24–BOB
Yoshuaning Shakamda soʻzlagan nutqi
1 Keyin Yoshua barcha Isroil qabilalarini, ularning oqsoqollarini, boshliqlarini, hakamlarini va nazoratchilarini Shakamga chaqirtirdi. Ular Xudoning huzuriga keldilar. 2 Yoshua butun xalqqa shunday dedi:
— Isroil xalqining Xudosi — Egamiz shunday demoqda: “Qadimda sizlarning ajdodlaringiz, jumladan, Terah va uning oʻgʻillari Ibrohim hamda Naxoʻr Furot daryosining narigi tomonida yashaganlar. Ular boshqa xudolarga xizmat qilganlar. 3 Men sizlarning ota–bobongiz boʻlgan Ibrohimni Furotning narigi tomonidagi yerdan olib chiqib, butun Kanʼon yurti boʻylab boshlab bordim. Ibrohimning naslini koʻpaytirdim. Ibrohimga Isʼhoqni berdim. 4 Isʼhoqqa esa Yoqub va Esovni berdim. Esovga yashash uchun Seir togʻlarini berdim. Yoqub va uning farzandlari esa Misrga bordilar. 5 Keyin Muso va Horunni Misrga yuborib, Misr xalqining boshiga falokatlar keltirdim. Oʻshandan keyin sizlarni Misrdan olib chiqdim. 6 Ota–bobolaringiz Qizil dengizga yetib keldi. Misrliklar esa aravakashlari va jang aravalari bilan ularni Qizil dengizgacha quvib bordilar. 7 Ota–bobolaringiz Menga iltijo qilganlarida, Men Misrliklar va ota–bobolaringiz orasiga zulmat tushirdim. Misrliklarning ustiga dengiz suvlarini bostirib, ularni choʻktirdim. Misrni qay ahvolga solganimni sizlar oʻz koʻzingiz bilan koʻrdingiz. Undan keyin sizlar sahroda uzoq vaqt yashadingiz. 8 Keyin Men sizlarni Iordan daryosining sharq tomonidagi yurtga olib keldim. U yerda Amor xalqi yashar edi. Ular sizlarga qarshi chiqib jang qildi. Men sizlarga ularning ustidan gʻalaba ato qildim. Ularni sizlarning oldingizdan qirib tashladim, sizlar ularning yerlarini egallab oldingiz. 9 Keyin Moʻab shohi — Zippur oʻgʻli Boloq sizlarga qarshi jangga chiqdi. Isroil xalqini laʼnatlasin deb, u Bavoʻr oʻgʻli Balomni chaqirtirdi . 10 Ammo Men Balomga quloq solmadim, aksincha, u oʻz ixtiyoriga qarshi sizlarni duo qildi. Shunday qilib, Men sizlarni Boloqning qoʻllaridan qutqardim. 11 Sizlar Iordandan oʻtib, Yerixoga kelganingizda, Yerixo aholisi sizlarga qarshi jang qildi. Amor, Pariz, Kanʼon, Xet, Girgosh, Xiv va Yobus xalqlari ham sizlarga qarshi urush qildi. Men sizlarga ularning ustidan gʻalaba berdim. 12 Ikki Amor shohini vahimaga soldim–da, quvib yubordim . Bu gʻalabaga sizlar oʻz qilichu kamoningiz bilan erishmadingiz. 13 Men sizlarga oʻzingiz ishlov bermagan yerlarni berdim. Endi sizlar oʻzingiz qurmagan shaharlarda yashayapsizlar, oʻzingiz ekmagan uzumzoru zaytun bogʻlarining mevasini yeyapsizlar.”
14 Yoshua gapida davom etib, shunday dedi:
— Endi Egamizdan qoʻrqing, Unga sodiq boʻlib, doimo chin dildan xizmat qiling. Ajdodlaringiz Furot daryosining narigi tomonida va Misrda sajda qilgan xudolarning tasvirlarini uloqtirib yuboring, faqatgina Egamizga xizmat qiling. 15 Agar Egamizga xizmat qilishni maʼqul koʻrmasangiz, kimga xizmat qilishingizni bugun tanlang. Furot daryosining narigi tomonida yashagan paytda sajda qilgan xudolaringizga xizmat qilasizlarmi? Yoki oldin Amor xalqlariga tegishli boʻlgan yerlarda yashayotganingiz uchun endi ularning xudolariga xizmat qilasizlarmi? Bugun tanlang. Men va oilam esa Egamizga xizmat qilamiz.
16 Xalq shunday javob berdi:
— Xudo saqlasin! Biz hech qachon boshqa xudolarga xizmat qilish uchun Egamizni tashlab ketmaymiz! 17 Bizni va ota–bobolarimizni Misrdagi qullikdan olib chiqqan Egamiz Xudodir. U qilgan moʻjizalarni biz oʻz koʻzimiz bilan koʻrdik. Turli xalqlarning orasidan oʻtganimizda, qayerga bormaylik, U bizni himoya qildi. 18 Mana shu yurtda yashagan Amor va boshqa xalqlarning hammasini Egamiz bizning oldimizdan haydab yubordi. Shuning uchun ham biz Egamizga xizmat qilamiz, U bizning Xudoyimizdir.
19 Yoshua xalqqa shunday dedi:
— Egamiz Muqaddas Xudodir. U sizning sevgingizni boshqa xudolar bilan baham koʻrmaydigan Xudodir. Egamizga sodiq qolish oson, deb oʻylamanglar. Agar Unga qarshi bosh koʻtarsangiz yoki gunoh qilsangiz, U sizlarni kechirmaydi. 20 Egamiz sizlarga shuncha yaxshilik qilgan boʻlsa ham, agar Uni tashlab, boshqa xudolarga xizmat qilsangiz, U boshingizga kulfat keltirib, sizlarni qirib tashlaydi.
21 Xalq Yoshuaga shunday dedi:
— Yoʻq, boshqa xudolarga xizmat qilmaymiz, biz Egamizga xizmat qilamiz!
22 Shunda Yoshua xalqqa dedi:
— Sizlar, Egamizga xizmat qilamiz, deb qaror qildingiz. Bunga oʻzingiz guvohsiz.
— Ha, guvohmiz, — deb javob berdi xalq.
23 Yoshua:
— Unday boʻlsa, orangizdagi begona xudolarning tasvirlarini uloqtirib yuboringlar, butun qalbingiz bilan Isroil xalqining Xudosi — Egamizga bogʻlaninglar, — dedi.
24 Xalq Yoshuaga shunday dedi:
— Egamiz Xudoga xizmat qilamiz, Unga quloq solamiz.
25 Oʻsha kuni Yoshua Shakamda xalq bilan ahd tuzib, ular bajarishlari uchun qonun–qoidalar berdi. 26 Yoshua bu soʻzlarni Xudo Oʻz xalqiga bergan qonunlar bayon etilgan kitobga yozdi. Keyin katta tosh olib, uni Egamizga atalgan sajdagohdagi eman daraxtining tagiga yodgorlik qilib oʻrnatdi. 27 Yoshua butun xalqqa shunday dedi:
— Qaranglar, mana shu tosh Egamiz bizga aytgan hamma gaplarni eshitdi, shuning uchun agar Egamizga bergan vaʼdamizda turmasak, bu tosh bizga qarshi guvoh boʻladi.
28 Shundan keyin Yoshua xalqni ularga ulush qilib bergan yerlarga yubordi.
Yoshua va Elazar vafot etadilar
29 Birmuncha vaqtdan keyin Egamizning quli Yoshua 110 yoshga kirib vafot etdi. 30 Uni Timnat–Serax shahrida dafn qildilar. Bu shahar unga ulush qilib berilgan boʻlib , Gash togʻining shimolida, Efrayim qirlarida joylashgan edi.
31 Yoshua davrida Isroil xalqi Egamizga xizmat qilar edi. Ular Yoshuaning oʻlimidan soʻng, Egamiz Isroil uchun qilgan hamma ishlarini koʻrgan oqsoqollar davrida ham Egamizga itoat qilishar edi.
32 Isroil xalqi Misrdan chiqqanda Yusufning suyaklarini oʻzlari bilan olgan edi . Ular mana shu suyaklarni Shakamda koʻmishdi. Yoqub bu yerni Shakamning otasi Xamoʻrning oʻgʻillaridan yuz boʻlak kumushga sotib olgan edi . Oʻsha yer Yusuf avlodlarining ulushi boʻlib qoldi.
33 Horun oʻgʻli Elazar ham vafot etdi. Elazarning oʻgʻli Finxazga Efrayim qirlaridagi Givo shahri ulush qilib berilgan edi. Elazar oʻsha joyga dafn qilindi.
24–БОБ
Ёшуанинг Шакамда сўзлаган нутқи
1 Кейин Ёшуа барча Исроил қабилаларини, уларнинг оқсоқолларини, бошлиқларини, ҳакамларини ва назоратчиларини Шакамга чақиртирди. Улар Худонинг ҳузурига келдилар. 2 Ёшуа бутун халққа шундай деди:
— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Қадимда сизларнинг аждодларингиз, жумладан, Тераҳ ва унинг ўғиллари Иброҳим ҳамда Нахўр Фурот дарёсининг нариги томонида яшаганлар. Улар бошқа худоларга хизмат қилганлар. 3 Мен сизларнинг ота–бобонгиз бўлган Иброҳимни Фуротнинг нариги томонидаги ердан олиб чиқиб, бутун Канъон юрти бўйлаб бошлаб бордим. Иброҳимнинг наслини кўпайтирдим. Иброҳимга Исҳоқни бердим. 4 Исҳоққа эса Ёқуб ва Эсовни бердим. Эсовга яшаш учун Сеир тоғларини бердим. Ёқуб ва унинг фарзандлари эса Мисрга бордилар. 5 Кейин Мусо ва Ҳорунни Мисрга юбориб, Миср халқининг бошига фалокатлар келтирдим. Ўшандан кейин сизларни Мисрдан олиб чиқдим. 6 Ота–боболарингиз Қизил денгизга етиб келди. Мисрликлар эса аравакашлари ва жанг аравалари билан уларни Қизил денгизгача қувиб бордилар. 7 Ота–боболарингиз Менга илтижо қилганларида, Мен Мисрликлар ва ота–боболарингиз орасига зулмат туширдим. Мисрликларнинг устига денгиз сувларини бостириб, уларни чўктирдим. Мисрни қай аҳволга солганимни сизлар ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Ундан кейин сизлар саҳрода узоқ вақт яшадингиз. 8 Кейин Мен сизларни Иордан дарёсининг шарқ томонидаги юртга олиб келдим. У ерда Амор халқи яшар эди. Улар сизларга қарши чиқиб жанг қилди. Мен сизларга уларнинг устидан ғалаба ато қилдим. Уларни сизларнинг олдингиздан қириб ташладим, сизлар уларнинг ерларини эгаллаб олдингиз. 9 Кейин Мўаб шоҳи — Зиппур ўғли Болоқ сизларга қарши жангга чиқди. Исроил халқини лаънатласин деб, у Бавўр ўғли Баломни чақиртирди . 10 Аммо Мен Баломга қулоқ солмадим, аксинча, у ўз ихтиёрига қарши сизларни дуо қилди. Шундай қилиб, Мен сизларни Болоқнинг қўлларидан қутқардим. 11 Сизлар Иордандан ўтиб, Ерихога келганингизда, Ерихо аҳолиси сизларга қарши жанг қилди. Амор, Париз, Канъон, Хет, Гиргош, Хив ва Ёбус халқлари ҳам сизларга қарши уруш қилди. Мен сизларга уларнинг устидан ғалаба бердим. 12 Икки Амор шоҳини ваҳимага солдим–да, қувиб юбордим . Бу ғалабага сизлар ўз қиличу камонингиз билан эришмадингиз. 13 Мен сизларга ўзингиз ишлов бермаган ерларни бердим. Энди сизлар ўзингиз қурмаган шаҳарларда яшаяпсизлар, ўзингиз экмаган узумзору зайтун боғларининг мевасини еяпсизлар.”
14 Ёшуа гапида давом этиб, шундай деди:
— Энди Эгамиздан қўрқинг, Унга содиқ бўлиб, доимо чин дилдан хизмат қилинг. Аждодларингиз Фурот дарёсининг нариги томонида ва Мисрда сажда қилган худоларнинг тасвирларини улоқтириб юборинг, фақатгина Эгамизга хизмат қилинг. 15 Агар Эгамизга хизмат қилишни маъқул кўрмасангиз, кимга хизмат қилишингизни бугун танланг. Фурот дарёсининг нариги томонида яшаган пайтда сажда қилган худоларингизга хизмат қиласизларми? Ёки олдин Амор халқларига тегишли бўлган ерларда яшаётганингиз учун энди уларнинг худоларига хизмат қиласизларми? Бугун танланг. Мен ва оилам эса Эгамизга хизмат қиламиз.
16 Халқ шундай жавоб берди:
— Худо сақласин! Биз ҳеч қачон бошқа худоларга хизмат қилиш учун Эгамизни ташлаб кетмаймиз! 17 Бизни ва ота–боболаримизни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгамиз Худодир. У қилган мўъжизаларни биз ўз кўзимиз билан кўрдик. Турли халқларнинг орасидан ўтганимизда, қаерга бормайлик, У бизни ҳимоя қилди. 18 Мана шу юртда яшаган Амор ва бошқа халқларнинг ҳаммасини Эгамиз бизнинг олдимиздан ҳайдаб юборди. Шунинг учун ҳам биз Эгамизга хизмат қиламиз, У бизнинг Худойимиздир.
19 Ёшуа халққа шундай деди:
— Эгамиз Муқаддас Худодир. У сизнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худодир. Эгамизга содиқ қолиш осон, деб ўйламанглар. Агар Унга қарши бош кўтарсангиз ёки гуноҳ қилсангиз, У сизларни кечирмайди. 20 Эгамиз сизларга шунча яхшилик қилган бўлса ҳам, агар Уни ташлаб, бошқа худоларга хизмат қилсангиз, У бошингизга кулфат келтириб, сизларни қириб ташлайди.
21 Халқ Ёшуага шундай деди:
— Йўқ, бошқа худоларга хизмат қилмаймиз, биз Эгамизга хизмат қиламиз!
22 Шунда Ёшуа халққа деди:
— Сизлар, Эгамизга хизмат қиламиз, деб қарор қилдингиз. Бунга ўзингиз гувоҳсиз.
— Ҳа, гувоҳмиз, — деб жавоб берди халқ.
23 Ёшуа:
— Ундай бўлса, орангиздаги бегона худоларнинг тасвирларини улоқтириб юборинглар, бутун қалбингиз билан Исроил халқининг Худоси — Эгамизга боғланинглар, — деди.
24 Халқ Ёшуага шундай деди:
— Эгамиз Худога хизмат қиламиз, Унга қулоқ соламиз.
25 Ўша куни Ёшуа Шакамда халқ билан аҳд тузиб, улар бажаришлари учун қонун–қоидалар берди. 26 Ёшуа бу сўзларни Худо Ўз халқига берган қонунлар баён этилган китобга ёзди. Кейин катта тош олиб, уни Эгамизга аталган саждагоҳдаги эман дарахтининг тагига ёдгорлик қилиб ўрнатди. 27 Ёшуа бутун халққа шундай деди:
— Қаранглар, мана шу тош Эгамиз бизга айтган ҳамма гапларни эшитди, шунинг учун агар Эгамизга берган ваъдамизда турмасак, бу тош бизга қарши гувоҳ бўлади.
28 Шундан кейин Ёшуа халқни уларга улуш қилиб берган ерларга юборди.
Ёшуа ва Элазар вафот этадилар
29 Бирмунча вақтдан кейин Эгамизнинг қули Ёшуа 110 ёшга кириб вафот этди. 30 Уни Тимнат–Серах шаҳрида дафн қилдилар. Бу шаҳар унга улуш қилиб берилган бўлиб , Гаш тоғининг шимолида, Эфрайим қирларида жойлашган эди.
31 Ёшуа даврида Исроил халқи Эгамизга хизмат қилар эди. Улар Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Эгамиз Исроил учун қилган ҳамма ишларини кўрган оқсоқоллар даврида ҳам Эгамизга итоат қилишар эди.
32 Исроил халқи Мисрдан чиққанда Юсуфнинг суякларини ўзлари билан олган эди . Улар мана шу суякларни Шакамда кўмишди. Ёқуб бу ерни Шакамнинг отаси Хамўрнинг ўғилларидан юз бўлак кумушга сотиб олган эди . Ўша ер Юсуф авлодларининг улуши бўлиб қолди.
33 Ҳорун ўғли Элазар ҳам вафот этди. Элазарнинг ўғли Финхазга Эфрайим қирларидаги Гиво шаҳри улуш қилиб берилган эди. Элазар ўша жойга дафн қилинди.