3–BOB
Xayrli ishlarga bel bogʻlang
1 Sen jamoatdagilarga eslatib tur: ular davlat boshliqlariyu hokimlarga boʻysunsinlar, itoat etib, har qanday xayrli ishga tayyor boʻlsinlar. 2 Hech kimni yomonlamasinlar, janjallashmasinlar, boshqalarga nisbatan doim muloyim va mehribon boʻlsinlar.
3 Bir vaqtlar bizlar ham fahmsiz, itoatsiz, adashgan odamlar edik, har xil zavqu ehtiroslarning quli boʻlib, gina–kudurat va hasadgoʻylik bilan kun kechirardik, bir–birimizdan nafratlanadigan razil odamlar edik. 4 Ammo najotkorimiz Xudo bizga boʻlgan ezguligi va mehr–muhabbatini koʻrsatdi. 5 Savob ishlarimiz tufayli emas, balki Oʻzining rahm–shafqati tufayli U bizni qutqardi. Muqaddas Ruh orqali gunohlarimizni yuvdi, bizni yangidan tugʻdirib, yangi hayot ato etdi. 6 Najotkorimiz Iso Masih orqali Xudo bizning ustimizga Muqaddas Ruhini moʻl–koʻl qilib yogʻdirdi. 7 Biz Isoning inoyati bilan oqlandik, endi abadiy hayotga umid bogʻlab, Xudo vaʼda qilgan barakalardan bahramand boʻla olamiz. 8 Bu gaplarning hammasi toʻgʻri va asoslidir.
Ushbu taʼlimotning foydasi katta. Jamoatdagilarga yaxshilab uqtir, ular oʻrgatganlarimning hammasiga rioya qilsinlar. Xudoga ishonganlar xayrli ishlarga astoydil bel bogʻlasinlar.
9 Sen esa ahmoqona bahslardan, shajaralar hamda Tavrot qonunlari borasidagi munozarayu janjallardan oʻzingni olib qoch . Bular foydasiz va behudadir. 10 Orangizga nizo urugʻini sepayotgan odamni bir–ikki marta ogohlantir, agar gapingga kirmasa, u bilan aloqani uz. 11 Oʻzing bilasan–ku, bunday odamning fikri buzuq. Uning qilayotgan gunohlari oʻzini mahkum etadi.
Soʻnggi koʻrsatmalar va salomlar
12 Artemas yoki Tixikusni sening yoningga yuborganimdan keyin, Nikopolis shahriga , mening oldimga tezroq kelishga harakat qil. Chunki men qishni shu yerda oʻtkazishga qaror qildim. 13 Qoʻlingizdan kelgancha qonunshunos Zinas va Apollosga yordam qilinglar, safarga chiqishlari uchun kerakli hamma narsani ularga bekamu koʻst qilib yetkazib beringlar. 14 Toki jamoatdagilar ham xayrli ishlarga astoydil bel bogʻlashga odatlansinlar, boshqalarning zaruriy ehtiyojlarini qondirsinlar, shunda hayotlari samarasiz boʻlmaydi.
15 Yonimdagilarning hammasi senga salom yoʻllayaptilar. Bizni yaxshi koʻradigan imondagi birodarlarimizga salom aytgin.
Xudoning inoyati hammangizga yor boʻlsin .
3–БОБ
Хайрли ишларга бел боғланг
1 Сен жамоатдагиларга эслатиб тур: улар давлат бошлиқларию ҳокимларга бўйсунсинлар, итоат этиб, ҳар қандай хайрли ишга тайёр бўлсинлар. 2 Ҳеч кимни ёмонламасинлар, жанжаллашмасинлар, бошқаларга нисбатан доим мулойим ва меҳрибон бўлсинлар.
3 Бир вақтлар бизлар ҳам фаҳмсиз, итоатсиз, адашган одамлар эдик, ҳар хил завқу эҳтиросларнинг қули бўлиб, гина–кудурат ва ҳасадгўйлик билан кун кечирардик, бир–биримиздан нафратланадиган разил одамлар эдик. 4 Аммо нажоткоримиз Худо бизга бўлган эзгулиги ва меҳр–муҳаббатини кўрсатди. 5 Савоб ишларимиз туфайли эмас, балки Ўзининг раҳм–шафқати туфайли У бизни қутқарди. Муқаддас Руҳ орқали гуноҳларимизни ювди, бизни янгидан туғдириб, янги ҳаёт ато этди. 6 Нажоткоримиз Исо Масиҳ орқали Худо бизнинг устимизга Муқаддас Руҳини мўл–кўл қилиб ёғдирди. 7 Биз Исонинг инояти билан оқландик, энди абадий ҳаётга умид боғлаб, Худо ваъда қилган баракалардан баҳраманд бўла оламиз. 8 Бу гапларнинг ҳаммаси тўғри ва асослидир.
Ушбу таълимотнинг фойдаси катта. Жамоатдагиларга яхшилаб уқтир, улар ўргатганларимнинг ҳаммасига риоя қилсинлар. Худога ишонганлар хайрли ишларга астойдил бел боғласинлар.
9 Сен эса аҳмоқона баҳслардан, шажаралар ҳамда Таврот қонунлари борасидаги мунозараю жанжаллардан ўзингни олиб қоч . Булар фойдасиз ва беҳудадир. 10 Орангизга низо уруғини сепаётган одамни бир–икки марта огоҳлантир, агар гапингга кирмаса, у билан алоқани уз. 11 Ўзинг биласан–ку, бундай одамнинг фикри бузуқ. Унинг қилаётган гуноҳлари ўзини маҳкум этади.
Сўнгги кўрсатмалар ва саломлар
12 Артемас ёки Тихикусни сенинг ёнингга юборганимдан кейин, Никополис шаҳрига , менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қил. Чунки мен қишни шу ерда ўтказишга қарор қилдим. 13 Қўлингиздан келганча қонуншунос Зинас ва Аполлосга ёрдам қилинглар, сафарга чиқишлари учун керакли ҳамма нарсани уларга бекаму кўст қилиб етказиб беринглар. 14 Токи жамоатдагилар ҳам хайрли ишларга астойдил бел боғлашга одатлансинлар, бошқаларнинг зарурий эҳтиёжларини қондирсинлар, шунда ҳаётлари самарасиз бўлмайди.
15 Ёнимдагиларнинг ҳаммаси сенга салом йўллаяптилар. Бизни яхши кўрадиган имондаги биродарларимизга салом айтгин.
Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин .