3–BOB
Sardis shahridagi imonlilar jamoatiga
1 “Sardisdagi imonlilar jamoatining farishtasiga yoz:

Xudoga xizmat qiladigan yetti ruhni Boshqaruvchi, qoʻlida yetti yulduzni Tutguvchi shunday demoqda: sening ishlaringni bilaman. Seni tirik deyishadi, ammo oʻliksan. 2 Sening ishlaring Xudoyim nazarida tugal emasligini bildim. Uygʻon! Jamoating nobud boʻlmoqda. Imonini saqlab qolganlarga qoʻshilib, jamoatingni mustahkamla. 3 Nimani eshitib oʻrgangan boʻlsang eslagin. Oʻshalarga rioya qilgin. Gunohlaringdan tavba etgin. Agar uygʻonmasang, Men ustingga oʻgʻriday bostirib kelaman. Sen esa qaysi soatda kelishimni bilmaysan. 4 Biroq Sardisda oʻz kiyimlarini bulgʻamagan bir necha odamlaring qolgan. Ular Men bilan birga oq kiyimda yuradilar, ular bunga loyiqdirlar. 5 Gʻolib kelganlar ular singari, shunday oq kiyim kiyadilar. Men ularning nomlarini hayot kitobidan oʻchirmayman, Otam Xudo va Uning farishtalari oldida nomlarini tan olaman.
6 Kimning eshitar qulogʻi boʻlsa, Ruhning jamoatlarga aytayotgan gaplarini eshitsin.”
Filadelfiya shahridagi imonlilar jamoatiga
7 “Filadelfiyadagi imonlilar jamoatining farishtasiga yoz:

Shoh Dovudning kaliti muqaddas va haq Zotdadir. U eshikni ochganda, uni hech kim bekita olmaydi. U bekitganda, hech kim ocholmaydi. Oʻsha Zot shunday demoqda: 8 sening ishlaringni bilaman. Mana, oldingda bir eshik ochdim, uni hech kim bekita olmaydi. Kuching kamligini Men bilaman. Shunga qaramay, sen soʻzimga rioya qilding, Mendan tonmading. 9 Shayton toʻdasidan boʻlganlarni nima qilishimni oʻzing koʻrasan. Ular oʻzlarini Xudoning xalqi deb ataydilar, ammo gaplari yolgʻon, ular Xudoning xalqi emaslar . Men ularni shunday koʻyga solamanki, kelib sening oyogʻingga yiqiladilar. Men seni qanchalik sevganimni bilib oladilar. 10 Sen Mening sabrli boʻlish haqidagi amrimga itoat etding. Shunday ekan, yer yuzida yashovchilarni sinash uchun yuboriladigan kulfat vaqtidan Men seni asrayman. 11 Men tezda kelaman. Imoningda mahkam tur, toki hech kim tojingni tortib olmasin. 12 Gʻolib kelganlarni Men Xudoyimning Maʼbadida ustun qilaman. Shunda ular zinhor Maʼbadni tark etmaydilar. Ularning peshanalariga Men Xudoyimning nomini va Xudoyimga qarashli shaharning nomini yozaman. Bu shahar — Xudoyim samodan yuboradigan yangi Quddusdir. Gʻolibning peshanasiga Men Oʻzimning yangi nomimni ham yozaman.
13 Kimning eshitar qulogʻi boʻlsa, Ruhning jamoatlarga aytayotgan gaplarini eshitsin.”
Laodikiya shahridagi imonlilar jamoatiga
14 “Laodikiyadagi imonlilar jamoatining farishtasiga yoz:

Ishonchli va haq Shohid, Xudo yaratgan borliqning Asoschisi , Omin deb nom olgan Zot shunday demoqda: 15 sening ishlaringni bilaman, sen na sovuq va na issiqsan . Eh, qaniydi, yo sovuq, yo issiq boʻlsang! 16 Sen issiq ham, sovuq ham emas, balki iliq boʻlganing uchun Men seni qusib yuboraman. 17 Sen: «Boyman, oʻzimga toʻqman, hech narsadan kam–koʻstim yoʻq», — deysan. Aslida esa ayanchli, achinarli ahvolda ekaningni, qashshoq, koʻr va yalangʻoch ekaningni bilmaysan! 18 Senga maslahat beraman: boyishing uchun Mendan olovda toblangan oltinni sotib ol. Sharmandali yalangʻochligingni yopish uchun egningga oq kiyim, koʻrishing uchun koʻzlaringga surtadigan malhamni Mendan sotib ol . 19 Men kimni sevsam, aybini koʻrsataman, tarbiyalayman. Shunday ekan, shijoatli boʻl, gunohlaring uchun tavba qil.
20 Mana, Men eshik oldida turib, taqillatyapman. Kim ovozimni eshitib eshikni ochsa, Men oʻshaning oldiga kiraman. Men u bilan va u Men bilan ovqatni baham koʻramiz. 21 Gʻolib kelganlarni Men yonimda, taxtimda oʻtirishga haqli qilaman. Zotan, Men ham gʻolib kelganimda Otam Xudo bilan birga Uning taxtida oʻtirdim.
22 Kimning eshitar qulogʻi boʻlsa, Ruhning jamoatlarga aytayotgan gaplarini eshitsin.”
3–БОБ
Сардис шаҳридаги имонлилар жамоатига
1 “Сардисдаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Худога хизмат қиладиган етти руҳни Бошқарувчи, қўлида етти юлдузни Тутгувчи шундай демоқда: сенинг ишларингни биламан. Сени тирик дейишади, аммо ўликсан. 2 Сенинг ишларинг Худойим назарида тугал эмаслигини билдим. Уйғон! Жамоатинг нобуд бўлмоқда. Имонини сақлаб қолганларга қўшилиб, жамоатингни мустаҳкамла. 3 Нимани эшитиб ўрганган бўлсанг эслагин. Ўшаларга риоя қилгин. Гуноҳларингдан тавба этгин. Агар уйғонмасанг, Мен устингга ўғридай бостириб келаман. Сен эса қайси соатда келишимни билмайсан. 4 Бироқ Сардисда ўз кийимларини булғамаган бир неча одамларинг қолган. Улар Мен билан бирга оқ кийимда юрадилар, улар бунга лойиқдирлар. 5 Ғолиб келганлар улар сингари, шундай оқ кийим киядилар. Мен уларнинг номларини ҳаёт китобидан ўчирмайман, Отам Худо ва Унинг фаришталари олдида номларини тан оламан.
6 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин.”
Филаделфия шаҳридаги имонлилар жамоатига
7 “Филаделфиядаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Шоҳ Довуднинг калити муқаддас ва ҳақ Зотдадир. У эшикни очганда, уни ҳеч ким бекита олмайди. У бекитганда, ҳеч ким очолмайди. Ўша Зот шундай демоқда: 8 сенинг ишларингни биламан. Мана, олдингда бир эшик очдим, уни ҳеч ким бекита олмайди. Кучинг камлигини Мен биламан. Шунга қарамай, сен сўзимга риоя қилдинг, Мендан тонмадинг. 9 Шайтон тўдасидан бўлганларни нима қилишимни ўзинг кўрасан. Улар ўзларини Худонинг халқи деб атайдилар, аммо гаплари ёлғон, улар Худонинг халқи эмаслар . Мен уларни шундай кўйга соламанки, келиб сенинг оёғингга йиқиладилар. Мен сени қанчалик севганимни билиб оладилар. 10 Сен Менинг сабрли бўлиш ҳақидаги амримга итоат этдинг. Шундай экан, ер юзида яшовчиларни синаш учун юбориладиган кулфат вақтидан Мен сени асрайман. 11 Мен тезда келаман. Имонингда маҳкам тур, токи ҳеч ким тожингни тортиб олмасин. 12 Ғолиб келганларни Мен Худойимнинг Маъбадида устун қиламан. Шунда улар зинҳор Маъбадни тарк этмайдилар. Уларнинг пешаналарига Мен Худойимнинг номини ва Худойимга қарашли шаҳарнинг номини ёзаман. Бу шаҳар — Худойим самодан юборадиган янги Қуддусдир. Ғолибнинг пешанасига Мен Ўзимнинг янги номимни ҳам ёзаман.
13 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин.”
Лаодикия шаҳридаги имонлилар жамоатига
14 “Лаодикиядаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Ишончли ва ҳақ Шоҳид, Худо яратган борлиқнинг Асосчиси , Омин деб ном олган Зот шундай демоқда: 15 сенинг ишларингни биламан, сен на совуқ ва на иссиқсан . Эҳ, қанийди, ё совуқ, ё иссиқ бўлсанг! 16 Сен иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, балки илиқ бўлганинг учун Мен сени қусиб юбораман. 17 Сен: «Бойман, ўзимга тўқман, ҳеч нарсадан кам–кўстим йўқ», — дейсан. Аслида эса аянчли, ачинарли аҳволда эканингни, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканингни билмайсан! 18 Сенга маслаҳат бераман: бойишинг учун Мендан оловда тобланган олтинни сотиб ол. Шармандали яланғочлигингни ёпиш учун эгнингга оқ кийим, кўришинг учун кўзларингга суртадиган малҳамни Мендан сотиб ол . 19 Мен кимни севсам, айбини кўрсатаман, тарбиялайман. Шундай экан, шижоатли бўл, гуноҳларинг учун тавба қил.
20 Мана, Мен эшик олдида туриб, тақиллатяпман. Ким овозимни эшитиб эшикни очса, Мен ўшанинг олдига кираман. Мен у билан ва у Мен билан овқатни баҳам кўрамиз. 21 Ғолиб келганларни Мен ёнимда, тахтимда ўтиришга ҳақли қиламан. Зотан, Мен ҳам ғолиб келганимда Отам Худо билан бирга Унинг тахтида ўтирдим.
22 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин.”