17–BOB
Horunning tayogʻi
1 Shundan keyin Egamiz Musoga dedi:
2 — Isroil xalqiga ayt, ular har bir qabila yoʻlboshchisining tayogʻini olib kelishsin. Hammasi boʻlib oʻn ikkita tayoq boʻlsin. Har bir qabila yoʻlboshchisining ismini oʻz tayogʻiga yozib qoʻyinglar. 3 Levi qabilasining tayogʻiga Horunning ismini yozinglar, har bir qabila yoʻlboshchisidan bittadan tayoq boʻlishi lozim. 4 Sen tayoqlarni Uchrashuv chodiriga olib kirib, Men sen bilan uchrashadigan joyga — Ahd sandigʻi oldiga qoʻy. 5 Men tanlagan odamning tayogʻi kurtak chiqaradi. Shunday qilib, senga qarshilik qilayotgan Isroil xalqining mingʻirlab nolishlariga Men chek qoʻyaman.
6 Muso Isroil xalqiga Egamizning gaplarini aytdi. Yoʻlboshchilar har bir qabila nomidan bittadan tayoqni berishdi, hammasi boʻlib oʻn ikkita tayoq boʻldi. Horunning tayogʻi ham oʻsha tayoqlar orasida edi. 7 Muso tayoqlarni Muqaddas ahd chodiriga — Egamizning oldiga qoʻydi.
8 Ertasi kuni Muso Muqaddas ahd chodiriga kirib qarasa, Horunning Levi qabilasini ifoda etgan tayogʻi kurtak yozibdi, koʻkarib, gullabdi, hatto bodom tugibdi. 9 Muso Egamizning huzuridagi hamma tayoqlarni Isroil xalqi oldiga olib chiqib koʻrsatdi. Har bir yoʻlboshchi oʻz tayogʻini oldi. 10 Egamiz Musoga shunday amr berdi:
— Horunning tayogʻini Ahd sandigʻi oldiga qaytarib olib borib qoʻy. Tayoq doimo oʻsha yerda saqlanib, isyonchilarni ogoh qilib tursin. Shunday qilib, sen ularning mingʻirlab nolishlariga chek qoʻyib, ularning qirilib ketishiga yoʻl qoʻymaysan.
11 Egamiz qanday amr etgan boʻlsa, Muso hammasini bajardi.
12 Isroil xalqi esa Musoga faryod qildi:
— Shoʻrimiz quridi! Kunimiz bitdi! 13 Egamizning Muqaddas chodiriga yaqin borganlar nobud boʻlishadi. Biz hammamiz qirilib ketamiz!
17–БОБ
Ҳоруннинг таёғи
1 Шундан кейин Эгамиз Мусога деди:
2 — Исроил халқига айт, улар ҳар бир қабила йўлбошчисининг таёғини олиб келишсин. Ҳаммаси бўлиб ўн иккита таёқ бўлсин. Ҳар бир қабила йўлбошчисининг исмини ўз таёғига ёзиб қўйинглар. 3 Леви қабиласининг таёғига Ҳоруннинг исмини ёзинглар, ҳар бир қабила йўлбошчисидан биттадан таёқ бўлиши лозим. 4 Сен таёқларни Учрашув чодирига олиб кириб, Мен сен билан учрашадиган жойга — Аҳд сандиғи олдига қўй. 5 Мен танлаган одамнинг таёғи куртак чиқаради. Шундай қилиб, сенга қаршилик қилаётган Исроил халқининг минғирлаб нолишларига Мен чек қўяман.
6 Мусо Исроил халқига Эгамизнинг гапларини айтди. Йўлбошчилар ҳар бир қабила номидан биттадан таёқни беришди, ҳаммаси бўлиб ўн иккита таёқ бўлди. Ҳоруннинг таёғи ҳам ўша таёқлар орасида эди. 7 Мусо таёқларни Муқаддас аҳд чодирига — Эгамизнинг олдига қўйди.
8 Эртаси куни Мусо Муқаддас аҳд чодирига кириб қараса, Ҳоруннинг Леви қабиласини ифода этган таёғи куртак ёзибди, кўкариб, гуллабди, ҳатто бодом тугибди. 9 Мусо Эгамизнинг ҳузуридаги ҳамма таёқларни Исроил халқи олдига олиб чиқиб кўрсатди. Ҳар бир йўлбошчи ўз таёғини олди. 10 Эгамиз Мусога шундай амр берди:
— Ҳоруннинг таёғини Аҳд сандиғи олдига қайтариб олиб бориб қўй. Таёқ доимо ўша ерда сақланиб, исёнчиларни огоҳ қилиб турсин. Шундай қилиб, сен уларнинг минғирлаб нолишларига чек қўйиб, уларнинг қирилиб кетишига йўл қўймайсан.
11 Эгамиз қандай амр этган бўлса, Мусо ҳаммасини бажарди.
12 Исроил халқи эса Мусога фарёд қилди:
— Шўримиз қуриди! Кунимиз битди! 13 Эгамизнинг Муқаддас чодирига яқин борганлар нобуд бўлишади. Биз ҳаммамиз қирилиб кетамиз!