2–BOB
Isoning dastlabki moʻjizasi
1 Ikki kundan keyin Jaliladagi Kaʼna qishlogʻida nikoh toʻyi boʻldi. Isoning onasi oʻsha yerda edi. 2 Iso bilan shogirdlari ham toʻyga taklif qilingan edilar.
3 Sharob tugay deb qolganda, onasi Isoga:
— Ularda sharob qolmabdi, — dedi.
4 — Buning Menga nima daxli bor?! Mening vaqt–soatim hali kelgani yoʻq, — dedi Iso. 5 Shunda onasi xizmatkorlarga:
— U sizlarga nima desa, shuni qilinglar, — dedi.
6 Oʻsha yerda yahudiylarning poklanish marosimlarida ishlatiladigan oltita tosh xum bor edi. Har bir xum ichiga oʻn–oʻn ikki chelak suv sigʻardi.
7 Iso xizmatkorlarga:
— Xumlarni suvga toʻldiringlar, — dedi. Ular xumlarni limmo–lim qilib suvga toʻldirishdi. 8 Iso ularga:
— Endi xumdagi suvdan ozgina olib, toʻyboshiga olib boringlar, — dedi. Ular olib borishdi.
9 Toʻyboshi sharobga aylangan suvni tatib koʻrdi. Bu sharobning qayerdan kelganligini u bilmas edi, faqat olib kelgan xizmatkorlar bilishar edi. Toʻyboshi kuyovni chaqirtirib, 10 unga dedi:
— Dasturxonga avval yaxshi sharob tortiladi. Mehmonlar ichib toʻyganlaridan keyin, yomonrogʻi tortiladi. Sen esa yaxshi sharobni shu paytgacha saqlab kelibsan!
11 Bu Isoning qilgan birinchi moʻjizasi edi. Iso bu moʻjizali alomatni Jaliladagi Kaʼna qishlogʻida namoyish etib, Oʻzining ulugʻvorligini zohir qildi. Shogirdlari Unga ishondilar.
12 Shundan keyin Iso, onasi, ukalari va shogirdlari Kafarnahum shahriga bordilar va u yerda bir necha kun turdilar.
Iso savdogarlarni Maʼbaddan quvadi
13 Yahudiylarning Fisih bayrami yaqinlashib qolgani uchun Iso Quddus shahriga bordi. 14 Maʼbad hovlisiga kirganda, u yerda mol–qoʻy, kaptar sotayotganlarni va xontaxtalar yonida oʻtirgan sarroflarni koʻrdi. 15 Iso arqondan qamchi yasadi–da, Maʼbaddan hammani mol–qoʻylari bilan birga quvib chiqardi. Sarroflarning xontaxtalarini agʻdarib, pullarini sochib yubordi. 16 Kaptar sotuvchilarga:
— Bularni yoʻqotinglar bu yerdan! Otamning uyini bozor qilmanglar! — dedi. 17 Shunda Uning shogirdlari Muqaddas bitiklardagi: “Sening uyingga boʻlgan sevgim ichimni yondirar” degan soʻzlarni esladilar.
18 — Bunday qilishga nima haqing bor?! Bordi–yu, haqing boʻlsa, bironta alomat koʻrsatib, buni isbotla! — deb talab qila boshladi yahudiylar.
19 Iso shunday javob berdi:
— Mana bu Maʼbadni buzinglar, Men uch kun ichida uni tiklayman.
20 Bunga javoban yahudiylar dedilar:
— Bu Maʼbad qirq olti yildan beri qurilyapti , Sen esa uni uch kunda tiklamoqchimisan–a?!
21 Holbuki, Iso Maʼbad deb Oʻzining badanini nazarda tutgan edi. 22 Iso oʻlib tirilgandan keyin, shogirdlari Uning bu gapini esladilar. Shunda Muqaddas bitiklarga va Isoning soʻzlariga ishondilar.
23 Iso Quddusda Fisih bayramida boʻlganda, koʻp odamlar Uning qilayotgan moʻjizali alomatlarini koʻrib, Unga imon keltirdilar. 24 Ammo Iso odamlarning qanaqaligini bilgani uchun Oʻzini ularga ishonmas edi. 25 Inson haqida Unga biron gap aytishning hojati yoʻq edi. Chunki inson dilida nima borligini U bilar edi.
2–БОБ
Исонинг дастлабки мўъжизаси
1 Икки кундан кейин Жалиладаги Каъна қишлоғида никоҳ тўйи бўлди. Исонинг онаси ўша ерда эди. 2 Исо билан шогирдлари ҳам тўйга таклиф қилинган эдилар.
3 Шароб тугай деб қолганда, онаси Исога:
— Уларда шароб қолмабди, — деди.
4 — Бунинг Менга нима дахли бор?! Менинг вақт–соатим ҳали келгани йўқ, — деди Исо. 5 Шунда онаси хизматкорларга:
— У сизларга нима деса, шуни қилинглар, — деди.
6 Ўша ерда яҳудийларнинг покланиш маросимларида ишлатиладиган олтита тош хум бор эди. Ҳар бир хум ичига ўн–ўн икки челак сув сиғарди.
7 Исо хизматкорларга:
— Хумларни сувга тўлдиринглар, — деди. Улар хумларни лиммо–лим қилиб сувга тўлдиришди. 8 Исо уларга:
— Энди хумдаги сувдан озгина олиб, тўйбошига олиб боринглар, — деди. Улар олиб боришди.
9 Тўйбоши шаробга айланган сувни татиб кўрди. Бу шаробнинг қаердан келганлигини у билмас эди, фақат олиб келган хизматкорлар билишар эди. Тўйбоши куёвни чақиртириб, 10 унга деди:
— Дастурхонга аввал яхши шароб тортилади. Меҳмонлар ичиб тўйганларидан кейин, ёмонроғи тортилади. Сен эса яхши шаробни шу пайтгача сақлаб келибсан!
11 Бу Исонинг қилган биринчи мўъжизаси эди. Исо бу мўъжизали аломатни Жалиладаги Каъна қишлоғида намойиш этиб, Ўзининг улуғворлигини зоҳир қилди. Шогирдлари Унга ишондилар.
12 Шундан кейин Исо, онаси, укалари ва шогирдлари Кафарнаҳум шаҳрига бордилар ва у ерда бир неча кун турдилар.
Исо савдогарларни Маъбаддан қувади
13 Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашиб қолгани учун Исо Қуддус шаҳрига борди. 14 Маъбад ҳовлисига кирганда, у ерда мол–қўй, каптар сотаётганларни ва хонтахталар ёнида ўтирган саррофларни кўрди. 15 Исо арқондан қамчи ясади–да, Маъбаддан ҳаммани мол–қўйлари билан бирга қувиб чиқарди. Саррофларнинг хонтахталарини ағдариб, пулларини сочиб юборди. 16 Каптар сотувчиларга:
— Буларни йўқотинглар бу ердан! Отамнинг уйини бозор қилманглар! — деди. 17 Шунда Унинг шогирдлари Муқаддас битиклардаги: “Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар” деган сўзларни эсладилар.
18 — Бундай қилишга нима ҳақинг бор?! Борди–ю, ҳақинг бўлса, биронта аломат кўрсатиб, буни исботла! — деб талаб қила бошлади яҳудийлар.
19 Исо шундай жавоб берди:
— Мана бу Маъбадни бузинглар, Мен уч кун ичида уни тиклайман.
20 Бунга жавобан яҳудийлар дедилар:
— Бу Маъбад қирқ олти йилдан бери қуриляпти , Сен эса уни уч кунда тикламоқчимисан–а?!
21 Ҳолбуки, Исо Маъбад деб Ўзининг баданини назарда тутган эди. 22 Исо ўлиб тирилгандан кейин, шогирдлари Унинг бу гапини эсладилар. Шунда Муқаддас битикларга ва Исонинг сўзларига ишондилар.
23 Исо Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлганда, кўп одамлар Унинг қилаётган мўъжизали аломатларини кўриб, Унга имон келтирдилар. 24 Аммо Исо одамларнинг қанақалигини билгани учун Ўзини уларга ишонмас эди. 25 Инсон ҳақида Унга бирон гап айтишнинг ҳожати йўқ эди. Чунки инсон дилида нима борлигини У билар эди.