1–BOB
Duoyi salom
1 Iso Masihning qullari Pavlus va Timoʻtiydan Filippi shahridagi Iso Masihning barcha azizlariga hamda jamoat yetakchilari va xizmatchilariga salom! 2 Otamiz Xudo va Rabbimiz Iso Masih sizlarga inoyat va tinchlik ato qilsin.
Pavlusning Filippilik imonlilar uchun shukronasi va ibodati
3 Har safar sizlar haqingizda oʻylaganimda Xudoyimga shukurlar aytaman. 4 Hammangiz uchun ibodat qilganimda, har doim shodlik bilan ibodat qilaman, 5 chunki sizlar Xushxabarga ishonganingizdan boshlab, to hozirga qadar oʻsha Xushxabarni yoyishda men bilan birga ishtirok etib kelmoqdasizlar. 6 Xudo sizlarning hayotingizda boshlagan ezgu ishini Iso Masih keladigan kungacha bitirishiga aminman. 7 Sizlarni yaxshi koʻrganim uchun hammangiz haqingizda shunday fikr qilishim oʻrinlidir. Axir, qamoqdaligimda ham, Xushxabar haqiqat ekanligini himoya qilish va taʼkidlashimda ham Xudo bergan inoyatda sizlar menga sheriksizlar. 8 Mana, Xudo shohid: men sizlarni rosa sogʻinganman, chunki sizlarni Iso Masihnikiday boʻlgan mehr–muhabbat bilan yaxshi koʻraman.
9 Sizlarning muhabbatingiz yanada oshib, bilim va aql–idrok bilan boyisin, deb ibodat qilyapman, 10 chunki men sizlarning aʼlo narsalarni tanlashingizni, Masih keladigan kunda pok va aybsiz boʻlishingizni istayman. 11 Toki sizlarning hayotingiz Iso Masih kuchi orqali solihlik samarasiga toʻlib, Xudoga sharaf va maqtov keltirsin.
Xushxabar yoyilayotganidan Pavlus xursand
12 Ey birodarlar, shuni bilishingizni istaymanki, boshimga tushganlarning hammasi Xushxabarning yanada koʻproq yoyilishiga turtki boʻldi. 13 Masih tufayli qamalganim butun saroy qoʻriqchilariga va bu yerdagilarning hammasiga maʼlum boʻldi. 14 Mening qamoqdagi vaziyatim koʻp birodarlarning Rabbimiz Isoga boʻlgan ishonchini oshirdi, shuning uchun ular qoʻrqmasdan, katta jasorat bilan Masih haqidagi xabarni targʻib qilmoqdalar.
15 Toʻgʻri, Masih haqidagi Xushxabarni baʼzilar baxillik va hasadgoʻylik bilan, baʼzilar esa yaxshi niyat bilan targʻib qilyaptilar. 16 Yaxshi niyat bilan targʻib qilayotganlar meni yaxshi koʻrganlari uchun va men Xushxabarni himoya qilishga tayinlanganimni bilib shunday qilyaptilar. 17 Qolganlar esa Xushxabarni raqobat ruhi bilan targʻib qilyaptilar. Ular pok niyatda emas, balki mening qamoqda tortayotgan azoblarim koʻpaysin deb, shunday qilyaptilar . 18 Ammo nima farqi bor? Yomon niyatdami, yaxshi niyatdami, muhimi, Masih haqidagi Xushxabar targʻib qilinmoqda. Mana shu meni xursand qiladi.
Pavlus Masihni ulugʻlashni istaydi
Men xursand boʻlishda davom etaveraman, 19 chunki bilaman, sizlarning ibodatlaringiz orqali va Iso Masih Ruhining yordami bilan mana shularning hammasi mening ozod boʻlishimga olib keladi. 20 Ishonch bilan umid qilaman: isnodga qolmayman, aksincha, jasorat koʻrsataman. Ha, umidim shuki, hozir ham oldingiday, oʻlsam ham, yashasam ham mening tanam orqali Masih ulugʻlanadi. 21 Zotan, men uchun hayot Masihdir, oʻlim esa yutuqdir. 22 Axir, tirik qoladigan boʻlsam, samarali ishlar qilaveraman, shunday ekan, nimani tanlashni ham bilmayman. 23 Ikki yoʻlning qay birini tanlashni bilmay, boshim qotib qoldi. Mening istagim bu dunyodan ketib, Masih bilan birga boʻlishdir. Shunday boʻlsa juda yaxshi boʻlardi. 24 Ammo tirik qolishim sizlar uchun zarurroqdir. 25 Bunga ishonchim komil, shuning uchun tirik qolishimni bilaman. Sizlarning imoningiz mustahkamlanib, quvonchingiz oshib boraverishi uchun men sizlar bilan birga qolaman. 26 Shunday qilib, men yana sizlarning oldingizga kelganimda, men tufayli Iso Masihdan yanada koʻproq faxrlanasiz.
Hayotni Masihga bagʻishlab yashash
27 Nima boʻlishidan qatʼi nazar, Masih Xushxabariga loyiq tarzda hayot kechirishingiz kerak. Shunday yashanglarki, men sizlarni koʻrishga borganimda, Xushxabarning samarasi boʻlgan imon uchun yakdillik bilan kurashib, bir ruhda mustahkam turganingizni koʻray! Ammo sizlarni koʻrishga borolmasam, shunday xabar eshitay. 28 Sizlarga qarshilik koʻrsatayotganlardan hech hayiqmanglar. Sizlarning qatʼiyatingiz ularning halok boʻlishidan, sizlarning esa najot topishingizdan dalolat beradi. Bu Xudoning ishidir. 29 Zotan, Xudo sizlarga nafaqat Masihga ishonish, balki Uning uchun azob–uqubat tortish sharafini ato qilgan. 30 Axir, sizlar azob–uqubatlarimni koʻrdingiz, hozir ham aziyat chekayotganim haqida eshityapsiz. Endi mana shu kurashda sizlar mening sheriklarimsiz.
1–БОБ
Дуойи салом
1 Исо Масиҳнинг қуллари Павлус ва Тимўтийдан Филиппи шаҳридаги Исо Масиҳнинг барча азизларига ҳамда жамоат етакчилари ва хизматчиларига салом! 2 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.
Павлуснинг Филиппилик имонлилар учун шукронаси ва ибодати
3 Ҳар сафар сизлар ҳақингизда ўйлаганимда Худойимга шукурлар айтаман. 4 Ҳаммангиз учун ибодат қилганимда, ҳар доим шодлик билан ибодат қиламан, 5 чунки сизлар Хушхабарга ишонганингиздан бошлаб, то ҳозирга қадар ўша Хушхабарни ёйишда мен билан бирга иштирок этиб келмоқдасизлар. 6 Худо сизларнинг ҳаётингизда бошлаган эзгу ишини Исо Масиҳ келадиган кунгача битиришига аминман. 7 Сизларни яхши кўрганим учун ҳаммангиз ҳақингизда шундай фикр қилишим ўринлидир. Ахир, қамоқдалигимда ҳам, Хушхабар ҳақиқат эканлигини ҳимоя қилиш ва таъкидлашимда ҳам Худо берган иноятда сизлар менга шериксизлар. 8 Мана, Худо шоҳид: мен сизларни роса соғинганман, чунки сизларни Исо Масиҳникидай бўлган меҳр–муҳаббат билан яхши кўраман.
9 Сизларнинг муҳаббатингиз янада ошиб, билим ва ақл–идрок билан бойисин, деб ибодат қиляпман, 10 чунки мен сизларнинг аъло нарсаларни танлашингизни, Масиҳ келадиган кунда пок ва айбсиз бўлишингизни истайман. 11 Токи сизларнинг ҳаётингиз Исо Масиҳ кучи орқали солиҳлик самарасига тўлиб, Худога шараф ва мақтов келтирсин.
Хушхабар ёйилаётганидан Павлус хурсанд
12 Эй биродарлар, шуни билишингизни истайманки, бошимга тушганларнинг ҳаммаси Хушхабарнинг янада кўпроқ ёйилишига туртки бўлди. 13 Масиҳ туфайли қамалганим бутун сарой қўриқчиларига ва бу ердагиларнинг ҳаммасига маълум бўлди. 14 Менинг қамоқдаги вазиятим кўп биродарларнинг Раббимиз Исога бўлган ишончини оширди, шунинг учун улар қўрқмасдан, катта жасорат билан Масиҳ ҳақидаги хабарни тарғиб қилмоқдалар.
15 Тўғри, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни баъзилар бахиллик ва ҳасадгўйлик билан, баъзилар эса яхши ният билан тарғиб қиляптилар. 16 Яхши ният билан тарғиб қилаётганлар мени яхши кўрганлари учун ва мен Хушхабарни ҳимоя қилишга тайинланганимни билиб шундай қиляптилар. 17 Қолганлар эса Хушхабарни рақобат руҳи билан тарғиб қиляптилар. Улар пок ниятда эмас, балки менинг қамоқда тортаётган азобларим кўпайсин деб, шундай қиляптилар . 18 Аммо нима фарқи бор? Ёмон ниятдами, яхши ниятдами, муҳими, Масиҳ ҳақидаги Хушхабар тарғиб қилинмоқда. Мана шу мени хурсанд қилади.
Павлус Масиҳни улуғлашни истайди
Мен хурсанд бўлишда давом этавераман, 19 чунки биламан, сизларнинг ибодатларингиз орқали ва Исо Масиҳ Руҳининг ёрдами билан мана шуларнинг ҳаммаси менинг озод бўлишимга олиб келади. 20 Ишонч билан умид қиламан: иснодга қолмайман, аксинча, жасорат кўрсатаман. Ҳа, умидим шуки, ҳозир ҳам олдингидай, ўлсам ҳам, яшасам ҳам менинг танам орқали Масиҳ улуғланади. 21 Зотан, мен учун ҳаёт Масиҳдир, ўлим эса ютуқдир. 22 Ахир, тирик қоладиган бўлсам, самарали ишлар қилавераман, шундай экан, нимани танлашни ҳам билмайман. 23 Икки йўлнинг қай бирини танлашни билмай, бошим қотиб қолди. Менинг истагим бу дунёдан кетиб, Масиҳ билан бирга бўлишдир. Шундай бўлса жуда яхши бўларди. 24 Аммо тирик қолишим сизлар учун зарурроқдир. 25 Бунга ишончим комил, шунинг учун тирик қолишимни биламан. Сизларнинг имонингиз мустаҳкамланиб, қувончингиз ошиб боравериши учун мен сизлар билан бирга қоламан. 26 Шундай қилиб, мен яна сизларнинг олдингизга келганимда, мен туфайли Исо Масиҳдан янада кўпроқ фахрланасиз.
Ҳаётни Масиҳга бағишлаб яшаш
27 Нима бўлишидан қатъи назар, Масиҳ Хушхабарига лойиқ тарзда ҳаёт кечиришингиз керак. Шундай яшангларки, мен сизларни кўришга борганимда, Хушхабарнинг самараси бўлган имон учун якдиллик билан курашиб, бир руҳда мустаҳкам турганингизни кўрай! Аммо сизларни кўришга боролмасам, шундай хабар эшитай. 28 Сизларга қаршилик кўрсатаётганлардан ҳеч ҳайиқманглар. Сизларнинг қатъиятингиз уларнинг ҳалок бўлишидан, сизларнинг эса нажот топишингиздан далолат беради. Бу Худонинг ишидир. 29 Зотан, Худо сизларга нафақат Масиҳга ишониш, балки Унинг учун азоб–уқубат тортиш шарафини ато қилган. 30 Ахир, сизлар азоб–уқубатларимни кўрдингиз, ҳозир ҳам азият чекаётганим ҳақида эшитяпсиз. Энди мана шу курашда сизлар менинг шерикларимсиз.