30–BOB
Shoh Hizqiyo Fisih ziyofati va Xamirturushsiz non bayramini nishonlaydi
1-4 Isroil xalqi Fisih ziyofatini oʻz vaqtida — birinchi oyda nishonlay olmagan edi, chunki koʻp ruhoniylar oʻzlarini hanuz poklamagan va odamlarning aksariyat qismi Quddusga yigʻilmagan edi. Shuning uchun shoh Hizqiyo, uning aʼyonlari va Quddusdagi jamoa Fisih ziyofatini ikkinchi oyda nishonlashga qaror qildilar. Shoh Hizqiyo butun Isroil va Yahudo xalqiga, shuningdek, Efrayim va Manashe qabilalariga bu haqda xabar joʻnatib, ularni Isroil xalqining Xudosiga — Egamizga atalgan Fisih ziyofatini nishonlash uchun Egamizning Quddusdagi uyiga taklif qildi.
5 Janubdagi Bershebadan tortib, to shimoldagi Dan shahrigacha boʻlgan Isroil hududlarida istiqomat qilgan hamma odamlar Fisih ziyofatini nishonlash uchun Quddusga taklif qilindi. Negaki bu ziyofat ancha vaqtdan beri, qonunda koʻrsatilganday, butun xalq tomonidan nishonlanmagan edi. 6 Choparlar shoh va uning aʼyonlari nomidan yozilgan maktubni butun Isroil va Yahudo xalqlariga yetkazdilar. Maktubda quyidagilar bitilgan edi:
“Ey Ossuriya bosqinchilaridan omon qolgan Isroil xalqi! Ibrohimning, Isʼhoqning va Yoqubning Xudosi — Egamizga qaytinglar, shunda U ham sizga qaytadi. 7 Egasi Xudoga xiyonat qilgan ota–bobolaringizga va Isroillik qarindoshlaringizga oʻxshamanglar. Oʻzingiz koʻrib turganingizday Xudo ularni qattiq jazoladi. 8 Ota–bobolaringiz singari qaysar boʻlmanglar, Egamizga boʻysuninglar, Uning Maʼbadiga kelinglar. Egamiz Maʼbadni abadiy muqaddas qilgan. Egangiz Xudoga sajda qilinglar, ana shunda U gʻazabidan tushadi. 9 Agar Egamizga qaytsangiz, qarindoshu bola–chaqalaringizni asir qilgan bosqinchilar ularga rahm qiladilar, uylariga qaytib kelishlariga yoʻl qoʻyadilar. Zotan, Egangiz Xudo inoyatli va rahmdildir. Unga qaytsangiz, U sizdan yuzini oʻgirmaydi.”
10 Shunday qilib, choparlar to shimoldagi Zabulun hududigacha boʻlgan Efrayim va Manashe hududlaridagi hamma shaharlarga kirib chiqdilar. Lekin odamlar zaharxandalik bilan ularni masxara qildilar. 11 Faqat Osher, Manashe va Zabulun qabilasidan baʼzilari itoat etib, Quddusga keldilar. 12 Yahudo xalqini esa Xudo birlashtirib, ularga shoh va aʼyonlarning koʻrsatmasini bajarishga xohish bergan edi. Bu koʻrsatma Egamizning amriga asoslangan edi.
13 Ikkinchi oyda Xamirturushsiz non bayramini nishonlash uchun juda koʻp xalq Quddusga yigʻildi. 14 Ular Quddusdagi hamma begona qurbongohlarni va hamma tutatqi qurbongohlarini qoʻporib, Qidron soyligiga uloqtirib tashladilar. 15 Ikkinchi oyning oʻn toʻrtinchi kuni esa Fisih qoʻzilarini soʻydilar. Oʻzlarini poklamagan ruhoniylar va levilar uyatli ahvolda qolganidan poklanish marosimini ado etib, kuydiriladigan qurbonliklarini Egamizning uyiga olib keldilar. 16 Soʻng ular Xudoning odami Musoning qonuniga muvofiq Maʼbadda oʻz joylarini egalladilar. Ruhoniylar levilarning qoʻlidan qurbonlik qonini olib, qurbongohga sepdilar. 17 Xalqdan koʻpchiligi oʻzlarini poklamagani uchun Fisih qoʻzisini qurbon qila olmadilar. Bunday odamlarning Fisih qoʻzisini soʻyish va Egamizga atash vazifasini levilarning oʻzlari bajardilar. 18 Efrayim, Manashe, Issaxor va Zabulun qabilasidan kelganlarning aksariyati oʻzlarini poklamagan boʻlsalar–da, Xudoning qonuniga zid ravishda Fisih taomidan tanovul qildilar. Lekin Hizqiyo ular uchun quyidagicha ibodat qildi: “Ey Egam, muruvvating ila bu bandalaringni kechir. 19 Ular poklanish marosimini ado etmagan boʻlsalar–da, ey Egamiz, ular Senga chin yurakdan sajda qilishga qaror etganlar. Axir, Sen ota–bobolarining Xudosisan.” 20 Hizqiyoning ibodatini Egamiz eshitib, xalqni kechirdi, ularga zarar yetkazmadi.
21 Quddusda toʻplangan xalq katta xursandchilik bilan yetti kun davomida Xamirturushsiz non bayramini nishonladi. Levilar va ruhoniylar har kuni sozlarning baland kuylari joʻrligida Egamizni madh qildilar. 22 Hizqiyo Egamizga xizmat qilishda mohirlik koʻrsatgan hamma levilarni ruhlantirdi. Xullas, xalq tinchlik nazrlarini qurbon qildi, ota–bobolarining Xudosiga — Egamizga shukronalar aytib, yetti kun bayram taomini tanovul qildi.
Ikkinchi bayram
23 Butun jamoa bayramni yana yetti kun nishonlashga qaror qildi. Shunday qilib, ular yana yetti kun xursandchilik bilan bayram qildilar. 24 Yahudo shohi Hizqiyo jamoaga qurbonlik qilish uchun 1000 ta buqa va 7000 ta qoʻy berdi. Shoh aʼyonlari esa 1000 ta buqa va 10.000 ta qoʻy berdilar. Juda koʻp ruhoniylar oʻzlarini pokladilar. 25 Yahudo xalqi, ruhoniylar, levilar, Isroil xalqi, Isroil va Yahudoda istiqomat qilayotgan musofirlar oʻzlarida yoʻq xursand edilar. 26 Quddusda katta xursandchilik hukm surardi. Isroil shohi Dovud oʻgʻli Sulaymon zamonidan beri Quddusda bunday voqea yuz bermagan edi. 27 Soʻngra ruhoniylar va levilar turib, xalqni duo qildilar. Ularning ibodati Xudoning samodagi muqaddas makoniga yetib, ijobat boʻldi.
30–БОБ
Шоҳ Ҳизқиё Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлайди
1-4 Исроил халқи Фисиҳ зиёфатини ўз вақтида — биринчи ойда нишонлай олмаган эди, чунки кўп руҳонийлар ўзларини ҳануз покламаган ва одамларнинг аксарият қисми Қуддусга йиғилмаган эди. Шунинг учун шоҳ Ҳизқиё, унинг аъёнлари ва Қуддусдаги жамоа Фисиҳ зиёфатини иккинчи ойда нишонлашга қарор қилдилар. Шоҳ Ҳизқиё бутун Исроил ва Яҳудо халқига, шунингдек, Эфрайим ва Манаше қабилаларига бу ҳақда хабар жўнатиб, уларни Исроил халқининг Худосига — Эгамизга аталган Фисиҳ зиёфатини нишонлаш учун Эгамизнинг Қуддусдаги уйига таклиф қилди.
5 Жанубдаги Бершебадан тортиб, то шимолдаги Дан шаҳригача бўлган Исроил ҳудудларида истиқомат қилган ҳамма одамлар Фисиҳ зиёфатини нишонлаш учун Қуддусга таклиф қилинди. Негаки бу зиёфат анча вақтдан бери, қонунда кўрсатилгандай, бутун халқ томонидан нишонланмаган эди. 6 Чопарлар шоҳ ва унинг аъёнлари номидан ёзилган мактубни бутун Исроил ва Яҳудо халқларига етказдилар. Мактубда қуйидагилар битилган эди:
“Эй Оссурия босқинчиларидан омон қолган Исроил халқи! Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси — Эгамизга қайтинглар, шунда У ҳам сизга қайтади. 7 Эгаси Худога хиёнат қилган ота–боболарингизга ва Исроиллик қариндошларингизга ўхшаманглар. Ўзингиз кўриб турганингиздай Худо уларни қаттиқ жазолади. 8 Ота–боболарингиз сингари қайсар бўлманглар, Эгамизга бўйсунинглар, Унинг Маъбадига келинглар. Эгамиз Маъбадни абадий муқаддас қилган. Эгангиз Худога сажда қилинглар, ана шунда У ғазабидан тушади. 9 Агар Эгамизга қайтсангиз, қариндошу бола–чақаларингизни асир қилган босқинчилар уларга раҳм қиладилар, уйларига қайтиб келишларига йўл қўядилар. Зотан, Эгангиз Худо иноятли ва раҳмдилдир. Унга қайтсангиз, У сиздан юзини ўгирмайди.”
10 Шундай қилиб, чопарлар то шимолдаги Забулун ҳудудигача бўлган Эфрайим ва Манаше ҳудудларидаги ҳамма шаҳарларга кириб чиқдилар. Лекин одамлар заҳархандалик билан уларни масхара қилдилар. 11 Фақат Ошер, Манаше ва Забулун қабиласидан баъзилари итоат этиб, Қуддусга келдилар. 12 Яҳудо халқини эса Худо бирлаштириб, уларга шоҳ ва аъёнларнинг кўрсатмасини бажаришга хоҳиш берган эди. Бу кўрсатма Эгамизнинг амрига асосланган эди.
13 Иккинчи ойда Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлаш учун жуда кўп халқ Қуддусга йиғилди. 14 Улар Қуддусдаги ҳамма бегона қурбонгоҳларни ва ҳамма тутатқи қурбонгоҳларини қўпориб, Қидрон сойлигига улоқтириб ташладилар. 15 Иккинчи ойнинг ўн тўртинчи куни эса Фисиҳ қўзиларини сўйдилар. Ўзларини покламаган руҳонийлар ва левилар уятли аҳволда қолганидан покланиш маросимини адо этиб, куйдириладиган қурбонликларини Эгамизнинг уйига олиб келдилар. 16 Сўнг улар Худонинг одами Мусонинг қонунига мувофиқ Маъбадда ўз жойларини эгалладилар. Руҳонийлар левиларнинг қўлидан қурбонлик қонини олиб, қурбонгоҳга сепдилар. 17 Халқдан кўпчилиги ўзларини покламагани учун Фисиҳ қўзисини қурбон қила олмадилар. Бундай одамларнинг Фисиҳ қўзисини сўйиш ва Эгамизга аташ вазифасини левиларнинг ўзлари бажардилар. 18 Эфрайим, Манаше, Иссахор ва Забулун қабиласидан келганларнинг аксарияти ўзларини покламаган бўлсалар–да, Худонинг қонунига зид равишда Фисиҳ таомидан тановул қилдилар. Лекин Ҳизқиё улар учун қуйидагича ибодат қилди: “Эй Эгам, мурувватинг ила бу бандаларингни кечир. 19 Улар покланиш маросимини адо этмаган бўлсалар–да, эй Эгамиз, улар Сенга чин юракдан сажда қилишга қарор этганлар. Ахир, Сен ота–боболарининг Худосисан.” 20 Ҳизқиёнинг ибодатини Эгамиз эшитиб, халқни кечирди, уларга зарар етказмади.
21 Қуддусда тўпланган халқ катта хурсандчилик билан етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлади. Левилар ва руҳонийлар ҳар куни созларнинг баланд куйлари жўрлигида Эгамизни мадҳ қилдилар. 22 Ҳизқиё Эгамизга хизмат қилишда моҳирлик кўрсатган ҳамма левиларни руҳлантирди. Хуллас, халқ тинчлик назрларини қурбон қилди, ота–боболарининг Худосига — Эгамизга шукроналар айтиб, етти кун байрам таомини тановул қилди.
Иккинчи байрам
23 Бутун жамоа байрамни яна етти кун нишонлашга қарор қилди. Шундай қилиб, улар яна етти кун хурсандчилик билан байрам қилдилар. 24 Яҳудо шоҳи Ҳизқиё жамоага қурбонлик қилиш учун 1000 та буқа ва 7000 та қўй берди. Шоҳ аъёнлари эса 1000 та буқа ва 10.000 та қўй бердилар. Жуда кўп руҳонийлар ўзларини покладилар. 25 Яҳудо халқи, руҳонийлар, левилар, Исроил халқи, Исроил ва Яҳудода истиқомат қилаётган мусофирлар ўзларида йўқ хурсанд эдилар. 26 Қуддусда катта хурсандчилик ҳукм сурарди. Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймон замонидан бери Қуддусда бундай воқеа юз бермаган эди. 27 Сўнгра руҳонийлар ва левилар туриб, халқни дуо қилдилар. Уларнинг ибодати Худонинг самодаги муқаддас маконига етиб, ижобат бўлди.