3–BOB
Masihni tanib–bilishdan afzalroq hech narsa yoʻq
1 Endi esa, ey birodarlarim, Rabbimiz Iso tufayli shodlaning! Sizlarga bir xil narsalarni yozaversam ham zerikmayman, yozganlarim sizlarni har xil balolardan asraydi. 2 Itday boʻlganlardan, yovuzlik qiladiganlardan, tanasini kesadiganlardan ehtiyot boʻlinglar! 3 Axir, ular emas, biz haqiqiy sunnat qilinganmiz, chunki biz Xudoning Ruhi yordamida sajda qilamiz. Biz Iso Masih bilan maqtanamiz, insoniy xususiyatlarimizga ishonmaymiz.
4 Vaholanki, men oʻz xususiyatlarimga ishonsam boʻladi. Axir, bunday qilishga menda hammanikidan ham koʻra, koʻproq sabab bor. 5 Men sakkiz kunligimda sunnat qilinganman , Isroil avlodidan, Benyamin qabilasidanman. Men haqiqiy ibroniyman. Farziy boʻlib, Xudoning qonuniga soʻzsiz rioya qilardim. 6 Jon–jahdim bilan jamoatni quvgʻin qilardim. Qonunlarga rioya qilishga asoslangan solihlikka kelganda, aybsiz edim. 7 Ammo men uchun foyda boʻlgan bularning hammasini endi Masih tufayli zarar deb hisoblayman. 8-9 Ha, hamma narsa qadrsizdir, chunki Rabbim Iso Masihni tanib–bilishdan afzalroq hech narsa yoʻq deb hisoblayman. Uni deb, men hamma narsadan voz kechdim. Masihga sazovor boʻlish, butunlay Unga tegishli boʻlish uchun hamma narsani axlat deb bildim. Endi qonunga rioya qilish orqali solihlikka erishishga umid qilmayman, aksincha, Masihga boʻlgan imonim bilan solihlikka erishishga intilaman. Ha, bu solihlikni Xudo imon tufayli beradi. 10 Maqsadim shuki, Iso Masihni bilay, Uni tiriltirgan qudrat mening hayotimda ham oʻz kuchini koʻrsatsin, Masihning azoblariga sherik boʻlay. Uning oʻlim paytidagi fikr–zikri mening hayot tarzim namunasi boʻlsin. 11 Bir kun kelib, men oʻlikdan tirilishga erishaman, deb umid qilaman.
Yutuq tomon intilish
12 Men maqsadimga yetdim yoki kamolotga erishdim, deb aytolmayman. Ammo men unga yetishay, deb intilaman, chunki Iso Masih aynan shu maqsad uchun meni Oʻziniki qilib olgan. 13 Birodarlar, men oʻzimni oʻsha maqsadga yetishganman deb hisoblamayman. Ortda qolganlarni unutib, oldinga intilaman. Faqatgina 14 oʻsha maqsadni koʻzlayman–da, Xudo meni Iso Masih orqali chaqirib, menga ato qiladigan samoviy yutuq tomon intilmoqdaman. 15 Biz hammamiz, imon jihatidan yetuklikka erishganlar, shunday oʻylashimiz kerak. Agar sizlar biror narsa haqida boshqacha fikrda boʻlsangiz, Xudo sizlarga nohaq ekanligingizni ayon qiladi. 16 Nima boʻlishidan qatʼi nazar, qay darajaga erishgan boʻlsak, endi shu boʻyicha yashashda davom etaveraylik .
17 Birodarlarim, mendan oʻrnak olayotganlarga qoʻshilinglar. Bizning namunamiz boʻyicha yashayotganlarga eʼtibor berib, ulardan oʻrganinglar. 18 Axir, men sizlarga oldin koʻp marta aytganman, hozir ham koʻzlarimga yosh toʻlib, qaytaryapman: Masih xochining dushmani boʻlib yashayotganlar koʻp. 19 Ularning oxiri — halokat, ularning xudosi nafsdir. Uyatsiz qiliqlaridan faxrlanadilar. Ularning oʻy–xayollari foniy dunyodagi narsalarga berilgan. 20 Bizning vatanimiz esa samodadir. Bizlar najotkorimiz boʻlgan Rabbimiz Iso Masihning oʻsha yerdan kelishini intizorlik bilan kutyapmiz. 21 Rabbimiz butun borliqni Oʻziga boʻysundirish kuchiga egadir. Mana shu kuch bilan U bizning ojiz, foniy tanamizni Oʻzining ulugʻvor tanasiga oʻxshatib oʻzgartiradi.
3–БОБ
Масиҳни таниб–билишдан афзалроқ ҳеч нарса йўқ
1 Энди эса, эй биродарларим, Раббимиз Исо туфайли шодланинг! Сизларга бир хил нарсаларни ёзаверсам ҳам зерикмайман, ёзганларим сизларни ҳар хил балолардан асрайди. 2 Итдай бўлганлардан, ёвузлик қиладиганлардан, танасини кесадиганлардан эҳтиёт бўлинглар! 3 Ахир, улар эмас, биз ҳақиқий суннат қилинганмиз, чунки биз Худонинг Руҳи ёрдамида сажда қиламиз. Биз Исо Масиҳ билан мақтанамиз, инсоний хусусиятларимизга ишонмаймиз.
4 Ваҳоланки, мен ўз хусусиятларимга ишонсам бўлади. Ахир, бундай қилишга менда ҳамманикидан ҳам кўра, кўпроқ сабаб бор. 5 Мен саккиз кунлигимда суннат қилинганман , Исроил авлодидан, Бенямин қабиласиданман. Мен ҳақиқий ибронийман. Фарзий бўлиб, Худонинг қонунига сўзсиз риоя қилардим. 6 Жон–жаҳдим билан жамоатни қувғин қилардим. Қонунларга риоя қилишга асосланган солиҳликка келганда, айбсиз эдим. 7 Аммо мен учун фойда бўлган буларнинг ҳаммасини энди Масиҳ туфайли зарар деб ҳисоблайман. 8-9 Ҳа, ҳамма нарса қадрсиздир, чунки Раббим Исо Масиҳни таниб–билишдан афзалроқ ҳеч нарса йўқ деб ҳисоблайман. Уни деб, мен ҳамма нарсадан воз кечдим. Масиҳга сазовор бўлиш, бутунлай Унга тегишли бўлиш учун ҳамма нарсани ахлат деб билдим. Энди қонунга риоя қилиш орқали солиҳликка эришишга умид қилмайман, аксинча, Масиҳга бўлган имоним билан солиҳликка эришишга интиламан. Ҳа, бу солиҳликни Худо имон туфайли беради. 10 Мақсадим шуки, Исо Масиҳни билай, Уни тирилтирган қудрат менинг ҳаётимда ҳам ўз кучини кўрсатсин, Масиҳнинг азобларига шерик бўлай. Унинг ўлим пайтидаги фикр–зикри менинг ҳаёт тарзим намунаси бўлсин. 11 Бир кун келиб, мен ўликдан тирилишга эришаман, деб умид қиламан.
Ютуқ томон интилиш
12 Мен мақсадимга етдим ёки камолотга эришдим, деб айтолмайман. Аммо мен унга етишай, деб интиламан, чунки Исо Масиҳ айнан шу мақсад учун мени Ўзиники қилиб олган. 13 Биродарлар, мен ўзимни ўша мақсадга етишганман деб ҳисобламайман. Ортда қолганларни унутиб, олдинга интиламан. Фақатгина 14 ўша мақсадни кўзлайман–да, Худо мени Исо Масиҳ орқали чақириб, менга ато қиладиган самовий ютуқ томон интилмоқдаман. 15 Биз ҳаммамиз, имон жиҳатидан етукликка эришганлар, шундай ўйлашимиз керак. Агар сизлар бирор нарса ҳақида бошқача фикрда бўлсангиз, Худо сизларга ноҳақ эканлигингизни аён қилади. 16 Нима бўлишидан қатъи назар, қай даражага эришган бўлсак, энди шу бўйича яшашда давом этаверайлик .
17 Биродарларим, мендан ўрнак олаётганларга қўшилинглар. Бизнинг намунамиз бўйича яшаётганларга эътибор бериб, улардан ўрганинглар. 18 Ахир, мен сизларга олдин кўп марта айтганман, ҳозир ҳам кўзларимга ёш тўлиб, қайтаряпман: Масиҳ хочининг душмани бўлиб яшаётганлар кўп. 19 Уларнинг охири — ҳалокат, уларнинг худоси нафсдир. Уятсиз қилиқларидан фахрланадилар. Уларнинг ўй–хаёллари фоний дунёдаги нарсаларга берилган. 20 Бизнинг ватанимиз эса самодадир. Бизлар нажоткоримиз бўлган Раббимиз Исо Масиҳнинг ўша ердан келишини интизорлик билан кутяпмиз. 21 Раббимиз бутун борлиқни Ўзига бўйсундириш кучига эгадир. Мана шу куч билан У бизнинг ожиз, фоний танамизни Ўзининг улуғвор танасига ўхшатиб ўзгартиради.