11–BOB
Oxirzamonning ikki shohidi
1 Menga oʻlchash uchun bir qamish berildi, soʻng shunday deb aytildi: “Bor, Xudoning Maʼbadini va qurbongohni oʻlchab chiq. U yerda sajda qiluvchilarni sanagin. 2 Maʼbadning tashqi hovlisini esa qoldir, uni oʻlchama. Chunki u yer butparastlarga berilgan. Ular muqaddas shaharni 42 oy oyoq osti qiladilar. 3 Men ikki shohidimga qudrat beraman. Ular egnilariga qanor kiyib , 1260 kun davomida vaʼz qiladilar.
4 Bu ikki shohid — butun dunyo Egasining huzurida turgan ikkita zaytun daraxti va ikkita chiroqpoyadir. 5 Bordi–yu, birontasi ularga ozor yetkazmoqchi boʻlsa, ularning ogʻzidan olov chiqib, oʻsha dushmanni yeb bitiradi. Ularga ozor berishni istaganlar shu yoʻsinda halok boʻladi. 6 Bu ikki shohid vaʼz qiladigan kunlarda yomgʻir yogʻmasligi uchun Xudo ularga osmonni berkitish qudratini bergan. Ularga yana suvni qonga aylantirish va yer yuzini istagan vaqtlarida turli baloyu ofatlarga yoʻliqtirish qudrati berildi.
7 Ular shahodat berib boʻlganlaridan keyin, tubsiz chuqurlikdan chiqqan bir maxluq ular bilan jang qiladi, ularni yengib, oʻldiradi. 8 Ularning jasadlari buyuk shaharning koʻchasida yotadi. Shohidlarning Rabbiysi Iso ham oʻsha shaharda xochga mixlangan edi. Oʻsha shaharning ramziy nomi Sadoʻm va Misrdir . 9 Barcha elu qabilalar, millatu xalqlardan boʻlgan odamlar uch yarim kun davomida ularning jasadlarini tomosha qiladilar. Ularni dafn etishga ruxsat berishmaydi. 10 Yer yuzida yashayotganlar shohidlarning oʻlimidan sevinib xursandchilik qilishadi. Bir–birlariga hadyalar yuborishadi. Chunki bu ikkala paygʻambar yer yuzida yashovchilarga koʻp azob bergan edi.”
11 Ammo uch yarim kundan keyin ikkala paygʻambarning vujudiga Xudoning hayot nafasi kirdi. Shunda ular oyoqqa turdilar. Ularni koʻrganlarning hammasini qattiq vahima bosdi. 12 Ikki paygʻambar samodan kelgan baland bir ovozning: “Bu yoqqa chiqinglar!” — deganini eshitishdi, shunda ular dushmanlarining koʻz oʻngida bulut ichida samoga koʻtarilishdi. 13 Oʻsha zahoti shiddatli zilzila yuz berdi. Shaharning oʻndan bir qismi quladi. Zilzilada yetti ming kishi nobud boʻldi. Qolganlari esa vahimaga tushib, Samoviy Xudoni ulugʻlashdi.
14 Ikkinchi halokat oʻtdi. Mana, uchinchi halokat tez yaqinlashyapti.
Yettinchi karnay: samodagi hamdu sano
15 Yettinchi farishta karnayini chaldi. Samoda baland ovozlar yangradi. Ular shunday deb aytayotgan edilar:
“Endi bu dunyo hukmronligi
Egamizga va Uning Masihiga tegishlidir.
Ular abadulabad hukmronlik qilishadi.”
16 Shunda Xudoning huzuridagi oʻz taxtlarida oʻtirgan yigirma toʻrt nafar oqsoqol yuz tuban yerga muk tushdilar. Ular Xudoga sajda qilib dedilar:
17 “Yo Qodir Xudo — Egamiz!
Sen bor boʻlgansan, hozir ham borsan .
Biz Senga tashakkurlar aytamiz.
Axir, Sen buyuk qudratingni namoyon etding,
Hukmronlik qila boshlading.
18 Xalqlar Sendan gʻazablangandi,
Endi Sen ham gʻazabga minding.
Endi vaqti keldi oʻliklarni hukm qilishga,
Paygʻambar qullaringni, azizlaringni mukofotlashga,
Sendan qoʻrqqan kattayu kichikni taqdirlashga.
Yerni vayron qilganlarni vaqti keldi xonavayron qilishga!”
19 Soʻng Xudoning samodagi Maʼbadi ochildi. Maʼbadda Xudoning Ahd sandigʻi koʻrindi . Oʻshanda chaqmoq chaqib, momaqaldiroqning gulduros sadolari yangradi, zilzila boshlandi, shiddatli doʻl yogʻdi.
11–БОБ
Охирзамоннинг икки шоҳиди
1 Менга ўлчаш учун бир қамиш берилди, сўнг шундай деб айтилди: “Бор, Худонинг Маъбадини ва қурбонгоҳни ўлчаб чиқ. У ерда сажда қилувчиларни санагин. 2 Маъбаднинг ташқи ҳовлисини эса қолдир, уни ўлчама. Чунки у ер бутпарастларга берилган. Улар муқаддас шаҳарни 42 ой оёқ ости қиладилар. 3 Мен икки шоҳидимга қудрат бераман. Улар эгниларига қанор кийиб , 1260 кун давомида ваъз қиладилар.
4 Бу икки шоҳид — бутун дунё Эгасининг ҳузурида турган иккита зайтун дарахти ва иккита чироқпоядир. 5 Борди–ю, биронтаси уларга озор етказмоқчи бўлса, уларнинг оғзидан олов чиқиб, ўша душманни еб битиради. Уларга озор беришни истаганлар шу йўсинда ҳалок бўлади. 6 Бу икки шоҳид ваъз қиладиган кунларда ёмғир ёғмаслиги учун Худо уларга осмонни беркитиш қудратини берган. Уларга яна сувни қонга айлантириш ва ер юзини истаган вақтларида турли балою офатларга йўлиқтириш қудрати берилди.
7 Улар шаҳодат бериб бўлганларидан кейин, тубсиз чуқурликдан чиққан бир махлуқ улар билан жанг қилади, уларни енгиб, ўлдиради. 8 Уларнинг жасадлари буюк шаҳарнинг кўчасида ётади. Шоҳидларнинг Раббийси Исо ҳам ўша шаҳарда хочга михланган эди. Ўша шаҳарнинг рамзий номи Садўм ва Мисрдир . 9 Барча элу қабилалар, миллату халқлардан бўлган одамлар уч ярим кун давомида уларнинг жасадларини томоша қиладилар. Уларни дафн этишга рухсат беришмайди. 10 Ер юзида яшаётганлар шоҳидларнинг ўлимидан севиниб хурсандчилик қилишади. Бир–бирларига ҳадялар юборишади. Чунки бу иккала пайғамбар ер юзида яшовчиларга кўп азоб берган эди.”
11 Аммо уч ярим кундан кейин иккала пайғамбарнинг вужудига Худонинг ҳаёт нафаси кирди. Шунда улар оёққа турдилар. Уларни кўрганларнинг ҳаммасини қаттиқ ваҳима босди. 12 Икки пайғамбар самодан келган баланд бир овознинг: “Бу ёққа чиқинглар!” — деганини эшитишди, шунда улар душманларининг кўз ўнгида булут ичида самога кўтарилишди. 13 Ўша заҳоти шиддатли зилзила юз берди. Шаҳарнинг ўндан бир қисми қулади. Зилзилада етти минг киши нобуд бўлди. Қолганлари эса ваҳимага тушиб, Самовий Худони улуғлашди.
14 Иккинчи ҳалокат ўтди. Мана, учинчи ҳалокат тез яқинлашяпти.
Еттинчи карнай: самодаги ҳамду сано
15 Еттинчи фаришта карнайини чалди. Самода баланд овозлар янгради. Улар шундай деб айтаётган эдилар:
“Энди бу дунё ҳукмронлиги
Эгамизга ва Унинг Масиҳига тегишлидир.
Улар абадулабад ҳукмронлик қилишади.”
16 Шунда Худонинг ҳузуридаги ўз тахтларида ўтирган йигирма тўрт нафар оқсоқол юз тубан ерга мук тушдилар. Улар Худога сажда қилиб дедилар:
17 “Ё Қодир Худо — Эгамиз!
Сен бор бўлгансан, ҳозир ҳам борсан .
Биз Сенга ташаккурлар айтамиз.
Ахир, Сен буюк қудратингни намоён этдинг,
Ҳукмронлик қила бошладинг.
18 Халқлар Сендан ғазабланганди,
Энди Сен ҳам ғазабга миндинг.
Энди вақти келди ўликларни ҳукм қилишга,
Пайғамбар қулларингни, азизларингни мукофотлашга,
Сендан қўрққан каттаю кичикни тақдирлашга.
Ерни вайрон қилганларни вақти келди хонавайрон қилишга!”
19 Сўнг Худонинг самодаги Маъбади очилди. Маъбадда Худонинг Аҳд сандиғи кўринди . Ўшанда чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдурос садолари янгради, зилзила бошланди, шиддатли дўл ёғди.