4–BOB
Imonlilarning birligi va yangi hayoti
1 Rabbimiz Iso haqi mahbus boʻlgan men — Pavlus sizlardan oʻtinib soʻrayman: Xudo sizlarni Oʻziga daʼvat qilganini yoddan chiqarmay, shu daʼvatga munosib tarzda yashanglar. 2 Doimo kamtar va muloyim boʻlinglar, mehr–muhabbat bilan bir–biringizga nisbatan sabr–toqatli boʻlinglar. 3 Oʻzaro tinch–totuv yashab, Muqaddas Ruh ato qilgan birdamlikni saqlashga jon kuydiringlar. 4 Hammamiz bir tananing aʼzolarimiz , qalbimizdagi Muqaddas Ruh ham birdir. Shuningdek, Xudo bizni daʼvat qilib, hammamizga bergan umid ham birdir. 5 Rabbimiz bir, imonimiz ham birdir, bir maqsadda suvga choʻmdirilganmiz. 6 Barchamizning Otamiz Xudo birdir. U hammamizdan ustun boʻlib, hammamiz orqali Oʻz irodasini bajo qiladi. U hammamizning oramizdadir. 7 Masih Oʻz inoyatiga koʻra, har birimizga turli xil inʼomlar bergan. 8 Mana, Muqaddas bitiklarda quyidagicha yozilgan:

“Yuksaklarga chiqdi U,
Asirlarni ortidan ergashtirdi.
Insonlarga hadyalar berdi.”

9 U yuksaklarga chiqdi degan soʻzlar nimani bildiradi? U oldin pastga — yer yuziga tushgandan boshqa nimani bildirishi mumkin?! 10 Pastga tushgan Zot, koinotni har jihatdan butun qilay deb, falak toqidan ham yuqoriroqqa chiqdi.
11 Masih baʼzilarni havoriy, baʼzilarni esa paygʻambar, baʼzilarni Xushxabar voizi, yana boshqalarni jamoatlarning choʻponlariyu ustozlari qilib tayinladi, 12 toki ular Xudoning aziz xalqini xizmat qilishga tayyorlasinlar. Shunda Masihning tanasi, yaʼni jamoat imonda mustahkam turadi. 13 Buning natijasida hammamiz imonda yakdil, Xudoning Oʻgʻli Masihni tanib–biladigan, Uning kamoliga erishgan yetuk odamlar boʻlamiz. 14 Shunda biz norasida goʻdaklarga oʻxshamaymiz, shamol esgan tomonga egiladigan novdaday boʻlmaymiz. Har xil taʼlimotlar va quv odamlarning hiylayu ayyorliklariga laqqa tushavermaymiz. 15 Kelinglar, mehr–muhabbat bilan haqiqatni aytib, jamoatning boshi boʻlgan Masihga oʻxshab har jihatdan yetuk insonlar boʻlaylik. 16 Uning boshchiligida butun badan payu boʻgʻinlar yordamida oʻzaro ulanadi va birikadi. Har bir aʼzo oʻz vazifasini bajarar ekan, butun badan oʻsib boradi va mehr–muhabbat tufayli baquvvat boʻladi.
17 Shunday ekan, Rabbimiz Isoning nomidan qatʼiy tayinlab, sizlarga aytaman: endi xudosiz odamlarday yashamanglar, ular singari behuda oʻy–xayollarga berilmanglar. 18 Ularning onglarini zulmat qoplagan, ular Xudo beradigan yangi hayotga begonadirlar, chunki ular bagʻri tosh boʻlib, jaholatda qolganlar. 19 Ular har qanday or–nomus tuygʻusini yoʻqotib, fisqu fujurga berilganlar, har xil iflos ishlarni ishtiyoq bilan qiladilar. 20 Ammo sizlar Masihdan bunday ishlarni oʻrganmagansiz. 21 Sizlar Masihning soʻzlarini eshitib, Uning taʼlimotini olgansizlar, chunki haqiqat Masihda jamdir. 22 Oldingi yashash tarzingizga tobe boʻlmang, eski oʻzligingizdan voz keching, chunki u aldovchi ehtiroslar tufayli buzilib ketgan. 23 Yangichasiga fikr–zikr qiladigan boʻlinglar. 24 Xudoning suratida yaratilgan, haqiqiy solihlik va muqaddaslikdan iborat boʻlgan yangi tabiatga burkaninglar.
Yangi hayot uchun yoʻl–yoʻriqlar
25 Endi yolgʻon gapirishni bas qilib, har biringiz oʻz yaqiningizga haqiqatni aytinglar, axir, hammamiz bir tananing aʼzolarimiz–ku. 26 Hatto gʻazablanganingizda ham gunoh qilmanglar . Quyosh botguncha jahldan tushinglar. 27 Iblisga fursat bermanglar. 28 Oldin oʻgʻri boʻlgan endi oʻgʻrilik qilmasin, balki ishlasin, oʻz qoʻllari bilan mehnat qilsin. Shunda muhtojlarga ham topgan–tutganidan yordam bera oladi. 29 Ogʻzingizdan hech qanday yaramas soʻz chiqmasin. Lekin tinglovchilarning ehtiyojiga koʻra, kerakli gaplarni aytib, ularga dalda bering, shunda soʻzlaringiz ularga foyda keltiradi.
30 Xudoning Muqaddas Ruhini xafa qilmanglar, chunki Muqaddas Ruh sizlarning Xudoga tegishli ekaningizning hamda bir kun kelib , butunlay ozod boʻlishingizning dalilidir. 31 Har qanday gina–kudurat, qahru gʻazab, janjalkashlik, gʻiybatchilikni hamda boshqa har xil yomonliklarni oʻzingizdan soqit qilinglar. 32 Bir–biringizga nisbatan koʻngilchan va mehr–shafqatli boʻlinglar. Xudo sizlarni Masih orqali kechirganday, sizlar ham bir–biringizni kechiringlar.
4–БОБ
Имонлиларнинг бирлиги ва янги ҳаёти
1 Раббимиз Исо ҳақи маҳбус бўлган мен — Павлус сизлардан ўтиниб сўрайман: Худо сизларни Ўзига даъват қилганини ёддан чиқармай, шу даъватга муносиб тарзда яшанглар. 2 Доимо камтар ва мулойим бўлинглар, меҳр–муҳаббат билан бир–бирингизга нисбатан сабр–тоқатли бўлинглар. 3 Ўзаро тинч–тотув яшаб, Муқаддас Руҳ ато қилган бирдамликни сақлашга жон куйдиринглар. 4 Ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз , қалбимиздаги Муқаддас Руҳ ҳам бирдир. Шунингдек, Худо бизни даъват қилиб, ҳаммамизга берган умид ҳам бирдир. 5 Раббимиз бир, имонимиз ҳам бирдир, бир мақсадда сувга чўмдирилганмиз. 6 Барчамизнинг Отамиз Худо бирдир. У ҳаммамиздан устун бўлиб, ҳаммамиз орқали Ўз иродасини бажо қилади. У ҳаммамизнинг орамиздадир. 7 Масиҳ Ўз иноятига кўра, ҳар биримизга турли хил инъомлар берган. 8 Мана, Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган:

“Юксакларга чиқди У,
Асирларни ортидан эргаштирди.
Инсонларга ҳадялар берди.”

9 У юксакларга чиқди деган сўзлар нимани билдиради? У олдин пастга — ер юзига тушгандан бошқа нимани билдириши мумкин?! 10 Пастга тушган Зот, коинотни ҳар жиҳатдан бутун қилай деб, фалак тоқидан ҳам юқорироққа чиқди.
11 Масиҳ баъзиларни ҳаворий, баъзиларни эса пайғамбар, баъзиларни Хушхабар воизи, яна бошқаларни жамоатларнинг чўпонларию устозлари қилиб тайинлади, 12 токи улар Худонинг азиз халқини хизмат қилишга тайёрласинлар. Шунда Масиҳнинг танаси, яъни жамоат имонда мустаҳкам туради. 13 Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худонинг Ўғли Масиҳни таниб–биладиган, Унинг камолига эришган етук одамлар бўламиз. 14 Шунда биз норасида гўдакларга ўхшамаймиз, шамол эсган томонга эгиладиган новдадай бўлмаймиз. Ҳар хил таълимотлар ва қув одамларнинг ҳийлаю айёрликларига лаққа тушавермаймиз. 15 Келинглар, меҳр–муҳаббат билан ҳақиқатни айтиб, жамоатнинг боши бўлган Масиҳга ўхшаб ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлайлик. 16 Унинг бошчилигида бутун бадан паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир аъзо ўз вазифасини бажарар экан, бутун бадан ўсиб боради ва меҳр–муҳаббат туфайли бақувват бўлади.
17 Шундай экан, Раббимиз Исонинг номидан қатъий тайинлаб, сизларга айтаман: энди худосиз одамлардай яшаманглар, улар сингари беҳуда ўй–хаёлларга берилманглар. 18 Уларнинг онгларини зулмат қоплаган, улар Худо берадиган янги ҳаётга бегонадирлар, чунки улар бағри тош бўлиб, жаҳолатда қолганлар. 19 Улар ҳар қандай ор–номус туйғусини йўқотиб, фисқу фужурга берилганлар, ҳар хил ифлос ишларни иштиёқ билан қиладилар. 20 Аммо сизлар Масиҳдан бундай ишларни ўрганмагансиз. 21 Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, Унинг таълимотини олгансизлар, чунки ҳақиқат Масиҳда жамдир. 22 Олдинги яшаш тарзингизга тобе бўлманг, эски ўзлигингиздан воз кечинг, чунки у алдовчи эҳтирослар туфайли бузилиб кетган. 23 Янгичасига фикр–зикр қиладиган бўлинглар. 24 Худонинг суратида яратилган, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддасликдан иборат бўлган янги табиатга бурканинглар.
Янги ҳаёт учун йўл–йўриқлар
25 Энди ёлғон гапиришни бас қилиб, ҳар бирингиз ўз яқинингизга ҳақиқатни айтинглар, ахир, ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз–ку. 26 Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманглар . Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар. 27 Иблисга фурсат берманглар. 28 Олдин ўғри бўлган энди ўғрилик қилмасин, балки ишласин, ўз қўллари билан меҳнат қилсин. Шунда муҳтожларга ҳам топган–тутганидан ёрдам бера олади. 29 Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларнинг эҳтиёжига кўра, керакли гапларни айтиб, уларга далда беринг, шунда сўзларингиз уларга фойда келтиради.
30 Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар, чунки Муқаддас Руҳ сизларнинг Худога тегишли эканингизнинг ҳамда бир кун келиб , бутунлай озод бўлишингизнинг далилидир. 31 Ҳар қандай гина–кудурат, қаҳру ғазаб, жанжалкашлик, ғийбатчиликни ҳамда бошқа ҳар хил ёмонликларни ўзингиздан соқит қилинглар. 32 Бир–бирингизга нисбатан кўнгилчан ва меҳр–шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ орқали кечиргандай, сизлар ҳам бир–бирингизни кечиринглар.