24–BOB
1 Yahudo shohi Yohayiqim hukmronligi davrida Bobil shohi Navuxadnazar Yahudoga hujum qildi. Yohayiqim uch yil uning hukmdorligi ostida boʻldi. Oxiri u Navuxadnazarga qarshi isyon koʻtardi.
2 Egamiz Oʻz qullari paygʻambarlar orqali aytganiga koʻra, Yahudo xalqiga qarshi Bobil , Oram, Moʻab va Ommon bosqinchi toʻdalarini yuborib, bu yurt xalqini yoʻq qilmoqchi boʻldi. 3-4 Egamizning amri bilan Yahudo xalqining boshiga koʻp kulfatlar keldi. Manashe qilgan barcha gunohlari uchun, aybsizlarning qonini toʻkkani uchun Egamiz Yahudo xalqini Oʻz huzuridan haydamoqchi boʻldi. Manashe Quddusni aybsizlarning qoniga botirgan edi. Egamiz Manasheni bu qilmishi uchun kechirmoqchi emasdi.
5 Yohayiqimning boshqa ishlari, butun faoliyati “Yahudo shohlari tarixi” kitobida yozilgan. 6 Yohayiqim olamdan oʻtgach, oʻrniga oʻgʻli Yohayixin shoh boʻldi.
7 Misr firʼavni qaytib oʻz yurtidan tashqariga chiqmadi . Bobil shohi Misrning shimoliy chegarasi — Misr chegarasidagi irmoqdan tortib, Furot daryosigacha firʼavnga qarashli boʻlgan hamma yerlarni bosib olgan edi.
Yahudo shohi Yohayixin
8 Yohayixin oʻn sakkiz yoshida shoh boʻlib, Quddusda uch oy hukmronlik qildi. Onasining ismi Naxushta boʻlib, Qudduslik Elnatanning qizi edi. 9 Yohayixin ham, otasi kabi, Egamiz oldida qabih ishlar qildi.
10 Oʻsha paytda Bobil shohi Navuxadnazarning lashkari Quddusni qamal qildi. 11 Qamal paytida Navuxadnazarning oʻzi Quddusga keldi. 12 Yahudo shohi Yohayixinning oʻzi, onasi, xizmatkorlari, lashkarboshilari, saroy aʼyonlari Navuxadnazarga taslim boʻldilar. Bobil shohi hukmronligining sakkizinchi yilida Yohayixin asirga olindi.
13 Egamizning aytgani boʻyicha , Navuxadnazar Egamizning uyidagi va shoh saroyidagi barcha xazinalarni boʻshatdi. Isroil shohi Sulaymon Egamizning uyi uchun yasattirgan oltin ashyolarning hammasini maydaladi. 14 Jamiki Quddus aholisini, beklarni, jasur sipohlarni, hunarmandlarni, temirchilarni, hammasi boʻlib oʻn mingta odamni asir qilib olib ketdi. Yahudo xalqining eng qashshoqlaridan boshqa hech kim bu yurtda qolmadi.
15 Bobil shohi Navuxadnazar Yohayixinni asir qilgandan keyin, Bobilga olib ketdi. Yohayixin bilan birga uning onasini, xotinlarini, aʼyonlarini va yurtning obroʻli odamlarini ham Quddusdan Bobilga haydab ketdi. 16 Bundan tashqari, hamma jasur sipohlarni — yetti mingta sipohni, jang qilishga qodir mingta hunarmand va temirchini ham asir qilib olib ketdi.
17 Yohayixinning oʻrniga esa amakisi Mattaniyoni shoh qilib tayinladi va uning otini oʻzgartirib, Zidqiyo qoʻydi.
Yahudo shohi Zidqiyo
18 Zidqiyo yigirma bir yoshida shoh boʻldi va Quddusda oʻn bir yil hukmronlik qildi. Onasining ismi Xamutal boʻlib, Libnalik Yeremiyoning qizi edi. 19 Zidqiyo ham, Yohayiqim kabi, Egamiz oldida qabih ishlar qilgani uchun 20 Egamiz Quddus va Yahudo xalqidan gʻoyat gʻazablangan, oqibatda ularni Oʻz huzuridan quvib yuborgan edi.
Quddus qulaydi
Zidqiyo Bobil shohiga qarshi isyon koʻtardi.
24–БОБ
1 Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ҳукмронлиги даврида Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудога ҳужум қилди. Ёҳайиқим уч йил унинг ҳукмдорлиги остида бўлди. Охири у Навухадназарга қарши исён кўтарди.
2 Эгамиз Ўз қуллари пайғамбарлар орқали айтганига кўра, Яҳудо халқига қарши Бобил , Орам, Мўаб ва Оммон босқинчи тўдаларини юбориб, бу юрт халқини йўқ қилмоқчи бўлди. 3-4 Эгамизнинг амри билан Яҳудо халқининг бошига кўп кулфатлар келди. Манаше қилган барча гуноҳлари учун, айбсизларнинг қонини тўккани учун Эгамиз Яҳудо халқини Ўз ҳузуридан ҳайдамоқчи бўлди. Манаше Қуддусни айбсизларнинг қонига ботирган эди. Эгамиз Манашени бу қилмиши учун кечирмоқчи эмасди.
5 Ёҳайиқимнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 6 Ёҳайиқим оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Ёҳайихин шоҳ бўлди.
7 Миср фиръавни қайтиб ўз юртидан ташқарига чиқмади . Бобил шоҳи Мисрнинг шимолий чегараси — Миср чегарасидаги ирмоқдан тортиб, Фурот дарёсигача фиръавнга қарашли бўлган ҳамма ерларни босиб олган эди.
Яҳудо шоҳи Ёҳайихин
8 Ёҳайихин ўн саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда уч ой ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Нахушта бўлиб, Қуддуслик Элнатаннинг қизи эди. 9 Ёҳайихин ҳам, отаси каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди.
10 Ўша пайтда Бобил шоҳи Навухадназарнинг лашкари Қуддусни қамал қилди. 11 Қамал пайтида Навухадназарнинг ўзи Қуддусга келди. 12 Яҳудо шоҳи Ёҳайихиннинг ўзи, онаси, хизматкорлари, лашкарбошилари, сарой аъёнлари Навухадназарга таслим бўлдилар. Бобил шоҳи ҳукмронлигининг саккизинчи йилида Ёҳайихин асирга олинди.
13 Эгамизнинг айтгани бўйича , Навухадназар Эгамизнинг уйидаги ва шоҳ саройидаги барча хазиналарни бўшатди. Исроил шоҳи Сулаймон Эгамизнинг уйи учун ясаттирган олтин ашёларнинг ҳаммасини майдалади. 14 Жамики Қуддус аҳолисини, бекларни, жасур сипоҳларни, ҳунармандларни, темирчиларни, ҳаммаси бўлиб ўн мингта одамни асир қилиб олиб кетди. Яҳудо халқининг энг қашшоқларидан бошқа ҳеч ким бу юртда қолмади.
15 Бобил шоҳи Навухадназар Ёҳайихинни асир қилгандан кейин, Бобилга олиб кетди. Ёҳайихин билан бирга унинг онасини, хотинларини, аъёнларини ва юртнинг обрўли одамларини ҳам Қуддусдан Бобилга ҳайдаб кетди. 16 Бундан ташқари, ҳамма жасур сипоҳларни — етти мингта сипоҳни, жанг қилишга қодир мингта ҳунарманд ва темирчини ҳам асир қилиб олиб кетди.
17 Ёҳайихиннинг ўрнига эса амакиси Маттаниёни шоҳ қилиб тайинлади ва унинг отини ўзгартириб, Зидқиё қўйди.
Яҳудо шоҳи Зидқиё
18 Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлди ва Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Хамутал бўлиб, Либналик Еремиёнинг қизи эди. 19 Зидқиё ҳам, Ёҳайиқим каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилгани учун 20 Эгамиз Қуддус ва Яҳудо халқидан ғоят ғазабланган, оқибатда уларни Ўз ҳузуридан қувиб юборган эди.
Қуддус қулайди
Зидқиё Бобил шоҳига қарши исён кўтарди.