3–BOB
Quddusda sajda qilish qaytadan boshlanadi
1 Isroil xalqi oʻz shaharlariga oʻrnashib olgandan keyin, yettinchi oyda hammasi Quddusda yigʻilishdi . 2 Yohuzadax oʻgʻli Yoshua, uning ruhoniy hamkorlari va Shaltiyol oʻgʻli Zarubabel oʻz urugʻ–aymogʻi bilan birgalikda Isroil xalqining Xudosiga atab, qurbongohni qaytadan qurdilar. Ular Xudoning odami Musoning Tavrot kitobida yozilgan amrlariga muvofiq kuydiriladigan qurbonliklarni keltirmoqchi edilar. 3 Ular mahalliy xalqlardan qoʻrqishlariga qaramay, qurbongohni oldingi poydevori ustiga qurdilar. Qurbongohning ustida har kuni ertalab va kechqurun Egamizga qurbonliklarni kuydirib nazr qildilar. 4 Soʻngra Musoning qonunida yozilgani singari, Chayla bayramini nishonladilar. Bayramning har bir kuniga oid qurbonliklar keltirib, kuydirdilar. 5 Ular kunda kuydiriladigan qurbonliklardan tashqari, har oyda nishonlanadigan yangi oy shodiyonasida va yil davomida Egamizga atab nishonlanadigan bayramlarda qurbonliklar keltirdilar. Shuningdek, koʻngildan chiqarib qurbonliklar olib keldilar. 6 Xullas, odamlar yettinchi oyning birinchi kunidan boshlab, Egamizga atab kuydiriladigan qurbonliklarni keltira boshlagan edilar. Lekin Egamizning Maʼbadi poydevori hali yotqizilmagan edi.
Xalq Maʼbadni qayta qura boshlaydi
7 Xalq tosh yoʻnuvchilarni va duradgorlarni pul bilan taʼminlab turdi. Ular Fors shohi Kurushning ijozati bilan Oʻrta yer dengizi orqali Lubnondan Yaffa shahriga sadr yogʻochlarini keltirdilar. Yogʻochlarni olib kelgan Sidonliklar va Tirliklarga yegulik, ichimlik va zaytun moyi berdilar. 8 Surgundan qaytganlar Xudoning Quddusdagi uyi vayronalari oldiga kelganlariga bir yilu ikki oy boʻlgach, ular Egamizning uyini qayta qurishni boshladilar. Qurilishda Shaltiyol oʻgʻli Zarubabel, Yohuzadax oʻgʻli Yoshua, ruhoniylar va levilar, shuningdek, surgundan qaytib kelgan hamma odamlar ishtirok etdi. Ular qurilish ishlarini nazorat qilish uchun yigirma va undan yuqori yoshdagi levilarni tayinladilar. 9 Xudoning uyi qurilishini Yeshuva, uning oʻgʻillari va qarindoshlari, Kadmil va uning oʻgʻillari nazorat qilar edilar. (Yeshuva va Kadmil Xoʻdaviyo naslidan edilar.) Ularga bu ishda levilarning Xanadod urugʻi yordam berar edi.
10 Binokorlar Egamiz Maʼbadining poydevorini yotqizib boʻlganlaridan keyin, ruhoniylar oʻz liboslarini kiydilar. Isroil shohi Dovudning koʻrsatmalariga muvofiq, ruhoniylar karnaylari bilan, Osif naslidan boʻlgan levilar zillari bilan Egamizga hamdu sano aytish uchun oʻz joylarini egalladilar. 11 Ular Egamizga hamdu sano va shukronalar aytib, shunday naqorat kuyladilar:

“Egamiz yaxshidir,
Uning Isroilga boʻlgan sodiq sevgisi abadiydir.”

Egamizning uyi poydevori yotqizilgani uchun butun xalq baland ovoz bilan Egamizga hamdu sano aytdi. 12 Odamlar xursandchilikdan baqirardi, Egamizning oldingi uyini koʻrgan yoshi ulugʻ ruhoniylar, levilar va urugʻboshilarning koʻpchiligi esa uyning poydevorini koʻrganlarida hoʻngrab yigʻladilar. 13 Xalq shunchalik qattiq baqirardiki, ovozlari uzoqdan ham eshitilib turardi. Buni eshitganlar xursandchilik ovozlarini yigʻi tovushidan farqlay olmasdi.
3–БОБ
Қуддусда сажда қилиш қайтадан бошланади
1 Исроил халқи ўз шаҳарларига ўрнашиб олгандан кейин, еттинчи ойда ҳаммаси Қуддусда йиғилишди . 2 Ёҳузадах ўғли Ёшуа, унинг руҳоний ҳамкорлари ва Шалтиёл ўғли Зарубабел ўз уруғ–аймоғи билан биргаликда Исроил халқининг Худосига атаб, қурбонгоҳни қайтадан қурдилар. Улар Худонинг одами Мусонинг Таврот китобида ёзилган амрларига мувофиқ куйдириладиган қурбонликларни келтирмоқчи эдилар. 3 Улар маҳаллий халқлардан қўрқишларига қарамай, қурбонгоҳни олдинги пойдевори устига қурдилар. Қурбонгоҳнинг устида ҳар куни эрталаб ва кечқурун Эгамизга қурбонликларни куйдириб назр қилдилар. 4 Сўнгра Мусонинг қонунида ёзилгани сингари, Чайла байрамини нишонладилар. Байрамнинг ҳар бир кунига оид қурбонликлар келтириб, куйдирдилар. 5 Улар кунда куйдириладиган қурбонликлардан ташқари, ҳар ойда нишонланадиган янги ой шодиёнасида ва йил давомида Эгамизга атаб нишонланадиган байрамларда қурбонликлар келтирдилар. Шунингдек, кўнгилдан чиқариб қурбонликлар олиб келдилар. 6 Хуллас, одамлар еттинчи ойнинг биринчи кунидан бошлаб, Эгамизга атаб куйдириладиган қурбонликларни келтира бошлаган эдилар. Лекин Эгамизнинг Маъбади пойдевори ҳали ётқизилмаган эди.
Халқ Маъбадни қайта қура бошлайди
7 Халқ тош йўнувчиларни ва дурадгорларни пул билан таъминлаб турди. Улар Форс шоҳи Курушнинг ижозати билан Ўрта ер денгизи орқали Лубнондан Яффа шаҳрига садр ёғочларини келтирдилар. Ёғочларни олиб келган Сидонликлар ва Тирликларга егулик, ичимлик ва зайтун мойи бердилар. 8 Сургундан қайтганлар Худонинг Қуддусдаги уйи вайроналари олдига келганларига бир йилу икки ой бўлгач, улар Эгамизнинг уйини қайта қуришни бошладилар. Қурилишда Шалтиёл ўғли Зарубабел, Ёҳузадах ўғли Ёшуа, руҳонийлар ва левилар, шунингдек, сургундан қайтиб келган ҳамма одамлар иштирок этди. Улар қурилиш ишларини назорат қилиш учун йигирма ва ундан юқори ёшдаги левиларни тайинладилар. 9 Худонинг уйи қурилишини Ешува, унинг ўғиллари ва қариндошлари, Кадмил ва унинг ўғиллари назорат қилар эдилар. (Ешува ва Кадмил Хўдавиё наслидан эдилар.) Уларга бу ишда левиларнинг Ханадод уруғи ёрдам берар эди.
10 Бинокорлар Эгамиз Маъбадининг пойдеворини ётқизиб бўлганларидан кейин, руҳонийлар ўз либосларини кийдилар. Исроил шоҳи Довуднинг кўрсатмаларига мувофиқ, руҳонийлар карнайлари билан, Осиф наслидан бўлган левилар зиллари билан Эгамизга ҳамду сано айтиш учун ўз жойларини эгалладилар. 11 Улар Эгамизга ҳамду сано ва шукроналар айтиб, шундай нақорат куйладилар:

“Эгамиз яхшидир,
Унинг Исроилга бўлган содиқ севгиси абадийдир.”

Эгамизнинг уйи пойдевори ётқизилгани учун бутун халқ баланд овоз билан Эгамизга ҳамду сано айтди. 12 Одамлар хурсандчиликдан бақирарди, Эгамизнинг олдинги уйини кўрган ёши улуғ руҳонийлар, левилар ва уруғбошиларнинг кўпчилиги эса уйнинг пойдеворини кўрганларида ҳўнграб йиғладилар. 13 Халқ шунчалик қаттиқ бақирардики, овозлари узоқдан ҳам эшитилиб турарди. Буни эшитганлар хурсандчилик овозларини йиғи товушидан фарқлай олмасди.