13–BOB
Iso Oʻz shogirdlarining oyoqlarini yuvadi
1 Fisih bayramiga oz qolgan edi. Iso bu dunyoni tark etib, osmondagi Otasi oldiga boradigan vaqt–soati kelganini bilar edi. U dunyodagi Oʻzinikilarni yaxshi koʻrar edi, ularni oxirigacha yaxshi koʻrdi.
2 Kechki ovqat payti edi. Shimoʻn oʻgʻli Yahudo Ishqariyotning diliga iblis allaqachon Isoga xiyonat qilish niyatini solgan edi. 3 Iso esa Otasi hamma narsani Uning qoʻliga berganini bilar edi, U Xudodan kelib, yana Xudoning oldiga qaytayotganini ham bilar edi.
4 Shunday qilib, Iso dasturxondan turib, ustki kiyimini yechib tashladi. Sochiqni olib beliga bogʻladi. 5 Keyin togʻoraga suv quyib, shogirdlarining oyoqlarini yuvishga tushdi. Beliga bogʻlagan sochiq bilan ularning oyoqlarini artib quritdi.
6 Iso Butrusning oldiga keldi.
— Hazrat, nahot oyoqlarimni Siz yuvsangiz?! — dedi Butrus.
7 — Hozir nima qilayotganimni sen bilmaysan, keyin tushunib olasan, — dedi Iso unga javoban.
8 — Mening oyoqlarimni ikki dunyoda ham yuvmaysiz! — dedi Butrus.
— Agar oyoqlaringni yuvmasam, Menga qarashli boʻlmaysan, — dedi Iso. 9 Shunda Butrus dedi:
— Hazrat, nafaqat oyoqlarimni, qoʻllarim bilan boshimni ham yuvib qoʻying!
10 Iso unga dedi:
— Choʻmilgan odam faqat oyogʻini yuvsa bas, u tamoman pokdir. Sizlar ham poksizlar, ammo hammangiz emas.
11 Iso Oʻziga xoinlik qiladigan odamni bilar edi, shuning uchun: “Hammangiz ham pok emassizlar”, dedi.
12 Shogirdlarining oyoqlarini yuvib boʻlgach, Iso ustki kiyimini kiyib, yana dasturxon oldiga yonboshladi. Soʻng shogirdlaridan soʻradi:
— Hozir nima qilganimni tushundingizlarmi? 13 Sizlar Meni “Ustoz”, “Hazrat” deb chaqirasizlar va toʻgʻri qilasizlar, chunki Men xuddi shundayman. 14 Agar Men Hazratingiz va Ustozingiz boʻla turib oyoqlaringizni yuvgan boʻlsam, sizlar ham bir–biringizning oyoqlaringizni yuvishingiz shart. 15 Men sizlarga nima qilgan boʻlsam, sizlar ham oʻshani qilishingiz kerak. Men sizlarga oʻrnak koʻrsatdim. 16 Sizlarga chinini aytayin: qul oʻz xoʻjayinidan ustun emas, elchi ham uni yuborgandan ustun emas. 17 Agar gapimni uqqan boʻlsangiz, bunga amal qilinglar, shunda baxtli boʻlasizlar!
Yahudoning Isoga xiyonati haqida karomat
18 Iso gapida davom etdi:
— Mening gaplarim hammangizga tegishli emas. Men kimlarni tanlaganimni bilaman. Muqaddas bitiklarda: “Nonimni yegan kishi Menga qarshi bosh koʻtardi” , deb aytilgan. Bu soʻzlar bajo boʻlishi kerak. 19 Men buni sizlarga hozirdan, yuz bermasdan oldin, aytib qoʻyyapman. Toki yuz berganda, Masih Men ekanligimga ishoninglar. 20 Sizlarga chinini aytayin: kim Men yuborgan odamni qabul qilsa, Meni qabul qilgan boʻladi. Meni qabul qilgan esa Meni Yuborganni qabul qilgan boʻladi.
21 Iso qattiq iztirob chekib, dedi:
— Sizlarga chinini aytayin, orangizdan bittasi Menga xiyonat qiladi.
22 Shogirdlari esa U kimni nazarda tutayotganini bilmay, gangib bir–biriga qarab turar edilar. 23 Shogirdlaridan biri Isoning yonida yonboshlagan edi. U Isoning sevikli shogirdi edi. 24 Butrus oʻsha shogirdga: “Iso kim haqida gapiryapti, soʻra–chi”, deb imo–ishora qildi. 25 Shunda u engashib, Isodan:
— Hazrat, u kim? — deb soʻradi. 26 Iso javob berdi:
— Men bir burda nonni kosaga botirib kimga bersam, u oʻshadir, — dedi. Soʻng burda nonni botirib, Shimoʻn oʻgʻli Yahudo Ishqariyotga berdi. 27 Yahudo burdani olar–olmas, shayton uning ichiga kirib oldi.
— Qiladiganingni tezroq qil, — dedi unga Iso.
28 Dasturxon atrofidagilardan hech kim nima uchun Iso bu soʻzlarni Yahudoga aytganini tushunmadi. 29 Pul qutisi Yahudoda boʻlgani sababli, baʼzilari: “Iso unga, bayram uchun bizga kerak boʻladigan narsalarni sotib ol, deyapti yoki, kambagʻallarga bir nima ber, deyapti”, deb oʻylardilar. 30 Yahudo esa oʻsha burda nonni olgan zahoti tashqariga chiqib ketdi. Tun edi.
Bir–biringizni sevinglar
31 Yahudo chiqib ketgach, Iso dedi:
— Inson Oʻgʻlining ulugʻvorligi ayon boʻladigan vaqti keldi. U orqali Xudoning ulugʻvorligi ayon boʻladi. 32 Xudoning ulugʻvorligi Inson Oʻgʻli orqali ayon boʻlar ekan, tez orada Xudo Inson Oʻgʻlini Oʻz ulugʻvorligiga sherik qiladi. 33 Bolalarim! Endi Men sizlar bilan uzoq boʻlmayman. Meni qidirasizlar. Yahudiylarga aytgan edim, sizlarga ham aytyapman: Men boradigan joyga sizlar borolmaysizlar. 34 Sizlarga yangi amr beryapman: bir–biringizni sevinglar. Men sizlarni qanday sevgan boʻlsam, sizlar ham bir–biringizni shunday sevinglar. 35 Agar bir–biringizni sevsangiz, sizlar Mening shogirdlarim ekaningizni hamma shundan bilib oladi.
Butrusning Isodan tonishi haqida karomat
36 Butrus Isoga dedi:
— Hazrat, Siz qayerga ketyapsiz?
— Hozir Men boradigan joyga sen orqamdan borolmaysan, keyinchalik borasan, — dedi unga Iso.
37 Butrus soʻradi:
— Hazrat, nega hozir orqangizdan borolmas ekanman? Men Siz uchun jonimni berishga tayyorman!
38 Iso javob berdi:
— Sen rostdan ham Men uchun joningni berishga tayyormisan?! Senga chinini aytaman, xoʻroz qichqirmasdanoq, sen uch marta Mendan tonasan!
13–БОБ
Исо Ўз шогирдларининг оёқларини ювади
1 Фисиҳ байрамига оз қолган эди. Исо бу дунёни тарк этиб, осмондаги Отаси олдига борадиган вақт–соати келганини билар эди. У дунёдаги Ўзиникиларни яхши кўрар эди, уларни охиригача яхши кўрди.
2 Кечки овқат пайти эди. Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётнинг дилига иблис аллақачон Исога хиёнат қилиш ниятини солган эди. 3 Исо эса Отаси ҳамма нарсани Унинг қўлига берганини билар эди, У Худодан келиб, яна Худонинг олдига қайтаётганини ҳам билар эди.
4 Шундай қилиб, Исо дастурхондан туриб, устки кийимини ечиб ташлади. Сочиқни олиб белига боғлади. 5 Кейин тоғорага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини ювишга тушди. Белига боғлаган сочиқ билан уларнинг оёқларини артиб қуритди.
6 Исо Бутруснинг олдига келди.
— Ҳазрат, наҳот оёқларимни Сиз ювсангиз?! — деди Бутрус.
7 — Ҳозир нима қилаётганимни сен билмайсан, кейин тушуниб оласан, — деди Исо унга жавобан.
8 — Менинг оёқларимни икки дунёда ҳам ювмайсиз! — деди Бутрус.
— Агар оёқларингни ювмасам, Менга қарашли бўлмайсан, — деди Исо. 9 Шунда Бутрус деди:
— Ҳазрат, нафақат оёқларимни, қўлларим билан бошимни ҳам ювиб қўйинг!
10 Исо унга деди:
— Чўмилган одам фақат оёғини ювса бас, у тамоман покдир. Сизлар ҳам поксизлар, аммо ҳаммангиз эмас.
11 Исо Ўзига хоинлик қиладиган одамни билар эди, шунинг учун: “Ҳаммангиз ҳам пок эмассизлар”, деди.
12 Шогирдларининг оёқларини ювиб бўлгач, Исо устки кийимини кийиб, яна дастурхон олдига ёнбошлади. Сўнг шогирдларидан сўради:
— Ҳозир нима қилганимни тушундингизларми? 13 Сизлар Мени “Устоз”, “Ҳазрат” деб чақирасизлар ва тўғри қиласизлар, чунки Мен худди шундайман. 14 Агар Мен Ҳазратингиз ва Устозингиз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизнинг оёқларингизни ювишингиз шарт. 15 Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам ўшани қилишингиз керак. Мен сизларга ўрнак кўрсатдим. 16 Сизларга чинини айтайин: қул ўз хўжайинидан устун эмас, элчи ҳам уни юборгандан устун эмас. 17 Агар гапимни уққан бўлсангиз, бунга амал қилинглар, шунда бахтли бўласизлар!
Яҳудонинг Исога хиёнати ҳақида каромат
18 Исо гапида давом этди:
— Менинг гапларим ҳаммангизга тегишли эмас. Мен кимларни танлаганимни биламан. Муқаддас битикларда: “Нонимни еган киши Менга қарши бош кўтарди” , деб айтилган. Бу сўзлар бажо бўлиши керак. 19 Мен буни сизларга ҳозирдан, юз бермасдан олдин, айтиб қўйяпман. Токи юз берганда, Масиҳ Мен эканлигимга ишонинглар. 20 Сизларга чинини айтайин: ким Мен юборган одамни қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади.
21 Исо қаттиқ изтироб чекиб, деди:
— Сизларга чинини айтайин, орангиздан биттаси Менга хиёнат қилади.
22 Шогирдлари эса У кимни назарда тутаётганини билмай, гангиб бир–бирига қараб турар эдилар. 23 Шогирдларидан бири Исонинг ёнида ёнбошлаган эди. У Исонинг севикли шогирди эди. 24 Бутрус ўша шогирдга: “Исо ким ҳақида гапиряпти, сўра–чи”, деб имо–ишора қилди. 25 Шунда у энгашиб, Исодан:
— Ҳазрат, у ким? — деб сўради. 26 Исо жавоб берди:
— Мен бир бурда нонни косага ботириб кимга берсам, у ўшадир, — деди. Сўнг бурда нонни ботириб, Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётга берди. 27 Яҳудо бурдани олар–олмас, шайтон унинг ичига кириб олди.
— Қиладиганингни тезроқ қил, — деди унга Исо.
28 Дастурхон атрофидагилардан ҳеч ким нима учун Исо бу сўзларни Яҳудога айтганини тушунмади. 29 Пул қутиси Яҳудода бўлгани сабабли, баъзилари: “Исо унга, байрам учун бизга керак бўладиган нарсаларни сотиб ол, деяпти ёки, камбағалларга бир нима бер, деяпти”, деб ўйлардилар. 30 Яҳудо эса ўша бурда нонни олган заҳоти ташқарига чиқиб кетди. Тун эди.
Бир–бирингизни севинглар
31 Яҳудо чиқиб кетгач, Исо деди:
— Инсон Ўғлининг улуғворлиги аён бўладиган вақти келди. У орқали Худонинг улуғворлиги аён бўлади. 32 Худонинг улуғворлиги Инсон Ўғли орқали аён бўлар экан, тез орада Худо Инсон Ўғлини Ўз улуғворлигига шерик қилади. 33 Болаларим! Энди Мен сизлар билан узоқ бўлмайман. Мени қидирасизлар. Яҳудийларга айтган эдим, сизларга ҳам айтяпман: Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар. 34 Сизларга янги амр беряпман: бир–бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизни шундай севинглар. 35 Агар бир–бирингизни севсангиз, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.
Бутруснинг Исодан тониши ҳақида каромат
36 Бутрус Исога деди:
— Ҳазрат, Сиз қаерга кетяпсиз?
— Ҳозир Мен борадиган жойга сен орқамдан боролмайсан, кейинчалик борасан, — деди унга Исо.
37 Бутрус сўради:
— Ҳазрат, нега ҳозир орқангиздан боролмас эканман? Мен Сиз учун жонимни беришга тайёрман!
38 Исо жавоб берди:
— Сен ростдан ҳам Мен учун жонингни беришга тайёрмисан?! Сенга чинини айтаман, хўроз қичқирмасданоқ, сен уч марта Мендан тонасан!