28–BOB
Soxta paygʻambar Xanoniyo
1 Ayni oʻsha yili, yaʼni Yahudo shohi Zidqiyo hukmronligining ilk davrida, toʻrtinchi yili beshinchi oyida Xanoniyo paygʻambar Egamiz uyidagi ruhoniylar va xalq oldida menga gapirdi. Xanoniyo Givonlik Azzurning oʻgʻli edi. U menga shunday dedi:
2 — Isroil xalqining Xudosi — Sarvari Olam demoqda: “Bobil shohi solgan boʻyinturuqni Men sindirib tashladim. 3 Shoh Navuxadnazar uyimdan Bobilga olib ketgan hamma ashyolarni Men ikki yil ichida bu yerga qaytarib olib kelaman. 4 Bundan tashqari, Bobilga surgun boʻlgan Yahudo shohi Yohayiqim oʻgʻli Yohayixinni va u bilan birga hamma asirlarni qaytarib olib kelaman. Men Bobil boʻyinturugʻini sindirib tashlayman.” Egamizning kalomi shudir.
5 Shunda men Egamiz uyida hozir boʻlgan ruhoniylar va xalq oldida Xanoniyoga 6 shunday dedim:
— Omin! Iloyim, aytganingizday boʻlsin. Bashorat qilgan soʻzlaringizni Egamizning Oʻzi bajo aylasin. Oʻz uyining ashyolariyu asirlarni Bobildan qaytarib, bu yerga olib kelsin. 7 Endi esa men sizga va xalqqa aytmoqchi boʻlgan mana bu gaplarimni eshiting. 8 Sizdan va mendan oldin oʻtgan paygʻambarlar koʻp yurtlaru buyuk shohliklarga qarshi urush, ocharchilik va oʻlatni bashorat qilgan edilar. 9 Tinchlikni bashorat qilgan paygʻambarning bashorati bajo boʻlganidan keyingina , xalq uni “haqiqatan ham Egamizning elchisi” deb tan olar edi.
10 Soʻng Xanoniyo paygʻambar Yeremiyoning gardanidagi boʻyinturuqni olib sindirdi–da, 11 toʻplanib turgan xaloyiqqa murojaat qilib dedi:
— Egamiz aytmoqda: “Xuddi shunday qilib, Men ikki yil ichida Bobil shohi Navuxadnazarning xalqlarga solgan boʻyinturugʻini olib, sindirib tashlayman.”
Bu gaplardan keyin Yeremiyo oʻz yoʻliga ketdi.
12 Xanoniyo paygʻambar Yeremiyo paygʻambarning gardanidagi boʻyinturuqni sindirgandan keyin, koʻp oʻtmay Egamiz Yeremiyoga Oʻz soʻzini ayon qilib dedi: 13 “Xanoniyoning oldiga borib, shunday deb ayt: «Egamiz aytmoqda: sen yogʻoch boʻyinturuqni sindirding, ammo oʻshaning oʻrniga Men temir boʻyinturuq yasayman. 14 Zero, Isroil xalqining Xudosi — Sarvari Olam shunday demoqda: Men bu xalqlarning gardaniga temir boʻyinturuq solaman. Ularning hammasi Bobil shohi Navuxadnazarga xizmat qilishadi. Ha, ularning hammasi Navuxadnazarga bosh egadi. Men hatto yovvoyi hayvonlarni ham Navuxadnazarning ixtiyoriga topshiraman.»”
15 Yeremiyo paygʻambar Xanoniyo paygʻambarga dedi:
— Menga qara, Xanoniyo, Egamiz seni yubormagan. Sen esa bu xalqni yolgʻon gaplaringga ishontirib qoʻyding. 16 Shu qilganing uchun Egamiz shunday demoqda: “Men seni yer yuzidan daf qilaman. Sen oʻz bashoratlaring bilan xalqni Egangga qarshi qoʻzgʻatganing uchun shu yiliyoq oʻlasan.”
17 Oʻsha yilning yettinchi oyida Xanoniyo olamdan oʻtdi.
28–БОБ
Сохта пайғамбар Ханониё
1 Айни ўша йили, яъни Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг илк даврида, тўртинчи йили бешинчи ойида Ханониё пайғамбар Эгамиз уйидаги руҳонийлар ва халқ олдида менга гапирди. Ханониё Гивонлик Аззурнинг ўғли эди. У менга шундай деди:
2 — Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Бобил шоҳи солган бўйинтуруқни Мен синдириб ташладим. 3 Шоҳ Навухадназар уйимдан Бобилга олиб кетган ҳамма ашёларни Мен икки йил ичида бу ерга қайтариб олиб келаман. 4 Бундан ташқари, Бобилга сургун бўлган Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихинни ва у билан бирга ҳамма асирларни қайтариб олиб келаман. Мен Бобил бўйинтуруғини синдириб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.
5 Шунда мен Эгамиз уйида ҳозир бўлган руҳонийлар ва халқ олдида Ханониёга 6 шундай дедим:
— Омин! Илойим, айтганингиздай бўлсин. Башорат қилган сўзларингизни Эгамизнинг Ўзи бажо айласин. Ўз уйининг ашёларию асирларни Бобилдан қайтариб, бу ерга олиб келсин. 7 Энди эса мен сизга ва халққа айтмоқчи бўлган мана бу гапларимни эшитинг. 8 Сиздан ва мендан олдин ўтган пайғамбарлар кўп юртлару буюк шоҳликларга қарши уруш, очарчилик ва ўлатни башорат қилган эдилар. 9 Тинчликни башорат қилган пайғамбарнинг башорати бажо бўлганидан кейингина , халқ уни “ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг элчиси” деб тан олар эди.
10 Сўнг Ханониё пайғамбар Еремиёнинг гарданидаги бўйинтуруқни олиб синдирди–да, 11 тўпланиб турган халойиққа мурожаат қилиб деди:
— Эгамиз айтмоқда: “Худди шундай қилиб, Мен икки йил ичида Бобил шоҳи Навухадназарнинг халқларга солган бўйинтуруғини олиб, синдириб ташлайман.”
Бу гаплардан кейин Еремиё ўз йўлига кетди.
12 Ханониё пайғамбар Еремиё пайғамбарнинг гарданидаги бўйинтуруқни синдиргандан кейин, кўп ўтмай Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилиб деди: 13 “Ханониёнинг олдига бориб, шундай деб айт: «Эгамиз айтмоқда: сен ёғоч бўйинтуруқни синдирдинг, аммо ўшанинг ўрнига Мен темир бўйинтуруқ ясайман. 14 Зеро, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу халқларнинг гарданига темир бўйинтуруқ соламан. Уларнинг ҳаммаси Бобил шоҳи Навухадназарга хизмат қилишади. Ҳа, уларнинг ҳаммаси Навухадназарга бош эгади. Мен ҳатто ёввойи ҳайвонларни ҳам Навухадназарнинг ихтиёрига топшираман.»”
15 Еремиё пайғамбар Ханониё пайғамбарга деди:
— Менга қара, Ханониё, Эгамиз сени юбормаган. Сен эса бу халқни ёлғон гапларингга ишонтириб қўйдинг. 16 Шу қилганинг учун Эгамиз шундай демоқда: “Мен сени ер юзидан даф қиламан. Сен ўз башоратларинг билан халқни Эгангга қарши қўзғатганинг учун шу йилиёқ ўласан.”
17 Ўша йилнинг еттинчи ойида Ханониё оламдан ўтди.