8–BOB
Quddusdagi jamoat uchun hadya
1 Endi birodarlar, Xudoning Makedoniyadagi jamoatlarga koʻrsatgan inoyati haqida sizlarga aytmoqchimiz. 2 Ular ogʻir kulfatlarga yoʻliqib, sinalgan boʻlsalar–da, joʻshqin bir sevinchga toʻlib–toshdilar, oʻta kambagʻal boʻlsalar–da, yuraklari saxiylikka boy ekanligini koʻrsatdilar. 3 Ular oʻz xohishlari bilan, qoʻllaridan kelgancha, hatto imkonlaridan ortiq xayr–ehson berganlariga men shohidman. 4 Ular, Xudoning Quddusdagi azizlariga yordam berishda ishtirok etaylik, deb bizdan oʻtinib soʻradilar. 5 Hatto umid qilganimizdan ham ziyodrogʻini qildilar. Xudoning irodasi boʻyicha ular oʻzlarini avval Rabbimiz Isoga, keyin esa bizga bagʻishladilar.
6 Titus sizlarning orangizda boshlagan xayrli ishini bitirsin deb, uni ragʻbatlantirdik. 7 Sizlar imon va ilm–maʼrifatga boy, gapga chechan, notiqlikda mohirsizlar, gʻayratu tirishqoqlikda hech kimdan qolishmaysizlar, biz tufayli qalbingizda uygʻongan mehr–muhabbatingiz cheksizdir. Shunday ekan, bu xayrli ish orqali saxiyligingizning cheksizligini ham koʻrsating. 8 Men buni sizlarga buyruq tariqasida emas, balki mehr–muhabbatingizning samimiyligini isbot qilishingiz uchun aytyapman. Shuning uchun boshqalarning gʻayratiyu tirishqoqligiga eʼtiboringizni qaratyapman. 9 Axir, oʻzingiz Rabbimiz Iso Masihning koʻrsatgan inoyatini bilasizlar–ku, U boy boʻlsa ham, sizlarni boy qilish uchun kambagʻal boʻldi .
10-11 Yuqorida aytib oʻtilgan xayr–ehsonlar haqida maslahatim quyidagichadir: oʻtgan yili nafaqat oʻsha xayrli ishni qilishni boshladingiz, balki bu ishga qoʻshilish haqida oʻzingiz xohish bildirgan edingiz. Endi oʻz manfaatingiz uchun xayrli ishingizni oxiriga yetkazinglar, qanday niyat bilan boshlagan boʻlsangiz, shunday qilib, qoʻlingizdan kelganicha bitirishga harakat qilinglar. 12 Agar inson hadya berishni xohlasa, undan yoʻq boʻlgan narsa talab qilinmaydi, balki oʻzida bor narsasini bergani qabul qilinadi.
13 Boshqalarning hayoti yengillashib, sizlar esa ogʻir ahvolda qolishingizni istamaymiz. Hammaning orasida tenglik boʻlsin. 14 Hozirgi paytda sizlardagi baraka ulardagi yetishmovchiliklarni toʻldirsin, payti kelganda ulardagi baraka sizlardagi yetishmovchiliklarni toʻldiradi, shunday qilib tenglik boʻladi. 15 Muqaddas bitiklarda quyidagicha yozilgan: “Koʻp yigʻib olganlardan hech narsa ortib qolmadi, oz yigʻib olganlar uchun esa yetarli boʻldi.”
Titus va uning yoʻldoshlari
16 Xudoga shukur! Men sizlarga qanday gʻamxoʻr boʻlsam, Xudo sizlarga nisbatan shunday gʻamxoʻrlikni Titusning diliga jo qildi. 17 Axir, Titusdan sizlarning oldingizga borishni iltimos qilganimda, u nafaqat rozi boʻldi, balki xohish va ishtiyoq bilan bordi. 18 U bilan birga barcha jamoatlarda Xushxabarning voizi deb maqtalgan birodarni ham yubordik. 19 Xayrli ishda yordam qilib, ular bilan birga Quddusga borsin deb, jamoatlar uni bizga yoʻldosh qilib saylagan edilar . Biz bu ishni Egamizni ulugʻlash uchun hamda oʻzimizning ishtiyoqimizni koʻrsatish uchun qilyapmiz. 20 Saxiylik bilan berilgan xayr–ehsonlarni atalgan odamlarga yetkazishda hech qanday ayb ish qilmayapmiz. 21 Biz nafaqat Egamizning nazarida, balki insonlar oldida ham toʻgʻri ish qilishga harakat qilyapmiz.
22 Titus va vaʼzxon birodarga qoʻshib, yana bir birodarni ham yuboryapmiz. U biz tomondan koʻp sinalgan va har jihatdan gʻayratli ekanligini koʻrsatgan. Sizlarga nisbatan ishonchi komil boʻlgani uchun uning sizlarga xizmat qilish ishtiyoqi yanada koʻpaygan. 23 Agar Titus haqida kimdir soʻrasa, u mening hamrohim va sizlar uchun xizmat qilayotgan hamkorim ekanligini aytinglar. Haligi ikki birodar esa jamoatlar tomonidan yuborilgan va ular Masihga ulugʻvorlik keltiradilar. 24 Shunday qilib, jamoatlar oldida oʻsha birodarlarga boʻlgan mehr–muhabbatingizni koʻrsatib, ularga sizlarni maqtaganimiz bekor emasligini isbotlang.
8–БОБ
Қуддусдаги жамоат учун ҳадя
1 Энди биродарлар, Худонинг Македониядаги жамоатларга кўрсатган инояти ҳақида сизларга айтмоқчимиз. 2 Улар оғир кулфатларга йўлиқиб, синалган бўлсалар–да, жўшқин бир севинчга тўлиб–тошдилар, ўта камбағал бўлсалар–да, юраклари сахийликка бой эканлигини кўрсатдилар. 3 Улар ўз хоҳишлари билан, қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ортиқ хайр–эҳсон берганларига мен шоҳидман. 4 Улар, Худонинг Қуддусдаги азизларига ёрдам беришда иштирок этайлик, деб биздан ўтиниб сўрадилар. 5 Ҳатто умид қилганимиздан ҳам зиёдроғини қилдилар. Худонинг иродаси бўйича улар ўзларини аввал Раббимиз Исога, кейин эса бизга бағишладилар.
6 Титус сизларнинг орангизда бошлаган хайрли ишини битирсин деб, уни рағбатлантирдик. 7 Сизлар имон ва илм–маърифатга бой, гапга чечан, нотиқликда моҳирсизлар, ғайрату тиришқоқликда ҳеч кимдан қолишмайсизлар, биз туфайли қалбингизда уйғонган меҳр–муҳаббатингиз чексиздир. Шундай экан, бу хайрли иш орқали сахийлигингизнинг чексизлигини ҳам кўрсатинг. 8 Мен буни сизларга буйруқ тариқасида эмас, балки меҳр–муҳаббатингизнинг самимийлигини исбот қилишингиз учун айтяпман. Шунинг учун бошқаларнинг ғайратию тиришқоқлигига эътиборингизни қаратяпман. 9 Ахир, ўзингиз Раббимиз Исо Масиҳнинг кўрсатган иноятини биласизлар–ку, У бой бўлса ҳам, сизларни бой қилиш учун камбағал бўлди .
10-11 Юқорида айтиб ўтилган хайр–эҳсонлар ҳақида маслаҳатим қуйидагичадир: ўтган йили нафақат ўша хайрли ишни қилишни бошладингиз, балки бу ишга қўшилиш ҳақида ўзингиз хоҳиш билдирган эдингиз. Энди ўз манфаатингиз учун хайрли ишингизни охирига етказинглар, қандай ният билан бошлаган бўлсангиз, шундай қилиб, қўлингиздан келганича битиришга ҳаракат қилинглар. 12 Агар инсон ҳадя беришни хоҳласа, ундан йўқ бўлган нарса талаб қилинмайди, балки ўзида бор нарсасини бергани қабул қилинади.
13 Бошқаларнинг ҳаёти енгиллашиб, сизлар эса оғир аҳволда қолишингизни истамаймиз. Ҳамманинг орасида тенглик бўлсин. 14 Ҳозирги пайтда сизлардаги барака улардаги етишмовчиликларни тўлдирсин, пайти келганда улардаги барака сизлардаги етишмовчиликларни тўлдиради, шундай қилиб тенглик бўлади. 15 Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган: “Кўп йиғиб олганлардан ҳеч нарса ортиб қолмади, оз йиғиб олганлар учун эса етарли бўлди.”
Титус ва унинг йўлдошлари
16 Худога шукур! Мен сизларга қандай ғамхўр бўлсам, Худо сизларга нисбатан шундай ғамхўрликни Титуснинг дилига жо қилди. 17 Ахир, Титусдан сизларнинг олдингизга боришни илтимос қилганимда, у нафақат рози бўлди, балки хоҳиш ва иштиёқ билан борди. 18 У билан бирга барча жамоатларда Хушхабарнинг воизи деб мақталган биродарни ҳам юбордик. 19 Хайрли ишда ёрдам қилиб, улар билан бирга Қуддусга борсин деб, жамоатлар уни бизга йўлдош қилиб сайлаган эдилар . Биз бу ишни Эгамизни улуғлаш учун ҳамда ўзимизнинг иштиёқимизни кўрсатиш учун қиляпмиз. 20 Сахийлик билан берилган хайр–эҳсонларни аталган одамларга етказишда ҳеч қандай айб иш қилмаяпмиз. 21 Биз нафақат Эгамизнинг назарида, балки инсонлар олдида ҳам тўғри иш қилишга ҳаракат қиляпмиз.
22 Титус ва ваъзхон биродарга қўшиб, яна бир биродарни ҳам юборяпмиз. У биз томондан кўп синалган ва ҳар жиҳатдан ғайратли эканлигини кўрсатган. Сизларга нисбатан ишончи комил бўлгани учун унинг сизларга хизмат қилиш иштиёқи янада кўпайган. 23 Агар Титус ҳақида кимдир сўраса, у менинг ҳамроҳим ва сизлар учун хизмат қилаётган ҳамкорим эканлигини айтинглар. Ҳалиги икки биродар эса жамоатлар томонидан юборилган ва улар Масиҳга улуғворлик келтирадилар. 24 Шундай қилиб, жамоатлар олдида ўша биродарларга бўлган меҳр–муҳаббатингизни кўрсатиб, уларга сизларни мақтаганимиз бекор эмаслигини исботланг.