9–BOB
Shoul imonga keladi
1 Shu orada Shoul Rabbimiz Isoning shogirdlariga qarshi qattiq oʻlim xavfini solib yurardi. U oliy ruhoniyning huzuriga borib, 2 Damashqdagi sinagogalarga xat yozib berishini soʻradi. U yerda erkak boʻladimi yoki ayolmi — Isoning yoʻlidan yuruvchilarni topib olsa, ularni bogʻlab Quddusga olib kelishga ijozat soʻragan edi. 3 Shoul Damashqqa yaqinlashib qolganda, birdan osmondan tushgan bir nur uning yon–atrofini yoritib yubordi. 4 Shoul yerga yiqilib, shunday bir ovozni eshitdi:
— Shoul, Shoul! Nega Meni quvgʻin qilyapsan?
5 — Yo Hazratim! Siz kimsiz? — deb soʻradi Shoul.
— Sen quvgʻin qilayotgan Isoman, — degan javob keldi . 6 — Endi oʻrningdan tur, shaharga kir. Nima qilishing kerakligi senga oʻsha yerda aytiladi.
7 Shoulga hamroh boʻlganlarning tillariga bir soʻz kelmay, toʻxtab qolgan edilar. Ular ovozni eshitardilar–u, ammo hech kimni koʻrmasdilar. 8 Shoul yerdan turdi, koʻzlarini ochdi, ammo hech narsani koʻra olmadi. Ular Shoulni qoʻlidan ushlab, Damashq shahriga olib bordilar. 9 Uch kungacha Shoulning koʻzi koʻrmadi, shu kunlar davomida u na yedi, na ichdi.
10 Damashqda Isoning Xanoniyo degan shogirdi bor edi. Rabbimiz Iso vahiyda unga zohir boʻlib: “Xanoniyo!” deb chaqirdi. “Labbay, Rabbim!” deb javob berdi u. 11 Rabbimiz Iso Xanoniyoga dedi:
— Oʻrningdan tur, Toʻgʻri deb ataluvchi koʻchaga bor. Yahudoning uyidan Tarsuslik Shoul degan odamni soʻra. Hozir u ibodat qilyapti. 12 Unga vahiy kelgan. Vahiyda u Xanoniyo degan odamning kelishini koʻrgan. Uning koʻzlari ochilishi uchun sen unga qoʻllaringni qoʻyasan.
13 Xanoniyo esa shunday javob berdi:
— Yo Rabbim, men u odam haqida koʻpchilikdan eshitgan edim. U Quddusdagi Sening azizlaringga koʻp yomonlik qilgan ekan. 14 Bu yerda ham u Sening nomingni tiliga oladiganlarni qamash uchun bosh ruhoniylardan vakolat olibdi.
15 Rabbimiz Iso esa unga shunday dedi:
— Boraver, u Mening tanlangan qurolimdir. U gʻayriyahudiylar orasida, shohlar va Isroil xalqi orasida nomimni mashhur qiladi. 16 U Mening nomim haqi qanchalar azob chekishi kerakligini uning oʻziga koʻrsataman.
17 Shunday qilib, Xanoniyo borib, oʻsha uyga kirdi. U Shoulga qoʻlini qoʻyib, shunday dedi:
— Birodarim Shoul! Yoʻlingda senga zohir boʻlgan Rabbimiz Iso meni bu yerga yubordi, toki sening koʻzlaring ochilsin, Muqaddas Ruhga toʻlgin.
18 Shu zahoti baliq tangachalariga oʻxshash narsa Shoulning koʻzlaridan tushdi. U yana koʻra boshladi. U oʻrnidan turib, suvga choʻmdirildi. 19 Ovqat yeb, quvvatga kirdi.
Shoul Damashqda vaʼz qiladi
Shoul bir necha kun Damashqdagi imonlilar bilan birga boʻldi. 20 U toʻgʻri sinagogaga borib: “Iso Xudoning Oʻgʻlidir ”, deb vaʼz qila boshladi. 21 Uning vaʼzini eshitganlarning hammasi hayron boʻlib, shunday deyishardi: “Quddusda Isoning nomini tilga olganlarga qirgʻin keltirgan odam shu emasmi? Uning bu yerga kelishdan maqsadi — odamlarni bosh ruhoniylar oldiga bogʻlab olib borish emasmikan?” 22 Ammo Shoulning vaʼzi tobora kuchli boʻlib boraverdi. U Isoning Masih ekanini isbot etib, Damashqda yashaydigan yahudiylarni esankiratib qoʻydi.
23 Bir qancha vaqt oʻtgandan keyin, yahudiylar Shoulni oʻldirish uchun reja tuzdilar. 24 Shoul esa ularning rejasidan xabar topdi. Uni oʻldirish uchun shahar darvozalarini kechayu kunduz qoʻriqlardilar. 25 Ammo Shoulning shogirdlari uni kechasi savatga solib, shahar devoridagi derazadan tushirib yubordilar.
Shoul Quddusda
26 Shoul Quddusga borgandan keyin, Isoning u yerdagi shogirdlariga qoʻshilishga harakat qildi. Ammo shogirdlarning hammasi undan qoʻrqishardi. Shoul ham Isoning shogirdi boʻlganiga ular ishonmadilar. 27 Shunda Barnabo Shoulni havoriylarning oldiga olib bordi. Shoul yoʻlda qanday qilib Rabbimiz Isoni koʻrganini, Shoulga U qanday gapirganini, Shoul Damashqda qoʻrqmasdan Iso nomi bilan qanday vaʼz qilganini havoriylarga hikoya qilib berdi. 28 Shunday qilib, Shoul ular bilan qoldi va butun Quddus boʻylab qoʻrqmasdan Rabbimiz nomi bilan vaʼz qilib yurdi. 29 Shoul yunonzabon yahudiylar bilan ham suhbatlashib, ular bilan munozara qildi. Ammo ular Shoulni oʻldirmoqchi boʻldilar. 30 Imonlilar bu toʻgʻrida xabar topib, Shoulni Qaysariyagacha olib keldilar, keyin uni Tarsus shahriga joʻnatdilar.
31 Butun Yahudiya, Jalila va Samariyadagi imonlilar jamoati tinchlikka erishib, kuchayib boraverdi. Jamoat Egamizdan qoʻrqib va Muqaddas Ruhdan madad olib, koʻpayib boraverdi.
Butrus Loʻd va Yaffada
32 Butrus hamma yoqni aylanib, imonlilarni koʻrgani borardi. Bir safar u Loʻd shahrida yashaydigan Xudoning azizlari huzuriga tashrif buyurdi. 33 U yerda Butrus Yeney degan odam bilan uchrashib qoldi. Yeney shol boʻlib, sakkiz yildan beri toʻshakdan tura olmas edi. 34 Butrus unga:
— Yeney, Iso Masih senga shifo beryapti: oʻrningdan tur, toʻshagingni yigʻib qoʻy! — dedi. Yeney shu zahoti oʻrnidan turib ketdi. 35 Butun Loʻd shahri va Sharon tekisligining ahli Yeneyni koʻrib, Rabbimiz Isoga yuz burdi.
36 Yaffa shahrida Isoning bir shogirdi bor edi. U ayolning ismi Tavita boʻlib, yunonchada Doʻrkas edi. U koʻp xayrli ishlar qilardi, muhtojlarga yordam berardi. 37 Oʻsha paytda u kasal boʻlib, vafot etdi. Uning jasadini yuvib, boloxonaga qoʻydilar. 38 Loʻd shahri Yaffa shahriga yaqin edi. Shogirdlar Butrus u yerda ekanini eshitdilar va uning oldiga ikki kishini yuborib: “Iltimos, hayallamay biz tomonga keling”, deb xabar yubordilar. 39 Butrus oʻrnidan turdi–yu, ular bilan ketdi. Butrus yetib kelgach, uni boloxonaga olib chiqdilar. Hamma bevalar Butrusning yonida yigʻlab turganlaricha, kamzullar va boshqa kiyimlarni koʻrsatib: “Tavita tirikligida bularni tikkan edi”, derdilar. 40 Butrus ularni tashqariga chiqarib yubordi. Shundan keyin u tiz choʻkib, ibodat qildi–da, jasadga oʻgirilib: “Tavita, tur oʻrningdan!” dedi. Shunda Tavita koʻzlarini ochdi, Butrusni koʻrib, qaddini rostlab oʻtirdi. 41 Butrus qoʻlini Tavitaga uzatib, oʻrnidan turishiga yordamlashdi. Keyin Xudoning azizlarini va bevalarni chaqirib, tirilgan ayolni koʻrsatdi. 42 Bu voqea butun Yaffaga maʼlum boʻldi va koʻpchilik Rabbimiz Isoga imon keltirdi. 43 Butrus ancha vaqt Yaffa shahrida Shimoʻn degan bir koʻnchining uyida turdi.
9–БОБ
Шоул имонга келади
1 Шу орада Шоул Раббимиз Исонинг шогирдларига қарши қаттиқ ўлим хавфини солиб юрарди. У олий руҳонийнинг ҳузурига бориб, 2 Дамашқдаги синагогаларга хат ёзиб беришини сўради. У ерда эркак бўладими ёки аёлми — Исонинг йўлидан юрувчиларни топиб олса, уларни боғлаб Қуддусга олиб келишга ижозат сўраган эди. 3 Шоул Дамашққа яқинлашиб қолганда, бирдан осмондан тушган бир нур унинг ён–атрофини ёритиб юборди. 4 Шоул ерга йиқилиб, шундай бир овозни эшитди:
— Шоул, Шоул! Нега Мени қувғин қиляпсан?
5 — Ё Ҳазратим! Сиз кимсиз? — деб сўради Шоул.
— Сен қувғин қилаётган Исоман, — деган жавоб келди . 6 — Энди ўрнингдан тур, шаҳарга кир. Нима қилишинг кераклиги сенга ўша ерда айтилади.
7 Шоулга ҳамроҳ бўлганларнинг тилларига бир сўз келмай, тўхтаб қолган эдилар. Улар овозни эшитардилар–у, аммо ҳеч кимни кўрмасдилар. 8 Шоул ердан турди, кўзларини очди, аммо ҳеч нарсани кўра олмади. Улар Шоулни қўлидан ушлаб, Дамашқ шаҳрига олиб бордилар. 9 Уч кунгача Шоулнинг кўзи кўрмади, шу кунлар давомида у на еди, на ичди.
10 Дамашқда Исонинг Ханониё деган шогирди бор эди. Раббимиз Исо ваҳийда унга зоҳир бўлиб: “Ханониё!” деб чақирди. “Лаббай, Раббим!” деб жавоб берди у. 11 Раббимиз Исо Ханониёга деди:
— Ўрнингдан тур, Тўғри деб аталувчи кўчага бор. Яҳудонинг уйидан Тарсуслик Шоул деган одамни сўра. Ҳозир у ибодат қиляпти. 12 Унга ваҳий келган. Ваҳийда у Ханониё деган одамнинг келишини кўрган. Унинг кўзлари очилиши учун сен унга қўлларингни қўясан.
13 Ханониё эса шундай жавоб берди:
— Ё Раббим, мен у одам ҳақида кўпчиликдан эшитган эдим. У Қуддусдаги Сенинг азизларингга кўп ёмонлик қилган экан. 14 Бу ерда ҳам у Сенинг номингни тилига оладиганларни қамаш учун бош руҳонийлардан ваколат олибди.
15 Раббимиз Исо эса унга шундай деди:
— Боравер, у Менинг танланган қуролимдир. У ғайрияҳудийлар орасида, шоҳлар ва Исроил халқи орасида номимни машҳур қилади. 16 У Менинг номим ҳақи қанчалар азоб чекиши кераклигини унинг ўзига кўрсатаман.
17 Шундай қилиб, Ханониё бориб, ўша уйга кирди. У Шоулга қўлини қўйиб, шундай деди:
— Биродарим Шоул! Йўлингда сенга зоҳир бўлган Раббимиз Исо мени бу ерга юборди, токи сенинг кўзларинг очилсин, Муқаддас Руҳга тўлгин.
18 Шу заҳоти балиқ тангачаларига ўхшаш нарса Шоулнинг кўзларидан тушди. У яна кўра бошлади. У ўрнидан туриб, сувга чўмдирилди. 19 Овқат еб, қувватга кирди.
Шоул Дамашқда ваъз қилади
Шоул бир неча кун Дамашқдаги имонлилар билан бирга бўлди. 20 У тўғри синагогага бориб: “Исо Худонинг Ўғлидир ”, деб ваъз қила бошлади. 21 Унинг ваъзини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайрон бўлиб, шундай дейишарди: “Қуддусда Исонинг номини тилга олганларга қирғин келтирган одам шу эмасми? Унинг бу ерга келишдан мақсади — одамларни бош руҳонийлар олдига боғлаб олиб бориш эмасмикан?” 22 Аммо Шоулнинг ваъзи тобора кучли бўлиб бораверди. У Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, Дамашқда яшайдиган яҳудийларни эсанкиратиб қўйди.
23 Бир қанча вақт ўтгандан кейин, яҳудийлар Шоулни ўлдириш учун режа туздилар. 24 Шоул эса уларнинг режасидан хабар топди. Уни ўлдириш учун шаҳар дарвозаларини кечаю кундуз қўриқлардилар. 25 Аммо Шоулнинг шогирдлари уни кечаси саватга солиб, шаҳар деворидаги деразадан тушириб юбордилар.
Шоул Қуддусда
26 Шоул Қуддусга боргандан кейин, Исонинг у ердаги шогирдларига қўшилишга ҳаракат қилди. Аммо шогирдларнинг ҳаммаси ундан қўрқишарди. Шоул ҳам Исонинг шогирди бўлганига улар ишонмадилар. 27 Шунда Барнабо Шоулни ҳаворийларнинг олдига олиб борди. Шоул йўлда қандай қилиб Раббимиз Исони кўрганини, Шоулга У қандай гапирганини, Шоул Дамашқда қўрқмасдан Исо номи билан қандай ваъз қилганини ҳаворийларга ҳикоя қилиб берди. 28 Шундай қилиб, Шоул улар билан қолди ва бутун Қуддус бўйлаб қўрқмасдан Раббимиз номи билан ваъз қилиб юрди. 29 Шоул юнонзабон яҳудийлар билан ҳам суҳбатлашиб, улар билан мунозара қилди. Аммо улар Шоулни ўлдирмоқчи бўлдилар. 30 Имонлилар бу тўғрида хабар топиб, Шоулни Қайсариягача олиб келдилар, кейин уни Тарсус шаҳрига жўнатдилар.
31 Бутун Яҳудия, Жалила ва Самариядаги имонлилар жамоати тинчликка эришиб, кучайиб бораверди. Жамоат Эгамиздан қўрқиб ва Муқаддас Руҳдан мадад олиб, кўпайиб бораверди.
Бутрус Лўд ва Яффада
32 Бутрус ҳамма ёқни айланиб, имонлиларни кўргани борарди. Бир сафар у Лўд шаҳрида яшайдиган Худонинг азизлари ҳузурига ташриф буюрди. 33 У ерда Бутрус Еней деган одам билан учрашиб қолди. Еней шол бўлиб, саккиз йилдан бери тўшакдан тура олмас эди. 34 Бутрус унга:
— Еней, Исо Масиҳ сенга шифо беряпти: ўрнингдан тур, тўшагингни йиғиб қўй! — деди. Еней шу заҳоти ўрнидан туриб кетди. 35 Бутун Лўд шаҳри ва Шарон текислигининг аҳли Енейни кўриб, Раббимиз Исога юз бурди.
36 Яффа шаҳрида Исонинг бир шогирди бор эди. У аёлнинг исми Тавита бўлиб, юнончада Дўркас эди. У кўп хайрли ишлар қиларди, муҳтожларга ёрдам берарди. 37 Ўша пайтда у касал бўлиб, вафот этди. Унинг жасадини ювиб, болохонага қўйдилар. 38 Лўд шаҳри Яффа шаҳрига яқин эди. Шогирдлар Бутрус у ерда эканини эшитдилар ва унинг олдига икки кишини юбориб: “Илтимос, ҳаялламай биз томонга келинг”, деб хабар юбордилар. 39 Бутрус ўрнидан турди–ю, улар билан кетди. Бутрус етиб келгач, уни болохонага олиб чиқдилар. Ҳамма бевалар Бутруснинг ёнида йиғлаб турганларича, камзуллар ва бошқа кийимларни кўрсатиб: “Тавита тириклигида буларни тиккан эди”, дердилар. 40 Бутрус уларни ташқарига чиқариб юборди. Шундан кейин у тиз чўкиб, ибодат қилди–да, жасадга ўгирилиб: “Тавита, тур ўрнингдан!” деди. Шунда Тавита кўзларини очди, Бутрусни кўриб, қаддини ростлаб ўтирди. 41 Бутрус қўлини Тавитага узатиб, ўрнидан туришига ёрдамлашди. Кейин Худонинг азизларини ва беваларни чақириб, тирилган аёлни кўрсатди. 42 Бу воқеа бутун Яффага маълум бўлди ва кўпчилик Раббимиз Исога имон келтирди. 43 Бутрус анча вақт Яффа шаҳрида Шимўн деган бир кўнчининг уйида турди.