Doniyor koʻrgan vahiylar
7–BOB
Doniyorning toʻrt maxluq haqidagi vahiysi
1 Bobil shohi Belshazar hukmronligining birinchi yilida Doniyor bir tush koʻrdi. U koʻrgan tushi haqida shunday yozdi:
2 “Men tushimda bir vahiy koʻrdim. Osmonning toʻrt tomonidan esayotgan qattiq shamol ulkan bir dengizni toʻlqinlantirayotgan edi. 3 Oʻsha dengizdan bir–biriga oʻxshamaydigan toʻrtta bahaybat maxluq chiqdi. 4 Birinchisi sherga oʻxshagan edi, uning burgut qanotlariga oʻxshagan qanotlari bor edi. Men maxluqni tomosha qilib turgan edim, birdaniga qandaydir bir kuch uning qanotlarini uzib tashladi, oʻzini esa koʻtarib odamzodga oʻxshatib ikki oyogʻida turgʻizib qoʻydi. Oʻsha maxluqqa inson ongi berilgan edi .
5 Ikkinchi maxluq ayiqqa oʻxshar edi. U ogʻziga uchta qovurgʻa suyaklarini tishlab olgan edi. U hamla qilishga shaylana boshlaganda, unga shunday buyruq berildi: «Qani, ol, toʻyguningcha goʻsht yegin!»
6 Soʻng qoplonga oʻxshagani paydo boʻldi. Bu maxluqning toʻrtta boshi va orqasida qush qanotiga oʻxshagan toʻrtta qanoti bor edi. Unga hukmronlik qilish huquqi berilgan edi.
7 Bundan keyin tundagi vahiyda men qoʻrqinchli, dahshatli va benihoya kuchli boʻlgan toʻrtinchi maxluqni koʻrdim. U oʻz qurbonlarini temir tishlari bilan gʻajib, parchalab tashlardi. Qoldiqlarini esa oyoqlari bilan bosib ezardi. Uning oʻnta shoxi boʻlgani uchun, u oldingi maxluqlardan ajralib turar edi. 8 Men maxluqning shoxlarini tomosha qilib turganimda, ularning orasidan oʻsib chiqayotgan yana bir shoxchani koʻrdim. Unga joy berish uchun oldingi oʻnta shoxdan uchtasi tag–tugi bilan uzilib tushdi. Bu yangi oʻsib chiqqan shoxning inson koʻzlariga oʻxshagan koʻzlari va takabburona gapiradigan ogʻzi bor edi.
Doniyorning Azaliy Nuroniy haqidagi vahiysi
9 Men taxtlarning joy–joyiga oʻrnatilganini tomosha qilib turdim, Azaliy Nuroniy Oʻz joyiga oʻtirdi. Uning kiyimi qorday oq, sochlari esa oppoq momiqday edi. Uning taxti otashin alanga, taxtining gʻildiraklari lovullagan olov edi. 10 Uning huzuridan olovli daryo oqib chiqdi. Minglar Unga xizmat qilar edi, million–millionlar Uning amriga muntazir edi. Sud majlisi boshlandi, hamma kitoblar ochildi.
11 Kichkina shoxning kibrlanib shangʻillashi mening eʼtiborimni tortgan edi. Men uni tomosha qilayotganimda oʻsha toʻrtinchi maxluq oʻldirildi, uning jasadi olovga tashlanib, kuydirib yuborildi. 12 Qolgan maxluqlarga kelsak, ularning hukmronligi yoʻq qilindi, ammo hayotlari maʼlum bir vaqtgacha saqlab qolindi.
13 Tunda kelgan oʻsha vahiyda men osmon bulutlarida kelayotgan inson qiyofasidagi bir zotni koʻrdim. U Azaliy Nuroniyning oldiga keldi. 14 Unga hukmronlik, ulugʻvorlik va shohlik berildi. Barcha xalqlar, elatlar va urugʻlar unga boʻysunishdi. Uning hukmronligi bitmas–tuganmas, abadiy hukmronlikdir. Uning shohligi hech qachon buzilmaydi.
Doniyor koʻrgan vahiyning maʼnosi
15 Men koʻrgan bu vahiy yuragimga gʻulgʻula solib, allanechuk vahimaga tushirgan edi. 16 Men taxt yonida turganlarning bittasiga yaqinlashib, bularning hammasini tushuntirib berishini soʻradim. U menga vahiyning maʼnosini ochib, dedi: 17 «Sen koʻrgan toʻrtta maxluq bu yer yuzida hukmronlik qiladigan toʻrtta shohlikdir. 18 Ammo Xudoyi Taoloning azizlari shohlikni qabul qilib, unga to abad ega boʻladilar.»
19 Men toʻrtinchi maxluq haqida koʻproq maʼlumot olishni xohlar edim, chunki u boshqa maxluqlardan ajralib turar edi. Temir tishlari va bronza changallari boʻlgan bu badbashara maxluq qurbonlarini gʻajib tilka–pora qilar, qoldiqlarini bosib ezardi. 20 Uning boshidagi oʻnta shoxi, ayniqsa, yangi oʻsib chiqqan shox meni juda qiziqtirib qolgan edi. Oʻsha shox oʻsib chiqayotganda oʻrnidagi uchta shoxni tushirib yuborgan edi. Koʻzlari va kibrlanib gapiradigan ogʻzi boʻlgan bu shox boshqa shoxlarga qaraganda koʻproq ahamiyatga egaday boʻlib koʻrinar edi.
21 Bundan tashqari, vahiyda men oʻsha shoxning Xudoning aziz xalqi bilan jang qilayotganini va ularni yengayotganini koʻrgan edim. 22 Shu orada Azaliy Nuroniy kelib, Oʻzining azizlari foydasiga hukm chiqardi. Xudoyi Taoloning aziz odamlari uchun shohlikni oʻz tasarrufiga olish vaqti yetib kelgan edi.
23 Suhbatdoshim menga shunday dedi: «Toʻrtinchi maxluq bu yer yuzida hukmronlik qiladigan toʻrtinchi shohlikning timsolidir. Bu shohlik boshqa shohliklardan ajralib turadi. U butun dunyoni gʻajib, ezib parcha–parcha qiladi. 24 Maxluqning oʻnta shoxi — shohlikni boshqaradigan oʻnta hukmdordir. Keyinchalik taxtga yangi bir hukmdor oʻtiradi. Bu hukmdor oldingi oʻnta hukmdordan ajralib turadi va uchta hukmdorni taxtdan tushiradi. 25 U kufr ketib, Xudoyi Taoloning azizlarini ayovsiz ezadi. Muqaddas bayramlar va qonunlarni oʻzgartirishga urinadi. Xudoning aziz odamlari uch yarim yil davomida oʻsha hukmdorning zulmi ostida boʻladilar. 26 Bu muddat tugagach, samoda sud majlisi boshlanadi. Zolim hukmdor taxtdan tushirilib, butunlay yoʻq qilinadi. 27 Xudoyi Taoloning azizlariga esa shohlik, hukmronlik va yer yuzidagi barcha saltanatlarning ulugʻvorligi beriladi. Hamma hukmdorlar ularga boʻysunib, xizmat qiladilar, ularning shohligi abadiy shohlik boʻladi.»
28 Koʻrgan, eshitganlarim mana shudir. Bu tushimdan shu qadar vahimaga tushgan edimki, rangimda rang qolmagan edi. Ammo bular toʻgʻrisida ogʻiz ochmay, hammasini ichimga yutdim.”
Дониёр кўрган ваҳийлар
7–БОБ
Дониёрнинг тўрт махлуқ ҳақидаги ваҳийси
1 Бобил шоҳи Белшазар ҳукмронлигининг биринчи йилида Дониёр бир туш кўрди. У кўрган туши ҳақида шундай ёзди:
2 “Мен тушимда бир ваҳий кўрдим. Осмоннинг тўрт томонидан эсаётган қаттиқ шамол улкан бир денгизни тўлқинлантираётган эди. 3 Ўша денгиздан бир–бирига ўхшамайдиган тўртта баҳайбат махлуқ чиқди. 4 Биринчиси шерга ўхшаган эди, унинг бургут қанотларига ўхшаган қанотлари бор эди. Мен махлуқни томоша қилиб турган эдим, бирданига қандайдир бир куч унинг қанотларини узиб ташлади, ўзини эса кўтариб одамзодга ўхшатиб икки оёғида турғизиб қўйди. Ўша махлуққа инсон онги берилган эди .
5 Иккинчи махлуқ айиққа ўхшар эди. У оғзига учта қовурға суякларини тишлаб олган эди. У ҳамла қилишга шайлана бошлаганда, унга шундай буйруқ берилди: «Қани, ол, тўйгунингча гўшт егин!»
6 Сўнг қоплонга ўхшагани пайдо бўлди. Бу махлуқнинг тўртта боши ва орқасида қуш қанотига ўхшаган тўртта қаноти бор эди. Унга ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи берилган эди.
7 Бундан кейин тундаги ваҳийда мен қўрқинчли, даҳшатли ва бениҳоя кучли бўлган тўртинчи махлуқни кўрдим. У ўз қурбонларини темир тишлари билан ғажиб, парчалаб ташларди. Қолдиқларини эса оёқлари билан босиб эзарди. Унинг ўнта шохи бўлгани учун, у олдинги махлуқлардан ажралиб турар эди. 8 Мен махлуқнинг шохларини томоша қилиб турганимда, уларнинг орасидан ўсиб чиқаётган яна бир шохчани кўрдим. Унга жой бериш учун олдинги ўнта шохдан учтаси таг–туги билан узилиб тушди. Бу янги ўсиб чиққан шохнинг инсон кўзларига ўхшаган кўзлари ва такаббурона гапирадиган оғзи бор эди.
Дониёрнинг Азалий Нуроний ҳақидаги ваҳийси
9 Мен тахтларнинг жой–жойига ўрнатилганини томоша қилиб турдим, Азалий Нуроний Ўз жойига ўтирди. Унинг кийими қордай оқ, сочлари эса оппоқ момиқдай эди. Унинг тахти оташин аланга, тахтининг ғилдираклари ловуллаган олов эди. 10 Унинг ҳузуридан оловли дарё оқиб чиқди. Минглар Унга хизмат қилар эди, миллион–миллионлар Унинг амрига мунтазир эди. Суд мажлиси бошланди, ҳамма китоблар очилди.
11 Кичкина шохнинг кибрланиб шанғиллаши менинг эътиборимни тортган эди. Мен уни томоша қилаётганимда ўша тўртинчи махлуқ ўлдирилди, унинг жасади оловга ташланиб, куйдириб юборилди. 12 Қолган махлуқларга келсак, уларнинг ҳукмронлиги йўқ қилинди, аммо ҳаётлари маълум бир вақтгача сақлаб қолинди.
13 Тунда келган ўша ваҳийда мен осмон булутларида келаётган инсон қиёфасидаги бир зотни кўрдим. У Азалий Нуронийнинг олдига келди. 14 Унга ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳлик берилди. Барча халқлар, элатлар ва уруғлар унга бўйсунишди. Унинг ҳукмронлиги битмас–туганмас, абадий ҳукмронликдир. Унинг шоҳлиги ҳеч қачон бузилмайди.
Дониёр кўрган ваҳийнинг маъноси
15 Мен кўрган бу ваҳий юрагимга ғулғула солиб, алланечук ваҳимага туширган эди. 16 Мен тахт ёнида турганларнинг биттасига яқинлашиб, буларнинг ҳаммасини тушунтириб беришини сўрадим. У менга ваҳийнинг маъносини очиб, деди: 17 «Сен кўрган тўртта махлуқ бу ер юзида ҳукмронлик қиладиган тўртта шоҳликдир. 18 Аммо Худойи Таолонинг азизлари шоҳликни қабул қилиб, унга то абад эга бўладилар.»
19 Мен тўртинчи махлуқ ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳлар эдим, чунки у бошқа махлуқлардан ажралиб турар эди. Темир тишлари ва бронза чангаллари бўлган бу бадбашара махлуқ қурбонларини ғажиб тилка–пора қилар, қолдиқларини босиб эзарди. 20 Унинг бошидаги ўнта шохи, айниқса, янги ўсиб чиққан шох мени жуда қизиқтириб қолган эди. Ўша шох ўсиб чиқаётганда ўрнидаги учта шохни тушириб юборган эди. Кўзлари ва кибрланиб гапирадиган оғзи бўлган бу шох бошқа шохларга қараганда кўпроқ аҳамиятга эгадай бўлиб кўринар эди.
21 Бундан ташқари, ваҳийда мен ўша шохнинг Худонинг азиз халқи билан жанг қилаётганини ва уларни енгаётганини кўрган эдим. 22 Шу орада Азалий Нуроний келиб, Ўзининг азизлари фойдасига ҳукм чиқарди. Худойи Таолонинг азиз одамлари учун шоҳликни ўз тасарруфига олиш вақти етиб келган эди.
23 Суҳбатдошим менга шундай деди: «Тўртинчи махлуқ бу ер юзида ҳукмронлик қиладиган тўртинчи шоҳликнинг тимсолидир. Бу шоҳлик бошқа шоҳликлардан ажралиб туради. У бутун дунёни ғажиб, эзиб парча–парча қилади. 24 Махлуқнинг ўнта шохи — шоҳликни бошқарадиган ўнта ҳукмдордир. Кейинчалик тахтга янги бир ҳукмдор ўтиради. Бу ҳукмдор олдинги ўнта ҳукмдордан ажралиб туради ва учта ҳукмдорни тахтдан туширади. 25 У куфр кетиб, Худойи Таолонинг азизларини аёвсиз эзади. Муқаддас байрамлар ва қонунларни ўзгартиришга уринади. Худонинг азиз одамлари уч ярим йил давомида ўша ҳукмдорнинг зулми остида бўладилар. 26 Бу муддат тугагач, самода суд мажлиси бошланади. Золим ҳукмдор тахтдан туширилиб, бутунлай йўқ қилинади. 27 Худойи Таолонинг азизларига эса шоҳлик, ҳукмронлик ва ер юзидаги барча салтанатларнинг улуғворлиги берилади. Ҳамма ҳукмдорлар уларга бўйсуниб, хизмат қиладилар, уларнинг шоҳлиги абадий шоҳлик бўлади.»
28 Кўрган, эшитганларим мана шудир. Бу тушимдан шу қадар ваҳимага тушган эдимки, рангимда ранг қолмаган эди. Аммо булар тўғрисида оғиз очмай, ҳаммасини ичимга ютдим.”