4–BOB
Xudoni mamnun qiladigan hayot kechiring
1 Xullas, ey birodarlar, sizlar Xudoni mamnun qilib yashashni bizdan oʻrgandingiz. Ha, shu tarzda yashayapsiz ham. Ammo Rabbimiz Iso nomidan sizlarga yolvoramiz, Xudoni yanada koʻproq mamnun qilishga astoydil harakat qilavering. 2 Rabbimiz Iso bizga bergan vakolat bilan sizlarga qanday yoʻl–yoʻriq koʻrsatganimizni bilasiz. 3 Sizlarning muqaddas boʻlishingiz Xudoning irodasidir. Shuning uchun jinsiy axloqsizlik qilmang.
4 Har biringiz muqaddaslik va izzat–hurmatga loyiq tarzda oʻzingizni tuta bilishingiz kerak. 5 Xudoni bilmagan butparastlarday shahvoniy hirsga qul boʻlmang. 6 Jinsiy hayot tarziga kelganda, oʻz birodarlaringizning ishonchini suiisteʼmol qilmang, ularga xiyonat qilmang. Bunday qilganlarni Egamiz jazolaydi. Biz sizlarga bu haqda oldindan aytib, qattiq ogohlantirganmiz. 7 Xudo bizni harom yoʻldan yurishga emas, balki muqaddas boʻlib yashashga chaqirdi. 8 Shunday ekan, kim mana shu taʼlimni rad etsa, insonlarni emas, sizlarga Oʻz Muqaddas Ruhini beradigan Xudoni rad qilgan boʻladi.
9 Oʻzaro muhabbat haqida esa sizlarga yozishning hojati yoʻq, chunki bir–biringizni yaxshi koʻrishni sizlar Xudodan oʻrgangansizlar. 10 Zotan, sizlar Makedoniya hududi boʻylab yashovchi barcha birodarlaringizga ham shunday munosabatda boʻlyapsizlar. Lekin shunga qaramay, ularni yanada koʻproq yaxshi koʻring, deb undaymiz. 11 Sizlarga aytganimizday, osoyishta hayot kechirishni, oʻz ishingiz bilan mashgʻul boʻlishni, qoʻllaringiz mehnati bilan tirikchilik qilishni oʻz oldingizga maqsad qilib qoʻying. 12 Shunda Rabbimiz Isoga ishonmaydiganlarning izzat–hurmatini qozonasiz va boshqalarning qoʻliga qarab qolmaysiz.
Rabbimiz Isoning kelishi
13 Birodarlar, umidsiz yashayotgan boshqa odamlar kabi, qaygʻuga toʻlmang deb, bu olamdan oʻtganlar haqidagi haqiqatni sizlarga bildirishni xohlaymiz. 14 Biz Isoning oʻlib, tirilganiga ishonamiz. Shunday ekan, Isoga ishongan holda hayotdan koʻz yumgan imonlilarni ham Xudo tiriltirib, Oʻz oldiga olib ketishiga aminmiz. Bu voqea Iso kelganda yuz beradi. 15 Rabbimiz Isoning taʼlimoti boʻyicha sizlarga aytamizki, oʻsha paytda biz — hali tirik boʻlganlar oʻlgan birodarlarimizdan oldin emas, balki ular bilan birga Isoni qarshilab olamiz. 16 Zotan, Rabbimiz Iso Masih buyuk bir sado, bosh farishtaning ovozi va Xudoning karnayi sadosi ostida samodan tushib kelganda, birinchi boʻlib Unga ishongan holda oʻlganlar tiriladi. 17 Soʻng biz — hali tirik boʻlganlar havoda Rabbimizni qarshilab olish uchun ular bilan birga bulutlarda koʻtarilamiz. Shunday qilib, hammamiz Rabbimiz bilan abadiy birga boʻlamiz. 18 Shuning uchun mana shu soʻzlar bilan bir–biringizga dalda bering.
4–БОБ
Худони мамнун қиладиган ҳаёт кечиринг
1 Хуллас, эй биродарлар, сизлар Худони мамнун қилиб яшашни биздан ўргандингиз. Ҳа, шу тарзда яшаяпсиз ҳам. Аммо Раббимиз Исо номидан сизларга ёлворамиз, Худони янада кўпроқ мамнун қилишга астойдил ҳаракат қилаверинг. 2 Раббимиз Исо бизга берган ваколат билан сизларга қандай йўл–йўриқ кўрсатганимизни биласиз. 3 Сизларнинг муқаддас бўлишингиз Худонинг иродасидир. Шунинг учун жинсий ахлоқсизлик қилманг.
4 Ҳар бирингиз муқаддаслик ва иззат–ҳурматга лойиқ тарзда ўзингизни тута билишингиз керак. 5 Худони билмаган бутпарастлардай шаҳвоний ҳирсга қул бўлманг. 6 Жинсий ҳаёт тарзига келганда, ўз биродарларингизнинг ишончини суиистеъмол қилманг, уларга хиёнат қилманг. Бундай қилганларни Эгамиз жазолайди. Биз сизларга бу ҳақда олдиндан айтиб, қаттиқ огоҳлантирганмиз. 7 Худо бизни ҳаром йўлдан юришга эмас, балки муқаддас бўлиб яшашга чақирди. 8 Шундай экан, ким мана шу таълимни рад этса, инсонларни эмас, сизларга Ўз Муқаддас Руҳини берадиган Худони рад қилган бўлади.
9 Ўзаро муҳаббат ҳақида эса сизларга ёзишнинг ҳожати йўқ, чунки бир–бирингизни яхши кўришни сизлар Худодан ўргангансизлар. 10 Зотан, сизлар Македония ҳудуди бўйлаб яшовчи барча биродарларингизга ҳам шундай муносабатда бўляпсизлар. Лекин шунга қарамай, уларни янада кўпроқ яхши кўринг, деб ундаймиз. 11 Сизларга айтганимиздай, осойишта ҳаёт кечиришни, ўз ишингиз билан машғул бўлишни, қўлларингиз меҳнати билан тирикчилик қилишни ўз олдингизга мақсад қилиб қўйинг. 12 Шунда Раббимиз Исога ишонмайдиганларнинг иззат–ҳурматини қозонасиз ва бошқаларнинг қўлига қараб қолмайсиз.
Раббимиз Исонинг келиши
13 Биродарлар, умидсиз яшаётган бошқа одамлар каби, қайғуга тўлманг деб, бу оламдан ўтганлар ҳақидаги ҳақиқатни сизларга билдиришни хоҳлаймиз. 14 Биз Исонинг ўлиб, тирилганига ишонамиз. Шундай экан, Исога ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмган имонлиларни ҳам Худо тирилтириб, Ўз олдига олиб кетишига аминмиз. Бу воқеа Исо келганда юз беради. 15 Раббимиз Исонинг таълимоти бўйича сизларга айтамизки, ўша пайтда биз — ҳали тирик бўлганлар ўлган биродарларимиздан олдин эмас, балки улар билан бирга Исони қаршилаб оламиз. 16 Зотан, Раббимиз Исо Масиҳ буюк бир садо, бош фариштанинг овози ва Худонинг карнайи садоси остида самодан тушиб келганда, биринчи бўлиб Унга ишонган ҳолда ўлганлар тирилади. 17 Сўнг биз — ҳали тирик бўлганлар ҳавода Раббимизни қаршилаб олиш учун улар билан бирга булутларда кўтариламиз. Шундай қилиб, ҳаммамиз Раббимиз билан абадий бирга бўламиз. 18 Шунинг учун мана шу сўзлар билан бир–бирингизга далда беринг.