5–BOB
Rabbimiz Iso Masihning kelishiga tayyor boʻling
1 Birodarlar, bular qachon, qaysi payt sodir boʻlishi haqida sizlarga yozishimizning hojati yoʻq. 2 Axir, Rabbimiz Iso, kechasi oʻgʻri tushganday, nogahon kelishini oʻzingiz bilasiz–ku! 3 Homilador ayolning toʻlgʻoq ogʻriqlari kutilmaganda kelganday, odamlar: “Hamma yoq tinch, osoyishta”, deb yurganlarida, birdaniga boshlariga halokat tushadi. Ular qochib qutula olmaydilar. 4 Biroq, birodarlar, sizlar zulmatda yurmaysizlarki, bu kun oʻgʻriga oʻxshab, kutilmaganda kelib, sizlarni hayratda qoldirsa! 5 Sizlar yorugʻlikda yashaysiz, hammangiz kunduz kunga tegishlisiz. Axir, biz zulmatga, tunga tegishli emasmiz. 6 Shuning uchun boshqalarga oʻxshab uxlab qolmaylik. Biz uygʻoq, hushyor boʻlishimiz kerak. 7 Chunki uxlaydiganlar kechasi uxlaydi, ichkilikka berilganlar ham kechasi ichadi. 8 Biz esa kunduz kunga tegishli ekanmiz, kelinglar, imon va sevgi sovutini, boshimizga najot umidi dubulgʻasini kiyib, hushyor turaylik. 9 Chunki Xudo bizni gʻazabga uchrasin deb emas, balki Rabbimiz Iso Masih orqali najot topishimiz uchun tayinladi. 10 Biz tirik boʻlsak ham, hayotdan koʻz yumsak ham, U bilan birga yashashimiz uchun Rabbimiz Iso biz uchun oʻldi. 11 Shuning uchun ham hozir qilayotganingizdek, bundan keyin ham bir–biringizga dalda berib, kuch va gʻayrat bagʻishlang.
Soʻnggi yoʻl–yoʻriqlar
12 Birodarlar, sizlardan oʻtinamiz: orangizda ishlab, Rabbimiz Isoning yoʻlida sizlarga yetakchilik qilayotgan, yoʻl–yoʻriq koʻrsatayotganlarni hurmat qiling. 13 Qilayotgan ishlari uchun ularni sevib, eʼzozlang. Bir–biringiz bilan tinch–totuv yashang. 14 Ey birodarlar, sizlardan oʻtinib soʻraymiz: ishyoqmaslarni ogohlantiring, jurʼatsizlarga dalda bering, zaiflarga yordam koʻrsating, hammaga sabr–toqatli boʻling. 15 Hech biringiz yomonlikka yomonlik qaytarmang, balki har doim bir–biringizga va hammaga yaxshilik qilishga intiling.
16 Hamisha xursand boʻlib yuringlar. 17 Tinmay ibodat qilinglar. 18 Har qanday sharoitda ham Xudoga shukur qilinglar, chunki sizlar, yaʼni Iso Masihga imon keltirganlar uchun Xudoning irodasi shudir.
19 Muqaddas Ruhning oʻtini soʻndirmanglar. 20 Bashoratlarni kamsitmanglar. 21 Hammasini tekshirib koʻringlar. Yaxshilikni mahkam tutib, 22 har qanday yomonlikdan qochinglar.
23 Tinchlik manbai boʻlgan Xudoning Oʻzi sizlarni butunlay poklasin. Rabbimiz Iso Masih kelguncha, butun ruhingiz, joningiz va tanangiz benuqson saqlansin. 24 Sizlarni daʼvat qilgan Xudo sadoqatlidir, U har doim Oʻz aytganini bajaradi. 25 Birodarlar, biz uchun ibodat qiling. 26 Hamma birodarlar bilan oʻpishib koʻrishinglar. 27 Rabbimiz nomi bilan sizlarga buyuraman, mana shu xatni barcha birodarlarga oʻqib beringlar. 28 Rabbimiz Iso Masihning inoyati sizlarga yor boʻlsin .
5–БОБ
Раббимиз Исо Масиҳнинг келишига тайёр бўлинг
1 Биродарлар, булар қачон, қайси пайт содир бўлиши ҳақида сизларга ёзишимизнинг ҳожати йўқ. 2 Ахир, Раббимиз Исо, кечаси ўғри тушгандай, ногаҳон келишини ўзингиз биласиз–ку! 3 Ҳомиладор аёлнинг тўлғоқ оғриқлари кутилмаганда келгандай, одамлар: “Ҳамма ёқ тинч, осойишта”, деб юрганларида, бирданига бошларига ҳалокат тушади. Улар қочиб қутула олмайдилар. 4 Бироқ, биродарлар, сизлар зулматда юрмайсизларки, бу кун ўғрига ўхшаб, кутилмаганда келиб, сизларни ҳайратда қолдирса! 5 Сизлар ёруғликда яшайсиз, ҳаммангиз кундуз кунга тегишлисиз. Ахир, биз зулматга, тунга тегишли эмасмиз. 6 Шунинг учун бошқаларга ўхшаб ухлаб қолмайлик. Биз уйғоқ, ҳушёр бўлишимиз керак. 7 Чунки ухлайдиганлар кечаси ухлайди, ичкиликка берилганлар ҳам кечаси ичади. 8 Биз эса кундуз кунга тегишли эканмиз, келинглар, имон ва севги совутини, бошимизга нажот умиди дубулғасини кийиб, ҳушёр турайлик. 9 Чунки Худо бизни ғазабга учрасин деб эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳ орқали нажот топишимиз учун тайинлади. 10 Биз тирик бўлсак ҳам, ҳаётдан кўз юмсак ҳам, У билан бирга яшашимиз учун Раббимиз Исо биз учун ўлди. 11 Шунинг учун ҳам ҳозир қилаётганингиздек, бундан кейин ҳам бир–бирингизга далда бериб, куч ва ғайрат бағишланг.
Сўнгги йўл–йўриқлар
12 Биродарлар, сизлардан ўтинамиз: орангизда ишлаб, Раббимиз Исонинг йўлида сизларга етакчилик қилаётган, йўл–йўриқ кўрсатаётганларни ҳурмат қилинг. 13 Қилаётган ишлари учун уларни севиб, эъзозланг. Бир–бирингиз билан тинч–тотув яшанг. 14 Эй биродарлар, сизлардан ўтиниб сўраймиз: ишёқмасларни огоҳлантиринг, журъатсизларга далда беринг, заифларга ёрдам кўрсатинг, ҳаммага сабр–тоқатли бўлинг. 15 Ҳеч бирингиз ёмонликка ёмонлик қайтарманг, балки ҳар доим бир–бирингизга ва ҳаммага яхшилик қилишга интилинг.
16 Ҳамиша хурсанд бўлиб юринглар. 17 Тинмай ибодат қилинглар. 18 Ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукур қилинглар, чунки сизлар, яъни Исо Масиҳга имон келтирганлар учун Худонинг иродаси шудир.
19 Муқаддас Руҳнинг ўтини сўндирманглар. 20 Башоратларни камситманглар. 21 Ҳаммасини текшириб кўринглар. Яхшиликни маҳкам тутиб, 22 ҳар қандай ёмонликдан қочинглар.
23 Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларни бутунлай покласин. Раббимиз Исо Масиҳ келгунча, бутун руҳингиз, жонингиз ва танангиз бенуқсон сақлансин. 24 Сизларни даъват қилган Худо садоқатлидир, У ҳар доим Ўз айтганини бажаради. 25 Биродарлар, биз учун ибодат қилинг. 26 Ҳамма биродарлар билан ўпишиб кўришинглар. 27 Раббимиз номи билан сизларга буюраман, мана шу хатни барча биродарларга ўқиб беринглар. 28 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин .