6–BOB
1 Bu dunyoda shunday bir fojiani koʻrdim, u inson zotini toshday bosib turadi: 2 Xudo baʼzilarga boylik, mulk va obroʻ beradi, bu insonlar koʻngli xohlagan narsaga ega boʻladi. Lekin Xudo ularga bu narsalardan zavq olishga yoʻl bermasa, bir begona bu narsalarning rohatini koʻradi. Bu behuda , qaygʻuli fojiadir. 3 Inson yuzta farzandli boʻlishi ham mumkin, uzoq umr koʻrishi ham mumkin, lekin u qancha koʻp yashasa ham, mana shu hayotning rohatini koʻrmasa yoki hurmat bilan koʻmilmasa, menimcha, oʻlik tugʻilgan bolaning taqdiri unikidan yaxshiroqdir. 4 Bu bola behuda dunyoga kelib, olamdan oʻtadi. Hech kim uni bilib tanimaydi. 5-6 U quyosh yuzini koʻrmagan, hayot nimaligini bilmagan. Shunday boʻlsa ham, ikki ming yil yashab hayotning rohatini koʻrmagan kishidan koʻra, koʻproq oʻsha bola orom oladi. Baribir hamma bir joyga boradi–ku!
7 Insonning barcha mehnatiyu intilishlari oʻz qornini toʻydirish uchundir, shunda ham u hech qachon qoniqmaydi. 8 Donolarning nodonlardan qanday ustunligi bor? Kambagʻallar bu hayotni uddalab yashashga aqllari yetsa ham, ularga bundan nima foyda bor?! 9 Odamning koʻzi oldida turgan narsa dilda havas qilib yurgan narsadan yaxshiroqdir. Doimo mol–mulkim koʻpaysin, deb havas qilish behudadir, shamolning orqasidan quvishdaydir.
Hamma narsani Xudo belgilaydi
10 Dunyoda nima boʻlsa, hammasi allaqachon belgilangan, insonning taqdiri ham maʼlum, hech bir kishi hammadan kuchli boʻlgan Xudo bilan bahslasha olmaydi. 11 Qancha koʻp bahslashsang, shuncha behudadir, senga hech qanday foydasi yoʻq. 12 Hayot yelday oʻtib ketar , inson uchun nima yaxshiligini kim biladi?! Xudo hayotimizni oʻtib ketadigan soyadek qilib qoʻygan, kim ham bizga kelajakda nima boʻlishini aytib bera olardi?!
6–БОБ
1 Бу дунёда шундай бир фожиани кўрдим, у инсон зотини тошдай босиб туради: 2 Худо баъзиларга бойлик, мулк ва обрў беради, бу инсонлар кўнгли хоҳлаган нарсага эга бўлади. Лекин Худо уларга бу нарсалардан завқ олишга йўл бермаса, бир бегона бу нарсаларнинг роҳатини кўради. Бу беҳуда , қайғули фожиадир. 3 Инсон юзта фарзандли бўлиши ҳам мумкин, узоқ умр кўриши ҳам мумкин, лекин у қанча кўп яшаса ҳам, мана шу ҳаётнинг роҳатини кўрмаса ёки ҳурмат билан кўмилмаса, менимча, ўлик туғилган боланинг тақдири уникидан яхшироқдир. 4 Бу бола беҳуда дунёга келиб, оламдан ўтади. Ҳеч ким уни билиб танимайди. 5-6 У қуёш юзини кўрмаган, ҳаёт нималигини билмаган. Шундай бўлса ҳам, икки минг йил яшаб ҳаётнинг роҳатини кўрмаган кишидан кўра, кўпроқ ўша бола ором олади. Барибир ҳамма бир жойга боради–ку!
7 Инсоннинг барча меҳнатию интилишлари ўз қорнини тўйдириш учундир, шунда ҳам у ҳеч қачон қониқмайди. 8 Доноларнинг нодонлардан қандай устунлиги бор? Камбағаллар бу ҳаётни уддалаб яшашга ақллари етса ҳам, уларга бундан нима фойда бор?! 9 Одамнинг кўзи олдида турган нарса дилда ҳавас қилиб юрган нарсадан яхшироқдир. Доимо мол–мулким кўпайсин, деб ҳавас қилиш беҳудадир, шамолнинг орқасидан қувишдайдир.
Ҳамма нарсани Худо белгилайди
10 Дунёда нима бўлса, ҳаммаси аллақачон белгиланган, инсоннинг тақдири ҳам маълум, ҳеч бир киши ҳаммадан кучли бўлган Худо билан баҳслаша олмайди. 11 Қанча кўп баҳслашсанг, шунча беҳудадир, сенга ҳеч қандай фойдаси йўқ. 12 Ҳаёт елдай ўтиб кетар , инсон учун нима яхшилигини ким билади?! Худо ҳаётимизни ўтиб кетадиган соядек қилиб қўйган, ким ҳам бизга келажакда нима бўлишини айтиб бера оларди?!