12–BOB
Yahudo shohi Yoʻsh
1 Isroil shohi Yohu hukmronligining yettinchi yilida Yoʻsh Yahudo shohi boʻlgan edi. U Quddusda qirq yil hukmronlik qildi. Onasi Bersheba shahridan boʻlib, ismi Zibiyox edi.
2 Yoʻsh umri boʻyi Egamiz oldida toʻgʻri ishlar qildi, chunki ruhoniy Yohayido unga yoʻl koʻrsatardi. 3 Lekin sajdagohlar hamon yoʻq qilinmagan, xalq hali ham oʻsha joylarda qurbonlik qilib, tutatqi tutatardi.
4 Yoʻsh ruhoniylarga farmon berdi:
— Egamizning uyiga ehson sifatida olib kelingan kumushni, doimiy soliqni, vaʼda qilingan nazrni va ixtiyoriy berilgan hadyalarni toʻplanglar. 5 Bu kumushlarni ruhoniylar olib keluvchilardan qabul qilib olib, Egamiz uyining buzilgan joylarini tuzatishga sarflashsin.
6 Yoʻsh hukmronligining yigirma uchinchi yilida ham ruhoniylar Egamiz uyining buzilgan joylarini hali tuzatmagan edilar. 7 Shundan keyin shoh Yoʻsh ruhoniy Yohayido bilan boshqa ruhoniylarni chaqirib:
— Nimaga Egamizning uyini tuzatmayapsizlar? — dedi ularga, — endi odamlardan kumush olmanglar. Olgan kumushlaringizni Egamizning uyini tuzatishga beringlar.
8 Ruhoniylar xalqdan oʻzlari pul yigʻmaslikka va Egamizning uyi taʼmirlanishini nazorat qilmaslikka rozi boʻlishdi. 9 Ruhoniy Yohayido bir quti olib, qopqogʻi ustidan teshik ochdi. Uni qurbongohning yoniga — odamlar Egamizning uyiga kiradigan joyning oʻng tomoniga joylashtirdi. Ostonada qorovul boʻlib turgan ruhoniylar Egamizning uyiga keltirilgan hamma kumushni qutiga tashlayverishdi. 10 Qutida koʻp pul yigʻilgandan keyin, shohning mirzasi bilan oliy ruhoniy kelib, Egamizning uyiga keltirilgan kumushlarni qoplarga solib tortishardi. 11 Tortilgan kumushlar Egamizning uyidagi ishlarning boshida turgan odamlarga berilardi. Ular esa bu kumushlarni Egamizning uyida ishlayotgan duradgor va binokorlarga, 12 tosh teruvchilarga, sangtaroshlarga toʻlashar, uyni tuzatmoq uchun yogʻoch va tosh sotib olishga ishlatishar, uyni tuzatishga kerak boʻlgan boshqa ashyolarga sarf qilishardi.
13 Egamizning uyida yigʻilgan kumush bu joy uchun kumush togʻoralar, qaychilar, togʻorachalar va karnaylar, har xil oltin yoki kumush buyumlar yasashga sarf qilinmadi. 14 Bu kumushning hammasi ishlovchilarga toʻlashga va uyni tuzatishga sarf qilindi. 15 Egamizning uyida ishlovchilarga pul taqsimlaydigan odamlardan hisob–kitob talab qilinmadi, chunki ular halol ishlashdi.
16 Ayb va gunoh qurbonliklariga qoʻshib, zararni qoplash uchun beriladigan pul esa Egamizning uyiga olib kiritilmasdi. Bu pul ruhoniylarga tegishli edi.
17 Oʻsha paytda Oram shohi Xazayil Gat shahriga hujum qilib, shaharni qoʻlga kiritdi. Keyin Quddusga hujum qilmoqqa qaror qildi. 18 Yahudo shohi Yoʻsh esa ota–bobolari — Yahudo shohlari Yohushafatning, Yohuramning, Oxoziyoning va oʻzining Egamizga atagan hamma muqaddas nazrlarini, Egamizning uyidan va saroy xazinalaridan olingan jamiki oltinlarni Oram shohi Xazayilga yubordi. Shundan keyin Xazayil Quddusga hujum qilish qaroridan qaytdi.
19 Yoʻshning boshqa ishlari, butun faoliyati “Yahudo shohlari tarixi” kitobida yozilgan. 20 Shoh Yoʻshning aʼyonlari isyon koʻtarib, uni Silloga boradigan yoʻlda — Millodagi uyda oʻldirdilar. 21 Uni oʻldirganlar Yoʻshning aʼyonlaridan Shimat degan odamning oʻgʻli Yoʻzabad bilan Shoʻmer deganning oʻgʻli Yohuzabad edilar. Yoʻsh Dovud qalʼasida, ota–bobolari yoniga dafn qilindi. Uning oʻrniga oʻgʻli Emoziyo shoh boʻldi.
12–БОБ
Яҳудо шоҳи Йўш
1 Исроил шоҳи Ёҳу ҳукмронлигининг еттинчи йилида Йўш Яҳудо шоҳи бўлган эди. У Қуддусда қирқ йил ҳукмронлик қилди. Онаси Бершеба шаҳридан бўлиб, исми Зибиёх эди.
2 Йўш умри бўйи Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди, чунки руҳоний Ёҳайидо унга йўл кўрсатарди. 3 Лекин саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ҳали ҳам ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатарди.
4 Йўш руҳонийларга фармон берди:
— Эгамизнинг уйига эҳсон сифатида олиб келинган кумушни, доимий солиқни, ваъда қилинган назрни ва ихтиёрий берилган ҳадяларни тўпланглар. 5 Бу кумушларни руҳонийлар олиб келувчилардан қабул қилиб олиб, Эгамиз уйининг бузилган жойларини тузатишга сарфлашсин.
6 Йўш ҳукмронлигининг йигирма учинчи йилида ҳам руҳонийлар Эгамиз уйининг бузилган жойларини ҳали тузатмаган эдилар. 7 Шундан кейин шоҳ Йўш руҳоний Ёҳайидо билан бошқа руҳонийларни чақириб:
— Нимага Эгамизнинг уйини тузатмаяпсизлар? — деди уларга, — энди одамлардан кумуш олманглар. Олган кумушларингизни Эгамизнинг уйини тузатишга беринглар.
8 Руҳонийлар халқдан ўзлари пул йиғмасликка ва Эгамизнинг уйи таъмирланишини назорат қилмасликка рози бўлишди. 9 Руҳоний Ёҳайидо бир қути олиб, қопқоғи устидан тешик очди. Уни қурбонгоҳнинг ёнига — одамлар Эгамизнинг уйига кирадиган жойнинг ўнг томонига жойлаштирди. Остонада қоровул бўлиб турган руҳонийлар Эгамизнинг уйига келтирилган ҳамма кумушни қутига ташлайверишди. 10 Қутида кўп пул йиғилгандан кейин, шоҳнинг мирзаси билан олий руҳоний келиб, Эгамизнинг уйига келтирилган кумушларни қопларга солиб тортишарди. 11 Тортилган кумушлар Эгамизнинг уйидаги ишларнинг бошида турган одамларга бериларди. Улар эса бу кумушларни Эгамизнинг уйида ишлаётган дурадгор ва бинокорларга, 12 тош терувчиларга, сангтарошларга тўлашар, уйни тузатмоқ учун ёғоч ва тош сотиб олишга ишлатишар, уйни тузатишга керак бўлган бошқа ашёларга сарф қилишарди.
13 Эгамизнинг уйида йиғилган кумуш бу жой учун кумуш тоғоралар, қайчилар, тоғорачалар ва карнайлар, ҳар хил олтин ёки кумуш буюмлар ясашга сарф қилинмади. 14 Бу кумушнинг ҳаммаси ишловчиларга тўлашга ва уйни тузатишга сарф қилинди. 15 Эгамизнинг уйида ишловчиларга пул тақсимлайдиган одамлардан ҳисоб–китоб талаб қилинмади, чунки улар ҳалол ишлашди.
16 Айб ва гуноҳ қурбонликларига қўшиб, зарарни қоплаш учун бериладиган пул эса Эгамизнинг уйига олиб киритилмасди. Бу пул руҳонийларга тегишли эди.
17 Ўша пайтда Орам шоҳи Хазайил Гат шаҳрига ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди. Кейин Қуддусга ҳужум қилмоққа қарор қилди. 18 Яҳудо шоҳи Йўш эса ота–боболари — Яҳудо шоҳлари Ёҳушафатнинг, Ёҳурамнинг, Охозиёнинг ва ўзининг Эгамизга атаган ҳамма муқаддас назрларини, Эгамизнинг уйидан ва сарой хазиналаридан олинган жамики олтинларни Орам шоҳи Хазайилга юборди. Шундан кейин Хазайил Қуддусга ҳужум қилиш қароридан қайтди.
19 Йўшнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 20 Шоҳ Йўшнинг аъёнлари исён кўтариб, уни Силлога борадиган йўлда — Миллодаги уйда ўлдирдилар. 21 Уни ўлдирганлар Йўшнинг аъёнларидан Шимат деган одамнинг ўғли Йўзабад билан Шўмер деганнинг ўғли Ёҳузабад эдилар. Йўш Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Эмозиё шоҳ бўлди.