1–BOB
Ilyos va shoh Oxoziyo
1 Isroil shohi Axabning vafotidan keyin , Moʻab yurti Isroilga qarshi isyon koʻtardi .
2 Isroil shohi Oxoziyo Samariya shahridagi saroyining tomi panjarasidan yiqilib, qattiq shikastlandi. Soʻng choparlariga: “Filistlarning Exron shahridagi xudosi Baal–Zabub yoniga borib, undan soʻranglar–chi, men sogʻayarmikanman”, deb ularni joʻnatdi.
3 Shunda Tishba shahridan boʻlgan Ilyos paygʻambarga Egamizning farishtasi gapirdi:
— Qani, boʻl, Samariya shohi yuborgan choparlarga peshvoz chiqib, ularga shu gaplarni yetkaz: “Nima uchun sizlar Exron shahrining xudosi Baal–Zabubdan, shoh sogʻayarmikan, deb soʻrab bilish uchun boryapsizlar?! Isroilda Xudo yoʻq deb oʻylayapsizlarmi?! 4 Endi Egam shunday aytmoqda: shohingiz shu qilgani uchun yotgan joyidan turmay, oʻladi.”
Ilyos Egamizning aytganini bajardi.
5 Choparlar Oxoziyoning huzuriga qaytib bordilar. Shoh:
— Namuncha tez qaytib keldingizlar? — deb soʻradi.
6 Choparlar Oxoziyoga aytdilar:
— Qarshimizdan bir odam bizga peshvoz chiqdi. Sizning huzuringizga qaytishimizni, shu xabarni yetkazishimizni aytdi: “Egamiz shunday demoqda: nimaga sen Exronning xudosi Baal–Zabubdan, sogʻayarmikanman, deb soʻrab bilish uchun choparlar joʻnatding? Isroilda Xudo yoʻq deb oʻyladingmi?! Shu qilganing uchun yotgan joyingdan turmay, oʻlasan.”
7 Oxoziyo choparlardan:
— Sizlarga peshvoz chiqib, shu gaplarni aytgan odamning koʻrinishi qanaqa edi? — deb soʻradi.
8 — U odam jundan toʻqilgan kiyim kiygan ekan, beliga charm kamar bogʻlab olibdi, — deb javob berishdi choparlar shohga.
— U Ilyos, — dedi Oxoziyo. 9 Shundan keyin shoh Oxoziyo Ilyosni olib kelish uchun ellikboshini ellikta sipohi bilan joʻnatdi. Ilyos togʻ tepasida oʻtirgan edi. Ellikboshi Ilyosni topib, unga dedi:
— Ey Xudoning odami! Tezroq pastga tushar ekansiz, shohimiz shunday deb amr qilmoqda.
10 — Agar men Xudoning odami boʻlsam, — deya javob berdi Ilyos, — osmondan olov tushib, seni va ellikta sipohingni yondirib yuborsin.
Shu zahoti osmondan olov tushib, ellikboshini ham, hamma sipohlarini ham yondirib yubordi.
11 Shoh Ilyosning oldiga yana boshqa ellikboshisini ellikta sipohi bilan joʻnatdi. U ellikboshi ham:
— Ey Xudoning odami! Tezroq pastga tushar ekansiz, shohimiz shunday deb amr qilmoqda, — dedi.
12 — Agar men Xudoning odami boʻlsam, — deb javob berdi Ilyos, — osmondan olov tushib, seni va ellikta sipohingni yondirib yuborsin.
Shu zahoti osmondan olov tushib, ellikboshini ham, ellikta sipohini ham yondirib yubordi.
13 Oxoziyo uchinchi marta yana ellikta sipoh bilan boshqa ellikboshini joʻnatdi. Ellikboshi Ilyosning oldiga chiqib, uning qarshisida tiz choʻkdi va unga iltijo qilib dedi:
— Ey Xudoning odami! Mening jonimga va mana shu ellikta qulingizning joniga rahm qiling. 14 Osmondan olov tushib, mendan oldingi ikkala ellikboshi ham barcha sipohlari bilan yonib ketgandi. Endi mening jonimga rahm qiling.
15 Shunda Ilyosga Egamizning farishtasi zohir boʻlib:
— Shohdan qoʻrqma, ellikboshi bilan birga boraver, — deb aytdi. Ilyos ellikboshi bilan birga shoh huzuriga borib, 16 unga shunday dedi:
— Egamiz aytmoqda: “Isroilda Xudo yoʻqday, Exronning xudosi Baal–Zabubdan, sogʻayarmikanman, deb soʻrab bilish uchun choparlar joʻnatding. Shu qilganing uchun yotgan toʻshagingdan turmay, oʻlasan.”
17 Shunday qilib, Egamizning Ilyos orqali aytganiga muvofiq, shoh Oxoziyo vafot etdi. Shohning oʻgʻli boʻlmagani uchun uning oʻrniga ukasi Yoram shoh boʻldi. Bu voqea yuz berganda, Yahudo shohi Yohuram ikkinchi yil shohlik qilayotgan edi . Yohuram Yohushafatning oʻgʻli edi.
18 Oxoziyoning boshqa ishlari “Isroil shohlari tarixi” kitobida yozilgan.
1–БОБ
Илёс ва шоҳ Охозиё
1 Исроил шоҳи Ахабнинг вафотидан кейин , Мўаб юрти Исроилга қарши исён кўтарди .
2 Исроил шоҳи Охозиё Самария шаҳридаги саройининг томи панжарасидан йиқилиб, қаттиқ шикастланди. Сўнг чопарларига: “Филистларнинг Эхрон шаҳридаги худоси Баал–Забуб ёнига бориб, ундан сўранглар–чи, мен соғаярмиканман”, деб уларни жўнатди.
3 Шунда Тишба шаҳридан бўлган Илёс пайғамбарга Эгамизнинг фариштаси гапирди:
— Қани, бўл, Самария шоҳи юборган чопарларга пешвоз чиқиб, уларга шу гапларни етказ: “Нима учун сизлар Эхрон шаҳрининг худоси Баал–Забубдан, шоҳ соғаярмикан, деб сўраб билиш учун боряпсизлар?! Исроилда Худо йўқ деб ўйлаяпсизларми?! 4 Энди Эгам шундай айтмоқда: шоҳингиз шу қилгани учун ётган жойидан турмай, ўлади.”
Илёс Эгамизнинг айтганини бажарди.
5 Чопарлар Охозиёнинг ҳузурига қайтиб бордилар. Шоҳ:
— Намунча тез қайтиб келдингизлар? — деб сўради.
6 Чопарлар Охозиёга айтдилар:
— Қаршимиздан бир одам бизга пешвоз чиқди. Сизнинг ҳузурингизга қайтишимизни, шу хабарни етказишимизни айтди: “Эгамиз шундай демоқда: нимага сен Эхроннинг худоси Баал–Забубдан, соғаярмиканман, деб сўраб билиш учун чопарлар жўнатдинг? Исроилда Худо йўқ деб ўйладингми?! Шу қилганинг учун ётган жойингдан турмай, ўласан.”
7 Охозиё чопарлардан:
— Сизларга пешвоз чиқиб, шу гапларни айтган одамнинг кўриниши қанақа эди? — деб сўради.
8 — У одам жундан тўқилган кийим кийган экан, белига чарм камар боғлаб олибди, — деб жавоб беришди чопарлар шоҳга.
— У Илёс, — деди Охозиё. 9 Шундан кейин шоҳ Охозиё Илёсни олиб келиш учун элликбошини элликта сипоҳи билан жўнатди. Илёс тоғ тепасида ўтирган эди. Элликбоши Илёсни топиб, унга деди:
— Эй Худонинг одами! Тезроқ пастга тушар экансиз, шоҳимиз шундай деб амр қилмоқда.
10 — Агар мен Худонинг одами бўлсам, — дея жавоб берди Илёс, — осмондан олов тушиб, сени ва элликта сипоҳингни ёндириб юборсин.
Шу заҳоти осмондан олов тушиб, элликбошини ҳам, ҳамма сипоҳларини ҳам ёндириб юборди.
11 Шоҳ Илёснинг олдига яна бошқа элликбошисини элликта сипоҳи билан жўнатди. У элликбоши ҳам:
— Эй Худонинг одами! Тезроқ пастга тушар экансиз, шоҳимиз шундай деб амр қилмоқда, — деди.
12 — Агар мен Худонинг одами бўлсам, — деб жавоб берди Илёс, — осмондан олов тушиб, сени ва элликта сипоҳингни ёндириб юборсин.
Шу заҳоти осмондан олов тушиб, элликбошини ҳам, элликта сипоҳини ҳам ёндириб юборди.
13 Охозиё учинчи марта яна элликта сипоҳ билан бошқа элликбошини жўнатди. Элликбоши Илёснинг олдига чиқиб, унинг қаршисида тиз чўкди ва унга илтижо қилиб деди:
— Эй Худонинг одами! Менинг жонимга ва мана шу элликта қулингизнинг жонига раҳм қилинг. 14 Осмондан олов тушиб, мендан олдинги иккала элликбоши ҳам барча сипоҳлари билан ёниб кетганди. Энди менинг жонимга раҳм қилинг.
15 Шунда Илёсга Эгамизнинг фариштаси зоҳир бўлиб:
— Шоҳдан қўрқма, элликбоши билан бирга боравер, — деб айтди. Илёс элликбоши билан бирга шоҳ ҳузурига бориб, 16 унга шундай деди:
— Эгамиз айтмоқда: “Исроилда Худо йўқдай, Эхроннинг худоси Баал–Забубдан, соғаярмиканман, деб сўраб билиш учун чопарлар жўнатдинг. Шу қилганинг учун ётган тўшагингдан турмай, ўласан.”
17 Шундай қилиб, Эгамизнинг Илёс орқали айтганига мувофиқ, шоҳ Охозиё вафот этди. Шоҳнинг ўғли бўлмагани учун унинг ўрнига укаси Ёрам шоҳ бўлди. Бу воқеа юз берганда, Яҳудо шоҳи Ёҳурам иккинчи йил шоҳлик қилаётган эди . Ёҳурам Ёҳушафатнинг ўғли эди.
18 Охозиёнинг бошқа ишлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.