди. 3 Эртасига тонг ёришиши биланоқ, ака–укаларни юк ортилган эшаклари билан жўнатиб юборишди. 4 Улар ҳали шаҳардан унча узоқлашмаган ҳам эдиларки, Юсуф қулбошисига буюрди:
— Бор, анави одамларнинг изидан туш. Уларга етиб олганингдан кейин шундай деб айт: “Нимага яхшиликка ёмонлик қилдингиз? 5 Хўжайинимнинг кумуш қадаҳини ўғирлаганингиз нимаси? Хўжайиним ундан ичимлик ичиш учун, фол очиш учун фойдаланарди , ахир! Қандай ёмон иш қилиб қўйибсизлар–а!”
6 Қулбоши ака–укаларга етиб олиб, ўргатилган гапларни айтди.
7 — Нимага бундай гапларни гапиряпсиз?! — деб жавоб қайтаришди улар. — Худо сақласин! Бу қулларингиз унақа иш қилмайди! 8 Ўзингиз ўйланг, қопларимиздан топиб олган кумушларни Канъондан сизга қайтариб олиб келдик–ку. Шундай экан, биз хўжайинингизнинг уйидан кумуш ёки олтин ўғирлармидик?! 9 Агар ўша нарса биз, қулларингиздан топилса, майли, ўша одам ўлдирилсин. Қолганларимиз ҳазрати олийларига қул бўлайлик.
10 — Майли, мен розиман, сизлар айтганча бўла қолсин, — деди қулбоши. — Кумуш қадаҳ кимдан топилса, у менга қул бўлади. Қолганларингиз эса озод бўласизлар.
11 Сўнгра ҳар бири тезда эшаклари устидан қопларини олиб, очдилар. 12 Юсуфнинг қулбошиси тўнғичининг қопидан бошлаб кенжасининг қопигача титиб чиқди. Қадаҳ Беняминнинг қопидан чиқиб қолса бўладими! 13 Улар умидсизликка тушиб, қайғудан кийимларини йиртдилар. Эшакларига яна юкларини ортиб, орқага — шаҳарга қайтиб келдилар.
14 Яҳудо ва ака–укалар Юсуфнинг уйига келишди. Юсуф ҳали уйида экан. Ака–укалар Юсуфнинг олдида ўзларини ерга отдилар.
15 — Бу қилганингиз нимаси? — деб сўроққа тутди Юсуф уларни. — Мендай бир одам фол очиб билиб олишимни билмасмидингиз?!
16 — Жаноби олийларига нима ҳам дердик? Худо бу қулларингизнинг қилган жиноятларини фош қилди. Энди ўзимизни қандай ҳимоя қила олардик?! Қандай қилиб ўзимизни оқлардик?! Жаноби олийлари! Сизнинг қадаҳингиз укамизнинг қопидан топилган экан, энди укамиз билан бирга биз, ҳаммамиз, сизга қул бўлишга тайёрмиз.
17 — Йўқ, Худо сақласин! Ҳечам бундай қилмайман! — деди Юсуф. — Фақат қадаҳни ўғирлаган одамгина менга қул бўлади. Қолганларингиз эса эсон–омон отангизнинг олдига қайтинглар.
Яҳудо Бенямин учун ёлворади
18 Шунда Яҳудо Юсуфга яқинроқ келиб деди:
— Жаноби олийлари! Ўзингиз фиръавн кабисиз. Сиз, жанобларига мен бир оғиз сўз айтсам, ғазабланманг. 19 Сиз биздан: “Отангиз ёки укангиз борми?” деб сўраган эдингиз. 20 Биз шундай деб жавоб бердик: “Ҳа, қари отамиз ва кенжа укамиз ҳам бор, отамиз уни кексайганда кўрган. Унинг акаси эса ўлган, онасидан бир ўзи ёлғиз қолган. Отамиз уни жуда яхши кўради.” 21 Кейин сиз биз, қулларингизга: “Ўша укангизни менинг олдимга олиб келинглар, уни ўзим кўрайин–чи”, дедингиз. 22 Биз эса сизга: “Бола отасини ташлаб кела олмайди, агар ташлаб келса, отаси ўлиб қолиши мумкин”, деб айтдик. 23 Кейин сиз бизга: “Укангизни олиб келмагунларингизча, кўзимга кўринманглар”, дедингиз. 24 Қулингиз — отамизнинг ҳузурига қайтиб борганимизда, сизнинг гапларингизни унга айтдик. 25 Вақти келиб, отамиз бизга: “Яна бориб, ўзимизга бир оз дон сотиб олиб келинглар”, деди. 26 Лекин биз отамизга айтдикки: “Ўзимиз бора олмаймиз, агар кенжа укамиз биз билан бирга кетсагина, бора оламиз, укамиз бормагунча, биз ўша одамнинг кўзига кўрина олмаймиз.” 27 Шунда отамиз бизга деди: “Биласизларки, хотиним Роҳиладан икки ўғил қолган эди. 28 Биридан айрилдим, уни шубҳасиз, йиртқич ҳайвон тилка–пора қилиб ташлаган. Уни ўшандан кейин кўрмадим. 29 Агар бунисини ҳам мендан олиб кетсангиз, у бирор фалокатга йўлиқиб қолса, қариганимда мени қайғудан ўликлар диёрига киритасизлар.” 30 Энди, жаноби олийлари, мен отамнинг олдига бу болани ташлаб бора олмайман. Отамизнинг умри бу боланинг ҳаётига боғлиқ. 31 Бола биз билан йўқлигини отамиз кўргандан кейин, у ўлиб қолади. Биз эса кекса отамизни қайғудан ўликлар диёрига тиқамиз. 32 Мен, қулингиз, мана шу бола учун отамга кафил бўлганман. Отамга: “Агар уни қўлингизга қайтариб олиб келиб топширмасам, умр бўйи сизнинг олдингизда айбдор бўлиб қолай”, деб айтганман. 33 Илтимос қиламан, жаноби олийлари, шу боланинг ўрнига мен сизга қул бўлиб қолай, рад этманг. Бола акалари билан бирга қайтиб кетаверсин. 34 Агар бола мен билан бирга кетмаса, отамнинг олдига қайси юз билан қайтиб бораман?! Отамнинг бошига тушадиган кулфатларга қараб туришга бардош беролмайман.