2–BOB
Shayton Ayubni takror sinaydi
1 Bir kuni ilohiy zotlar Egamizning oldiga kelishdi. Shayton ham Egamizning huzuriga keldi. 2 Shaytondan Egamiz:
— Qayerdan kelyapsan? — deb soʻradi.
Shayton:
— Yer yuzining u yogʻidan bu yogʻiga yurib, aylanib chiqdim, — deb javob berdi.
3 Shaytonga Egamiz shunday dedi:
— Qulim Ayubni koʻrdingmi? Yer yuzida unga oʻxshagan hech kim yoʻq. U aybsiz va solih odam. Mendan qoʻrqadi, fosiqlikdan yuz oʻgirgan. Sen esa bekorga Meni unga zarar koʻrsatishga undading. Qara, u hali ham solihligida mahkam turibdi.
4 Shayton shunday javob berdi:
— Joniga azob berib koʻr–chi, nima qilar ekan?! Koʻrasan, inson oʻz jonini saqlab qolish uchun hamma narsadan voz kechadi. 5 Hozir uning tanasini dardga yoʻliqtirgin, u yuzingga qarab Seni laʼnatlaydi.
6 Shaytonga Egamiz shunday dedi:
— Mayli, Ayubni qoʻlingga topshirdim. Uni faqat tirik qoldirgin.
7 Shayton Egamizning huzuridan chiqib, Ayubni boshidan oyogʻigacha jirkanchli yaralar bilan qoplab tashladi. 8 Ayub kul uyumlari orasida, sopol parchasi bilan yaralarini qashlab oʻtirardi.
9 Xotini unga:
— Hamon solihligingizda mahkam turaverasizmi?! Xudoni laʼnatlang–da, oʻlib qoʻya qoling, — dedi.
10 Ayub esa xotiniga shunday javob berdi:
— Sen ahmoq xotinlarday gapiryapsan. Xudoning qoʻlidan yaxshi narsalarni qabul qilamiz–u, yomonlarini olmaymizmi?
Shuncha azob–uqubatdan keyin ham Ayub Xudoga qarshi gapirib, gunoh qilmadi.
Ayubning doʻstlari keladi
11 Ayubning boshiga tushgan kulfatlar haqida uning uch doʻsti eshitdi. Bular Temonlik Elifaz, Shuvaxlik Bildad va Namaxlik Zoʻfar degan odamlar edi. Ular yigʻilishib, Ayubga hamdardlik bildirish va tasalli berish niyatida uni koʻrishga keldilar. 12 Doʻstlari Ayubni uzoqdan koʻrib taniy olmadilar. Qattiq dod–faryod solib, kiyimlarini yirtishdi, boshlari uzra tuproq sochishdi. 13 Ular Ayub bilan birga yetti kun–yetti kecha yerda oʻtirdilar. Mana shu kunlar davomida hech biri Ayubga gapirmadi, chunki u juda qattiq azob chekayotganini koʻrib turar edilar.
2–БОБ
Шайтон Аюбни такрор синайди
1 Бир куни илоҳий зотлар Эгамизнинг олдига келишди. Шайтон ҳам Эгамизнинг ҳузурига келди. 2 Шайтондан Эгамиз:
— Қаердан келяпсан? — деб сўради.
Шайтон:
— Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим, — деб жавоб берди.
3 Шайтонга Эгамиз шундай деди:
— Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган. Сен эса бекорга Мени унга зарар кўрсатишга ундадинг. Қара, у ҳали ҳам солиҳлигида маҳкам турибди.
4 Шайтон шундай жавоб берди:
— Жонига азоб бериб кўр–чи, нима қилар экан?! Кўрасан, инсон ўз жонини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсадан воз кечади. 5 Ҳозир унинг танасини дардга йўлиқтиргин, у юзингга қараб Сени лаънатлайди.
6 Шайтонга Эгамиз шундай деди:
— Майли, Аюбни қўлингга топширдим. Уни фақат тирик қолдиргин.
7 Шайтон Эгамизнинг ҳузуридан чиқиб, Аюбни бошидан оёғигача жирканчли яралар билан қоплаб ташлади. 8 Аюб кул уюмлари орасида, сопол парчаси билан яраларини қашлаб ўтирарди.
9 Хотини унга:
— Ҳамон солиҳлигингизда маҳкам тураверасизми?! Худони лаънатланг–да, ўлиб қўя қолинг, — деди.
10 Аюб эса хотинига шундай жавоб берди:
— Сен аҳмоқ хотинлардай гапиряпсан. Худонинг қўлидан яхши нарсаларни қабул қиламиз–у, ёмонларини олмаймизми?
Шунча азоб–уқубатдан кейин ҳам Аюб Худога қарши гапириб, гуноҳ қилмади.
Аюбнинг дўстлари келади
11 Аюбнинг бошига тушган кулфатлар ҳақида унинг уч дўсти эшитди. Булар Темонлик Элифаз, Шувахлик Билдад ва Намахлик Зўфар деган одамлар эди. Улар йиғилишиб, Аюбга ҳамдардлик билдириш ва тасалли бериш ниятида уни кўришга келдилар. 12 Дўстлари Аюбни узоқдан кўриб таний олмадилар. Қаттиқ дод–фарёд солиб, кийимларини йиртишди, бошлари узра тупроқ сочишди. 13 Улар Аюб билан бирга етти кун–етти кеча ерда ўтирдилар. Мана шу кунлар давомида ҳеч бири Аюбга гапирмади, чунки у жуда қаттиқ азоб чекаётганини кўриб турар эдилар.