16–BOB
1 Levilar Xudoning Sandigʻini Dovud maxsus tayyorlagan chodirning ichkarisiga olib kirib qoʻydilar. Keyin Xudoga kuydiriladigan qurbonliklarni va tinchlik qurbonliklarini keltirdilar. 2 Dovud qurbonliklar qilib boʻlgandan keyin, Egamizning nomidan xalqni duo qildi. 3 Soʻng Isroil jamoasidagi har bir odamga — erkagu ayolga, bir donadan gardish non, bir hovuchdan xurmo va bir hovuchdan mayiz tarqatdi.
4 U levilardan baʼzilarini Egamizning Sandigʻi oldida xizmat qilish uchun tayinladi. Ular Isroil xalqining Xudosi — Egamizni ulugʻlab, Unga shukronalar aytishlari va madhiyalar kuylashlari kerak edi. 5 Osif ularning rahnamosi edi, uning yordamchilari esa Zakariyo, Yaviyol, Shamiromoʻt, Yoxiyol, Mattitiyo, Eliyob, Binayo, Obidadom va Yaviyol edilar. Ular arfa va lira cholgʻuvchilari, Osifning oʻzi zil cholgʻuvchisi, 6 ruhoniylar Binayo bilan Yaxaziyol esa karnay cholgʻuvchilari boʻlib, ular har kuni Xudoning Ahd sandigʻi oldida musiqa asboblarini chalishlari kerak edi.
Dovudning shukrona qoʻshigʻi
7 Oʻsha kuni Dovud birinchi marta Osif bilan uning qarindoshlari zimmasiga Egamizga hamdu sanolar aytish masʼuliyatini yuklagan edi.

8 Egamizga shukur ayting, Unga sajda qiling,
Boshqa xalqlar orasida Uning ishlarini bildiring.
9 Tarannum qilib Uni, hamdu sano ila qoʻshiq ayting,
Uning jamiki ajoyib ishlarini soʻzlab bering.
10 Egamizning muqaddas nomi ila faxrlaning,
Egamizga yuz burganlarning qalbi shodlikka toʻlsin.
11 Qudratli Egamizga yuz buring!
Uning huzurida boʻlishga intiling.
12-13 Ey sizlar, Egamizning quli Isroil nasli,
Ey Yoqub oʻgʻillari — Egamizning tanlaganlari,
Egamiz qilgan ajoyibotlarini esda tuting,
Uning moʻjizalarini, chiqargan hukmlarini unutmang.

14 U Egamiz Xudodir,
U butun yer yuzini adolatli hukm qiladi.
15 Shunday ekan, Uning ahdini doimo yodda tuting,
Minglab nasllar osha vaʼdasini unutmang.
16 Egamizning Ibrohim bilan qilgan ahdiga rioya qiling,
Isʼhoqqa qasam ichib bergan vaʼdasiga sodiq qoling.
17 Egamiz bu ahdni Yoqubga berdi,
Ha, Isroil bilan abadiy ahd qilib shunday dedi :
18 “Kanʼon yurtini senga beraman,
Uni oʻzingga abadiy mulk qilib olasan.”

19 Oʻsha vaqtda ularning soni kam edi,
Ha, juda kamchilik edilar.
Ular bu yurtga kelgindi edi.
20 Kezardi bir xalq orasidan boshqasiga,
Bir shohlikdan boshqa yurtga.
21 Egamiz hech kimga ularni ezishlariga yoʻl qoʻymadi,
Ularni deb shohlarga tanbeh berdi.
22 Aytdiki: “Men tanlaganlarga tegmanglar,
Paygʻambarlarimga zarar keltirmanglar.”

23 Ey olam, Egamizni tarannum eting!
Har kuni Uning najotidan soʻylang.
24 Eʼlon qiling elatlar orasida Uning shuhratini,
Jamiki xalqlar orasida Uning ajoyibotlarini.
25 Egamiz buyukdir, koʻp maqtovga loyiqdir,
Jamiki xudolardan U izzatlidir.
26 Zotan, xalqlarning hamma xudolari butlardir,
Egamiz esa samolarni yaratgandir.
27 Shuhratu ulugʻvorlik Uning huzuridadir,
Qudratu shodlik Uning maskanidadir.
28 Egamizga hamdlar ayting, ey zamin xalqlari!
Egamizning qudratiyu shuhratiga hamdlar oʻqing!
29 Egamizning sharafiga hamdlar oʻqing!
Nazrlar keltirib, Uning huzuriga kiring!
Muqaddas ulugʻvorlikka burkangan Egamizga sajda qiling!
30 Ey zamin ahli, Uning oldida titrab turing!
Olam mustahkam oʻrnashgan, hech qachon tebranmaydi.
31 Samolar shod boʻlsin, zamin quvonsin,
Elatlar orasida aytishsin: “Egamiz Shohdir!”
32 Dengizu undagi hamma jonzot guvullasin.
Dalalaru undagi har narsa sevinch ila joʻshsin,
33 Oʻrmondagi daraxtlar shodlikdan qoʻshiq aytsin.
Egamiz oldida ular qoʻshiq aytar,
Ana, Zaminni boshqarmoq uchun U kelayotir.

34 Egamizga shukrona ayting, U yaxshidir!
Uning sodiq sevgisi abadiydir.
35 Yana shunday deb aytinglar:
“Ey najotkorimiz Xudo, bizlarni qutqar,
Bizni xalqlardan xalos qil,
Ularning orasidan toʻplab ol.
Oʻzing muqaddassan, Senga shukur aytaylik,
Madhga loyiq ishlaring bilan faxrlanaylik.
36 Isroil xalqining Xudosi — Egamizga
To abad olqishlar boʻlsin.”

Shundan keyin jamiki xalq: “Omin!” deb Egamizga hamdu sanolar aytdi.
Dovud Quddus va Givonda sajda qilishni yoʻlga qoʻyadi
37 Dovud Osifni va uning qarindoshlarini Egamizning Ahd sandigʻi oldidagi doimiy xizmatga tayinladi. Ular har kuni oʻsha yerda oʻz vazifalarini bajarar edilar. 38 Ularga bu xizmatda Obidadom va uning oltmish sakkizta qarindoshi yordam berishlari kerak edi. Yodutun oʻgʻli Obidadom va Xoʻsax darvozabon edilar. 39 Dovud ruhoniy Zodoʻxni va uning ruhoniy qarindoshlarini Givondagi sajdagohda , Egamizning Muqaddas chodirida xizmat qilishga tayinladi. 40 Ular, Egamizning Isroil xalqiga bergan qonuniga muvofiq, har kuni ertalab va kechqurun qurbongoh ustida qurbonliklar kuydirishlari lozim edi. 41 Ularning yonida Xaman, Yodutun va nomma–nom aytib tanlangan boshqa odamlar ham xizmat qilib, Egamizga: “Uning sodiq sevgisi abadiydir”, deya hamdu sano aytishlari kerak edi. 42 Xaman bilan Yodutun hamdu sanoning kuyi uchun masʼul boʻlib, karnay, zil va boshqa musiqa asboblarini chalishlari kerak edi. Yodutunning oʻgʻillari darvozabon qilib tayinlangan edi.
43 Shundan keyin hamma odamlar uylariga qaytib ketdilar, Dovud ham oʻz oilasini duo qilgani uyiga qaytdi.
16–БОБ
1 Левилар Худонинг Сандиғини Довуд махсус тайёрлаган чодирнинг ичкарисига олиб кириб қўйдилар. Кейин Худога куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирдилар. 2 Довуд қурбонликлар қилиб бўлгандан кейин, Эгамизнинг номидан халқни дуо қилди. 3 Сўнг Исроил жамоасидаги ҳар бир одамга — эркагу аёлга, бир донадан гардиш нон, бир ҳовучдан хурмо ва бир ҳовучдан майиз тарқатди.
4 У левилардан баъзиларини Эгамизнинг Сандиғи олдида хизмат қилиш учун тайинлади. Улар Исроил халқининг Худоси — Эгамизни улуғлаб, Унга шукроналар айтишлари ва мадҳиялар куйлашлари керак эди. 5 Осиф уларнинг раҳнамоси эди, унинг ёрдамчилари эса Закариё, Явиёл, Шамиромўт, Ёхиёл, Маттитиё, Элиёб, Бинаё, Обидадом ва Явиёл эдилар. Улар арфа ва лира чолғувчилари, Осифнинг ўзи зил чолғувчиси, 6 руҳонийлар Бинаё билан Яхазиёл эса карнай чолғувчилари бўлиб, улар ҳар куни Худонинг Аҳд сандиғи олдида мусиқа асбобларини чалишлари керак эди.
Довуднинг шукрона қўшиғи
7 Ўша куни Довуд биринчи марта Осиф билан унинг қариндошлари зиммасига Эгамизга ҳамду санолар айтиш масъулиятини юклаган эди.

8 Эгамизга шукур айтинг, Унга сажда қилинг,
Бошқа халқлар орасида Унинг ишларини билдиринг.
9 Тараннум қилиб Уни, ҳамду сано ила қўшиқ айтинг,
Унинг жамики ажойиб ишларини сўзлаб беринг.
10 Эгамизнинг муқаддас номи ила фахрланинг,
Эгамизга юз бурганларнинг қалби шодликка тўлсин.
11 Қудратли Эгамизга юз буринг!
Унинг ҳузурида бўлишга интилинг.
12-13 Эй сизлар, Эгамизнинг қули Исроил насли,
Эй Ёқуб ўғиллари — Эгамизнинг танлаганлари,
Эгамиз қилган ажойиботларини эсда тутинг,
Унинг мўъжизаларини, чиқарган ҳукмларини унутманг.

14 У Эгамиз Худодир,
У бутун ер юзини адолатли ҳукм қилади.
15 Шундай экан, Унинг аҳдини доимо ёдда тутинг,
Минглаб насллар оша ваъдасини унутманг.
16 Эгамизнинг Иброҳим билан қилган аҳдига риоя қилинг,
Исҳоққа қасам ичиб берган ваъдасига содиқ қолинг.
17 Эгамиз бу аҳдни Ёқубга берди,
Ҳа, Исроил билан абадий аҳд қилиб шундай деди :
18 “Канъон юртини сенга бераман,
Уни ўзингга абадий мулк қилиб оласан.”

19 Ўша вақтда уларнинг сони кам эди,
Ҳа, жуда камчилик эдилар.
Улар бу юртга келгинди эди.
20 Кезарди бир халқ орасидан бошқасига,
Бир шоҳликдан бошқа юртга.
21 Эгамиз ҳеч кимга уларни эзишларига йўл қўймади,
Уларни деб шоҳларга танбеҳ берди.
22 Айтдики: “Мен танлаганларга тегманглар,
Пайғамбарларимга зарар келтирманглар.”

23 Эй олам, Эгамизни тараннум этинг!
Ҳар куни Унинг нажотидан сўйланг.
24 Эълон қилинг элатлар орасида Унинг шуҳратини,
Жамики халқлар орасида Унинг ажойиботларини.
25 Эгамиз буюкдир, кўп мақтовга лойиқдир,
Жамики худолардан У иззатлидир.
26 Зотан, халқларнинг ҳамма худолари бутлардир,
Эгамиз эса самоларни яратгандир.
27 Шуҳрату улуғворлик Унинг ҳузуридадир,
Қудрату шодлик Унинг масканидадир.
28 Эгамизга ҳамдлар айтинг, эй замин халқлари!
Эгамизнинг қудратию шуҳратига ҳамдлар ўқинг!
29 Эгамизнинг шарафига ҳамдлар ўқинг!
Назрлар келтириб, Унинг ҳузурига киринг!
Муқаддас улуғворликка бурканган Эгамизга сажда қилинг!
30 Эй замин аҳли, Унинг олдида титраб туринг!
Олам мустаҳкам ўрнашган, ҳеч қачон тебранмайди.
31 Самолар шод бўлсин, замин қувонсин,
Элатлар орасида айтишсин: “Эгамиз Шоҳдир!”
32 Денгизу ундаги ҳамма жонзот гувилласин.
Далалару ундаги ҳар нарса севинч ила жўшсин,
33 Ўрмондаги дарахтлар шодликдан қўшиқ айтсин.
Эгамиз олдида улар қўшиқ айтар,
Ана, Заминни бошқармоқ учун У келаётир.

34 Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир!
Унинг содиқ севгиси абадийдир.
35 Яна шундай деб айтинглар:
“Эй нажоткоримиз Худо, бизларни қутқар,
Бизни халқлардан халос қил,
Уларнинг орасидан тўплаб ол.
Ўзинг муқаддассан, Сенга шукур айтайлик,
Мадҳга лойиқ ишларинг билан фахрланайлик.
36 Исроил халқининг Худоси — Эгамизга
То абад олқишлар бўлсин.”

Шундан кейин жамики халқ: “Омин!” деб Эгамизга ҳамду санолар айтди.
Довуд Қуддус ва Гивонда сажда қилишни йўлга қўяди
37 Довуд Осифни ва унинг қариндошларини Эгамизнинг Аҳд сандиғи олдидаги доимий хизматга тайинлади. Улар ҳар куни ўша ерда ўз вазифаларини бажарар эдилар. 38 Уларга бу хизматда Обидадом ва унинг олтмиш саккизта қариндоши ёрдам беришлари керак эди. Ёдутун ўғли Обидадом ва Хўсах дарвозабон эдилар. 39 Довуд руҳоний Зодўхни ва унинг руҳоний қариндошларини Гивондаги саждагоҳда , Эгамизнинг Муқаддас чодирида хизмат қилишга тайинлади. 40 Улар, Эгамизнинг Исроил халқига берган қонунига мувофиқ, ҳар куни эрталаб ва кечқурун қурбонгоҳ устида қурбонликлар куйдиришлари лозим эди. 41 Уларнинг ёнида Хаман, Ёдутун ва номма–ном айтиб танланган бошқа одамлар ҳам хизмат қилиб, Эгамизга: “Унинг содиқ севгиси абадийдир”, дея ҳамду сано айтишлари керак эди. 42 Хаман билан Ёдутун ҳамду санонинг куйи учун масъул бўлиб, карнай, зил ва бошқа мусиқа асбобларини чалишлари керак эди. Ёдутуннинг ўғиллари дарвозабон қилиб тайинланган эди.
43 Шундан кейин ҳамма одамлар уйларига қайтиб кетдилар, Довуд ҳам ўз оиласини дуо қилгани уйига қайтди.