1–BOB
Kuydiriladigan qurbonliklar
1 Egamiz Uchrashuv chodiridan Musoni chaqirib, unga 2 Isroil xalqi uchun quyidagi qonunlarni berdi: birontangiz Egamizga qurbonlik qilmoqchi boʻlsangiz, podangizdagi yoki suruvingizdagi hayvonni olib keling. 3 Bordi–yu, qoramol podasidan birorta hayvonni qurbonlik qilib, kuydirmoqchi boʻlsangiz, nuqsonsiz bir buqani tanlab oling. Egamiz bu qurbonligingizni qabul qilishi uchun buqani Uchrashuv chodiri kiraverishiga olib keling.
4 Kuydiriladigan hayvonning boshiga qoʻlingizni qoʻying, shunda Egamiz sizni gunohingizdan poklash uchun bu qurbonligingizni qabul qiladi.
5 Soʻng buqani Egamizning huzurida soʻying. Horunning ruhoniy oʻgʻillari buqaning qonini olib, Uchrashuv chodiriga kiraverishda turgan qurbongohning toʻrtala yon tomoniga sepib chiqishsin. 6 Siz esa kuydiriladigan qurbonlikning terisini shilib, tanasini boʻlaklarga boʻling. 7 Ruhoniy Horunning oʻgʻillari qurbongohga choʻgʻ solib, ustiga oʻtin qalashsin. 8 Soʻng qurbonlikning boʻlaklarini, shuningdek, kallasini va yogʻlarini qurbongohdagi yonib turgan oʻtinlar ustiga qoʻyishsin. 9 Siz esa qurbonlikning ichak–chovoqlari va oyoqlarini yuving. Soʻng ruhoniy bularning hammasini qurbongohda kuydirsin. Olovda kuydirilgan bu qurbonlikdan Egamizga yoqimli hid boradi.
10 Bordi–yu, siz suruvingizdagi qoʻy yoki echkini qurbonlik qilib kuydirmoqchi boʻlsangiz, nuqsonsiz qoʻchqor yoki takani olib keling. 11 Uni qurbongohning shimol tarafida, Egamizning huzurida soʻying. Horunning ruhoniy oʻgʻillari qurbonlikning qonini qurbongohning toʻrtala yon tomoniga sepib chiqishsin. 12 Siz qurbonlikni boʻlaklarga boʻling. Ruhoniy esa boʻlaklarni qurbonlikning kallasi va yogʻlari bilan birga qurbongohdagi yonib turgan oʻtinlar ustiga qoʻysin. 13 Siz qurbonlikning ichak–chovoqlari va oyoqlarini yuving. Ruhoniy bularning hammasini keltirib, qurbongohda kuydirsin. Olovda kuydirilgan bu qurbonlikdan Egamizga yoqimli hid boradi.
14 Agar biror qushni Egamizga qurbonlik qilib, kuydirmoqchi boʻlsangiz, kaptar yoki musichani olib keling. 15 Ruhoniy uni qurbongoh oldiga olib kelib, boʻynini uzsin, soʻng boshini qurbongohda kuydirsin. Qonini esa qurbongohning yoniga oqizsin. 16 Jigʻildonini, ichidagi narsalari bilan birga, sugʻurib olib , qurbongohning sharq tarafiga, kul turgan yerga tashlasin. 17 Keyin qanotlaridan tortib, tanasini yarmigacha boʻlsin, lekin ikki qismga ajratmasin. Soʻng uni qurbongohdagi yonib turgan oʻtinlar ustiga qoʻyib kuydirsin. Olovda kuydirilgan bu qurbonlikdan Egamizga yoqimli hid boradi.
1–БОБ
Куйдириладиган қурбонликлар
1 Эгамиз Учрашув чодиридан Мусони чақириб, унга 2 Исроил халқи учун қуйидаги қонунларни берди: биронтангиз Эгамизга қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, подангиздаги ёки сурувингиздаги ҳайвонни олиб келинг. 3 Борди–ю, қорамол подасидан бирорта ҳайвонни қурбонлик қилиб, куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз бир буқани танлаб олинг. Эгамиз бу қурбонлигингизни қабул қилиши учун буқани Учрашув чодири кираверишига олиб келинг.
4 Куйдириладиган ҳайвоннинг бошига қўлингизни қўйинг, шунда Эгамиз сизни гуноҳингиздан поклаш учун бу қурбонлигингизни қабул қилади.
5 Сўнг буқани Эгамизнинг ҳузурида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари буқанинг қонини олиб, Учрашув чодирига кираверишда турган қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин. 6 Сиз эса куйдириладиган қурбонликнинг терисини шилиб, танасини бўлакларга бўлинг. 7 Руҳоний Ҳоруннинг ўғиллари қурбонгоҳга чўғ солиб, устига ўтин қалашсин. 8 Сўнг қурбонликнинг бўлакларини, шунингдек, калласини ва ёғларини қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйишсин. 9 Сиз эса қурбонликнинг ичак–човоқлари ва оёқларини ювинг. Сўнг руҳоний буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳда куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
10 Борди–ю, сиз сурувингиздаги қўй ёки эчкини қурбонлик қилиб куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз қўчқор ёки такани олиб келинг. 11 Уни қурбонгоҳнинг шимол тарафида, Эгамизнинг ҳузурида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари қурбонликнинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин. 12 Сиз қурбонликни бўлакларга бўлинг. Руҳоний эса бўлакларни қурбонликнинг калласи ва ёғлари билан бирга қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйсин. 13 Сиз қурбонликнинг ичак–човоқлари ва оёқларини ювинг. Руҳоний буларнинг ҳаммасини келтириб, қурбонгоҳда куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
14 Агар бирор қушни Эгамизга қурбонлик қилиб, куйдирмоқчи бўлсангиз, каптар ёки мусичани олиб келинг. 15 Руҳоний уни қурбонгоҳ олдига олиб келиб, бўйнини узсин, сўнг бошини қурбонгоҳда куйдирсин. Қонини эса қурбонгоҳнинг ёнига оқизсин. 16 Жиғилдонини, ичидаги нарсалари билан бирга, суғуриб олиб , қурбонгоҳнинг шарқ тарафига, кул турган ерга ташласин. 17 Кейин қанотларидан тортиб, танасини ярмигача бўлсин, лекин икки қисмга ажратмасин. Сўнг уни қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйиб куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.