12–BOB
Shomuilning ayrilish nutqi
1 Shundan keyin Shomuil butun Isroil xalqiga dedi:
— Menga nima gapirgan boʻlsangiz, hammasiga quloq soldim. Sizlarning ustingizdan bir shoh tayinladim. 2 Endi u sizlarga rahnamolik qiladi. Men esa keksaydim, sochim oqardi. Mana, oʻgʻillarim ham sizlar bilan birga. Yoshligimdan buyon shu kungacha sizlarga yoʻlboshchilik qildim. 3 Qani, aytinglar–chi, qaysi biringizning hoʻkizingizni oldim? Kimning eshagini tortib oldim? Kimni tovladim? Kimga zulm qildim? Kimdan pora olib, uning ayblarini koʻrib–koʻrmaslikka oldim? Egamizning va U moy surtib tanlagan shohning oldida men haqimda guvohlik bering, sizlardan biror narsa olgan boʻlsam, qaytarib beray.
4 — Bizni tovlamadingiz, bizga zulm qilmadingiz, biror kimsaning qoʻlidan biron narsa olmadingiz, — dedi xalq.
5 — Mendan biror nuqson topmaganingizga bugun Egamiz hamda U moy surtib tanlagan shoh guvohdir, — dedi Shomuil.
— Ha, ular guvoh boʻlib turibdi, — dedi xalq. 6 Shomuil gapini davom ettirdi:
— Muso bilan Horunni tayin qilgan, ota–bobolaringizni Misr yurtidan olib chiqqan — Egamizdir. 7 Endi shu yerda turinglar, Egamizning sizlarga va ota–bobolaringizga najot berish uchun qilgan hamma ajoyibotlarining isbotini Uning huzurida sizlarga koʻrsataman. 8 Yoqub Misrga kelgandan keyin, ota–bobolaringiz Egamizga yolvordi, U esa Muso bilan Horunni yubordi. Ular ota–bobolaringizni Misrdan olib chiqib, bu yerga joylashtirdi. 9 Ammo ota–bobolaringiz oʻzlarining Egasi Xudoni unutishdi. Shuning uchun Egamiz ularni Xazor shohining lashkarboshisi Sisaroning, Filistlarning va Moʻab shohining qoʻliga topshirdi. Ular ota–bobolaringiz bilan urishishdi. 10 Ota–bobolaringiz Egamizga: “Gunoh ishlar qildik, Sendan yuz oʻgirib, Baal bilan Ashtaretga xizmat qildik, endi bizni gʻanimlarimizning qoʻlidan ozod et, Senga xizmat qilamiz”, deb yolvorishdi. 11 Egamiz esa Gidoʻn , Baraq , Yiftox , Shimshoʻn singari hakamlarni yubordi. Bexavotir yashanglar deb, sizlarni boʻysundirgan gʻanimlaringiz qoʻlidan ozod etdi. 12 Soʻngra Ommon shohi Naxosh sizlarga hujum qilmoqchi boʻlganini koʻrib, qoʻrqib ketdingiz. Oʻz Egangiz Xudo sizlarning shohingiz boʻlsa ham, menga: “Yoʻq, bizni oddiy shoh boshqarsin”, deb turib oldingiz. 13 Mana, tanlab, tilab olgan shohingiz! Ha, Egamiz ustingizdan hukmronlik qiladigan bir shohni berdi. 14 Egamizdan qoʻrqib, Unga xizmat qilinglar, Uning soʻzlariga quloq solib, amrlaridan boʻyin tovlamanglar. Sizlarga hukmronlik qiladigan shohingiz bilan birga Egangiz Xudoga ergashinglar. Agar shunday qilsangizlar, hammasi yaxshi boʻladi. 15 Egamizning soʻzlariga itoat etmasdan, Uning amrlariga qarshi chiqsangiz, Egamiz ota–bobolaringizni jazolaganiday, sizlarni ham jazolaydi. 16 Endi turgan yeringizda turavering, koʻz oʻngingizda Egamizning ajoyibotini koʻringlar. 17 Hozir bugʻdoy oʻrimi payti, qurgʻoqchilik boshlandi. Men Egamizga iltijo qilaman, U momaqaldiroq guldiratib, yomgʻir yogʻdiradi. Shunday qilib, sizlar bir shoh soʻrash bilan Egamiz oldida qanchalik qabihlik qilganingizni yaxshilab tushunib olasiz.
18 Shomuil Egamizga iltijo qilgan edi, Egamiz oʻsha kuni momaqaldiroq gumburlatib, yomgʻir yogʻdirdi. Jamiki xalq Egamizdan ham, Shomuildan ham juda qoʻrqib ketdi. 19 Ular Shomuilga:
— Nobud boʻlmaylik. Biz — qullaringiz uchun oʻz Egangiz Xudoga iltijo qiling, — deyishdi. — Endi bildik, biz bir shoh soʻrab, butun gunohlarimiz ustiga yana gunoh qilibmiz.
20 Shomuil xalqqa dedi:
— Sizlar bu qilmishlaringiz bilan qabihlik qildilaringiz, lekin endi qoʻrqmanglar, Egamizdan yuz oʻgirmasdan Unga ergashinglar. Unga butun qalbingiz bilan xizmat qilinglar. 21 Biror kimsaga najot berolmaydigan yaroqsiz butlarning orqasidan ergashmanglar, ular befoyda narsalar–ku, axir. 22 Egamiz sizlarni Oʻzining xalqi qildi. U Oʻzi tanlagan xalqdan yuz oʻgirmaydi. Aks holda, Oʻzining ulugʻ ismini badnom qilgan boʻladi. 23 Endi menga kelsak, albatta Egamizga sizlar uchun ibodat qilaman. Aks holda, Unga qarshi gunoh qilgan boʻlaman. Bundan Xudo saqlasin! Sizlarga faqat toʻgʻri va yaxshi yoʻlni koʻrsataman. 24 Faqat Egamizdan qoʻrqinglar, Unga butun qalbingiz bilan ishonib xizmatda boʻlinglar. Qarang, U sizlar uchun qanday ajoyib ishlar qilgan! 25 Agarda qabihlik qilaversangizlar, Egamiz sizlarni ham, shohingizni ham yoʻq qiladi.
12–БОБ
Шомуилнинг айрилиш нутқи
1 Шундан кейин Шомуил бутун Исроил халқига деди:
— Менга нима гапирган бўлсангиз, ҳаммасига қулоқ солдим. Сизларнинг устингиздан бир шоҳ тайинладим. 2 Энди у сизларга раҳнамолик қилади. Мен эса кексайдим, сочим оқарди. Мана, ўғилларим ҳам сизлар билан бирга. Ёшлигимдан буён шу кунгача сизларга йўлбошчилик қилдим. 3 Қани, айтинглар–чи, қайси бирингизнинг ҳўкизингизни олдим? Кимнинг эшагини тортиб олдим? Кимни товладим? Кимга зулм қилдим? Кимдан пора олиб, унинг айбларини кўриб–кўрмасликка олдим? Эгамизнинг ва У мой суртиб танлаган шоҳнинг олдида мен ҳақимда гувоҳлик беринг, сизлардан бирор нарса олган бўлсам, қайтариб берай.
4 — Бизни товламадингиз, бизга зулм қилмадингиз, бирор кимсанинг қўлидан бирон нарса олмадингиз, — деди халқ.
5 — Мендан бирор нуқсон топмаганингизга бугун Эгамиз ҳамда У мой суртиб танлаган шоҳ гувоҳдир, — деди Шомуил.
— Ҳа, улар гувоҳ бўлиб турибди, — деди халқ. 6 Шомуил гапини давом эттирди:
— Мусо билан Ҳорунни тайин қилган, ота–боболарингизни Миср юртидан олиб чиққан — Эгамиздир. 7 Энди шу ерда туринглар, Эгамизнинг сизларга ва ота–боболарингизга нажот бериш учун қилган ҳамма ажойиботларининг исботини Унинг ҳузурида сизларга кўрсатаман. 8 Ёқуб Мисрга келгандан кейин, ота–боболарингиз Эгамизга ёлворди, У эса Мусо билан Ҳорунни юборди. Улар ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиқиб, бу ерга жойлаштирди. 9 Аммо ота–боболарингиз ўзларининг Эгаси Худони унутишди. Шунинг учун Эгамиз уларни Хазор шоҳининг лашкарбошиси Сисаронинг, Филистларнинг ва Мўаб шоҳининг қўлига топширди. Улар ота–боболарингиз билан уришишди. 10 Ота–боболарингиз Эгамизга: “Гуноҳ ишлар қилдик, Сендан юз ўгириб, Баал билан Аштаретга хизмат қилдик, энди бизни ғанимларимизнинг қўлидан озод эт, Сенга хизмат қиламиз”, деб ёлворишди. 11 Эгамиз эса Гидўн , Барақ , Йифтох , Шимшўн сингари ҳакамларни юборди. Бехавотир яшанглар деб, сизларни бўйсундирган ғанимларингиз қўлидан озод этди. 12 Сўнгра Оммон шоҳи Нахош сизларга ҳужум қилмоқчи бўлганини кўриб, қўрқиб кетдингиз. Ўз Эгангиз Худо сизларнинг шоҳингиз бўлса ҳам, менга: “Йўқ, бизни оддий шоҳ бошқарсин”, деб туриб олдингиз. 13 Мана, танлаб, тилаб олган шоҳингиз! Ҳа, Эгамиз устингиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳни берди. 14 Эгамиздан қўрқиб, Унга хизмат қилинглар, Унинг сўзларига қулоқ солиб, амрларидан бўйин товламанглар. Сизларга ҳукмронлик қиладиган шоҳингиз билан бирга Эгангиз Худога эргашинглар. Агар шундай қилсангизлар, ҳаммаси яхши бўлади. 15 Эгамизнинг сўзларига итоат этмасдан, Унинг амрларига қарши чиқсангиз, Эгамиз ота–боболарингизни жазолаганидай, сизларни ҳам жазолайди. 16 Энди турган ерингизда тураверинг, кўз ўнгингизда Эгамизнинг ажойиботини кўринглар. 17 Ҳозир буғдой ўрими пайти, қурғоқчилик бошланди. Мен Эгамизга илтижо қиламан, У момақалдироқ гулдиратиб, ёмғир ёғдиради. Шундай қилиб, сизлар бир шоҳ сўраш билан Эгамиз олдида қанчалик қабиҳлик қилганингизни яхшилаб тушуниб оласиз.
18 Шомуил Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз ўша куни момақалдироқ гумбурлатиб, ёмғир ёғдирди. Жамики халқ Эгамиздан ҳам, Шомуилдан ҳам жуда қўрқиб кетди. 19 Улар Шомуилга:
— Нобуд бўлмайлик. Биз — қулларингиз учун ўз Эгангиз Худога илтижо қилинг, — дейишди. — Энди билдик, биз бир шоҳ сўраб, бутун гуноҳларимиз устига яна гуноҳ қилибмиз.
20 Шомуил халққа деди:
— Сизлар бу қилмишларингиз билан қабиҳлик қилдиларингиз, лекин энди қўрқманглар, Эгамиздан юз ўгирмасдан Унга эргашинглар. Унга бутун қалбингиз билан хизмат қилинглар. 21 Бирор кимсага нажот беролмайдиган яроқсиз бутларнинг орқасидан эргашманглар, улар бефойда нарсалар–ку, ахир. 22 Эгамиз сизларни Ўзининг халқи қилди. У Ўзи танлаган халқдан юз ўгирмайди. Акс ҳолда, Ўзининг улуғ исмини бадном қилган бўлади. 23 Энди менга келсак, албатта Эгамизга сизлар учун ибодат қиламан. Акс ҳолда, Унга қарши гуноҳ қилган бўламан. Бундан Худо сақласин! Сизларга фақат тўғри ва яхши йўлни кўрсатаман. 24 Фақат Эгамиздан қўрқинглар, Унга бутун қалбингиз билан ишониб хизматда бўлинглар. Қаранг, У сизлар учун қандай ажойиб ишлар қилган! 25 Агарда қабиҳлик қилаверсангизлар, Эгамиз сизларни ҳам, шоҳингизни ҳам йўқ қилади.