38–BOB
Kuydiriladigan qurbonlik uchun qurbongoh yasaladi
1 Akas yogʻochidan toʻrtburchak qilib kuydiriladigan qurbonlik uchun qurbongoh yasadilar. Qurbongohning uzunligi besh tirsak, eni ham besh tirsak, boʻyi uch tirsak edi. 2 Qurbongohning toʻrtala burchagiga oʻzidan yoʻnib chiqarilgan bittadan shox yasadilar. Qurbongoh va uning shoxlarini bronza bilan qopladilar. 3 Qurbongohning hamma buyumlari — qozonlarni, kuraklarni, togʻorachalarni, sanchqilarni va olovkuraklarni bronzadan yasadilar. 4 Qurbongohga bronzadan panjara yasadilar. Panjarani qurbongohning ichiga — toʻrt tomoniga oʻrnatilgan tokchaning ostida oʻrnatdilar, yarmigacha yetib bordi. 5 Bronza panjaraning toʻrtala burchagiga xodalarni oʻtkazish uchun eritilgan bronzadan toʻrtta halqa yasadilar. 6 Akas yogʻochidan xodalar yasab, xodalarni bronza bilan qopladilar. 7 Qurbongohni xodalar yordamida koʻtarib yurish uchun qurbongoh yonlaridagi halqalarga xodalarni oʻtkazib qoʻydilar. Qurbongohning chetlariga taxta qoqib, ichini boʻsh qoldirdilar.
Bronza qoʻlyuvgich yasaladi
8 Uchrashuv chodiriga kiraverishda xizmat qilgan ayollar hadya qilgan bronza koʻzgulardan ular bronza qoʻlyuvgichni va uning tagligini yasadilar.
Muqaddas chodir hovlisi atrofidagi toʻsiq yasaladi
9 Soʻngra Muqaddas chodirning hovlisini oʻrab tursin deb, pardadan toʻsiq qildilar: toʻsib turadigan pardalarni mayin zigʻir matosidan tikdilar. Hovlining janub tomonidagi pardadan qilingan toʻsiqning uzunligi yuz tirsak edi. 10 Oʻsha toʻsiqda yigirmata bronzadan qilingan taglikka yigirmata ustun oʻrnatilgan edi. Shu yerdagi pardalarni osish uchun ustunlarga kumushdan qilingan ilgaklar va halqalarni mahkamladilar. 11 Hovlining shimol tomonidagi pardadan qilingan toʻsiqning uzunligi ham yuz tirsakni tashkil qilib, uning yigirmata ustuni va bronzadan qilingan tagliklari bor edi. Uning pardalarini osish uchun ustunlariga ham kumushdan qilingan ilgaklar va halqalarni mahkamladilar. 12 Hovlining gʻarb tomonidagi pardadan qilingan toʻsiqning uzunligi ellik tirsak , uning oʻnta ustuni va tagligi bor edi. Uning pardalarini osish uchun ustunlariga ham kumushdan qilingan ilgaklar va halqalarni mahkamladilar. 13 Hovlining sharq tomoni ellik tirsak kenglikda edi. 14-15 Hovlining kirish joyi shu yer edi. Kirishning oʻng va chap tomonidagi pardadan qilingan toʻsiqlarning uzunligi oʻn besh tirsakdan edi, har ikki tomonda uchtadan ustun va tagliklar bor edi. 16 Hovlining hamma tomonidagi toʻsib turadigan pardalarni mayin zigʻir matosidan qildilar, 17 ustunlarning tagligini bronzadan, ilgaklari va halqalarini kumushdan qildilar. Ustunlarning tepasini kumush bilan qopladilar. Hovlining hamma ustunlarida kumush halqalar bor edi. 18 Hovliga kirish joyi uchun parda qildilar. Uni mayin zigʻir matosidan tikdilar, ustiga koʻk, safsar va qirmizi iplardan mahorat bilan naqsh soldilar. Bu pardaning eni yigirma tirsak , boʻyi hovlining toʻsib turadigan pardalari kabi, besh tirsak edi. 19 Bu pardani toʻrtta taglikka oʻrnatilgan toʻrtta ustun ushlab turdi. Ustunlarning tagligini bronzadan, ilgaklari va halqalarini kumushdan qildilar. Ustunlarning tepasini kumush bilan qopladilar. 20 Muqaddas chodirni va pardadan qilingan toʻsiqni ushlab turadigan barcha qoziqlarni ham bronzadan yasadilar.
Muqaddas chodirda foydalanilgan oltin, kumush va bronza
21-23 Egamizning Musoga bergan amriga koʻra, Yahudo qabilasidan Urining oʻgʻli, Xurning nabirasi Bazalil hamma ishlarni bajarib boʻldi. Dan qabilasidan boʻlgan Oxisamax oʻgʻli Oxoliyov uning yonida boʻldi. U hunarmand boʻlib, ijod qilar, buyumlar yasay olardi, koʻk, safsar, qirmizi iplardan foydalanib, mayin zigʻir matosiga naqsh solishni bilardi.
Musoning ixtiyoridagi ruhoniy Horunning oʻgʻli Itamar nazorati ostida Levi qabilasi sarf qilingan oltin, kumush va bronzaning hisobini olib borgan edi. Muqaddas ahd chodirini yasashda ishlatilgan oltin, kumush va bronza hisobi quyidagicha edi:
Oltin
24 Chodir yasalishiga sarf qilingan oltinning jami 62,5 pud edi. Xalq Egamizga nazr qilgan oltinning hisobi shuncha edi.
Kumush
25 Sanab chiqilgan xalqdan yigʻilgan kumushning jami hisoblab chiqilganda, 214 pud boʻldi. 26 Bu miqdor hisoblab chiqilgan yigirma va undan yuqori yoshdagi 603.550 odamning har biriga 1,25 misqoldan toʻgʻri kelardi. 27 213 pud kumush eritilib, Chodirning romlari va ichki pardani ushlab turadigan ustunlar uchun 100 ta taglik qilishga ishlatildi, har bir taglik uchun 2 puddan ortiq kumush sarf qilindi. 28 Qolgan 1 pud kumush hovli atrofidagi ustunlar uchun ilgaklar va halqalar yasashga, ustunlarning tepasini qoplashga ishlatildi.
Bronza
29 Xalq Egamizga nazr qilgan bronzaning miqdori 151 pud edi. 30 Quyidagi ashyolarni yasashda oʻsha bronza ishlatildi:
Uchrashuv chodiriga kiraverishdagi ustunlar uchun tagliklarni,
bronza qurbongoh bilan uning bronza panjarasini, uning hamma buyumlarini,
31 hovlining atrofidagi pardalarni ushlab turadigan ustunlar uchun tagliklarni,
hovliga kiraverishdagi parda uchun tagliklarni,
Muqaddas chodir bilan atrofdagi pardadan qilingan toʻsiqni ushlab turadigan barcha qoziqni.
38–БОБ
Куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ ясалади
1 Акас ёғочидан тўртбурчак қилиб куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ ясадилар. Қурбонгоҳнинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак эди. 2 Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясадилар. Қурбонгоҳ ва унинг шохларини бронза билан қопладилар. 3 Қурбонгоҳнинг ҳамма буюмлари — қозонларни, куракларни, тоғорачаларни, санчқиларни ва оловкуракларни бронзадан ясадилар. 4 Қурбонгоҳга бронзадан панжара ясадилар. Панжарани қурбонгоҳнинг ичига — тўрт томонига ўрнатилган токчанинг остида ўрнатдилар, ярмигача етиб борди. 5 Бронза панжаранинг тўртала бурчагига ходаларни ўтказиш учун эритилган бронзадан тўртта ҳалқа ясадилар. 6 Акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни бронза билан қопладилар. 7 Қурбонгоҳни ходалар ёрдамида кўтариб юриш учун қурбонгоҳ ёнларидаги ҳалқаларга ходаларни ўтказиб қўйдилар. Қурбонгоҳнинг четларига тахта қоқиб, ичини бўш қолдирдилар.
Бронза қўлювгич ясалади
8 Учрашув чодирига кираверишда хизмат қилган аёллар ҳадя қилган бронза кўзгулардан улар бронза қўлювгични ва унинг таглигини ясадилар.
Муқаддас чодир ҳовлиси атрофидаги тўсиқ ясалади
9 Сўнгра Муқаддас чодирнинг ҳовлисини ўраб турсин деб, пардадан тўсиқ қилдилар: тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан тикдилар. Ҳовлининг жануб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги юз тирсак эди. 10 Ўша тўсиқда йигирмата бронзадан қилинган тагликка йигирмата устун ўрнатилган эди. Шу ердаги пардаларни осиш учун устунларга кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар. 11 Ҳовлининг шимол томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ҳам юз тирсакни ташкил қилиб, унинг йигирмата устуни ва бронзадан қилинган тагликлари бор эди. Унинг пардаларини осиш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар. 12 Ҳовлининг ғарб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги эллик тирсак , унинг ўнта устуни ва таглиги бор эди. Унинг пардаларини осиш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар. 13 Ҳовлининг шарқ томони эллик тирсак кенгликда эди. 14-15 Ҳовлининг кириш жойи шу ер эди. Киришнинг ўнг ва чап томонидаги пардадан қилинган тўсиқларнинг узунлиги ўн беш тирсакдан эди, ҳар икки томонда учтадан устун ва тагликлар бор эди. 16 Ҳовлининг ҳамма томонидаги тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан қилдилар, 17 устунларнинг таглигини бронзадан, илгаклари ва ҳалқаларини кумушдан қилдилар. Устунларнинг тепасини кумуш билан қопладилар. Ҳовлининг ҳамма устунларида кумуш ҳалқалар бор эди. 18 Ҳовлига кириш жойи учун парда қилдилар. Уни майин зиғир матосидан тикдилар, устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан нақш солдилар. Бу парданинг эни йигирма тирсак , бўйи ҳовлининг тўсиб турадиган пардалари каби, беш тирсак эди. 19 Бу пардани тўртта тагликка ўрнатилган тўртта устун ушлаб турди. Устунларнинг таглигини бронзадан, илгаклари ва ҳалқаларини кумушдан қилдилар. Устунларнинг тепасини кумуш билан қопладилар. 20 Муқаддас чодирни ва пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган барча қозиқларни ҳам бронзадан ясадилар.
Муқаддас чодирда фойдаланилган олтин, кумуш ва бронза
21-23 Эгамизнинг Мусога берган амрига кўра, Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалил ҳамма ишларни бажариб бўлди. Дан қабиласидан бўлган Охисамах ўғли Охолиёв унинг ёнида бўлди. У ҳунарманд бўлиб, ижод қилар, буюмлар ясай оларди, кўк, сафсар, қирмизи иплардан фойдаланиб, майин зиғир матосига нақш солишни биларди.
Мусонинг ихтиёридаги руҳоний Ҳоруннинг ўғли Итамар назорати остида Леви қабиласи сарф қилинган олтин, кумуш ва бронзанинг ҳисобини олиб борган эди. Муқаддас аҳд чодирини ясашда ишлатилган олтин, кумуш ва бронза ҳисоби қуйидагича эди:
Олтин
24 Чодир ясалишига сарф қилинган олтиннинг жами 62,5 пуд эди. Халқ Эгамизга назр қилган олтиннинг ҳисоби шунча эди.
Кумуш
25 Санаб чиқилган халқдан йиғилган кумушнинг жами ҳисоблаб чиқилганда, 214 пуд бўлди. 26 Бу миқдор ҳисоблаб чиқилган йигирма ва ундан юқори ёшдаги 603.550 одамнинг ҳар бирига 1,25 мисқолдан тўғри келарди. 27 213 пуд кумуш эритилиб, Чодирнинг ромлари ва ички пардани ушлаб турадиган устунлар учун 100 та таглик қилишга ишлатилди, ҳар бир таглик учун 2 пуддан ортиқ кумуш сарф қилинди. 28 Қолган 1 пуд кумуш ҳовли атрофидаги устунлар учун илгаклар ва ҳалқалар ясашга, устунларнинг тепасини қоплашга ишлатилди.
Бронза
29 Халқ Эгамизга назр қилган бронзанинг миқдори 151 пуд эди. 30 Қуйидаги ашёларни ясашда ўша бронза ишлатилди:
Учрашув чодирига кираверишдаги устунлар учун тагликларни,
бронза қурбонгоҳ билан унинг бронза панжарасини, унинг ҳамма буюмларини,
31 ҳовлининг атрофидаги пардаларни ушлаб турадиган устунлар учун тагликларни,
ҳовлига кираверишдаги парда учун тагликларни,
Муқаддас чодир билан атрофдаги пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган барча қозиқни.