2–BOB
Egamizning farishtasi Boximda
1 Egamizning farishtasi Gilgaldan Boximga kelib shunday dedi:
— Men sizlarni Misrdan olib chiqdim. Ont ichib, ota–bobolaringizga beraman degan yurtga sizlarni olib kirdim. Men: “Sizlar bilan tuzgan ahdimni hech qachon buzmayman”, degan edim. 2 Sizlarga: “Bu yurt xalqlari bilan ahdlashmanglar, ularning qurbongohlarini vayron qilinglar”, deb aytmaganmidim?! Lekin sizlar amrimga itoat qilmay, teskarisini qildingizlar. 3 Bunday qilganingiz uchun yurtingizda yashab yurgan bu xalqlarni Men endi haydab chiqarmayman. Ular sizlarga dushman boʻlib , ularning xudolari sizlarga tuzoq boʻladi.
4 Egamizning farishtasi bu soʻzlarni aytgach, butun Isroil xalqi faryod koʻtardi. 5 Shunday qilib, ular oʻsha yerni Boxim deb atadilar va Egamizga qurbonliklar keltirdilar.
Yoshua vafot etadi
6 Yoshua Isroil xalqini tarqatib yuborgandan soʻng, har bir odam oʻziga tushgan yerni mulk qilib olish uchun yoʻlga tushgandi. 7 Yoshua davrida xalq Egamizga xizmat qilar edi. Ular Yoshuaning oʻlimidan soʻng, Egamiz Isroil uchun qilgan buyuk ishlarini koʻrgan oqsoqollar davrida ham Egamizga itoat qilishar edi. 8 Egamizning quli Nun oʻgʻli Yoshua 110 yoshida olamdan oʻtdi. 9 Uni Gash togʻining shimolida joylashgan Efrayim qirlaridagi Timnat–Seraxda , oʻzi ulush qilib olgan yerda dafn qilishdi. 10 Butun keksa avlod ham olamdan oʻtdi. Isroil xalqining yosh avlodi esa Egamizni tan olmadi, Uning Isroil xalqi uchun qilgan buyuk ishlarini bilmadi.
Isroil xalqi Egamizga sajda qilmay qoʻyadi
11 Isroil xalqi Egamizning oldida qabihliklar qildi, ular Baal degan xudoning tasvirlariga sigʻina boshlashdi. 12 Egamiz ularni Misrdan olib chiqqan boʻlsa–da, ular ota–bobolarining Xudosidan yuz oʻgirishdi. Boshqa xudolarga — yon–atrofda yashovchi xalqlarning xudolariga ergashishdi. Ularga sajda qilib, Egamizning qahrini keltirishdi. 13 Isroil xalqi Egamizdan yuz oʻgirib, Baalga va Ashtaretning tasvirlariga sajda qilayotgan edi. 14 Bundan gʻazablangan Egamiz ularni bosqinchilar qoʻliga berib, talon–taroj qildirdi va yon–atrofdagi gʻanimlarga taslim qildi. Bundan buyon Isroil xalqi dushmanlariga qarshilik koʻrsata olmas edi. 15 Isroil xalqi qayerda jang qilmasin, Egamiz ogohlantirganidek, ularning boshlariga falokat keltirish uchun har safar ularga qarshi Oʻzi chiqar edi. Isroil xalqi ogʻir ahvolda qolgan edi.
16 Egamiz ularni bosqinchilar qoʻlidan ozod qilish uchun hakamlarni yubordi. 17 Lekin ular hatto hakamlariga quloq solmadilar. Egamizga bevafolik qilib, boshqa xudolarga sajda qilaverdilar. Ular Egamizning amrlariga itoat qilgan ota–bobolariga oʻxshamay, tez orada ajdodlari yurgan haq yoʻldan ozdilar. 18 Egamiz ularga hakam yuborar ekan, har bir hakam bilan Oʻzi boʻlar edi, oʻsha hakam davrida xalqini dushmanlardan xalos qilardi. Chunki zolim va zoʻravonlarning dastidan noligan xalqqa Egamizning rahmi kelar edi. 19 Ammo hakam olamdan koʻz yumgach, ular yana eski qilmishlariga qaytishar edi. Ota–bobolaridan ham battar gunohlar qilib, boshqa xudolarga sajda qilishar, ularga sigʻinishar edi. Bu odatlarining birontasini ham qoldirmay, qilmishlarini oʻjarlik bilan davom ettirishar edi. 20 Isroil xalqidan qattiq gʻazablangan Egamiz shunday dedi: “Bu odamlar gapimga kirmay, Men ota–bobolari bilan tuzgan ahdimni buzdilar! 21 Shuning uchun Men ularning oralarida Yoshuaning oʻlimidan keyin qolib ketgan begona xalqlarning birontasini ham ularning huzuridan haydab chiqarmayman.” 22 Isroil xalqi ota–bobolari singari Egamizning yoʻlidan yurish–yurmasligini koʻrish uchun, 23 Egamiz bu xalqlarni Yoshuaga taslim qilmagan edi. Ularning hammasini birdaniga haydab chiqarmay, yurtda qolishlariga ijozat bergan edi.
2–БОБ
Эгамизнинг фариштаси Бохимда
1 Эгамизнинг фариштаси Гилгалдан Бохимга келиб шундай деди:
— Мен сизларни Мисрдан олиб чиқдим. Онт ичиб, ота–боболарингизга бераман деган юртга сизларни олиб кирдим. Мен: “Сизлар билан тузган аҳдимни ҳеч қачон бузмайман”, деган эдим. 2 Сизларга: “Бу юрт халқлари билан аҳдлашманглар, уларнинг қурбонгоҳларини вайрон қилинглар”, деб айтмаганмидим?! Лекин сизлар амримга итоат қилмай, тескарисини қилдингизлар. 3 Бундай қилганингиз учун юртингизда яшаб юрган бу халқларни Мен энди ҳайдаб чиқармайман. Улар сизларга душман бўлиб , уларнинг худолари сизларга тузоқ бўлади.
4 Эгамизнинг фариштаси бу сўзларни айтгач, бутун Исроил халқи фарёд кўтарди. 5 Шундай қилиб, улар ўша ерни Бохим деб атадилар ва Эгамизга қурбонликлар келтирдилар.
Ёшуа вафот этади
6 Ёшуа Исроил халқини тарқатиб юборгандан сўнг, ҳар бир одам ўзига тушган ерни мулк қилиб олиш учун йўлга тушганди. 7 Ёшуа даврида халқ Эгамизга хизмат қилар эди. Улар Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Эгамиз Исроил учун қилган буюк ишларини кўрган оқсоқоллар даврида ҳам Эгамизга итоат қилишар эди. 8 Эгамизнинг қули Нун ўғли Ёшуа 110 ёшида оламдан ўтди. 9 Уни Гаш тоғининг шимолида жойлашган Эфрайим қирларидаги Тимнат–Серахда , ўзи улуш қилиб олган ерда дафн қилишди. 10 Бутун кекса авлод ҳам оламдан ўтди. Исроил халқининг ёш авлоди эса Эгамизни тан олмади, Унинг Исроил халқи учун қилган буюк ишларини билмади.
Исроил халқи Эгамизга сажда қилмай қўяди
11 Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилди, улар Баал деган худонинг тасвирларига сиғина бошлашди. 12 Эгамиз уларни Мисрдан олиб чиққан бўлса–да, улар ота–боболарининг Худосидан юз ўгиришди. Бошқа худоларга — ён–атрофда яшовчи халқларнинг худоларига эргашишди. Уларга сажда қилиб, Эгамизнинг қаҳрини келтиришди. 13 Исроил халқи Эгамиздан юз ўгириб, Баалга ва Аштаретнинг тасвирларига сажда қилаётган эди. 14 Бундан ғазабланган Эгамиз уларни босқинчилар қўлига бериб, талон–тарож қилдирди ва ён–атрофдаги ғанимларга таслим қилди. Бундан буён Исроил халқи душманларига қаршилик кўрсата олмас эди. 15 Исроил халқи қаерда жанг қилмасин, Эгамиз огоҳлантирганидек, уларнинг бошларига фалокат келтириш учун ҳар сафар уларга қарши Ўзи чиқар эди. Исроил халқи оғир аҳволда қолган эди.
16 Эгамиз уларни босқинчилар қўлидан озод қилиш учун ҳакамларни юборди. 17 Лекин улар ҳатто ҳакамларига қулоқ солмадилар. Эгамизга бевафолик қилиб, бошқа худоларга сажда қилавердилар. Улар Эгамизнинг амрларига итоат қилган ота–боболарига ўхшамай, тез орада аждодлари юрган ҳақ йўлдан оздилар. 18 Эгамиз уларга ҳакам юборар экан, ҳар бир ҳакам билан Ўзи бўлар эди, ўша ҳакам даврида халқини душманлардан халос қиларди. Чунки золим ва зўравонларнинг дастидан нолиган халққа Эгамизнинг раҳми келар эди. 19 Аммо ҳакам оламдан кўз юмгач, улар яна эски қилмишларига қайтишар эди. Ота–боболаридан ҳам баттар гуноҳлар қилиб, бошқа худоларга сажда қилишар, уларга сиғинишар эди. Бу одатларининг биронтасини ҳам қолдирмай, қилмишларини ўжарлик билан давом эттиришар эди. 20 Исроил халқидан қаттиқ ғазабланган Эгамиз шундай деди: “Бу одамлар гапимга кирмай, Мен ота–боболари билан тузган аҳдимни буздилар! 21 Шунинг учун Мен уларнинг ораларида Ёшуанинг ўлимидан кейин қолиб кетган бегона халқларнинг биронтасини ҳам уларнинг ҳузуридан ҳайдаб чиқармайман.” 22 Исроил халқи ота–боболари сингари Эгамизнинг йўлидан юриш–юрмаслигини кўриш учун, 23 Эгамиз бу халқларни Ёшуага таслим қилмаган эди. Уларнинг ҳаммасини бирданига ҳайдаб чиқармай, юртда қолишларига ижозат берган эди.