31–BOB
Isroil xalqi Midiyon xalqi bilan jang qiladi
1 Egamiz Musoga dedi:
2 — Isroil xalqi uchun Midiyonlardan qasos ol . Oʻshandan soʻng sen olamdan koʻz yumasan.
3 Shundan keyin Muso xalqqa aytdi:
— Odamlaringizning bir qismini qurollantiringlar. Ular Midiyon xalqi bilan jang qilib, ulardan Egamizning qasosini olishsin. 4 Har bir Isroil qabilasidan mingtadan odamni urushga joʻnatinglar.
5 Har bir Isroil qabilasidan mingtadan odam tanlab olindi, jami oʻn ikki ming odam qurollanib jangga shay boʻldi. 6 Muso ularni va ular bilan birga Elazar oʻgʻli ruhoniy Finxazni urushga joʻnatdi. Finxaz oʻzi bilan muqaddas ashyolarni va karnaylarni olib ketdi. Bu karnaylar xatardan darak berish uchun chalinardi.
7 Egamiz Musoga amr qilganday, Isroil sipohlari Midiyonlar bilan jang qilishdi. Ular Midiyon xalqining butun erkak zotini qirib tashlashdi. 8 Midiyon xalqining beshala shohini — Evi, Raxem, Zur, Xur, Rabani ham boshqalar qatori oʻldirib yuborishdi. Bavoʻr oʻgʻli Balomni ham qilichdan oʻtkazishdi . 9 Midiyon xalqining ayollariyu bolalarini asir qilib, jamiki podalarini, suruvlarini va mol–mulkini oʻlja qilib olishdi. 10 Midiyon xalqi istiqomat qilgan hamma shaharu qarorgohlarga oʻt qoʻyishdi. 11 Olgan hamma oʻljalarini — odamidan tortib, moligacha 12 qarorgohga — Muso, ruhoniy Elazar va Isroil jamoasi huzuriga olib kelishdi. Qarorgoh Moʻab tekisligida, Yerixo shahri roʻparasidagi Iordan daryosi boʻyida joylashgan edi.
13 Muso, ruhoniy Elazar va jamoaning hamma yoʻlboshchilari ularni kutib olish uchun qarorgohdan tashqariga chiqishdi. 14 Muso urushdan qaytib kelgan mingboshi va yuzboshilardan qattiq gʻazablandi.
15 — Nimaga hamma ayollarni tirik qoldirdingiz? — deb soʻradi ulardan Muso. 16 — Balomning maslahati bilan Piyor togʻida Isroil xalqini Egamizga xiyonat qilishga undagan shular–ku! Oʻshalarning dastidan Egamizning jamoasi orasida oʻlat paydo boʻlgan edi! 17 Qani, boʻlinglar, hamma oʻgʻil bolalarni va er koʻrgan ayollarni oʻldiringlar. 18 Faqat er koʻrmagan qizlarni oʻzingiz uchun tirik qoldiringlar. 19 Soʻng yetti kun davomida qarorgohdan tashqarida boʻlinglar. Qaysi biringiz odam oʻldirgan yoki jasadga qoʻl tekkizgan boʻlsangiz, uchinchi va yettinchi kunlari poklaninglar. Sizlar bilan birga asirlar ham poklanishsin. 20 Hamma kiyimlarni, barcha charm va yogʻoch buyumlarni, echki junidan toʻqilgan hamma narsalarni poklanglar.
21 Ruhoniy Elazar urushga borgan sipohlarga dedi:
— Musoga Egamiz amr etgan qonun shundan iborat: 22 oltin, kumush, bronza, temir, qalay va qoʻrgʻoshinni, 23 xullas, olovda yonmaydigan hamma narsani olovdan oʻtkazib poklanglar. Bundan tashqari, poklanish suvi bilan ham poklanglar. Olovda yonadigan buyumlarni esa suvning oʻzi bilan poklanglar. 24 Yettinchi kuni kiyimlaringizni yuvinglar. Shunda pok boʻlasizlar. Keyin qarorgohga kirsangiz boʻladi.
Oʻljalarning taqsimlanishi
25 Egamiz yana Musoga aytdi:
26 — Sen, ruhoniy Elazar va jamoaning urugʻboshilari asir olingan odamlarni, oʻlja qilingan hayvonlarni hisoblab chiqinglar. 27 Asiru oʻljalarni teng ikki qismga boʻlib, bir qismini urushga borgan sipohlarga, ikkinchi qismini butun jamoaga beringlar. 28 Urushga borgan sipohlar ulushidan Men — Egangiz uchun ulush ajratinglar. Asirlar, mol, eshak, qoʻy va echkilarning har besh yuztasidan bittasini Menga ulush qilib beringlar. 29 Sipohlardan olingan bu ulushni Menga qilingan nazr sifatida ruhoniy Elazarga beringlar. 30 Xalqqa tegishli boʻlgan oʻljaning ikkinchi qismidan Muqaddas chodirim uchun masʼul boʻlgan levilarga ulush beringlar. Asirlar, mol, eshak, qoʻy va echkilarning har elliktasidan bittasi levilarga berilsin.
31 Muso bilan ruhoniy Elazar Egamizning Musoga bergan amrini ado etishdi.
32 Sipohlar qoʻlga kiritgan narsalardan tashqari oʻlja qilib olgan mol–hol va ayollarning umumiy soni quyidagicha edi:
qoʻy–echkilar — 675.000 ta,
33 mollar — 72.000 ta,
34 eshaklar — 61.000 ta,
35 er koʻrmagan qizlar — 32.000 ta.
36 Oʻljaning urushga borgan sipohlarga tegishli qismi quyidagicha edi:
qoʻy–echkilar — 337.500 ta, 37 shulardan 675 ta qoʻy–echki Egamizning ulushidir,
38 mollar — 36.000 ta, shulardan 72 tasi Egamizning ulushidir,
39 eshaklar — 30.500 ta, shulardan 61 tasi Egamizning ulushidir,
40 er koʻrmagan qizlar — 16.000 ta, shulardan 32 nafari Egamizning ulushidir.
41 Egamiz Musoga amr qilganday, Muso Egamizga ajratilgan ulushni nazr sifatida ruhoniy Elazarga berdi.
42 Muso Isroil xalqi uchun sipohlarning oʻljasidan ajratib olgan qism quyidagilardan iborat edi:
43 qoʻy–echkilar — 337.500 ta,
44 mollar — 36.000 ta,
45 eshaklar — 30.500 ta,
46 er koʻrmagan qizlar — 16.000 ta.
47 Isroil xalqi ulush qilib olgan odamu hayvonlarning har elliktasidan bittasini Muso Egamizning Muqaddas chodiri uchun masʼul boʻlgan levilarga berdi. Egamiz Musoga nimani amr qilgan boʻlsa, Muso shuni qildi.
48 Shundan soʻng mingboshi va yuzboshilar Musoning huzuriga kelishdi. 49 Ular Musoga:
— Biz, qullaringiz, qoʻlimiz ostidagi sipohlarni sanab chiqdik, — deyishdi, — bironta odamimizni yoʻqotmabmiz. 50 Oʻzimizni Egamiz hukmidan himoya qilish uchun , biz topgan oltin buyumlarimizni — bilaguzuklar, muhr uzuklar, sirgʻalar va zebigardonlarimizni Egamizga nazr qilib olib keldik.
51 Muso bilan ruhoniy Elazar ular olib kelgan hamma oltin zeb–ziynatlarni olishdi. 52 Mingboshi va yuzboshilar Egamizga nazr qilgan oltinning umumiy ogʻirligi oʻn ikki pudga yaqin chiqdi. 53 Oddiy sipohlar esa qoʻlga kiritgan oʻljalarni oʻzlariga qoldirgan edilar. 54 Isroil xalqini Egamiz doim esida tutishi uchun Muso bilan ruhoniy Elazar mingboshi va yuzboshilardan olgan oltin buyumlarni Uchrashuv chodiriga olib kelishdi.
31–БОБ
Исроил халқи Мидиён халқи билан жанг қилади
1 Эгамиз Мусога деди:
2 — Исроил халқи учун Мидиёнлардан қасос ол . Ўшандан сўнг сен оламдан кўз юмасан.
3 Шундан кейин Мусо халққа айтди:
— Одамларингизнинг бир қисмини қуроллантиринглар. Улар Мидиён халқи билан жанг қилиб, улардан Эгамизнинг қасосини олишсин. 4 Ҳар бир Исроил қабиласидан мингтадан одамни урушга жўнатинглар.
5 Ҳар бир Исроил қабиласидан мингтадан одам танлаб олинди, жами ўн икки минг одам қуролланиб жангга шай бўлди. 6 Мусо уларни ва улар билан бирга Элазар ўғли руҳоний Финхазни урушга жўнатди. Финхаз ўзи билан муқаддас ашёларни ва карнайларни олиб кетди. Бу карнайлар хатардан дарак бериш учун чалинарди.
7 Эгамиз Мусога амр қилгандай, Исроил сипоҳлари Мидиёнлар билан жанг қилишди. Улар Мидиён халқининг бутун эркак зотини қириб ташлашди. 8 Мидиён халқининг бешала шоҳини — Эви, Рахем, Зур, Хур, Рабани ҳам бошқалар қатори ўлдириб юборишди. Бавўр ўғли Баломни ҳам қиличдан ўтказишди . 9 Мидиён халқининг аёлларию болаларини асир қилиб, жамики подаларини, сурувларини ва мол–мулкини ўлжа қилиб олишди. 10 Мидиён халқи истиқомат қилган ҳамма шаҳару қароргоҳларга ўт қўйишди. 11 Олган ҳамма ўлжаларини — одамидан тортиб, молигача 12 қароргоҳга — Мусо, руҳоний Элазар ва Исроил жамоаси ҳузурига олиб келишди. Қароргоҳ Мўаб текислигида, Ерихо шаҳри рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида жойлашган эди.
13 Мусо, руҳоний Элазар ва жамоанинг ҳамма йўлбошчилари уларни кутиб олиш учун қароргоҳдан ташқарига чиқишди. 14 Мусо урушдан қайтиб келган мингбоши ва юзбошилардан қаттиқ ғазабланди.
15 — Нимага ҳамма аёлларни тирик қолдирдингиз? — деб сўради улардан Мусо. 16 — Баломнинг маслаҳати билан Пиёр тоғида Исроил халқини Эгамизга хиёнат қилишга ундаган шулар–ку! Ўшаларнинг дастидан Эгамизнинг жамоаси орасида ўлат пайдо бўлган эди! 17 Қани, бўлинглар, ҳамма ўғил болаларни ва эр кўрган аёлларни ўлдиринглар. 18 Фақат эр кўрмаган қизларни ўзингиз учун тирик қолдиринглар. 19 Сўнг етти кун давомида қароргоҳдан ташқарида бўлинглар. Қайси бирингиз одам ўлдирган ёки жасадга қўл теккизган бўлсангиз, учинчи ва еттинчи кунлари покланинглар. Сизлар билан бирга асирлар ҳам покланишсин. 20 Ҳамма кийимларни, барча чарм ва ёғоч буюмларни, эчки жунидан тўқилган ҳамма нарсаларни покланглар.
21 Руҳоний Элазар урушга борган сипоҳларга деди:
— Мусога Эгамиз амр этган қонун шундан иборат: 22 олтин, кумуш, бронза, темир, қалай ва қўрғошинни, 23 хуллас, оловда ёнмайдиган ҳамма нарсани оловдан ўтказиб покланглар. Бундан ташқари, покланиш суви билан ҳам покланглар. Оловда ёнадиган буюмларни эса сувнинг ўзи билан покланглар. 24 Еттинчи куни кийимларингизни ювинглар. Шунда пок бўласизлар. Кейин қароргоҳга кирсангиз бўлади.
Ўлжаларнинг тақсимланиши
25 Эгамиз яна Мусога айтди:
26 — Сен, руҳоний Элазар ва жамоанинг уруғбошилари асир олинган одамларни, ўлжа қилинган ҳайвонларни ҳисоблаб чиқинглар. 27 Асиру ўлжаларни тенг икки қисмга бўлиб, бир қисмини урушга борган сипоҳларга, иккинчи қисмини бутун жамоага беринглар. 28 Урушга борган сипоҳлар улушидан Мен — Эгангиз учун улуш ажратинглар. Асирлар, мол, эшак, қўй ва эчкиларнинг ҳар беш юзтасидан биттасини Менга улуш қилиб беринглар. 29 Сипоҳлардан олинган бу улушни Менга қилинган назр сифатида руҳоний Элазарга беринглар. 30 Халққа тегишли бўлган ўлжанинг иккинчи қисмидан Муқаддас чодирим учун масъул бўлган левиларга улуш беринглар. Асирлар, мол, эшак, қўй ва эчкиларнинг ҳар элликтасидан биттаси левиларга берилсин.
31 Мусо билан руҳоний Элазар Эгамизнинг Мусога берган амрини адо этишди.
32 Сипоҳлар қўлга киритган нарсалардан ташқари ўлжа қилиб олган мол–ҳол ва аёлларнинг умумий сони қуйидагича эди:
қўй–эчкилар — 675.000 та,
33 моллар — 72.000 та,
34 эшаклар — 61.000 та,
35 эр кўрмаган қизлар — 32.000 та.
36 Ўлжанинг урушга борган сипоҳларга тегишли қисми қуйидагича эди:
қўй–эчкилар — 337.500 та, 37 шулардан 675 та қўй–эчки Эгамизнинг улушидир,
38 моллар — 36.000 та, шулардан 72 таси Эгамизнинг улушидир,
39 эшаклар — 30.500 та, шулардан 61 таси Эгамизнинг улушидир,
40 эр кўрмаган қизлар — 16.000 та, шулардан 32 нафари Эгамизнинг улушидир.
41 Эгамиз Мусога амр қилгандай, Мусо Эгамизга ажратилган улушни назр сифатида руҳоний Элазарга берди.
42 Мусо Исроил халқи учун сипоҳларнинг ўлжасидан ажратиб олган қисм қуйидагилардан иборат эди:
43 қўй–эчкилар — 337.500 та,
44 моллар — 36.000 та,
45 эшаклар — 30.500 та,
46 эр кўрмаган қизлар — 16.000 та.
47 Исроил халқи улуш қилиб олган одаму ҳайвонларнинг ҳар элликтасидан биттасини Мусо Эгамизнинг Муқаддас чодири учун масъул бўлган левиларга берди. Эгамиз Мусога нимани амр қилган бўлса, Мусо шуни қилди.
48 Шундан сўнг мингбоши ва юзбошилар Мусонинг ҳузурига келишди. 49 Улар Мусога:
— Биз, қулларингиз, қўлимиз остидаги сипоҳларни санаб чиқдик, — дейишди, — биронта одамимизни йўқотмабмиз. 50 Ўзимизни Эгамиз ҳукмидан ҳимоя қилиш учун , биз топган олтин буюмларимизни — билагузуклар, муҳр узуклар, сирғалар ва зебигардонларимизни Эгамизга назр қилиб олиб келдик.
51 Мусо билан руҳоний Элазар улар олиб келган ҳамма олтин зеб–зийнатларни олишди. 52 Мингбоши ва юзбошилар Эгамизга назр қилган олтиннинг умумий оғирлиги ўн икки пудга яқин чиқди. 53 Оддий сипоҳлар эса қўлга киритган ўлжаларни ўзларига қолдирган эдилар. 54 Исроил халқини Эгамиз доим эсида тутиши учун Мусо билан руҳоний Элазар мингбоши ва юзбошилардан олган олтин буюмларни Учрашув чодирига олиб келишди.